Янгиликлар

Яна бир ўқув курси якунига етди

 Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида навбатдаги махсус малака ошириш курслар ниҳоясига етди.  Ушбу галги курслар ҳам онлайн шаклда ўтказилиб, унда  суд тизимида давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини таъминлашга оид мавзу хусусида сўз юритилди. Бундай мавзу танланиши бежиз эмас. Маъкумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинган. Фармонда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан қатор тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиб,  уларда иқтисодий ва маъмурий судлар судьяларини қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этиш кўзда тутилганди.  Судьялар олий мактаби, Олий суд ва Молия вазирлиги ҳамкорликда ўтказилиши белгиланган ўқув курслари, мана, муваффақиятли якунига етди.  Ўқув машғулотларига Судьялар олий кенгаши, Олий суд ва Молия вазирлигининг тажрибали мутахассислари жалб этилди.  Асосий урғу  давлат харидлари тўғрисидаги шартномаларни тузишда суиистеъмолчиликлар, уларнинг шакли ва турлари, бу борадаги қонунбузарликларнинг олдини олиш ҳамда ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришга беришга қаратилди.   Машғулотлар фақат қуруқ маърузалардан холи, бу борадаги суд амалиёти, қонунчилик ва уни янада такомиллаштиришга оид савол-жавоблар ва қизғин муҳокамалар бой тарзда ўтди.

5 Июнь 2022 853

Судья Эрметованинг янги китоби чоп этилди

Судья Шоира Эрметованинг янги китоби чоп этилди. Йўқ, китоб хос доира - ҳуқуққа оид эмас. Аксинча, мавзу ҳаммабоп ва оммабоп  бўлиб, унда Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Умматовнинг ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилинади. Публицист  Ҳулкар Ҳотамбоева билан ҳамкорликда ёзилган ушбу асарда ўзига хос услуб, ширали тил ва  нуктадонлик билан ҳамзамонимиз портретига  чизги берилади.    Эътиборлиси, китобда инсон садоатининг бош омилиги тинимсиз меҳнат ва изланишда эканини  бир инсон  ҳаёти мисолида ўқувчига етказишга ҳаракат қилинади. айтиш керакки, бунга муваффақ  бўлинган ҳам. Дарвоқе, Қаҳрамон ҳақидаги китобга Қаҳрамон шоиримиз  Абдулла Ориповнинг машҳур мисраси ном сифатида танланган: "Шундай яшар одатда одам". Куни кеча Жиззах политехника институтида “Шундай яшар одатда одам” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Эслатиш ортиқчалик қилмас - Шоира Эрметова иккита мутахассислик шаҳодатига эга: журналист, ҳуқуқшунос.  Бир неча йил марказий оммавий ахборот воситаларида фаолият юритган. Судьялар Олий кенгаши ҳузурдаги Судьялар олий мактабининг илк битирувчиларидан.  Айни пайтда фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судининг судьяси.   Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

3 Июнь 2022 956

Бу ёғига оз қолди: ҳадемай ғалвир кўтарилади...

 Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби магистратура тингловчилари амалиётининг (стажировка) иккинчи босқичи ҳам якунига етди.  Бу жорий ўқув йили охирлаб, ҳадемай ғалвир кўтарилишини англатади.  Биласиз, биринчи марта судьялик лавозимига тайинланиш учун Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактабида бир йиллик таҳсил шарт. Айни лавозимга даъвогарларнинг ёши ўттиз бешдан кичик бўлмаслиги  ва суд-ҳуқуқ тизимида камида етти йиллик тажрибага эга бўлиши ҳам янги талаблар сирасига киради.  Демак, Судьялар олий мактабини битирган тингловчи “беш минути кам судья” деганидир.  Бироқ, бу битирувчиларга судьялик лавозими нақд дегани эмас.  Олдинда давлат имтиҳонлари турибди. Ундан ўтиб, тегишли шаҳодатни олингач,  яна бир синов кутади: судьялик лавозимга тайинланиш учун очиқ танловда  қатнашиладики, бу энди  алоҳида мавзу...  Воқеалар ривожидан илгарилаб кетяпмиз, узр, тингловчиларнинг амалиёт ўтганига оид мавзуда гапни давом эттирсак. Икки босқичда ўтказилган амалиётлар уч ойдан кўпроқ вақтни олди.  Кўринадики, таҳсил жараёнида назарий билимларини амалиётда қўллай олиш кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу мутлақо табиий, негаки, назария билан амалиёт уйғун келгандагина  кутилган натижа эришилиши тажрибалардан аён. Амалиётнинг ҳар икки босқичи Тошкент шаҳри ва  Тошкент вилоятининг пойтахтга туташ туманлари судларида ўтказилди. Бужараёнда ҳар бир тингловчининг борадиган жойи, вақти ва бириктирилган масъул судьягача аниқ-тиниқ белгилаб  берилди. Амалий машғулотларнинг биринчи қисми биринчи инстанция судларида ўтгани, бунга  кўпроқ вақт ажратилгани ўз-ўзидан тушунарли. Чунки, биринчи марта судьялик лавозимига тайинланган мутахассис ишни биринчи инстанция судидан бошлайди. Шу боис ўтган  вақт мобайнида тингловчилар биринчи инстанция судларида ишлаш тартиби ва талабларини астойдил ўрганди.  Тўғри, тингловчилар орасида бир неча йилдан бери  судда ишлаётганлар (девонхона мудири, архивчи, судья ёрдамчиси вазифаларида) оз эмас. Бироқ  бу уларда тажриба етарли эканини  кўрсатмайди барибир. Суд идораларида ходим бўлиб ишлаш бошқа, судья сифатида ишлаш умуман бошқа-бошқа масаладир. Шундан келиб чиқиб, назарий билим ва кўникмалари етарли бўлмаган суд ходими амалиётда процессуал ҳамда моддий қонунчилик нормаларини қўллашда айрим қийинчиликларга дуч келади. Шу сабабли, Судьялар олий мактабида судьялик лавозимига тайёрлаш курсларида таҳсил олаётган номзодларга амалиёт бошлангунга қадар  ўргатилган қонунчилик асосларини амалиётда қўллай олиш кўникмасини шакллантиришга, айниқса суд мажлиси жараёнида кутилмаган ҳолатлар, уларга ўз вақтида тегишли  ҳуқуқий баҳо бериш, айниқса,  турли шаклдаги таъсирларга қарши  босиқ ва қонуний йўл тутиш каби анча ҳассос ва нозик жиҳатларга жиддий урғу берилди. Амалиётнинг иккинчи босқичида тингловчилар юқори инстанция судларида иш кўришнинг ўзига хос хусусиялари билан танишдилар. Йўқ, танишилдигина эмас, балки жараённинг бевосита иштирокчиларига ҳам айландилар. Эслатиб ўтамиз, поёнига етаётган ўқув йилида Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги судьялар олий мактабида 75 нафар тингловчи таҳсил олмоқда.  Уларнинг 25 нафари жиноят, яна шунчаси фуқаролик, 15 нафари иқтисодий ва 10 нафари маъмурий судлар ихтисослиги бўйича таҳсил олмоқдалар. Яна бир гап. Юқорида бўлажак судьяларнинг амалиёт ўтагани ҳақида  ахборот берилди. Сирасини айтганда нафақат судьялик остонасида, балки айни лавозимга тайинлангандан кейин ҳам муттасил ўқиш ва ўрганиш талаб этилади. Шу боис ҳам Судьялар одоб кодексида  судья ўз мажбуриятларини лозим даражада бажариши учун ўз малакаси ва касбий билимларини мунтазам ошириб бориши, амалий кўникмаларини ва шахсий фазилатларини такомиллаштириб бориши шартлиги алоҳида қайд этилган. Шу мақсадларда судья мустақил таълим олиш имкониятларидан фойдаланиши ва мунтазам равишда давлат малака ошириш тизимида қайта тайёргарликдан ўтиши керак. Бу дегани судьянинг амалиётда фаолият кўрсатишининг ўзи унинг малакаси ошиб боришини англатмайди, бунинг учун билим олиши ва малакасини ошириб бориши даркор.   Судьялар олий кенгаши матбуоти хизмати

1 Июнь 2022 1351
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech