Янгиликлар

Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати Баёноти

Жиззахда суд бошқарувчиси пора билан қўлга тушгани ҳақидаги хабар  айрим интернет нашрлар ва ижтимоий тармоқлардаги турли каналларда эълон қилинар экан,  асосий эътибор ва урғу суд органларига берилмоқда. Шунингдек, айрим журналист ва блогерлар томонидан мазкур ҳолатга муносабат сўралиб, Судьялар олий кенгашига мурожаатлар ҳам бўлмоқда. Судьялар олий кенгаши таъкидлайдики, суд бошқарувчилари - суд тизими вакиллари дегани эмас, янада очиқ айтилса, улар суд ходими ҳисобланмайди. Қонунга кўра, юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар фақат суд томонидан тўловга қобилиятсиз деб, топилиши мумкин. Тўловга қобилиятсизлик (банкротлик) тартиб-таомилларини ўтказишга масъул шахс ҳам  ваколатли орган тавсиясига асосан иқтисодий суд томонидан тайинланиши  ўз-ўзидан маълум.  Суд бошқарувчиларининг суд ходимлари таркибига кирмаслигининг яна бир ҳуқуқий асосики, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ваколати ва фаолиятига доир бошқа масалалар “Судлар тўғрисида”ги қонун билан эмас, балки умуман бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, яъни “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 765-сон (12.09.2019й.)  қарори билан тасдиқланган Низом билан тартибга солинган. Баён этилганлардан келиб чиқиб, айрим оммавий ахборот воситалари ва блогерлардан масала моҳиятини тушунган ҳолда хабар тарқатиш сўралади. Акс ҳолда, бундай ахборот нотўғри талқинларга, нотўғри талқинлар эса жамоатчиликда янглиш тасаввурлар шаклланиши эҳтимолини юзага келтирадики, бу ҳуқуқий тартибларнинг тескари тарғиботидан бошқа нарса эмас.   Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

11 Май 2023 1085

Кимга шов-шув керак, кимга адолат: жиноят ишлари бўйича Асака туман судидаги ҳолат юзасидан мухтасар изоҳ

 Ёлғон ёки текширилмаган ахборот тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлиши  озмунча таъкид этилаётгани йўқ. Мазкур эслатмани кимдир тўғри қабул қилса, яна кимдир пўписа, ҳатто вазиятни хаспўшлаш, деб талқин қиладиганлар ҳам бор.  Бу энди ҳар кимнинг ҳуқуқий маданиятига боғлиқ. Шу маънода ким нима десин-демасин, ижтимоий тармоқларда бугун тарқалган жиноят ишлари бўйича Асака туман судига оид лавҳа ҳам асл воқеликни акс эттирмайди. Лавҳага кўра, мазкур туман судида автоҳалокат содир этган ички ишлар ходимига оид жиноят иши беш ойдан бери кўрилмай гўёки  асоссиз равишда ортга суриб келмоқда. Шундан келиб чиқиб айтиладики, Асакада қонун йўқми?  Лавҳа жабрланувчининг қариндоши томонидан суд биносига рухсатсиз кирган ҳолда хоналарга бир-бир бош суқиб, ҳиссиёт билан дуч келганни савол-сўроққа тутиши ва уяли телефони орқали тасвирга олиб, тармоқларда тақатиши жамоатчиликни чалғитиб, уларда нотўғри қарашлар пайдо бўлишига олиб келиши аниқ. Ваҳоланки, мазкур жиноят иши гўёки беш ойдан  буён кўрмай келинаётганига оид гаплар нотўғри. Чунки, жиноят иши туман судига 2023 йилнинг 10 апрель куни келиб тушган. Орадан етти кун ўтиб (17 апрель), айбланувчи ва  ҳимоячиларининг айрим далилларни номақбул деб топиш ва ишдан чиқариб ташлаш тўғрисидаги илтимосномасига асосан, суд томонидан дастлабки эшитув ўтказиш тўғрисида ажрим қабул қилинади.  Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув жараёни қонунга асосан ёпиқ суд мажлисида кўрилишини лавҳа муаллифи билмаган кўринади.  Акс ҳолда, “суд мажлиси қандай ҳолатда ёпиқ шаклда ўтказилади?” деб, йўлида дуч келган суд ходимларини ҳам, ўзини ҳам тушуниб-тушунмай қийнамаган бўларди. Воқеалар ривожига қайтсак, суднинг 2023 йил 28 апрель кунги ажрими билан адвокатларнинг илтимосномасини қаноатлантириш рад этилган. Ўз навбатида илтимосномаси рад этилган адвокатлар ажрим устидан Андижон вилояти судига шикоят киритади. Мазкур шикоят тегишли тартибда расмийлаштирилиб, то юқори суд инстанциясида кўриб чиқилиши салкам бир ҳафта (28 апрель – 3 май) вақт олади.  Вилоят суди адвокатларнинг шикояти бўйича қандай ажрим чиқаргани баёнига ҳожат йўқ. Айтиш керак бўлган гап шуки, айни пайтда жиноят иши Асака туман  судига қайтарилиб, суд мажлиси эса 8 май кунига белгиланган. Мазкур жиноят иши бўйича жабрланувчи тарафнинг изтироб ва ҳиссиётларини тўғри тушунамиз. Бундай мусибатни кўрмоқ осон эмас. Аммо масаланинг асл моҳиятига эътибор бермай ёки ўрганмасдан туриб, тармоқларда лавҳа тарқатиш уларнинг мушкулини осон қилишдан кўра кўпроқ яраси янгиланишига сабаб бўлиши ҳам мумкин, буни айрим блогер ва телеграм-канал маъмурлари эътибордан соқит қилмаслиги мақсадга мувофиқдир. Чунки, кимгадир арзон шов-шу керак бўлса, суддаги тарафларга адолат керак. Қонун устуворлиги эса ижтимоий тармоқларда эмас, суд органларида таъминланади. Бунинг учун судга таъсир ўтказишга беҳуда уринмаслик лозим.  Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

5 Май 2023 1069

Икки кунлик семинар-тренинг ўз ишини бошлади

Бугун Тошкентда «Инсоннинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро механизмлар» мавзусида  судьялар учун икки кунлик семинар-тренинг ўз ишини бошлади.  Судьялар олий кенгаши томонидан АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда “East-west management institute” НТТ Ўзбекистондаги филиалининг “Суд тизимини мустаҳкамлаш” (JSSA) қўшма лойиҳаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирдан мақсад инсоннинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро механизмлари билан судьяларни яқиндан таништириш ва амалиётда қўлланишини янада кенгайтиришдан иборат. Бугунги кунда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, бу борада конституциявий-ҳуқуқий, қонунчилик, институционал ва амалий кафолатларни мустаҳкамлаш йўлидаги туб янгиланиш ислоҳотлари изчил давом эттирилмоқда. 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида инсон қадри устуворлиги ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлашда “ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойилига асосланган истиқболдаги устувор мақсадлар ва асосий вазифалар белгилаб берилгани буни яққол тасдиқлайди. Энг асосийси, янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга мувофиқ эътироф этилади ва кафолатланиши, имтиёзлар фақат қонунга мувофиқ белгиланади ва ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шартлиги белгиланди. Шундан келиб чиқиб, тадбирда халқаро ҳуқуқ нормаларининг миллий қонунчиликдаги ифодаси, уларни қўллаш тажрибаси, бу борадаги ёндошувлар ҳамда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар хусусида  фикр алмашилмоқда. Тадбир якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилиши кўзда тутилган.

4 Май 2023 473
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech