Янгиликлар

Очиқ дарс: тил, тавсия ва кулгидан олинмаган завқ...

Бошқа-бошқа соҳа вакиллари жам бўлган тадбир бирданига қизиб кетмайди. Бу сафар ҳам шундай манзара кузатилди. Аввалига бироз тортиниш, бироз эҳтиёткорлик, иштирокчиларга зимдан қараб, мавзу улар учун нечоғли қизиқарли бўлаётганини чўтлаб-чамалаб, шунга монанд гап оҳангини ўзгартиришдан бошланган тадбир тезда қўр еди (яъниким, қизиб кетди). Қизиганики, нақ икки ярим соат давом этиб, ҳазил-хузул, енгил-енгил кулгилар билан ниҳоясига етди.  Мавзу тил ҳақида эди,  янаям аниқроғи (ва бироз расмийроқ номи), одил судловни амалга оширишда тилнинг ўрни ва аҳамияти. Меҳмон – таниқли адабиётшунос, педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев. “Тадбир” дейилаётгани аслида очиқ дарс бўлиб, Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактаби тингловчилари учун тез-тез уюштириб турилади. Очиқ дарслар мавзуси Судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш курси ўқув дастурига расман киритилмаган. Бироқ бўлажак судьялар учун тизим фахрийлари, ҳуқуқшунос олимлар қатори маънавият фидоийлари, таниқли адиблар, адабиётшунослар иштирокида ҳам очиқ дарслар ўтказиб келинмоқда ва фойдадан холи бўлаётгани йўқ. Бугунги мавзу ҳам бундан мустасно эмас. Айтилдики, миллатнинг маънавий ва ахлоқий қиёфасини белгиловчи омилларидан бири – тил. Шиддат билан ўзгараётган давр, турли мафкуралар ўртасидаги кураш катта-кичик миллатларнинг миллий маънавиятига таъсир кўрсатиш эҳтимоли тобора ошиб бораётган экан, бунинг аччиқ ҳосиласи  аввало тилда кўринмоқда. Шундай экан, ҳар бир миллат ўз тилининг жозибаси-ю жилоси билиши ва  муҳофаза қилиши шарт.  Келажак авлодга озод ва обод ватан  билан бирга соф ўзбек тили ҳам қолиши керак.  Жонли мулоқотда  одил судловни амалга оширишда тилнинг аҳамияти қисқа ва лўнда ифода қилинди: миллатнинг қиёфаси тилда намоён экан, унинг суддаги акси суд ҳужжатларида кўринади. Ҳукм ва қарорларнинг тушунарли ва равон ёзилишига, иш бўйича ҳар бир ҳолат, айниқса, тарафларнинг важларига берилган ҳуқуқий баҳонинг ҳужжатдаги ифодасига қараб, судьянинг тил  бўйича саводи ҳақида бемалол тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Бундан ташқари суд қарорларини тарафларга тушунтириш жараёнида қонуннинг “қаттиқ тили”  судьядан содда баён талаб этадики, ўзбек тилини чуқур билиш ва унинг имкониятларидан самарали фойдаланиш  шунинг учун ҳам керак. Ўзбек тилининг  жозибаси бадиий асарларда яққол кўринади.  Бу эса китобхонлик тизимда эҳтиёж эмас, заруриятга айланиши лозим эканини  кўрсатади.  Қолаверса,  адабиёт наинки одоб фани, таъбир жоиз бўлса, адолат фани ҳамдир. Негаки, нафақат бадиий, тарихий, ҳатто фантастик асарларда ҳам ижтимоий адолат тараннумини кўриш мумкин.  Қайси китобни қўлга олманг, уларда ижтимоий адолат, маънавий-ахлоқий покликка даъват кўринади. Шундан келиб чиқилса, нафақат судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлашда, балки суд тизимида китобхонликни тарғиб этиш орқали кадрларнинг маънавиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Зотан,  давлат раҳбари  айтганидек,  адолат ва маънавият – ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалар, маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмайди. Дарвоқе, қизғин ўтган очиқ дарс, хусусан, савол-жавоб жараёнида тилимизга ёт, аммо ўзимизга ёд бўлиб кетган сўзлар (беихтиёр) айтилгани, уларга ҳурматли меҳмоннинг беозор “тузатиш”ларидан бир неча марта енгил кулгилар кўтарилди. Аммо бундан завқ туюлгани йўқ, аксинча, хижолатга тушилди. Шунинг ўзиям очиқ дарс мавзуси долзарблигини яна бир бор кўрсатди-қўйди.  

27 Сентябрь 2024 725

Кенгаш мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди

Бугун Президент Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Судьялар корпусини шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, халқаро ҳамкорлик ва миллий тажрибалар”  мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Айтилдики, янги таҳрирдаги Конституциямизда янада мустаҳкамлаб қўйилганидек, Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг мустақил органи бўлиб, судьялар корпусининг шакллантирилишини, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлайди. Жорий йилнинг ўтган даврида Кенгаш томонидан судьялик лавозимларига танлаш ва тайинлаш (шу жумладан ваколати муддатига қайта тайинлаш) бўйича ўтказилган очиқ танловларда 503 нафар номзод муҳокама қилинди. Уларнинг 378 нафари (ёки 71.1 фоизи) судьялик лавозимига муносиб деб топилган, 52 нафари (ёки 10.3 фоизи) судьялик лавозимига номуносиб деб топилган бўлса, 73 нафари (ёки 14,5 фоизини) ваколати муддатига бошқа судьялик лавозимига қайта тайинлаш рад этилган. Маълумки, шу йилнинг июль ойида Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг Судьялик лавозимларига номзодларни тайёр курсини 153 нафар тингловчи тамомлади. Кейинги  икки ойда давомида уларнинг 100 нафари (ёки 65 фоизи) очиқ танлов ва муқобиллик асосида судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига тайинланди. Мазкур жараён давом этмоқда. 2024 йилнинг 18 сентябрь ҳолатига кўра, тизимда 1490 нафар судья фаолият юритаётган бўлиб, шундан 209 нафарини (ёки 14 фоизи) аёл судьялар ташкил этди. Аёлларнинг 24 нафари раҳбар лавозимларга тайинланган. Судьяларнинг 1309 нафари ёки 87,8 фоизи 50 ёшгача, 39 нафари 2,6 фоизи 60 ёшдан ошганлар ташкил этади. Фаолият кўрсатаётган судьяларнинг 511 нафари (ёки 34,4 фоизи) судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига, 923 нафари (ёки 61,9 фоизи)  ўн йиллик муддатга,  54 нафари (ёки 3,6 фоизи) муддатсиз даврига тайинланган. Тизимда 25 нафар юридик фанлар номзоди илмий даражасига эга судьялар фаолият кўрсатади, 55 нафар судья давлат мукофотлари билан тақдирланган. Шунингдек, жорий йилда намунали фаолияти, ташаббускорлиги ва юқори рейтинг кўрсатгичларига эга 15 нафар судья  Судьялар олий кенгаши қарори билан “Ибратли судья” мукофотига лойиқ кўрилди. Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан  тизимда узоқ йиллар самарали фаолият кўрсатган 32 нафар фахрийлар “Суд фахрийси” кўкрак нишони  билан тақдирланди. 2024 йилнинг  ўтган даврида 32 нафар судьянинг ваколат муддати илгари тугатилган. Уларнинг 13 нафари судьялик қасамёдини, 6 нафари Судьялар одоби кодекси талабларини бузгани, 13 нафари ўз аризасига кўра лавозимидан озод қилинди.  Жорий йилнинг ўтган даврида Судьялар олий кенгаши фаолиятида халқаро ҳамкорлик алоҳида кўзга ташланади.  Шу даврда  Иистанбулда  бўлиб ўтган  Туркий давлатлар ташкилотига  (ТДТ) аъзо мамлакатлар судьялари ҳамжамиятининг анжуманида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тақдимоти  ўтказилди. Шунингдек, Қозоғистон ва Қирғизистон Республикаларининг Судьялар кенгашлари вакилларидан иборат делегация мамлакатимизга ташриф буюриб, юртимизда  амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, айни жараёнда суд мустақиллиги, судьялар дахлсизлиги самарали таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди, айниқса, судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш,  лавозимга танлаш ва тайинлаш бўйича жорий этилган янги тартиблари уларда катта қизиқиш уйғотди. Бу ташрифлар натижасида Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикалари Судьялар олий кенгашлари ўртасида ҳамкорлик меморадуми имзоланди.  Қирғизистон Республикаси билан судьялар корпусини шакллантириш юзасидан ҳамкорликни янги босқичга кўтариш бўйича келишувларга эришилди.  Бундан ташқари ўзбек судьялари ҳамжамияти вакиллари Испания қироллигининг Судьялар бош кенгаши ҳамда Судьялар мактабида бўлиб,  судьялар корпусини шакллантириш ҳамда уларнинг узлуксиз таълими бўйича тажриба алмашилди. Яқин ва узоқ хориж давлатларнинг судьялар ҳамжамияти вакилларининг ташрифи, аввало – эътибор,  ҳамкорликка оид таклифлари эса мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳақли эътирофи ҳисобланади. Маълумки, 2025 йил 1 январида суд тизимида янги институт – тергов судьялари фаолият бошлайди. Айни пайтда ушбу янги лавозимга муносиб номзодларни танлаш ва тайёрлаш ишлари давом этмоқда. Бундан ташқари Кенгаш ҳамкор ташкилотлар билан жойларга чиқиб, жиноят ишлари бўйича судлар судьялари учун “Асосланган гумон: “қамоқ” эҳтиёт чорасини танлаш ва судгача ҳибсдан озод қилиш ҳамда бошқа процессуал чоралари қўллаш  бўйича халқаро амалёт” мавзусида халқаро семинар  ўтказиб келмоқдаки, бу фойдадан холи бўлмайди. Судьялар олий кенгаши ташаббуси ва Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг профессор-ўқитувчилари саъй-ҳаракатлари билан “Судьялар дахлсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари”, “Иқтисодий судларга мурожаат қилиш тартиби”, “Фуқаролик ҳуқуқий фанлар бўйича тестлар” тўплами, “Суд тизимида манфаатлар тўқнашуви ва коррупцияга қарши курашиш” номли рисола ва ҳуқуқий қўлланмалар нашр этилди. Яна бир муҳим маълумот:  Судьялар олий кенгаши томонидан Судьялар одоби кодекси янги таҳрирда қабул қилинди.  Айни пайтда “Судьялар одоби кодексига шарҳлар” китоби  тайёрланиб, нашр этилиши арафасида. Мазкур тўплам  ўзбек тилидан  ташқари рус ва инглиз тилларига ҳам нашр этилиши кўзда тутилмоқда. Матбуот анжуманида журналист ва блогерларнинг саволларига  атрофлича жавоб берилди.

19 Сентябрь 2024 1093

РАСМИЙ БАЁНОТ

Даъвогар Б. Қодировнинг жавобгарлар – Жўраевларга нисбатан “оталик фактини белгилаш”га доир фуқаролик низоси бўйича суд жараёни бошланганидан то ҳал қилув қарорига қабул қилингунича керагидан ортиқ муҳокамалар бўлди. Ижтимоий  тармоқдаги муҳокамалар суд қарори қабул қилинганидан кейин ҳам давом этиб,  энсани  қотирадиган даражага етдики, бу ҳақда икки оғиз гап айтишнинг ўзи ортиқча, аслида. Бироқ суддан кейин тарафлар ва уларга хайрихоҳлар ўртасидаги “виртуал мусоҳабаларда” ишни  биринчи босқич судида кўриб чиққан судья шаънига номаъқул ва асоссиз таъналар айтиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Хусусан, блогер Ж. Ҳамраев  ижтимоий тармоқ орқали чиқишида даъвогар  “қўли узун экани” ҳақидаги гапини эслатиб, гўёки “...унинг узун қўллари  судьягача етиб боргани”ни очиқ иддао қилган. Бундан ташқари судья томонидан марҳум санъаткор вафоти санасини нотўғри айтилгани-ю суд қарорини ўқиш пайтидаги бироз ҳаяжонини “бу не кўргулик?!” деб,  вазиятни бўрттиришга урингани кўринади. Энг ёмони, унинг иддаолари иш бўйича жавобгар тарафнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифа ва каналларида тарқатилаётгани натижасида судьянинг холислиги борасида турли шубҳалар эҳтимолини пайдо қилмоқда. Бир неча ой давом этган процесс, бу даврда тармоқлардаги адоқсиз муҳокамалар, уларда ҳатто тор доирада айтилиши мумкин бўлмаган гаплар баралла айтилиб, кенг оммада турли қарашлар шакллантиришга қаратилган ҳаракатлар судга нисбатан ижтимоий босим пайдо қилиб бўлганди. Шундай  вазиятда  кенг жамоатчилик эътиборидаги фуқаролик низосини кўриб чиқиш айтишга осон. Шу маънода судьянинг бир неча камералар қаршисида қарор ўқиши жараёнида битта санани нотўғри айтиши ёки ундаги бироз ҳаяжонга тушуниш билан муносабатда бўлиш мумкин. Аммо, Судьялар олий кенгаши, кимнингдир гўёки “узун қўллари судьягача етиб борган”ига оид таъна ва иддаоларга ҳуқуқий баҳо беришга эҳтиёж мавжуд, деб ҳисоблайди ҳамда бу борада ваколати доирасида лозим чоралар кўрилади. Якунда алоҳида таъкид этиладики, ушбу баёнот қабул қилинган суд қарори бўйича Кенгаш нуқтаи назари ҳисобланмайди. Шунингдек, ундан (суд қароридан) норози тарафнинг юқори суд инстанциясига шикоят беришига ҳам монеълик қилмайди.   Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

17 Сентябрь 2024 2994
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech