Янгиликлар

Дахлсизлик муҳим, бироқ у имтиёз эмас, масъулиятдир

 Ижтимоий тармоқлардаги айрим ҳуқуқий каналларда судьялар (ва суд ходимларига) нисбатан суд биноларида шахсий алоқа воситаларидан фойдаланишга чеклов жорий этилгани фаол муҳокама қилинмоқда. Муҳокамаларда мазкур тартиб судьялар дахлсизлиги ва мустақиллиги принципларига қанчалар тўғри келиши ҳам савол остига қўйилмоқда. Дарҳақиқат, қонунга кўра (“Судлар тўғрисида”ги қонун, 64-модда), судьянинг шахси дахлсиз. Мазкур ҳуқуқ унинг турар жойи, хизмат хонаси,  фойдаланадиган транспорт воситаси ва алоқа воситаларига ҳам тааллуқлидир. Бироқ муҳокама мавзусига айланган тартиб жорий этилишига сабаб бўлган омил ва эҳтиёжлар ҳамда уларнинг ҳуқуқий асосларига эътибор берилса, унинг судьялар дахлсизлигига таъсирига доир шубҳа ёки саволларга ўрин қолмайди. Хусусан, барча судлар зарур алоқа воситалари билан таъминлангани инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Жумладан, ҳар бир судья ва унинг ёрдамчилари, бошқа суд ходимларида хизмат телефонлари мавжуд. Шундан келиб чиқиб,  иш пайтида шахсий алоқа воситаларидан фойдаланиш чекланмоқда, холос. Барча судларда хизмат компьютерлари жаҳон интернет тармоғига улангани инобатга олинса, судьялар ва суд ходимларида хизмат юзасидан алоқанинг бошқа воситаларидан ҳам фойдаланишида муаммо, шахсий алоқа воситасидан фойдаланишига эҳтиёж йўқлиги ойдинлашади.  Мазкур тартиб иш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади, дейиш баландпарвоз эмас, балки тўппа-тўғри гап. Чунки, шахсий уяли телефон, ундан меъёридан ортиқ фойдаланиш ижтимоий тармоқларга қарамликни юзага келтираётгани, бундан ҳеч ким муҳофаза этилмагани, аччиқ оқибати эса умумий фаолият самарадорлигига акс таъсир этиши эҳтимоли юқори экани  бугун ҳеч кимга сир эмас.  Шу ўринда  фаолияти хусусиятидан келиб чиқиб, бундай чекловлар қатор давлат органларида мавжуд экани, шунингдек, илғор хориж давлатларида ҳам судьяларга нисбатан одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ фаолиятидан чалғитувчи восита  ва омиллардан (хизмат пайтида) фойдаланиш бўйича муайян чекловлар борлигини ёдга олиш ортиқчалик қилмайди. Иккинчидан, “Судлар тўғрисида”ги қонунга биноан (62-модда), судьялар Судьялик одоби кодекси талабларига риоя этиши, суд ҳокимияти обрўсини, ўзининг беғаразлиги, холислиги ва адолатлилигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатдан тийилиши шарт.  Таассуфки, амалиётда айрим судьяларнинг процесс пайтида шахсий уяли телефони билан андармон бўлаётгани ҳақидаги эътирозлар учраб турибди, ҳатто шундай ҳолат ижтимоий тармоқларда эълон қилиниши ортидан Кенгаш ҳузуридаги Судьялар одоб комиссиясида муҳокама этилгани ҳам бор гап. Шунга кўра, жорий тартиб суд ҳокимияти обрўсини, судьяларнинг беғаразлиги, холислиги ва адолатлилигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш борасида қабул қилинган чора-тадбир ҳам ҳисобланади. Пировардида, Судьялар олий кенгаши суд биноларида шахсий алоқа воситаларидан фойдаланишига нисбатан қўлланган чекловларни судьяларнинг дахлсизлиги ва мустақиллиги принципларига зид, деб ҳисобламайди.   Судьялар олий кенгаши  матбуот хизмати

22 Апрель 2024 1853

Икки юз нафар судья тест синовидан ўтди. Мақсад?

