Судьялар ҳамжамиятининг янги аъзолари: улар фаолиятини жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида бошлайди
Яна бир гуруҳ битирувчилар судьялик лавозимига лойиқ кўрилди
Судьялар корпусининг янги аъзолари
Кенгаш иши эртага ҳам давом этади
Бугун Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг иқтисодий ҳуқуқ йўналиши профессор-ўқитувчилари ва судьялар томонидан тайёрланиб, нашр этилган олтита юридик адабиётлар тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда Судьялар олий кенгаши, Олий суд, Давлат активларини бошқариш агентлиги, “Тадбиркор аёл” уюшмаси, Юристлар малакасини ошириш маркази, Адвокатлар палатаси, банк, солиқ органлари мутасаддилари, ҳуқуқшунос олимлар, экспертлар ва иқтисодий судлар судьялари иштирок этди. Таъкидландики, Судьялар олий кенгаши ташаббуси ва Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактаби профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимлари саъй-ҳаракатлари билан мавжуд эҳтиёждан келиб чиқиб, юридик адабиётлар нашрига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган қисқа даврда ўнга яқин жиноят ва фуқаролик ҳуқуқига доир қатор қўлланма ва адабиётлар босмадан чиқарилди. Қонунчиликдаги янгиликлар,мавжуд ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, суд тизимида жорий этилган тартиблар ва уларнинг шарҳлари акс этган юридик адабиётлар судьялар учун зарур манбалар бўлиш бир қаторда суд ишлари сифатини янада ошириш ва амалиётни бирхиллаштиришга хизмат қилмоқда. Бугун тақдимоти ўтказилган иқтисодий ҳуқуққа доир юридик адабиёт ҳам бундан мустасно эмас. Эътиборлиси, янги нашрлар бир-бирини тўлдириб боради. Хусусан, Тадбиркорлар ҳуқуқи суд ҳимоясида”, “Иқтисодий ҳуқуқий фанлар бўйича тестлар тўплами” китоблари ҳамда “Иқтисодий судларга мурожаат қилиш тартиби” номли рисола “Шартномалар, даъво аризалари, медиация ва ҳакамлик судлари”, “Иқтисодий ишлар бўйича суд ҳужжатлари намуналари” каби амалий қўлланмаларининг мантиқий ва тадрижий давоми дейиш мумкин. Иқтисодий қонунчиликнинг эркинлашуви ва тадбиркорлик субъектлари фаолияти ҳуқуқий асосларининг мустаҳкамланиши, қолаверса, жамиятда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлик даражаси ошиши натижасида иқтисодий судларга тааллуқли ишлар доираси тобора кенгайиб бормоқда. Бу эса иқтисодий ҳуқуққа доир адабиётларга эҳтиёж пайдо қилмоқда. Бугун тақдимоти бўлиб ўтган юридик адабиётлар мазкур эҳтиёж натижасидир. Уларда тегишли қонун ва меъёрий ҳужжатлар содда тил, имкон қадар қисқа ва лўнда баён қилингани билан аҳамиятлидир. низолар ва тўловга қобилиятсизлик фанларидан олган билимларини синовдан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилган. Амалий қўлланмалар нафақат Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактаби ўқув жараёнларида, балки тадбиркорлик субъектлари, иқтисодий суд судьялари, суд ходимлари, судьялик лавозимига номзодлар, адвокатлар, юридик хизмат ходимлари ҳамда юридик таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, мустақил изланувчилар, магистратура тингловчилари ва талабалари учун ҳам мўлжалланган. Тадбирда сўз чиққанлар янги нашр этилган адабиётларнинг аҳамиятидан келиб чиқиб, унинг тарғиботига эътибор қаратган ҳолда жамиятнинг манфаатдор қатламларига етказишда ўзаро ҳамкорлик заруриятлари ҳақида алоҳида тўхталдилар.
“Yuristkadr” маъмури наинки блогер, бир вақтнинг ўзида яхшигина (ҳатто номдор дейиш мумкин) адвокат. Ижтимоий тармоқ имкониятидан самарали фойдаланаётгани ортидан мижози ҳам, мухлислари ҳам кўп. Ҳавас қилса арзийди. Муҳими, ихтиёридаги ахборот ресурсидан фойдаланишда чегарани яхши тасаввур қилади: сўз эркинлиги деб, тилига эрк беравермайди, ўзидан “виртуал қаҳрамон” ясашга интилиш сезилмайда, ҳисоб. Қалами чархланиб бораётганини-ку, ҳуқуқий мавзуга ишқивоз инсофли ОАВ ходимлари тан олмоқда ҳатто: “биз нўноқлик қилаётган мақолаларини “Yuristkadr” маъмури “чап қўлида” ёзиб ташлаяпти!”. Самимий эътироф. Бироқ, ҳар қандай лутфда озроқ муболаға бўлгани каби каналда эълон қилаётган айрим билдириш-пост-мулоҳазаларда адвокат-маъмур чап қўлини кўпроқ ишлатяпти чамаси, уларга муносабат билдиришга эҳтиёж сезилмоқда... 1 ...Муҳтарам адвокат-маъмур эллик мингдан зиёд обуначиларини зериктирмайди. Хусусан, меҳнат қонунчилигидаги янгиликлар, янги нормалар мазмун-моҳияти билан мунтазам таништириб бораётгани кўп яхши. Орада ҳангома, латифалар ҳам улашиши, уларнинг қаҳрамони кўпинча судьялар эканиям жумбоққа ўхшамайди. Бу билан тизим вакилларига нисбатан муносабатини ифодалайдими ёки обуначиларидан кўра кўпроқ мижозлар кўнглини олмоқчими, нима бўлгандаям, айрича маъно қидирмаслик керак. Майлида, латифага қаҳрамон бўлмаган касб эгасининг ўзи йўқ. Шахсий каналида ўзи тараф сифатида қатнашаётган (низо тафсилотларини очиқламай, фақат мазмунини мухтасар баён қилган ҳолда) суддаги ишларга алоҳида ўрин ажратиши эса мутлақо табиий. Мақсад-муддао ўраб-чирмалишидан унинг моҳиятини ҳаммаям илғамаслиги мумкин, аммо гап қайси иш ҳақида кетаётганини ҳеч ким, хусусан, ўша низони кўриб чиқиш чекига тушган судья ёки судлов ҳайъати ҳам билмайди-сезмайди, деган фикрга бориш нотўғри. Негаки, номдор адвокат иштирок этаётган деярли ҳар бир иш тармоқдаги шахсий каналида у ёки бу кўринишда акс этиши тизимдагиларга ҳам сир эмас. Адвокат-маъмурнинг бундай хатти-ҳаракатини судга нисбатан босим, дейишга тил бормас, лекин ихтиёридаги ахборот ресурсидан қурол сифатида фойдаланаётгани ўхшаётгани рост. Бугун ахборот катта қуролга айлангани кимга сир?! Битта ахборот билан қисқа фурсатда жамоатчиликни чалғитиш ҳеч гап эмас. Вазиятга ойдинлик киритилгунча она сути оғизга келади баъзан. Қурол (ахборот) ўқланмаган бўлиши мумкин, бироқ тепки босилса, ҳеч йўғи “шаақ” этади: хушёр тортмай кўринг-чи?! 2 ...Ўтган ҳафта охирида адвокат-маъмур ўзи тараф сифатида иштирок этаётган иш бўйича навбатдаги процессни бошланишидан аввал салкам онлайн-матнли ёритишга тушдики, Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ахборот ёмғири остида қолди. Аввалига сирлигина қилиб, “бугун пойтахт фуқаролик судида жуда муҳим иши кўрилиши”, унга ҳатто “тушликка чиқмай қаттиқ тайёргарлик кўраётгани”ни, “судлов ҳайъатидан адолат кутиш” билан бирга “ҳар хил ташқи ва ички таъсирларга берилмасликка” умид қилаётганидан обуначи-шинавандаларини воқиф этди. Унинг ўз ишига масъулият билан ёндошиб, астойдил енг шимараётгани эътиборга лойиқ, албатта. Шу баробарида икки-учта жумладан иборат шугина ахборот тўппончасини намойишкорна ғилофдан чиқариб, яна жойига қўйган зобитни эслатади-да. Судлов ҳайъати аъзолари бошидан ошиб ётган ишларни четга суриб, ижтимоий тармоққа мук тушиб ўтирмайди, аммо юритувидаги иш бўйича атрофда, айниқса, тармоқда қандай ахборотлар нима мақсадда айланаётганидан бехабар эмас. Бунга муаллифнинг ишончи комил, йўқса, “тушликка ҳам чиқмай” хабар сиздиришга ҳафсала қайда?! 3 ...Кечга яқин адвокат-маъмур тармоқда “ўзи учун алоҳида аҳамиятли бўлган” суд мажлиси белгиланган соатда бошланмаётганидан асабийлашаётганини маълум қилди. Инкор этиш инсофдан эмас: айрим суд мажлислари белгиланган вақтда бошланмаслиги бор гап ва бундан ҳеч ким хурсанд бўлмайди. Бунинг сабабларини санаб ўтириш фурсатимас ҳозир, айтиш мумкин бўлгани шуки, муаммо судьяларгагина боғлиқ эмаслигини бошқалардан кўра кўпроқ адвокат-маъмурга маълум. Била туриб, судни “бардак”, шу боис ҳам “шаҳар фуқаролик судларида ишлар сифати яхшимаслиги”, “эгаси йўқ бўлгандан кейин аҳвол шуда”, дея бонг уриши, жуда юмшоқ айтганда, яхшимас. Рост, судларда иш сифатини янада ошириш борасида қилинадиган ишлар етарли, бироқ бу судьялар сидирғасига қўл учида ишлаётганини англатмайди-да. Рақам келтирсак, энсангиз қотмасин: 2024 йил биринчи ярмида Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида (биринчи инстанцияда 2 та, апелляция инстанциясида 1453 та, кассация инстанциясида 162 та, тафтиш инстанциясида 517 та) жами 2134 та фуқаролик ишлари кўриб тамомланган. Шундан 17 таси Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясида кўрилиб, 2 тагина суд ҳужжати бекор қилинган, холос. Ишдаги сифат масаласида хулоса – ўзингизга тан. 4 Адвокат-маъмурнинг ўтган бешта суд мажлисида ҳар гал судлов ҳайъати таркибида ўзгаришлар бўлганига оид эътирозларида жон бор. Таркибдаги ўзгаришларнинг процессуал тартиблари мавжудлиги, унга риоя этиш шартлиги ҳам чин. Ойдинлик киритиш жоизки, бугун ўрта бўғин (вилоят ва унга тенглаштирилган) судларда ишлар бир эмас, бир нечта (апелляция ёки кассация, тафтиш) инстанцияда кўрилмоқда. Жорий тартиб кворум талаб қилади. Кворумни асос қилиб, ишни бошқа ҳудудга ўтказиб юбориш мураккаб жараён эмас. Бироқ одамларни овора ва сарсон қилмаслик мақсадида ушбу масалага ечим топишга ҳаракат қилинмоқда, натижада баъзи ҳолларда таркибда кутилган ва кутилмаган ўзгаришлар юз бераётир. Буни баҳона эмас, маълумот тариқасида қабул қилгайсизки, кўрилаётган бундай чоралар “суднинг эгаси йўқлиги” эмас, борлигига далолат қилмаяптими?! Ушбу жумлаларни ўқиб, “айтмаганмидим, куйиниб ёзмаганмидим жорий тартиб юзага келтириши мумкин бўлган муаммолар ҳақида, мана, исботи?!” дейишга ҳам шошмаслик сўралади. Ҳар кимнинг ўз фикри, қараши бор, қўшилсак-қўшилмасак, унга ҳурмат билан қаралади, бу борада гап бўлиши мумкинмас. Айни ўринда чалғимаслик, бошқача талқин қилмаслик керакки, процессда процессуал тартиблар муҳокама қилинмайди, балки унга риоя этилади. 5 Ҳуқуқлари адвокат-маъмур томонидан ҳимоя қилинаётган тараф судда ютқазгани алоҳида масала. Бу ҳақда ўша пайтдаёқ каналда ҳиссиётли ахборот берилган бўлса-да, суд ҳужжатига ҳуқуқий баҳо бериш ваколати на бизда бор, на адвокат-маъмурда. Норози тараф суд ҳужжатига нисбатан эътирозларини шикоят шаклида билдириш ҳуқуқига эгалиги, важларига юқори суд инстанциясида ҳуқуқий баҳо берилишини тушунтириш ҳам ортиқча. Айтиш шарт бўлгани шуки, каналда чиқаётган пайдар-пай ахборотларга муносабат билдиришда пойтахт суди матбуот хизмати бироз эътиборсизликка йўл қўйган кўринади. Дарҳақиқат, муносабатдаги оҳанг, айниқса, иш тафсилотлари очиқ баён этилиши фуқаролик иши бўйича қабул қилинган суд ҳужжатида низога узил-кесил нуқта қўйилгандек тасаввур уйғотади. Олдинда – тафтиш инстанцияси турибди, баски, адвокат-маъмурнинг “ушбу муносабат билан шаҳар суди аввалдан ўз фикрини билдириб қўйди”, дейиши бежиз ва беиз эмас. Эътиборга олинади. Қолаверса, ҳозир гап суд ҳужжати қонунийлиги ҳақида кетмаяпти. 6 Гап “Yuristkadr” маъмури, биз ҳурмат қиладиган адвокат мисолида шахсий ахборот ресурсдан фойдаланиш жараёнида судга таъсир ўтказиш аломатлари кузатилаётгани, бунинг натижасида жамоатчиликда судларга нисбатан турли қарашлар шаклланиши эҳтимоли юзага келтираётган хавотир ҳақида кетмоқда. Бундай манзаралар блогерликка ҳавасманд бошқа айрим адвокатларнинг тармоқдаги шахсий каналларида ҳам кузатилмоқда. Яъниким, суд процесси арафасида коса тагида нимкоса қабилида ахборот сиздирилади, сўнг жараён қандай кетаётгани, иштирокчилар қандай кўргазма бераётгани, суд танаффус эълон қилгани-ю кейинги суд мажлиси қачонга белгилангани ҳақида муттасил хабар бериб борилади (бундай “фаоллик” иш бўйича, дейлик, суд мажлисида кўргазма бериб улгурмаган гувоҳларга кўрсатувини ўзгартириш имкониятини тақдим этиши, бу ҳол ҳақиқатни аниқлаш имкониятини чегаралаб қўйиши мумкинлиги алоҳида ва жиддий масала). Якунда ютқазса, суд асоссиз ва ноқонуний қарор чиқаргани, судья ишни бир тарафлама кўргани хусусида бонг урилади. Акси бўлса, лутф устига лутф, мақтов устига мақтов: биз ютдик, суд адолатли қарор қабул қилди, судья – ҳалол, судья оппоқ, судья дўмбоқ... Муаммо шундаки, танқид ҳам, мақтов ҳам битта тарафнинг субъектив фикри эканини биров билади, биров йўқ. Ютган томон эътироф этаётган суд ҳужжатига нисбатан ютқазган тараф адвокатида эътироз бўлиши мумкинми?! Жудаям-да. Фарқ шундаки, қайси тарафнинг адвокати (вакили) ижтимоий тармоқда фаол бўлса, улоқ ўшанда: судда ютдими ё ютқаздими, ахборот майдонида, демакки, жамоатчилик олдида қаҳрамонга айланмоқда гўё... 7 Юқоридаги мулоҳазаларни сўз эркинлигига тушов солишга уриниш, дея талқин қилинмаслик керак. Асло. Ижтимоий тармоқларда фаол ҳуқуқшунослар, адвокатлар, умуман, тизимга бегона бўлмаган блогерларнинг қонунчилик тарғиботи, шу орқали жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантиришдек муҳим ишларга беминнат ҳисса қўшиб келаётгандан кўз юмилмайди. Бу борада “Yuristkadr” фаолияти алоҳида эътирофга муносиб. Суд тизимида учраётган муаммоларга эътибори, уларнинг ечими бўйича илгари сураётган таклифларининг қадри алоҳида. Бундай эътирофни очиқ-ошкора фаолият юритаётган тармоқдаги ҳуқуқий каналлардан ташқари ҳатто пистирмадан тош отадиган айрим аноним манба маъмурларига ҳам айтгинг келади. Бироқ бугунги ахборот замонида сўз айтиш масъулиятини янада теран ҳис қилиш, бунинг ҳуқуқий чегараларида ҳақида тасаввурнинг ўзи камлик қилмоқда. Тизим фаолиятидаги камчиликлар, асосли танқидлар – бош устига. Суд ҳокимияти ҳақида реал ҳаёт ва виртуал оламдаги тафовутни бартараф этишда тизимдаги ахборот хизматлари фаоллигидан ташқари адвокат-блогерларнинг ҳуқуқий тафаккури, холислик ва ҳаққонийлигига ҳам эҳтиёж катта. Мавзу бўйича аниқ мисоллар билан сўз юритилганининг сабаби шунда. Раҳмат. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати
Бугун Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашида Қозоғистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Денис Шипп бошчилигидаги делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Айтилдики, икки қардош давлат ўртасидаги алоқаларнинг жадал ривожи барча жабҳаларда ўз аксини топмоқда. Айни жараён судьялар ҳамжамиятлари ўртасидаги фаол ҳамкорлик икки томон учун ҳам фойдадан ҳоли эмас. Учрашувда қардош халқ судьялар ҳамжамияти вакилларини юртимизга ташрифи билан қутлаб, мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, хусусан, профессионал судьялар корпусини шакллантириш, судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш, уларни танлашлаш ва лавозимга тайинлаш бўйича жорий этилган очиқ ва шаффоф тизим, уларнинг ҳуқуқий асослари ва амалий натижаларида ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек,амалиётга муваффақиятли жорий этилган судьялар фаолияти самарадорлигини электрон рейтинг баҳолаш тизими, унинг мезонлари, Кенгаш ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клуби , айниқса, клуб электрон платформасининг судьялар фаолияти самарадорлигини янада оширишдаги аҳамияти ва афзалликлари билан яқиндан таништирилди. Дўстона ва конструктив ўтган учрашувда меҳмонлар яқиндагина Қозоғистон Одил судлов академияси ушбу мамлакатнинг Олий суди таркибидан Судьялар олий кенгаши юрисдикциясига ўтказилганини маълум қилиб, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби фаолияти, хусусан, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш борасидаги тажрибалари билан яқиндан танишишга катта қизиқиш билдирди. Мазкур йўланиш нафақат бугунги ташриф, балки ўзаро ҳамкорликнинг истиқболида устувор аҳамият касб этиш алоҳида таъкидланди. Шу куни қардош халқ судьялари ҳамжамияти вакиллари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабига ташриф буюриб, ушбу ихтисослашган давлат таълим ва илмий тадқиқот муассасаси фаолияти билан танишдилар. Якунда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ва Қозоғистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди. Ушбу ҳужжатда дўстона муносабат ва ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, судьялар мустақиллиги ва дахлсизлигини такомиллаштириш, судья кадрларни тайёрлаш бўйича умумий фаолиятга доир ўқув дастурларни амалга ошириш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш, тажрибалар ҳамда ахборот алмашиш, семинар ва форумлар ташкил қилиш ва бошқа қатор масалалар қамраб олинган.