Янгиликлар

Ўқув курслари бошланди

Тест синови асосида икки юз нафар судьядан олтмиш нафари танлаб олиниб, раҳбар судьялик лавозими учун номзодлар захирасига қабул қилингани, улар учун  ҳадемай  қайта тайёрлаш курслари бошланиши хабари берилганди. Фурсат етиб, бугун сараланган судьяларнинг биринчи гуруҳи учун таҳсил бошланди. Ўқув дастурлари суд бошқарувини самарали ташкил этиш, ташаббускорлик, вазифаларни аниқ шакллантириш, муайян муаммоларга ўз вақтида ечим топиш, жамоатчилик билан очиқ мулоқотлар ўтказиш, тизимда коррупциянинг барвақт олдини олиш  каби қатор мезонлар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, машғулотлар ҳуқуқшунос олимлар, малакали психологлар ва катта тажрибага эга суд фахрийлари томонидан олиб борилиши кўзда тутилган. Қайта тайёрлаш курси икки ой давом этади. Якунда имтиҳон топширилиб, муваффақиятли ўтганларга тегишли сертификат берилади.

13 Май 2024 1606

Иймонимизга хиёнат, виждонимизга зид, қасамёдимизга хилоф хатолар кечирилмайди

 Инсон борки хато қилиши табиий ҳол:  ҳаётда ҳам, фаолиятда ҳам. Хато қилмайдиган ёки айб қилмаган инсоннинг ўзи йўқ. Хатолар билмай содир этилса, у сабоққа айланади (тўғри хулоса чиқарадиган одам учун, албатта). Қасддан қилинса, бу энди бутунлай бошқа масала. Энг муҳими, тарбияда хатога йўл қўймасликда. Фаолиятдаги хатоларни эса тузатиш мумкин.  Бизнинг хос хатолардан бири - айнан унларга бўлган қарашларимиздадир.  Масалан, фарзандларимиз хато қилиб қўйса, қаттиқ койиб ташлаймиз, жазолаймиз, тарбиясини янада қаттиқ назоратга оламиз. Натижада, бола бизнинг дунёқарашимиз даражасида шаклланиб бориши эҳтимоли юзага  келади.  Иш фаолиятимиздаги хатолар борасида ҳам шу гап.  Ваҳоланки, энг яхши чора - хатолардан хулоса қилиши учун имконият ва шарт-шароит яратиб беришдир.  Чунки, хато қилганни айблаш устувор бўлган жойда уни бартараф этиш имкониятлари (механизмлари) чегараланади. Бу эса хато устига хато қилиш эҳтимолини янада оширади.  «Болам, сенга шу судьяликдан бошқа бирор иш йўқми?» дейдилар отам…  Бу гапни отамгина эмас эмас, аксарият ҳамкасбларимнинг ота-онаси ёки яқинлари  аввал ҳам айтган бўлиши аниқ, менимча, кейин ҳам айтилади…   Ҳазрат Румийнинг «Фихи-мафихи» асарида ўқиганим бор: «Биз омонатни кўкларга, ерга ва тоғларга таклиф этдик. Улар омонатни ўз зиммаларига олишдан чекиндилар, унга хиёнатдан қўрқиб, андиша қилдилар. Аммо омонатни инсон ўз гарданига олди».  Алқисса, суд-ҳуқуқ соҳаси вакиллари, жумладан, қозилар хато қилмасликни, адолатни таъминлашни, ҳақиқатни рўёбга чиқаришни ўз зиммасига олгандир. Шу маънода отамнинг юқоридаги гапини  «омонат» юки, яъни хато қилмасликни эслатиш,  буни доим ёдда тутишга даъват сифатида тушунаман. Аммо соҳадаги фаолият – ҳаётнинг ажралмас қисми: манфаатлар тўқнашувининг юзага келиши, қонунчиликдаги бўшлиқ, қонун ости ҳужжатлари билан ишлаш амалиётига боғланиб қолишлар ва  бошқа қатор омиллар процессуал хатоликларга сабаб бўлаётгани бор гап. Албатта, континентал ҳуқуқ тизимида, судья фақат қонунга асосан иш кўради ёки фақат низо(даъво)га оид мавжуд бўлган қонун ҳужжатларнигина қўлланади.  Бироқ маслаҳатхона эса, баъзан ҳақиқатли адолат ва тўла мукаммал бўлмаган қонунни қўллаш масаласи турли иккиланишлар пайдо қилиши ҳам рост. Айниқса, мавжуд факт билан ички ишончингиз, юрагингиз билан ақлингиз баҳслашаётганда ёки «адолат» номли кўринмас муқаддас тушунча билан қўлингизда деб турган «қонун» тортишиб қолган кезларда хато қилиб қўйиш мумкинлигидан пешонангиз терлаб кетади.  Тўғри, совуққон бўлишга интиласиз, ортиқча ҳиссиёт тугал хулосага келишга тўғаноқ бўлишини англаб турасиз, бунинг оқибати қабул қилажак қарорнинг қонуний, асосли ва адолатлигига салбий таъсир этиши мумкинлиги ҳам кўз ўнгингиздан ўтади...  Лекин хато қилмаслик кафолатланмаган. Чунки, сиз инсонсиз.  Албатта, судларда ҳужжат (далил)лар гапиради.  Нима ҳам дердик, континентал ҳуқуқ тизимига мансуб миллий қонунчилик, улардаги нормалари тез-тез ўзгариб турадиган суд-ҳуқуқ соҳасида хатолар эҳтимоли  йўқ эмас. Аммо, шуни ҳам эътибордан қочирмаслик керакки, инсон яратган қонунлар ўзгаришга маҳкум, негаки, инсоннинг ўзи ва унинг дунёқараши ўзгарувчандир.  Шунинг учун ҳам бугун «хато» бўлиб кўринган амалиёт эртага тўғри бўлиб чиқиши ёки, аксинча, бугун тўғри бўлган амалиёт эртага хато деб топилиши мумкинлиги эҳтимолдан холи эмас.  Фаолиятимиздаги хатолар... Уларни тузатиш мумкин. Лекин адолат ва ҳақиқатга қарши ёки унга зид амал ва иш катта хатодир. Шу  боис англашимиз ва қатъий огоҳ бўлишимиз керакки, фақатгина иймонимизга хиёнат, виждонимизга зид, қасамёдимизга хилоф хатолар кечирилмайди. Негаки, адолат ва ҳақиқат - ўзгармас қонунлардир.  Хулоса шуки, ишимиздаги хатолар бизни тўхтаб, қотиб қолиб, жамиятга зиён келтиришга эмас, хатолардан тезкорлик билан тўғри хулоса чиқариб, фаол фаолиятга ундаши лозим.  Нуриддин Муродов,  судья, юридик фанлари бўйича фалсафа доктори