Судьялар олий кенгаши икки юз нафар судьяни  тест синовидан ўтказди.Тадбир онлайн ташкил этилгани боис жараён Кенгаш масъуллари томонидан масофадан кузатиб борилди. Саволлар махсус дастур орқали электрон шаклда тақдим этилиб,  битта тугмачани босиш орқали ўша пайтнинг ўзида тест натижалари билан танишиш имконияти ҳавола этилди. Шу тариқа  тенглик, шаффофлик ва очиқлик таъминланди, ҳали имтиҳон хонасидан чиқмаёқ натижани билган судьялардан кимдир хурсанд бўлса, бошқаси бироз хижолатли ҳолатга тушгани ҳам рост. Бироқ  ҳозир гап бунда эмас. Гап тест синови нима учун ўтказилгани ва бундан мақсад-муддао ҳақида. Қонунга кўра, барча судьялар бир хил мақомга эга. Яъни, барча даражадаги судлар раислари ва уларнинг ўринбосарлари айни вақтда судья ҳам ҳисобланади. Бироқ раҳбарликнинг касбий салоҳиятдан ташқари  ташкилотчилик, бошқарувчилик, истиқболни олдиндан кўра билиш каби қатор  талаблари бор.  Таҳлиллардан келиб чиқиб,  Судьялар олий кенгаши туман (шаҳар), туманлараро судлари раис ва раис ўринбосарлари лавозими учун кадрлар захирасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратишни мақсадга мувофиқ, деб топди. Шу тариқа “Туманлараро, туман (шаҳар) суди раиси ва раис ўринбосари лавозимлари захирасини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги Низом ишлаб чиқилди. Унга кўра, раҳбар судьялик лавозими учун судьялар Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактабида икки ойлик қайта тайёрлаш курсларида таҳсил олиши, талабгорлар  махсус имтиҳон орқали саралаб олиниши белгиланди. Шу мақсадда ўтказилган тест синовларида, юқорида айтилганидек, икки юз  нафар судья иштирок этди, улардан энг юқори балл тўплаган олтмиш нафари номзод сифатида  танлаб олинди. Танлаб олинган судьялар уч гуруҳга бўлиниб, ҳар бир гуруҳ алоҳида-алоҳида икки ойлик  қайта тайёрлаш курсларида махсус дастур асосида таҳсил олади. Ўқув дастурлари шахсда суд бошқарувини самарали ташкил этиш, ташаббускорлик, вазифаларни аниқ шакллантириш, муайян муаммоларга ўз вақтида ечим топиш, жамоатчилик билан очиқ мулоқотлар ўтказиш каби қатор мезонлар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, машғулотлар ҳуқуқшунос олимлар, малакали психологлар ва катта тажрибага эга суд фахрийлари томонидан олиб борилади. Биринчи гуруҳ учун таҳсиллар  жорий йилнинг май ойидан бошланади. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

19 Апрель 2024 2113

Расмий баёнот

Ижтимоий тармоқдаги айрим каналларда таниқли жамоат фаолининг судлар муайян низолар бўйича гўёки топшириқлар асосида қарор чиқараётганига оид (ўзининг ҳам тўла ишончи комил бўлмаган маълумотларга таяниб айтилган) мулоҳазаларига илова тарзида ҳиссиётли фикрлар ҳам тарқалмоқда.  Адолат юзасидан айтиш керакки,  канал маъмур(лар)ининг судья қарор қабул қилиш ҳуқуқини номус деб билиши,  одил судловни амалга оширишга доир фаолияти бўйича аралашувларга йўл қўймасликлари лозимлиги ҳақидаги фикрлари эътироф ва эътиборга лойиқ.  Бироқ амалиётда судьяларга айрим мансабдор шахслар қатори суд тизими мутасаддилари, айниқса, Судьялар олий кенгашидан ҳам таъсир ўтказилаётгани оид иддаолар ҳақиқатга тўғри келмайди. Аксинча, судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига аралашувларнинг олдини олиш Кенгаш фаолиятининг устувор йўналиши ҳисобланадики, бу борда олиб борилаётган ишлар ва уларнинг натижалари ҳақида жамоатчиликка ахборот бериб келинмоқда. Яқинда Кенгашнинг ўтган йилги фаолияти сарҳисоби бўйича ўтказилган матбуот анжуманида айни шу масалага атрофлича тўхталиб ўтилгани ҳам бежиз эмас.   Кенгаш матбуот хизмати алоҳида қайд этадики, куйинчак жамоат фаоллари ва блогерларнинг мавзу бўйича билдираётган  фикрлари гоҳ баҳсли, гоҳ асоссиз (ва исботсиз) бўлса-да, яхши ниятда айтилаётгани  эътиборидан улар тушуниш билан қабул қилинади. Шу билан бирга муайян ва асосиз мўрт ҳолатларни ортиқча бўрттирмаслик ҳамда сўз масъулиятини янада чуқурроқ ҳис қилишни ҳам мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.  Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

18 Апрель 2024 1849
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech