Янгиликлар

Кенгашдан сўнг: айрим судьялар янги муддатга тайнланди

Ваколат муддати якунига етган судьяларни ушбу лавозимда бўлишининг навбатдаги муддатига тайинлашга доир масала қисқа муҳокама талаб этмайди. Аксинча, мазкур жараён бошқа масалаларга  нисбатан узоқроқ муҳокама этадики, бунинг сабаби маълум: бунда наинки судьянинг профессионал салоҳияти яна бир бор синовдан ўтказилади, балки аввалги муддати давридаги фаолияти ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Бугун бўлиб ўтган Судьялар олий кенгашининг йиғилишида ҳам ваколати муддати якунига етган йигирма нафар яқин судьяларни ушбу лавозимда бўлишининг навбатдаги ўн йиллик муддатга тайинлашга оид масала одатдагидек жиддий муҳокама этилди. Якунда Судьялар олий кенгаши қарори билан: Ачилов Жасур Рахматович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Қашқадарё вилояти Қарши туманлараро иқтисодий судининг судьяси лавозимига; Ёриев Илхом Олимович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик, шундан беш йил муддатга Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Ўртачирчиқ туман судининг раиси лавозимига; Бахриев Мизроб Джамшитович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Жиззах вилояти Жиззах туманлараро маъмурий судининг судьяси лавозимига; Рустамов Тимур Алишерович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик, шундан беш йил муддатга Самарқанд вилояти фуқаролик ишлари бўйича Ургут туман судининг раиси лавозимига; Очилов Шерали Абдусаломович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Навоий вилояти фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг судьяси лавозимига; Хамидов Акбар Бекназарович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик, шундан беш йил муддатга Навоий вилояти Кармана туманлараро иқтисодий судининг раиси лавозимига; Солиев Санжар Юсуфович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Самарқанд вилоят маъмурий судининг судьяси лавозимига; Тошпулатов Азиз Акромович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Самарқанд вилоят маъмурий судининг судьяси лавозимига; Абраев Илхом Абдуллаевич – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимига; Назаров Комилжон Абдусаидович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик, шундан беш йил муддатга Сурхондарё вилояти жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман судининг раиси лавозимига; Бобомуратова Нилуфар Сайпитдиновна – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Сурхондарё вилояти Термиз туманлараро маъмурий судининг судьяси лавозимига; Рахимов Зарифжон Ахмадович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик, шундан беш йил муддатга Андижон вилояти жиноят ишлари бўйича Жалақудуқ туман судининг раиси лавозимига; Хайдаров Бегзод Шухратович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йил муддатига Фарғона вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимига; Эгамов Нозимжон Мадаминович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Фарғона вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси лавозимига тайинланди.   Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

10 Декабрь 2022 3068

“Судья – гапирадиган қонун, қонун эса тилсиз судьядир”

 ...Болаликда орзулар турфа хил бўлади. Ўғил болаларнинг аксарияти прокурор, ички ишлар ходими ёки судья бўлишга орзуманд бўлиши табиий. Очиғи, мен ҳам судья бўлишни орзу қилмаганман. Болаларча (ва беғуборларча) тасаввуримга кўра: судьяларга жуда осон, хоҳласа қамайди, хоҳласа озод қилади...  Вақт ўтди, улғайдик, тақдиримизда бор экан: судья бўлмадиг-у, лекин судьялар билан бирга ҳамнафас ишлаш насиб этди.  Ҳар куни иш юзасидан судьялар билан мулоқотдаман. Журналист бўлганим учунми уларни баъзан зимдан кузатаман. Узун йўлак бўйлаб маълум бир иш бўйича ўзаро шивирлашиб баҳслашган ҳолда ёнимдан ўтиб кетишади. Мен эса уларнинг ортидан қараб қоламан. Бир кунгина судьялик Бир кунгина судья бўлишни тасаввур қила оласизми?  Кўзларимни бир зумга юмиб тасаввур қиламан... Ана, ўзимча судланувчи сўроқ-савол қиляпман. Покурор бу  дейди-адвокат бу дейди. Бу ёқда судланувчининг яқинлари, бола-чақаси мўтираб турибди. Маслаҳатхонага кираман. Ўзимча ўйланаман, иккиланаман, қандайдир хулосаларга келаман.   Бир инсоннинг бошқа бир инсон устидан ҳукм ёки қарор чиқариши осонми, ахир?!  Салгина эътиборсизлик бир инсоннинг кейинги тақдири бутунлай бошқа тарафга ўзгариб кетиши ҳеч гапмас. ...Бирдан хушёр тортаман. Хаёлларим тумандай тарқайди. Йў-ўқ, судьялик ҳаммага (жумаладан, менга ҳам) эмас экан. Унинг юки жуда оғир. Чунки,  алламаҳал бўлганига қарамай иш столига мук тушиб, ёстиқдек иш (дело)ларни варақлаб, ўйга чўмиб ўтирган судьяларни кўп кўрганман... Ҳаммага ҳам ёқмайсиз Судья ҳаммага ҳам ёқмайди. Токи ишда икки тараф бор экан, ютган тараф рози, ютқазган тараф норози бўлаверади. Икки томонни бирдек рози қилиш мушкул. Шундай экан, ким нима дейишидан, нима деб ўйлашидан қатъий назар, қарор энг оқилона, энг адолатли бўлиши учун судья аввало қонунга таянади. Зеро қадимги мутаффаккирлардан бири айтганидек, судья  – гапирадиган Қонун, қонун эса - тилсиз судьядир. Сир эмас, бугун ахборот асрида яшаяпмиз. Ҳамма ижтимоий тармоқда жавлон ураётгандек, гўё... Ўзини бузилган ҳуқуқларни тиклайдиган фаол, жонкуяр деб жар (улар орасида обрўли, эл назаридаги инсонлар ҳам борлиги ажабланарли)солаётганлар ҳам оз эмас. Уларнинг чиқишларига эътибор берсангиз, Ўзбекистонда, хусусан, судларда умуман адолат йўқдай гўё... Лекин ҳеч бир киши айтмайдики, бу одам адолат посбоними ёки  тарафкашими?! Танганинг икки томони бўлганидек, асл ҳақиқатни билиш учун нариги тарафни ҳам эшитиб кўриш керакмасми? Бундайларни ижтимоий тармоқда дуо қилиб, кўтар-кўтар қилувчилар ҳам кўп бўлади ва бу табиий ҳол. Зийрак кузатувчи эса хулоса чиқаришга шошилмайди. Воқеанинг асли моҳияти очилгунча муносабат билдиришдан тийилиб туради. Алқисса... ...шу юртнинг ҳар бир фарзанди, ҳар бир инсони бизга азиз. У қайси касбда бўлишидан қатъий назар. Жумладан, судьялик либосини кийганлар ҳам. Барча соҳалар қатори судьялар ҳам гарчи асосли ёки асоссиз бўлса-да, танқидлар нишонига айланаётгани бор гап... ...Ушбуни ёзаётганимда хонамга эгнига мантия илган, янги келган ёш судьяларимиздан бири кириб келди ва: “Ака, биринчи ишим, ҳаяжондаман, мантия ўзи юпқа бўлса-да, жуда оғир туюляпти,”деди. Мен эса “Адолатнинг юки шунақа оғир бўлади-да, қози бува”, дея кўнглини кўтардим... Ёш судья жилмайиб суд зали томон йўл олди. Мен ёзмишларимни давом эттирмоқ ниятида уч-тўрт жумла ёзудимук, кўп ўтмай ўчириб ташладим. Ўйлаб қарасам ёзмоқчи бўлган гапимни ёш судьяга айтиб бўлган эканман...    Шерзод Худайбердиев Тошкент вилоят суди матбуот хизмати ходими

9 Декабрь 2022 1072

Халқаро конференциядан нималар кутилмоқда?

Бугун Тошкентда Судьялар олий кенгаши ва “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали ҳамкорлигида “Суд ҳокимияти мустақиллиги ва тизимда гендер тенглиги масалалари мавзусида” халқаро конференция бошланди. Конференция ишида хотин-қизлар масалаларига масъул давлат органлари, Сенат аъзолари, аёл судьялар, шунингдек, АҚШ, Словения,  Қирғистон ва Қозоғистон давлатлари суд тизими вакиллари иштирок этмоқда. Халқаро конференциядан мақсад – суд тизимида хотин-қизларнинг улушини оширишни таъминловчи ташкилий ва ҳуқуқий асосларни халқаро ва хорижий тажриба асосида такомиллаштиришдан иборат. Бугунги кунда Ўзбекистонда судьялар орасидаги хотин-қизларнинг улуши қарийиб 14 фоизга  (180 нафар) етди. Бу кўрсаткич Козоғистонда 51, Россияда 66, Словенияда 70, Португалияда 75 фоизни ташкил этади. 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясининг мақсадли кўрсаткичларига кўра, судьялар орасида хотин-қизлар улушини ошириш 2025 йилда 20 фоизга, 2030 йилда 30 фоизга етказиш назарда тутилган. Мамлакатимиз аҳолисининг 49,7 фоизини хотин қизлар ташкил этади. Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида тизимда гендер тенгликнинг таъминланиши жамиятдаги тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, оилавий зўравонликнинг келиб чиқиши ва оқибатларини аниқлашда, қисқаси, одил судлов самарадорлигини оширишда ижобий натижалар бериши ўз-ўзидан маълум. Конференция натижасида суд тизимида жинс бўйича камситиш кўринишларини аниқлаш ва уларни бартараф этишнинг самарали механизмларини яратиш, судьялар учун амалий машғулотлар ўтказиш орқали  гендер тенгликни таъминлашдаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни батараф қилиш бўйича таклифларни шакллантириш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, хорижий давлатлар ҳамда миллий тажрибани таққослаш асосида суд тизимига аёл судья ва суд ходимларини кенг жалб қилиш бўйича тегишли таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари  ишлаб чиқиш ҳам режалаштирилган. Конференциянинг бугунги иш куни доирасида  фаол ҳамкорлик учун халқаро ташкилот вакилларига Судьялар олий кенгашининг эсдалик совғалари, Бош қомусимиз қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан “Фахрий судья” кўкрак нишони билан тақдирланган бир неча нафар аёл судьяларга эса мукофотлар тантанали равишда топширилди. Халқаро конференция эртага ўз ишини якунлайди.

29 Ноябрь 2022 507
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech