Янгиликлар

Тўққиз нафар судьянинг иш жойи ўзгарди

Хабар қилинганидек, бугун бўлиб ўтган Судьялар олий кенгашининг очиқ танлов шаклидаги йиғилишида айрим судьяларни ваколати муддати даврига қайта тайинлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Муқобиллик асосида ўтган танлов якунида тегишли қарор қабул қилинди. Судьялар олий кенгаши қарори билан: Ғозиев Шукрулло Хаджамкулович – судьялик ваколати муддати даврининг беш йил муддатига Жиззах вилояти Дўстлик туманлараро иқтисодий судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманлараро иқтисодий судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Назаров Комилжон Абдусаидович – судьялик ваколати муддати даврига Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Сурхондарё вилояти жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман судининг раиси лавозимидан озод қилинди; Абдуллаев Тўлқин Бектемирович – судьялик ваколати муддати даврига Сурхондарё вилояти жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Расулов Ойбек Мелисович – судьялик ваколати муддати даврига Тошкент вилояти фуқаролик ишлари бўйича Қуйичирчиқ туманлараро судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Тошкент вилояти фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро суди раисининг ўринбосари лавозимидан озод қилинди; Тураев Захриддин Махмудович – судьялик ваколати муддати даврининг беш йил муддатига Тошкент вилояти фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро суди раисининг ўринбосари лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Тошкент вилояти фуқаролик ишлари бўйича Ўртачирчиқ туманлараро судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Сотволдиев Хаётбек Турғунович – судьялик ваколати муддати даврига Фарғона вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Фарғона вилояти жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Рахматов Аброр Алиевич – судьялик ваколати муддати даврига Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Саттаров Омон Илхамович – судьялик ваколати муддати даврига Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Тошкент вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси лавозимидан озод қилинди; Хажиев Мақсуд Илхомович – судьялик ваколати муддати даврига Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди раисининг ўринбосари лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг судьяси лавозимидан озод қилинди.

22 Октябрь 2024 5232

Холисликнинг ҳикмати кўп...

 Ушбу воқелик “суд қароридан сўнг муҳтож оилага уй-жой берилди” мазмунидаги одатий гаплар билан баён қилинса, масала моҳияти тугал очилмайди. Бундай усул хўп айтилса-да, кўпинча у қулоқдан кириб, бунисидан чиқиб кетаётган Холисликнинг маъноси-ю ҳикмати ҳамда амалдаги ифодаси ҳақида мухтасар мулоҳаза юритиш имкониятини чеклаб қўяди. Чунки, “Yuristkadr” каналида эълон қилинган қисқагина хабарда атрофдагиларга беғараз, чин дилдан, самимий яхшилик қиладиганларга бежиз айни сифат берилмаслиги ва унинг (холисликнинг) амалдаги натижасини ҳам яққол кўриш мумкин. ...Тошпўлатовлар ижтимоий ҳимояга муҳтож оила. Ота - ногирон, фарзанд бемор, бундай вазиятдаги онанинг ҳолатини тасаввур қилиш қийинмас. Устига устак, оила узоқ йиллардан бери ётоқхонада яшайди. Катта умидлар билан туман ҳокимлигига мурожаат қилишганди, турар-жой ажратиш ва рўйхатга олишни сўраб, бироқ кутилган натижа бўлмади: мурожаат рад қилинди. Шундай пайтда кўпчиликнинг хаёлига келадиган гап шундай: “қани, битта холис одам бўлсаю...”. Холислар топилди: “Yuristkadr” адвокатлари томонидан оилага бепул юридик ёрдам кўрсатишга қарор қилиниб, туман ҳокимлигига нисбатан туманлараро маъмурий судига ариза киритдилар: “Иш холис кўрилса, ютамиз!” Судга киритилган ариза судья О. Ҳакимов чекига тушди. Ва холис кўрилиши натижасида адолатли, қонуний ва асосли қарор қабул қилинди: ҳокимликнинг ҳаракатлари ғайриқонуний деб топилиб, Тошпўлатовлар оиласини турар-жой учун рўйхатга киритиш мажбурияти юклатилди. Шу ўринда “Нима, судлар бошқа ишларни холис кўрмайдими?” дейишга бироз шошмайсиз. Судда тарафлар низолашар экан, ютқазган томон суд қароридан норози бўлиши, юқори суд инстанцияларига шикоят киритиши  табиий. Эътиборлиси, уларнинг аксариятида шундай гаплар учрайди: судья холислик қилмади, ишни бир томонлама кўрди ва ҳоказо, ҳоказо... Беш бармоқ барбар эмас, тўғри, қуйи суд қарорлари юқори суд инстанцияларида бекор бўлиши ёки ўзгариши эҳтимоли инкор қилинмайди. Бироқ бу - уларнинг ҳаммаси суднинг нохолислиги оқибати, дегани ҳам эмас. Суд қарорларининг юқори суд инстанцияларида ўзгариши ёки бекор бўлишининг асослари кўп, бироқ ҳозир гап бунда эмас. Масала судда ютқазган томоннинг суд қарорига холис назар билан қарашига ҳам боғлиқдай. Туман ҳокимлиги суд қарорига нисбатан шикоят қилмади, балки ижро учун қабул қилгани -   яна бир холисдан  дарак. Мана,  натижаси: куни кеча Тошпўлатовлар оиласига икки хонали уй берилибди. Буни мамнуният билан каналда эълон қилган “Yuristkadr” маъмури судьяга алоҳида ташаккур айтибди. Адвокатларнинг нияти холис эди – бепул хизмат кўрсатилди. Судья ишни холис кўрди: ҳокимликка мажбурият юклатилди. Ҳокимлик ҳам масалага холис нигоҳ билан қаради - яқиндаги умидсизликнинг берк кўчасига кириб қолган оиланинг энди бошпанаси бор. Холисликнинг ҳикмати шу эмасми? Энг муҳими, буларнинг замирида  иш бўйича тарафлардан бирининг судга ишончи, иккинчисининг ҳурмати ётибди.

15 Октябрь 2024 1124

Расмий ахборот (ва унга икки оғиз илова)

“Эзгулик” жамияти раисининг ижтимоий тармоқда эълон қилган жиноят ишлари бўйича Оҳангарон туман судидаги ҳолат бўйича хизмат текшируви тайинланди. Тошкент вилоят суди судьялари малака ҳайъати томонидан ўтказиладиган хизмат текшируви натижаси юзасидан қўшимча ахборот берилади. Шу билан мазкур ахборотга нуқта қўйиш мумкин эди. Бироқ тармоқдаги бошқа каналлар ҳам юқоридаги нордон писанда ва тагдор қочиримларга тўла хабарни мамнуният билан кўчириб босиши натижасида юзага келган муҳокамалар икки оғиз қўшимча изоҳга эҳтиёж пайдо қилмоқда. Албатта, ҳар ким  ўз фикрини эркин билдириш ҳуқуқига эга. Танқидлар ҳам бош устига,  бироқ эркин фикр айтишда усул ва оҳангнинг меъёри ҳам бўлиш керак. Муаллиф судьянинг мантиясиз суд мажлиси ўтказганига билдирилган эътироздан сўнг жараён рисоладагидек қайта ўтказилганини “қабиҳлик” деб  баҳолабди. Буниси энди жуда ортиқча. Унда ҳақорат учқунлари ҳам борки, муаллиф ҳолатга баҳо беришда яхшигина ҳаяжонланган кўринади. Бунинг сабаби ҳам бордай: “Эзгулик”нинг  бир вакили суд жараёнида маҳкумлардан бирининг ҳимояси учун ҳозир бўлганди. Бироқ унинг судга киритган илтимосномаси ваколатли шахс томонидан берилмагани сабаб рад қилинган. Қармоқ кўтариб дарёга борган одамнинг балиқсиз қайтиши ёқимсиз бўлганидек, алоҳида тайёргарлик билан судга келган шахснинг муроди ҳосил бўлмаслиги ҳам шундай. Балиқчи аламини қармоғидан олмайди, муаллиф эса аламини қаламидан кўпроқ олган кўринадики, у тарқатган ахборотда холислик мувозанати бузилгани кўриниб турибди. Холисликдан чекинилган жойда самимиятга ҳам путур етиб, адоват кучайиши мумкин. Адоват билан эса адолатни англаш қийин: барибир нимадир камдек туюлаверади, кўринаверади... Ҳолат юзасидан хизмат текшируви тайинлангани (унинг натижасига қараб) тегишли шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши эҳтимоли юзага келаётганини англатади. Ахборотга илова тарзида ёзилаётган ушбу мулоҳазалар масаланинг ҳуқуқий эмас, маънавий-ахлоқий жиҳатига боғлиқ. Зотан, ҳусн – тўйда, одоб кунда керак. Судьялар олий кенгаши матбуот хизимати

11 Октябрь 2024 1597
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech