Янгиликлар

Оилалар мустаҳкамлиги таъминланди

 Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, Оила ва хотин қизлар қўмитаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси судлари ҳамкорлигида  Нукус шаҳрида  оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ва фарзандлар тарбиясига  бағишланган  амалий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирга нотинч оилада яшаётган, ажралиш арафасида турган, судга ажралиш бўйича даъво ариза билан мурожаат қилган эр-хотинлар ва уларнинг ота-оналари таклиф этилди. Тадбирда бирон ким маъруза ўқимади. Аксинча, тадбир ноанъанавий, йиғилганларга бир оиланинг никоҳдан ажрашгандан кейинги тақдири баён қилинган “Фарзанд омонат” номли қисқа метражли кино фильм намойиш этишдан бошланди. Атиги 20 дақиқача давом этган фильм йиғилганларни бефарқ қолдирмади,  кўпчилик кўз ёшларини тия олмади. Натижада, фильм намойишидан хулоса қилган 12 та оила тикланди. Ажрашиб, аразлашиб, судлашиб юрган эр-хотинларнинг  ярашгани бир томон, уларнинг ота-оналари, фарзандлари қувончи бир томон бўлди. Энг асосийси, ушбу оилаларнинг жами  22 нафар фарзанди энди  ота-она бағрида камол топадиган бўлди.  Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича судларига оилаларнинг мустаҳкамлиги, ундаги соғлом муҳитнинг жамиятимиз эртанги кунига ижобий таъсирини ҳисобга олган ҳолда никоҳдан ажратиш ишларини судда кўришда эр-хотинларнинг ота-онаси ва жамоатчилик вакиллари, жумладан маҳалла ҳамда Оила ва хотин қизлар қўмитасининг жойлардаги вакиллари иштирокини таъминлашга эътиборли бўлиш,  бундай тадбирларни ҳудудлар кесимида ўтказиб бориш  тавсия этилди.

11 Апрель 2025 638

Одил судловнинг оддий шартлари

Суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, судьялар дахлсизлигини самарали таъминлаш ва шу орқали  одил судловга эришиш даражасини янада ошириш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўланишларидан бири ҳисобланади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки ижтимоий адолат ва қонун устуворлиги барқарор, инсон ҳақ-ҳуқуқлари таъминланган жамият изчил ривожланади, юксак тараққиётга эришади. Ўз-ўзидан аёнки, бу борада судлар зиммасида турган масъулият ғоят залворли. Давлатимиз раҳбари томонидан шу йил 5 март куни ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида ҳам юқоридаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди. Юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича амалга оширилган ишларга баҳо берилиб, келгусидаги вазифалар аниқ белгилаб берилди. Президент “Судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш – бу одил судловга соя солиш деб баҳоланиши” ҳамда бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлиши ҳақида барчани огоҳлантирди. Бу гапнинг туб замирида халқчил ва адолатли суд тизимини яратишдек улкан мақсадлар мужассам. Шу ўринда бугунги кунда судлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган жиддий ислоҳотлар моҳияти хусусида тўхталсак. Кейинги йилларда давлат раҳбарининг соҳани ривожлантиришга қаратилган ўндан зиёд қарор ва фармонлари қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилди. Натижада суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципига риоя қилиш, судларни моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш масалаларида катта ўзгаришлар кўзга ташлана бошлади. Соҳа вакилларининг ижтимоий ҳимояси кучайтирилди. Судьялар ва тизим ходимларининг меҳнат ҳуқуқларини тўлақонли амалга оширишлари, иш юкламасини меъёрий ҳолатга келтириш мақсадида судьялар корпуси ҳамда суд аппаратлари учун қўшимча штат бирликлари ажратилди. Тизимда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенг жорий этиш орқали фаолиятда инсон омилини камайтириш, очиқлик, шаффофлик, тезкорликни таъминлаш, суд ишларини юритиш сифати ва аҳолининг одил судловдан хабардорлик даражасини ошириш ишлари натижадорлиги бир неча баробар ўсди. Бир сўз билан айтганда, соҳа вакиллари ўз фаолиятини амалга оширишлари учун қулай меҳнат шароитлари ва моддий-техника базаси яратилди. Демак, эндиги асосий масала – суд ишларини ҳалоллик, холислик ва беғаразлик тамойиллари асосида кўриб чиқиб, қонуний, асосли ва адолатли суд қарорлари қабул қилишгагина боғлиқ бўлиб қолмоқда. Дарҳақиқат, судьялар одил судловни амалга ошириш орқали ижтимоий адолатни таъминлашдек масъулиятли вазифани зимасига олар экан, ҳамиша ва ҳар қачон қонунларга амал қилишлари, Судьялар одоби кодекси қоидаларига, жамиятда ва турмушда юриш-туриш, одоб-ахлоқ меъёрларига қатъий риоя этишлари муҳим масала.Жамиятда қонун устуворлиги, инсон ҳақ-ҳуқуқлари таъминланиши, суд идорасига қадам қўйган кишиларнинг суддан, пировардида давлатдан рози бўлишлари судьяларнинг юқоридаги принципларга қатъий риоя этишлари билан боғлиқ.  Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси раиси, устоз Убайдулла Мингбоев ўзининг “Адолат – инсонпарварликнинг олий нуқтаси” номли рисоласида “судья адолат фақат беғараз қарор топтирилгандагина адолат саналишини ўз шиори деб билиши лозим” деган фикрни илгари сурган эди. Чиндан ҳам шундай. Суд ишларида суиистеъмолчиликнинг ҳар қандай кўринишга асло йўл қўймаслик лозим. Яна бир муҳим масала шуки, халқимизнинг судларга ишончини мустаҳкамлашда судьяларнинг жамиятда тутган бенуқсон обрў-эътибори ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу каби мезонлар эса соҳа вакилларининг юксак ахлоқ фазилатлари билан бирга, уларнинг оиласидаги маънавий муҳит, камтарона турмуш тарзи билан ҳам ўлчанади. Шу боис судлар фаолиятида юқоридаги жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ўтган йилларда Андижон вилояти судлари раҳбарияти томонидан соҳа фахрийлари, тизим ходимларининг ота-оналари, оила аъзолари иштирокида бир неча бор учрашувлар ўтказилди. Мулоқотларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, нохуш иллатлар келиб чиқишининг олдини олишда ота-оналар ва яқин қариндошларнинг ҳам ўрни беқиёс эканлиги таъкидланиб келинмоқда. Куни кеча Андижон вилоятида Судьялар олий кенгаши раҳбарияти томонидан судьялар ва уларнинг оила аъзолари иштирокида ўтказилган тадбирда ҳам юқорида тилга олинган масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди, судьялар қонунга, адолат тамойилларига қатъий амал қилиб, ўз вазифасини ҳалол ва виждонан адо этиши шартлиги хусусида сўз юритилди. Қолаверса, тизим вакилларининг турмуш ўртоғи, фарзандлари ва яқинлари ҳам ўзининг инсоний фазилатлари, камтарона турмуш тарзи билан бошқаларга ўрнак бўлиши лозимлиги, оила аъзолари судьянинг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийишлари шартлиги хусусидаги мулоҳазалар билдирилди. Хулоса шуки, фаолиятимизда ҳамиша қонун устуворлиги ва адолатни қарор топтиришда давлат раҳбари томонидан белгилаб берган вазифалар, қолаверса, устозларимизнинг йўл-йўриқлари барчамиз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Носиржон Зайнабидинов, Андижон вилояти судлари судьялари малака ҳайъати раиси

10 Апрель 2025 697

Кенгаши раиси Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари судлари судьялари билан ҳам очиқ мулоқот ўтказди

Очиқ мулоқотларда суд ҳокимияти мустақиллиги, судьялар дахлсизлигини таъминлаш, уларнинг одил судлов билан боғлиқ фаолиятига турли аралашувларнинг олдини олиш, тизимда коррупцияга нисбатан муросасизлик муҳитини янада шакллантириш, бу борадаги муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари бўйича сўз юритилди. Ҳар икки тадбир аввалида мансаб ваколатини суиистеъмол қилишнинг аччиқ оқибатлари акс этган видеолавҳа намойиш этилдики, кўп эшитгандан кўра, бир марта кўрган афзал: бугун  жазо ўтаётган тизимнинг собиқ вакиллари афсус-надоматлари бошқалар учун сабоқ бўлиши керак. Тадбирга судьяларнинг оила аъзолари ҳам таклиф этилганининг сабаби ҳам шунда. Чунки, инсон камоли ва заволида оиланинг ўрни катта. Тадбирда мамлакатимизда изчил давом этаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида суд ҳокимияти нуфузини ошириш, судьяларнинг чинакам мустақиллигини самарали таъминлаш ҳамда уларнинг ижтимоий муҳофазасига алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Ушбу эътибор судьялар ҳамжамияти аъзолари зиммасига улкан масъулият юклайди. Масъулият судьядан қатъият, қасамёдга содиқлик ва ҳалоллик талаб қилади. Шу боис ҳам, Судьялар одоби кодексида белгиланганидек, тизимнинг вакиллари одоб ва ахлоқнинг умумэътироф этилган қоидаларига амал қилиши, ҳар қандай вазиятда ҳақиқатпарвар бўлиши, суд ҳокимиятининг нуфузини туширадиган ва судьянинг обрў-эътиборига путур етказадиган, айниқса, унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши шарт. Очиқ мулоқотларда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг мажбуриятлари ва Судьялар одоби кодексига риоя этилишида Малака  ҳайъатларининг фаолияти самарадорлигини янада ошириш, бу борада зарур қўшимча чоралар кўриш зарурияти хусусида тавсиялар берилди. Судьялар ўз иш юритувидаги ишларни ўз вақтида қонуний кўриб чиқишлари, сансалорлик оворагарчиликка йўл қўймасликлари, ҳар бир иш замирида инсон тақдири, ҳақ-хуқуқи ётганлиги доим эътиборида бўлиши шартлиги эса жиддий равишда таъкидланди.

4 Апрель 2025 855
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech