Суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, судьялар дахлсизлигини самарали таъминлаш ва шу орқали одил судловга эришиш даражасини янада ошириш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўланишларидан бири ҳисобланади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки ижтимоий адолат ва қонун устуворлиги барқарор, инсон ҳақ-ҳуқуқлари таъминланган жамият изчил ривожланади, юксак тараққиётга эришади. Ўз-ўзидан аёнки, бу борада судлар зиммасида турган масъулият ғоят залворли. Давлатимиз раҳбари томонидан шу йил 5 март куни ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида ҳам юқоридаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди. Юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича амалга оширилган ишларга баҳо берилиб, келгусидаги вазифалар аниқ белгилаб берилди. Президент “Судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш – бу одил судловга соя солиш деб баҳоланиши” ҳамда бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлиши ҳақида барчани огоҳлантирди. Бу гапнинг туб замирида халқчил ва адолатли суд тизимини яратишдек улкан мақсадлар мужассам. Шу ўринда бугунги кунда судлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган жиддий ислоҳотлар моҳияти хусусида тўхталсак. Кейинги йилларда давлат раҳбарининг соҳани ривожлантиришга қаратилган ўндан зиёд қарор ва фармонлари қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилди. Натижада суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципига риоя қилиш, судларни моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш масалаларида катта ўзгаришлар кўзга ташлана бошлади. Соҳа вакилларининг ижтимоий ҳимояси кучайтирилди. Судьялар ва тизим ходимларининг меҳнат ҳуқуқларини тўлақонли амалга оширишлари, иш юкламасини меъёрий ҳолатга келтириш мақсадида судьялар корпуси ҳамда суд аппаратлари учун қўшимча штат бирликлари ажратилди. Тизимда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенг жорий этиш орқали фаолиятда инсон омилини камайтириш, очиқлик, шаффофлик, тезкорликни таъминлаш, суд ишларини юритиш сифати ва аҳолининг одил судловдан хабардорлик даражасини ошириш ишлари натижадорлиги бир неча баробар ўсди. Бир сўз билан айтганда, соҳа вакиллари ўз фаолиятини амалга оширишлари учун қулай меҳнат шароитлари ва моддий-техника базаси яратилди. Демак, эндиги асосий масала – суд ишларини ҳалоллик, холислик ва беғаразлик тамойиллари асосида кўриб чиқиб, қонуний, асосли ва адолатли суд қарорлари қабул қилишгагина боғлиқ бўлиб қолмоқда. Дарҳақиқат, судьялар одил судловни амалга ошириш орқали ижтимоий адолатни таъминлашдек масъулиятли вазифани зимасига олар экан, ҳамиша ва ҳар қачон қонунларга амал қилишлари, Судьялар одоби кодекси қоидаларига, жамиятда ва турмушда юриш-туриш, одоб-ахлоқ меъёрларига қатъий риоя этишлари муҳим масала.Жамиятда қонун устуворлиги, инсон ҳақ-ҳуқуқлари таъминланиши, суд идорасига қадам қўйган кишиларнинг суддан, пировардида давлатдан рози бўлишлари судьяларнинг юқоридаги принципларга қатъий риоя этишлари билан боғлиқ. Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси раиси, устоз Убайдулла Мингбоев ўзининг “Адолат – инсонпарварликнинг олий нуқтаси” номли рисоласида “судья адолат фақат беғараз қарор топтирилгандагина адолат саналишини ўз шиори деб билиши лозим” деган фикрни илгари сурган эди. Чиндан ҳам шундай. Суд ишларида суиистеъмолчиликнинг ҳар қандай кўринишга асло йўл қўймаслик лозим. Яна бир муҳим масала шуки, халқимизнинг судларга ишончини мустаҳкамлашда судьяларнинг жамиятда тутган бенуқсон обрў-эътибори ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу каби мезонлар эса соҳа вакилларининг юксак ахлоқ фазилатлари билан бирга, уларнинг оиласидаги маънавий муҳит, камтарона турмуш тарзи билан ҳам ўлчанади. Шу боис судлар фаолиятида юқоридаги жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ўтган йилларда Андижон вилояти судлари раҳбарияти томонидан соҳа фахрийлари, тизим ходимларининг ота-оналари, оила аъзолари иштирокида бир неча бор учрашувлар ўтказилди. Мулоқотларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, нохуш иллатлар келиб чиқишининг олдини олишда ота-оналар ва яқин қариндошларнинг ҳам ўрни беқиёс эканлиги таъкидланиб келинмоқда. Куни кеча Андижон вилоятида Судьялар олий кенгаши раҳбарияти томонидан судьялар ва уларнинг оила аъзолари иштирокида ўтказилган тадбирда ҳам юқорида тилга олинган масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди, судьялар қонунга, адолат тамойилларига қатъий амал қилиб, ўз вазифасини ҳалол ва виждонан адо этиши шартлиги хусусида сўз юритилди. Қолаверса, тизим вакилларининг турмуш ўртоғи, фарзандлари ва яқинлари ҳам ўзининг инсоний фазилатлари, камтарона турмуш тарзи билан бошқаларга ўрнак бўлиши лозимлиги, оила аъзолари судьянинг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийишлари шартлиги хусусидаги мулоҳазалар билдирилди. Хулоса шуки, фаолиятимизда ҳамиша қонун устуворлиги ва адолатни қарор топтиришда давлат раҳбари томонидан белгилаб берган вазифалар, қолаверса, устозларимизнинг йўл-йўриқлари барчамиз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Носиржон Зайнабидинов, Андижон вилояти судлари судьялари малака ҳайъати раиси
Очиқ мулоқотларда суд ҳокимияти мустақиллиги, судьялар дахлсизлигини таъминлаш, уларнинг одил судлов билан боғлиқ фаолиятига турли аралашувларнинг олдини олиш, тизимда коррупцияга нисбатан муросасизлик муҳитини янада шакллантириш, бу борадаги муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари бўйича сўз юритилди. Ҳар икки тадбир аввалида мансаб ваколатини суиистеъмол қилишнинг аччиқ оқибатлари акс этган видеолавҳа намойиш этилдики, кўп эшитгандан кўра, бир марта кўрган афзал: бугун жазо ўтаётган тизимнинг собиқ вакиллари афсус-надоматлари бошқалар учун сабоқ бўлиши керак. Тадбирга судьяларнинг оила аъзолари ҳам таклиф этилганининг сабаби ҳам шунда. Чунки, инсон камоли ва заволида оиланинг ўрни катта. Тадбирда мамлакатимизда изчил давом этаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида суд ҳокимияти нуфузини ошириш, судьяларнинг чинакам мустақиллигини самарали таъминлаш ҳамда уларнинг ижтимоий муҳофазасига алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Ушбу эътибор судьялар ҳамжамияти аъзолари зиммасига улкан масъулият юклайди. Масъулият судьядан қатъият, қасамёдга содиқлик ва ҳалоллик талаб қилади. Шу боис ҳам, Судьялар одоби кодексида белгиланганидек, тизимнинг вакиллари одоб ва ахлоқнинг умумэътироф этилган қоидаларига амал қилиши, ҳар қандай вазиятда ҳақиқатпарвар бўлиши, суд ҳокимиятининг нуфузини туширадиган ва судьянинг обрў-эътиборига путур етказадиган, айниқса, унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши шарт. Очиқ мулоқотларда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг мажбуриятлари ва Судьялар одоби кодексига риоя этилишида Малака ҳайъатларининг фаолияти самарадорлигини янада ошириш, бу борада зарур қўшимча чоралар кўриш зарурияти хусусида тавсиялар берилди. Судьялар ўз иш юритувидаги ишларни ўз вақтида қонуний кўриб чиқишлари, сансалорлик оворагарчиликка йўл қўймасликлари, ҳар бир иш замирида инсон тақдири, ҳақ-хуқуқи ётганлиги доим эътиборида бўлиши шартлиги эса жиддий равишда таъкидланди.
Тошкентдаги Санъат сайройида Кенгаш ва Олий суд раҳбариятининг судьялар билан учрашуви бўлиб ўтди. Олий суд, пойтахт ва Тошкент вилояти судлари судьялари ва уларнинг оила аъзолари ҳамда суд фахрийлари иштирокида ўтган тадбирда тизимда коррупциянинг барвақт олдини олиш, судьялар дахлсизлиги таъминлаш, уларнинг одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ фаолиятига аралашувларга йўл қўймаслик борасида очиқ, ишчан ва самимий оҳангда гаплашиб олинди. Тадбирда маърузалар ўқилмади. Балки судьялик лавозимининг масъулияти ва мажбурияти, суд ишларига турли аралашувлар, коррупцион ҳолатларга нисбатан муросасиз муҳитини янада шакллантириш ва уларнинг олдини олишга доир ҳаётий мисоллардан ва унинг оқибатлари ҳақидаги “Судья масъулияти” номли видеолавҳа намойиш этилиб, уларнинг келиб чиқиши сабаблари таҳлил қилинди, бундан барча тегишли хулосалар чиқариши лозимлиги ҳақида гаплашиб олинди. Судья сабр-қаноатли, ўз нафсининг тарбиячиси бўлиши, шунингдек ўзи ва оила аъзоларининг ҳалол ризқ ҳисобига яшашларини таъминлаши, Одоб кодекси қоидалари ҳамда умумэътироф этилган ахлоқ нормаларига қатъий риоя этиши лозимлиги, камтар ва босиқ бўлиб, кибр ва дабдабабозликка берилмаслиги қайд этилди. Шунингдек, судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг мажбуриятлари ва Судьялар одоби кодексига риоя этилишида Малака ҳайъатларининг фаолияти самарадорлигини янада ошириш, бу борада зарур қўшимча чоралар кўриш зарурияти ҳам айтиб ўтилди. Бундан ташқари, судьялар ўз иш юритувидаги ишларни ўзи вақтида қонуний кўриб чиқишлари, сансалорлик оворагарчиликка йўл қўймасликлари, ҳар бир иш замирида инсон тақдири, ҳақ-хуқуқи ётганлиги доим эътиборида бўлиши шартлиги, мақом ва мартаба берган ўз халқи олдида шахсан масъуллигини унутмаслиги шартлиги ҳам уқтирилди.