11 Май 2024 1116

Ўтаётган ҳар кунларнинг бугундаги манзараси

Муҳим саналарнинг ўзга хос завқи, ўзгача шукуҳи бўлади. Бироқ “9 май – Хотира ва қадрлаш куни”нинг завқидан кўра масъулияти устуворроқдир. Айни санада тинчлик ва хотиржамлик қанчалар олий неъмат экани, юрт учун ўзини фидо қилган аждодларни хотирлаш баробарида келажак олдидаги бурч  янада теранроқ ҳис этилади.   Зотан, Хотира ва Қадр тушунчалари замирида инсон ўзлигини англаши, одамийлик фазилатларини улуғлашдек қадриятлар ётади.  Инсоннинг азизлиги, хотиранинг муқаддаслиги ҳам шунда. Инсон қадрини улуғлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналиши ҳисобланади. Бунинг ҳуқуқий асоси “инсон-жамият-давлат” тамойилига қурилган Янги Ўзбекистон Конституциясида яққол акс этган. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 7 декбардаги фармонида ҳам мазкур тамойил  ўз аксини топганини кўриш мумкин. Мазкур ҳужжатда  судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбир белгиланиши билан бирга  одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, нафақага чиққан судьялар алоҳида эътиборга олингани билан ҳам аҳамиятлидир.  Ушбу фармон асосида жорий этилган “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан намунавий фаолияти билан ҳурмат қозонган фахрийлар тақдирланиб келинмоқда. Ўтган уч йилда 203 нафар фахрийларимиз шундай эътирофга муносиб кўрилди.  Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан яна 25 нафар устозларнинг кўксига “Суд фахрийси” кўкрак нишони тантанали равишда тақиб қўйилди. Шу муносабат билан Судьялар олий кенгашида ўтган мухтасар тадбирда фахрийларнинг меҳнатлари яна бир бор ҳақли равишда эътироф этилди.  Тадбир онлайн шаклда ўтказилгани унинг аҳамияти таъсир қилмади ҳисоб. Чунки, масофа узоқ бўлса-да, кўнгил яқин. Таъкид этилдики, инсон қадрини улуғлаш, ўтганларни ёд этиб, ёнимиздагиларнинг эъзозлаш мавсумий санага айланига йўқ, аксинча, кундалик ҳаёт ва фаолиятимизнинг ажралмас қисми ҳисобланади. “Хотира ва қадрлаш куни”да эса ўтаётган кунларимиз акси шу санада  яққолроқ кўринади, холос.

8 Май 2024 1022
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech