Янгиликлар

Туш ўнг бўлмас, ўнг эса туш...

 Воқелик “ҳолат ўрганилди, тасдиғини топди” мазмунидаги қисқа ва қуруқ ахборотдан кўра кенгроқ баён талаб қилади. Чунки, бу ҳақда ижтимоий тармоқларда озмунча ёзилмади, ҳолат ҳам керагидан кўпроқ бўрттирилдики,  мухтасар ахборот масала моҳиятини очиб беришга камлик қилади. Гап “Kun.uz” электрон нашрида эълон қилиниб, ижтимоий тармоқлардаги бир қатор каналларга мавзу бўлган танқидий мақола ҳақида кетмоқда.   Мақолада бир фуқаролик низоси тафсилотлари қаламга олинар экан, бўлиб ўтган қатор суд жараёнларининг бирида  фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьясининг гўёки (И. Қурбонбаев) “сеҳргарлиги”га алоҳида (ва истеҳзо билан) урғу берилади.  Яъниким, унинг “каромати” “13 октябрь” санасида чиқарилган ажрими аслида бир кун аввал (12 октябрь)  қабул қилингани билан боғланиб, исбот сифатида  мазкур суд ҳужжати “12 октябрь” куни “ЕX-SUD” ахборот тизимига юклангани кўрсатилган.  Иш бўйича тарафнинг Судьялар олий кенгашига мурожаатидан сўнг хизмат текшируви тайинлангани мақолада айтиб ўтилган, дарҳақиқат, шундай. Хизмат текширувида ҳолат ўз тасдиғини топиши эҳтимоли юқори эди. Чунки, ҳаммаси яққол кўриниб турибди: ажрим қабул қилинган сана ҳам,  электрон базага юкланган куни ҳам. Кутилганидек, хизмат текширувида ҳолат тасдиғини топди.  Бироқ бу судья гўёки “сеҳргар” эканини англатмайди. Содир бўлган хатолик техник хусусиятга эга бўлиб, у оғир иш куни якунида судья томонидан айрим (шу санада қабул қилинган барча суд ҳужжатлари билан бирга) “ЕX-SUD” ахборот тизимига юклаш жараёнида юз берган. “Техник хатолик” дея вазият хаспўшланмоқда, дейишга шошманг. Хизмат текшируви жараёнида ҳолат ахборот коммуникация технологиялари мутахассиси жалб қилинган ҳолда ўрганилганда эътирозу шубҳаларга сабаб бўлаётган суд ажрими электрон тизимга 2023 йил 13 октябрь  куни соат 12:52.- 12:54 вақт оралиғида  юклангани аниқланди. “13” санаси “12” тариқасида ёзилгани эса, дарҳақиқат, хатолик ва у эътиборсизлик оқибати.  Албатта, эътиборсизликни оқлаб бўлмайди. Бироқ шу ва шу каби жузъий техник хатоларга фуқаролик судларида иш ҳажми ва юкламалар кўплиги таъсир қилиши эҳтимоли мавжудлигини ҳам инсоф юзасидан айтиб ўтиш керак. Бир неча кундан буён “виртуал сазойи” қилинаётган судья фаолияти мисолида айтилса, ўша  куни  у нақ 13 та фуқаролик низосини кўриб чиққан, йил бошидан буён (1 январдан - 1 ноябргача)  эса чекига тушган ишлар сони 3688 тани ташкил қилади (шундан 1494 таси даъво тартибида кўрилган фуқаролик низолари бўлса, 2194 таси суд буйруқларидир).  Қисқаси, 3688 та ишни ўн ойга тақсимлаб, кунига нечта иш  кўраётгани ҳисоби чиқарилса, судьянинг эътиборсизлигидан кўз юммаган ҳолда, у қандайдир “соҳиби каромат” эмас, ҳеч муболағасиз ҳар куни қаттиқ  (“тинкаси қуриб” дейиш тўғрироқ аслида) ишлаётган мутахассис эканига шубҳа қоладими?! Айтганча, судьянинг гўёки “сеҳргар” эканига “далолат” қилаётган ажрим ҳал қилув қарори ижросини вақтинча тўхтатиш ҳақида эди-а? Ижро ишини тўхтатиб туришга оид аризалар ўн кунлик муддатда тарафларни чақирмаган ва суд муҳокамаси ўтказмаган ҳолда кўриб чиқилишини таъкид этган ҳолда асосий гапга ўтсак.  Эътиборли ҳолат шундаки, ижроси тўхтатилган ўша ҳал қилув қарори ўз вақтида айни шу судья (!) томонидан қабул қилинган бўлиб, юқори босқич судларида ўзгаришсиз қолдирилган: эндиям мазкур ажрим билан боғлиқ шубҳаларга ўрин қолмас?! Нега десангиз, судья устидан судда ютқазган эмас, аксинча, ютган тараф шикоят қилмоқда. Майлида, бу – унинг ҳуқуқи...  Ажримнинг қонунийлиги алоҳида масала. Хизмат текшируви судьянинг хатти-ҳаракати доирасида бўлиб, бу жараёнда у томонидан қабул қилинган ажримга ҳуқуқий баҳо бериш масаласи кўриб чиқилмаган. Негаки, илгари ҳам кўп таъкид этилганидек, фақат юқори инстанция судигина суд ҳужжатларига  ҳуқуқий баҳо бериш ваколатига эга.  Айни пайтда ажримга нисбатан хусусий шикоят келтирилган бўлиб, яқин кунларда у (хусусий шикоят) иш ҳужжатлари билан бирга тегишли тартибда Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқилади.  Судьялар олий кенгаши  матбуот хизмати

15 Ноябрь 2023 1181

Яна санамай саккиз дейишми?

Жамоатчилик эътиборига тушган (туғруқхонадаги жарроҳлик амалиёти жараёнида она ва боланинг ўлими билан боғлиқ) воқелик, бунинг ортидан қўзғатилган жиноят иши айни кунларда жиноят ишлари бўйича Касби туман суди раиси томонидан (жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди биносида) мазмунан кўриб чиқилмоқда. Жиноят ишининг бир қадар нозиклиги эътиборидан уни мазмунан кўриб чиқиш судьядан катта масъулият талаб қилгани каби суд жараёнига алоҳида қизиқиш билан қараётган оммавий ахборот воситалари ходимлари, хусусан, маҳаллий блогерлар ҳам масалага  хушёрроқ ёндошиши мақсадга мувофиқдир. Кейинги кунларда айрим маҳаллий блогерлар томонидан ижтимоий тармоқлар орқали мазкур жиноят ишига оид чиқишлар қилинди. Уларда  раислик этувчи гўёки очиқлик ва шаффофликни таъминламаётгани, очиқ суд мажлисига блогерларни киритмай, ишни бир томонлама кўраётгани, бу эса бориб турган нохолислик эканини таъкид этиб, судья шаънига ҳақоратомуз гаплар ҳам  айтилмоқда. Блогерларнинг суд мажлисига қўйилмагани – судья нохолис, иш бир томонлама кўрилмоқда, деган хулосага асос бўлавермайди. Мазкур жиноят иши очиқ  суд мажлиси кўриб чиқилиши жараёнида тарафларнинг шахси, қадри ва қимматига боғлиқ масалалар юзага келаётгани боис адвокатнинг бу борадаги илтимосномаси муҳокама этилиб, уни қаноатлантириш ва кейинги суд мажлисларини ёпиқ тарздан ўтказиш ҳақида ажрим чиқарилган. Блогерлар  иддао қилаётганидек, фақат давлат сирлари ёки жинсий жиноятларга оид ишларгина ёпиқ суд мажлисида кўрилмайди. Қонунга кўра, фуқароларнинг шахсий ҳаёти ёки уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган маълумотларни ошкор қилмаслик тақозо этилган ҳолларда ҳам бошқа жиноят ишлари суд ажрими билан ёпиқ суд мажлисида кўришга йўл қўйилади. Шунга қарамай ҳурматли блогерлар томонидан қонундаги (ЖПК, 19-модда, 3-банди) мазкур норма тушуниб-тушунмаган ҳолда турлича талқинлар қилинмоқдаки, жамоатчиликда нотўғри тасаввурлар  пайдо бўлиб,  судга нисбатан босим эҳтимоли юзага келмоқда. Уларнинг бундай хатти-ҳаракатлари иш бўйича тарафлар, айниқса, жабрланувчиларнинг изтироб ва ҳис-туйғулари, судга бўлган ишончига таъсир этиши мумкинлигини ҳам эътибордан соқит қилиб бўлмайди.   Судга таъсир ўтказишга уриниш ёки ижтимоий тармоқлар орқали нотўғри ва асоссиз хабарлар тарқатилишини қонун кўтармайди, буни такрор эслатиш ким-ким, тармоқларда бонг ураётган блогерларга эслатиш шарт эмас, чунки, бундай ҳаракат қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги  ўз фаолиятидан маълум. Судьянинг муомала-муносабатига оид иддаоларига келсак, ортиқча муаммо йўқ. Агар блогернинг важлари асосли бўлса, Қашқадарё вилоят судлари судьялари малака ҳайъатига шикоят қилиши мумкин. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

9 Ноябрь 2023 691

Кенгашга Туркиядан меҳмонлар келди

 Бугун Туркия Республикаси Судьялар ва прокурорлар кенгаши  аъзоларидан иборат делегация  Ўзбекистон Республикаси  Судьялар олий кенгашида бўлиб, судьялар ҳамжамиятининг мазкур мустақил органи фаолияти билан яқиндан танишди. Тадбир дебочасида икки давлат етакчиларининг сиёсий иродалари натижасида Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилиб, судьялар корпусини шакллантириш, уларнинг малакасини янада ошириш борасида ҳамкорлик фойдали ва манфаатли экани алоҳида таъкидланди.  Мамлакатимизда ўтказилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, хусусан, Судьялар олий кенгаши фаолияти мисолида суд ҳокимияти мустақиллигини самарали таъминлаш, судьялар корпусини шакллантириш ҳамда уларнинг дахлсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар меҳмонлар томонидан эътироф этилди. Айниқса, ўтган қисқа вақтда судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, танлаш ва тайинлашнинг очиқ ва шаффоф тизими яратилгани  катта қизиқиш уйғотди.  Учрашув давомида мамлакатимиз суд тизими тарихида биринчи марта жорий этилган  судьяликка номзодлар ва судьяларнинг касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон психологик тест дастури ва унинг натижалари, шунингдек, судьялар фаолиятини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолаш  тизими ҳамда унинг мезонлари хусусида кенг маълумот берилди. Бундан ташқари  Судьялар олий кенгаши ҳузурида ташкил этилган Ўзбекистон Судьялар клуби  ҳақида ҳам тўхталиб, одил судловни таъминлаш ва суд амалиётини бирхиллаштиришда жамоатчилик асосида фаолият кўрсатувчи ушбу тузилма тажрибалари ҳам айтиб ўтилди. Ўз навбатда меҳмонлар судьяларни танлаш ва тайинлашдаги Туркия тажрибаси, айниқса, судьялар одоби кодексидаги ўзига хос жиҳатлари билан ўртоқлашдилар. Якунда  ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама қилинди.

8 Ноябрь 2023 509
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech