Янгиликлар

Ҳолат тасдиқланди, муаммо – ҳал...

“Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ижтимоий тармоқда тушуниш ва бироз писанда билан ёзган ҳолат тасдиғини топди. Аввал  тасаввур ҳосил қилиш учун иш тафсилотлари ҳақида икки оғиз. Даъвогар К. Эрматова уч нафар жавобгар – М. Абдураимова, А. Мамадалиев ва И. Юсуповга нисбатан фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судига даъво ариза киритиб, улардан қарздорликни ундиришни сўрайди. Фуқаролик низоси бўйича барча жавобгарлар суд мажлисида даъвони тан олиб, тушунтиришлар берган. Якунда суд қарори билан бошқа жавобгарлар қатори А. Мамадалиевдан даъвогар фойдасига 94 миллион сўм қарз ундириш белгиланади (04.01.2023 й.). Суд қарорига нисбатан тарафларда шикоят йўқ, муаммо ижро жараёнида юзга келган ҳолатда. Даъвогар судга онлайн шаклда даъво ариза киритар экан, унда (даъво аризада) жавобгарлардан бири А. Мамадалиевнинг яшаш манзилини “Қашқадарё вилояти Нишон тумани Балхия МФЙ”, деб кўрсатади ва асос сифатида ИИБнинг тегишли бўлинмасидан бериладиган ҳужжат (Ф-1) илова қилади. Ваҳоланки, ҳақиқий жавобгар бошқа А. Мамадалиев бўлиб, у Қашқадарёда эмас, Андижоннинг Хонобод шаҳарида истиқомат қилган. Ҳар икки шахснинг адаш экани, уларнинг исми, фамилияси, ҳатто отасининг исми бир хил бўлгани боис яшаш манзилни аниқлашда хатолик юз беради.  Натижада (даъво аризадаги маълумотлардан келиб чиқиб), электрон дастурга ҳақиқий жавобгар А. Мамадалиевнинг доимий истиқомат қиладиган жойи “Қашқадарё вилояти, Нишон тумани, Балхия МФЙ” тариқасида нотўғри киритилгани сабаб суд қарори ижро учун (Хонободга эмас) шу манзилга  юборилади. Икки ўртада тушунмовчилик келиб чиқдими? Ҳа. Бунга сабаб суднинг эътиборсизлигими? Инкор этилмайди. Оқибатда Андижонда кўрилган фуқаролик низосидан бу ишлардан мутлақо бехабар ва алоқаси йўқ қашқадарёлик фуқаронинг хотиржамлигини  бузилдими? Шубҳасиз.   Юзага келган ҳолат бўйича фуқародан узримиз, бор, албатта. Айни пайтда фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди томонидан Мажбурий ижро бюроси Қашқадарё вилояти бошқармасига суд қарорини ижросиз қайтариш тўғрисида хат юборилди. Демак, муаммо ҳал. Бундан ташқари ҳолат юзасидан Андижон вилояти судлари судьялари малака ҳайъти томонидан  хизмат текшируви ўтказилмоқда.  Натижаси ҳақида қўшимча ахборот берилади.   Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

27 Февраль 2023 783

Инсонга эътибор ва қайта тарбиялашнинг муҳим мезони

Жиноятнинг тоифалари кўп, шунга монанд жазонинг ҳам бир неча турлари мавжуд. Жиноят учун адолатли жазо тайинлаш орқали жабрланувчи, давлат ҳамда жамиятнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинади, етказилган моддий ва маънавий зарарларни қоплаш билан қонун устуворлиги таъминланади. Бироқ жазонинг тури қандай бўлмасин, мақсад битта — маҳкумни ахлоқан тузалишига имконият бериб, жамиятнинг тўлақонли аъзосига айлантириш. Жиноий жазо турлари орасида “ахлоқ тузатиш ишлари” жазоси ҳам бор. Шунинг ўзи ҳам жазодан мақсад тарбия эканини кўрсатиб турибди. Бағрикенглик, инсонпарварлик шу, аслида. Ушбу тамойилни ҳатто умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосида ҳам кўриш мумкин. Мамлакатимизда ўлим жазоси бекор қилиниб, умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилгани ҳам инсонпарварлик намунаси ҳисобланади. Барча давлатларнинг қонунчилиги миллий ва маҳаллий қадриятларидан келиб чиқиб қабул қилиниши маълум. Ўзбекистон қонунчилиги ҳам бундан мустасно эмас. Миллий қонунчилигимиздаги инсонпарварлик ва бағрикенглик тамойиллари кейинги пайтларда янада яққол намоён бўлаётганини халқаро экспертлар ҳам ҳақли равишда эътироф этмоқда. Бундай ижобий ўзгаришлар силсиласида озодликдан маҳрум этилганларга нисбатан қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясига алоҳида эътибор яққол кўзга ташланмоқда.  “Жаслиқ”нинг ёпилиши, бошқа жазони ўташ муассасаларидаги шарт-шароитлардаги ўзгаришлар, маҳкумларнинг шаъни ва қадр-қимматига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш каби талаблар қонун билан мустаҳкамланди. Бундан мурод озодликка чиққан шахс эрта бир кун қилмишига пушаймон бўлгани ҳолда, қайта жиноятга қўл урмаслик чорасини кўрмоқдир. Яқинда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги янги қонун кучга кирди. Мазкур ҳуқуқий-норматив ҳужжат билан “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга айнан маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига оид янги нормалар киритилди. Унга кўра, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг жазони ижро этиш муассасаларида (жазони ўташ даврида) бажарадиган ҳар қандай иши, агар ушбу иш бажарилган давр учун жазони ижро этиш муассасаси томонидан ижтимоий солиқ тўланган бўлса, пенсия тайинлашда иш стажига қўшиб ҳисобланади. Гап маҳкумлар меҳнати ҳақида кетар экан, бир воқеа ёдга тушди. Уч йил муқаддам жазони ижро этиш муассасасида ўтказилган очиқ суд мажлисидан сўнг маҳкумлар билан суҳбатлашдик. Аҳвол қандай? Шарт-шароитлар, муносабатлар-чи? Маҳкумлардан айтарли шикоят бўлмади. Аксинча, оғир жинояти учун жазо ўтаётганлардан бири надомат билан айтдики, озодликда юрган пайтим ғирт дангаса, ишёқмас, ичмаган куним йўқ эди, оқибатда жиноятга қўл уриб, келганим шу жой бўлди. Бу ерда меҳнат қилишни ўргандим, ишлаяпман, энг муҳими, қамоқда бўлсам-да, озодликда юрган пайтим боқмаган оиламга иш ҳақимни юбориб турибман. Бу менга ҳақиқий тарбия ва ўзимни англашим учун сабоқ бўлди... Демоқчимизки, қонун йўли билан маҳкумларнинг меҳнат ва пенсия таъминотига оид ҳуқуқлари кафолатланиши натижасида ижтимоий адолат янада самарали таъминланади. Бундай кафолат унинг дунёқараши ўзгаришига туртки бўлиши шубҳасиз. Яна бир эътиборли жиҳати — жиноят кўчасига кирган шахснинг тузалиш йўлига ўтиши унинг дунёқарашидаги ўзгаришга боғлиқ. Қонундаги мазкур янги норманинг муҳим нуқтаси ҳам шунда. Шунингдек, “Жиноят-ижроия кодекси”га маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганлигини аниқлаш мезонлари киритилди. Эътиборлиси, янги мезонларда маҳкумнинг меҳнатга виждонан муносабатда бўлиши, белгиланган меҳнат нормаларини бажариши, онгли равишда мустақил ишлаш кўникмаларининг шакллангани, ўқишга ва касб-ҳунар ўрганишга қизиқиши устувор аҳамият касб этади. Бундан ташқари, маҳкумнинг маданий-маърифий тадбирлардаги иштироки, бу борада бошқа маҳкумларга ибрат бўлиши ҳам унинг тузалиш йўлига ўтганлиги белгиси сифатида кўрилиши ҳам қайд этилди. Бу ҳам бежиз эмас. Чунки жиноятнинг ҳар қандай кўриниши жаҳолат бўлса, унга қарши фақат маърифат билан курашиш мумкин. Маънавиятдай эзгуликка ундовчи куч йўқ. Юқорида маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатини кучайтириш бўйича қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг иккитасигина тилга олинди. Ушбу янги нормалар жамоатчилик билан тўғридан-тўғри мулоқотларнинг ҳосиласи, маҳкумларни сақлаш шарт-шароитларини янада яхшилаш ҳамда халқаро стандартларга мувофиқлаштириш бўйича олдинга ташланган яна бир муҳим қадам бўлди. Шунингдек, бундай ижобий ўзгаришлар замирида бугунги давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлган “Инсонга эътибор” тамойили ётибди. Зеро, маҳкум ҳам инсон, фақат жазонинг ўзи билан кутилган натижага эришиб бўлмаслиги яқин ўтмишнинг аччиқ тажрибаларидан маълум. Адашиб жиноят кўчасига кириб қолганларни “давлатга дўст қилиш”, бунинг учун қандай омилларга эътибор бериш лозимлиги ҳақида давлатимиз раҳбари бир неча бор куйиниб гапирганди. Ўтган қисқа вақт ичида ўзини оқламаган “қора рўйхатлар” батараф этилди, қанчалари кечирилди, йилига бир неча мартадан афв эълон қилинмоқда. Бу борадаги ишларнинг изчил давоми сифатида қонунчиликка маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатини кучайтиришга оид янги нормалар киритилди. Токи, муқаддас манбаларда айтилганидек, “Нафс маъсиятнинг ширин таъмини тотиб кўргани каби, тоатнинг аччиқ таъмини ҳам тотиб”, тўғри хулосага келганлар қайта адашмасин, ҳаётдан рози бўлиб яшамоқ ҳаракатида бўлсин.   Холмўмин Ёдгоров, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси. 2023 йил, 24 февраль, 38(827)-сон

24 Февраль 2023 553

Айрим судьялар ваколати муддати даврига қайта тайинланди

Хабар қилганидек, бугун бўлиб ўтган Судьялар олий кенгашининг навбатдаги йиғилишида Кенгаш ваколатига оид қатор масалалар кўриб чиқилди. Хусусан,  Кенгаш аъзолари томонидан очиқ танлов ва муқобиллик асосида айрим судьяларни ваколати муддати даврига қайта тайинланишга доир масала муҳокама  қилиб, тегишли қарор қабулди. Якунда Судьялар олий кенгаши қарори билан: Комилов Шерали Хошимович – судьялик ваколати муддати даврига Фарғона вилояти фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Андижон вилояти фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Тожибоев Нуриддинжон Ёқубович – судьялик ваколати муддати даврига Андижон вилояти фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Андижон вилояти фуқаролик ишлари бўйича Бўстон туманлараро судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Дедамирзаева Мухайё Юсупбжановна – судьялик ваколати муддати даврига Андижон вилояти фуқаролик ишлари бўйича Бўстон туманлараро судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Наманган вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси лавозимидан озод қилинди; Ахмедов Фуркатали Октамалиевич – судьялик ваколати муддати даврига Наманган вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Андижон вилояти фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа туманлараро судининг раиси лавозимидан озод қилинди; Султанов Рустам Дилшадович – судьялик ваколати муддати даврига Андижон вилояти фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа туманлараро судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва  шу муносабат билан Андижон вилояти фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа туманлараро судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Мирзакаримова Нигорахон Ибрагимовна – судьялик ваколати муддати даврига Андижон вилояти фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа туманлараро судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг судьяси лавозимидан озод қилинди.   Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

21 Февраль 2023 1997
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech