Янгиликлар

Кенгаш нима дейиши мумкин?

“Telegram” мессенжеридаги “Bastion” канали мутасаддиларини ёш бола десак, даъвоси улкан: ўзларини “ҳақиқат ва адолатни ҳимоя қўрғони”, деб ҳисоблайди. Даъвосига қаралса, баъзан ёш боланинг ишини қилиб туришади-да.   Куни кеча каналда навбатдаги “шов-шувли” хабар эълон қилинди:  Асака тумани собиқ ҳокими М. А.га оид жиноят иши ЖИБ (жиноят ишлари бўйича) Пахтаобод туман судига келиб тушиб, иш кўриш тайинланганига қарамай “дело”ни қайтариб олибди, энди “иш” тугатилармиш...  Жиддий ўрганилмаган ва текширилмаган хабар охирига “Судьялар олий кенгаши нима дейди бунга?” дея савол қўйилганидан энса қотади. Тўғри-да,  Кенгаш ваколатига кирмайдиган масала хусусида нима дейиш мумкин?  Ҳеч нарса. Шунга қарамай хабар бўйича жамоатчиликда нотўғри тасаввурлар пайдо бўлмаслиги учун ойдинлик киритамизки, М. А.га оид жиноят иши, хабарда қайд этилганидек, судда кўриш учун тайинлангандан кейин эмас, аксинча, судда кўриш учун тайинлангунга қадар прокуратура органи томонидан чақириб олинган. Бу қонуний жараён бўлиб, унинг тартиби “Прокуратура тўғрисида”ги қонуннинг 34-моддасида ўз аксини топган. Яна бир аниқлик:  бугунда ушбу жиноят иши янгитдан жиноят ишлари бўйича Пахтаобод туман судининг иш юритувига келиб тушган, бу ҳолат хабардаги гўёки республика раҳбарлик идораси топшириғига кўра “дело энди тугатилади”, мазмунидаги гаплар ҳақиқатга тўғри келмаслигини кўрсатади. Суд иш юритувига олинган жиноят иши эса тегишли тартибда мазмунан кўриб чиқилиши ўз-ўзидан маълум. Бор гап шу.   Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

16 Ноябрь 2022 863

Одил судловнинг оддий талаби

Қандай шаклда бўлмасин, судьялар фаолиятига аралашмаслик — одил судловнинг оддий талаби, аслида. Оддийлиги баробарида жиддий ҳамдир. Жиддийлиги боис судлар фаолиятига аралашувлар қонун билан тақиқлангани сабаб бунинг учун жиноий жавобгарликкача жазо чорлари белгиланган. Чунки, суд ишига ҳар қандай аралашув кимнингдир манфаатини кўзлаб амалга оширилади ва алал-оқибат адолатсизликни келтириб чиқаради. Давлатимиз раҳбари бежиз такрор ва такрор таъкид этаётгани йўқ: суд тизими мустақил бўлмас экан, жамиятимизда ривожланиш бўлмайди. Ҳақ гап. Одил судловда мағлуб томон бўлмаслиги, бунда қонун тантана қилиши, қонун олдида эса барча баробар эканининг туб моҳияти ҳам шунда. Аравани отдан аввал қўйиб бўлмаганидек, суд мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигининг ҳуқуқий асослари ва самарали механизмларини янада такомиллаштирмай туриб, одил судловга эришмоқ маҳол. Шу боис кейинги йилларда ўтказилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларида судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Судьялар олий кенгаши ташкил этилишидан тортиб, қатор ҳуқуқий ва меъёрий ҳужжатлар, шунингдек, «Судлар тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинишигача бўлган жараёнлар бунга яққол мисол. Айниқса, давлат раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борада алоҳида аҳамият касб этади. Мазкур фармон ижроси доирасида судьялик лавозимига тайёрлаш, уларни танлаш ва тайинлашда янги тартиблар жорий этилиши баробарида судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига аралашувларнинг олдини олиш масаласида ижобий натижалар кузатилаётганига кенг жамоатчилик гувоҳ. Шунга қарамасдан судлар фаолиятига турли асоссиз аралашувлар, судьяларга нисбатан турли шаклларда босим ўтказиш, шунингдек, уларга нисбатан ҳурматсизлик кўрсатиш каби салбий ҳолатлар юз бераётганидан кўз юмиб бўлмайди. Ўтган қисқа даврда Судьялар олий кенгашининг тақдимномаси асосида судлар фаолиятига аралашувлар бўйича 4 та ҳолатда айбдор шахсларга жиноий ва маъмурий жавобгарлик белгиланганлиги, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг судлар мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигига таъсир этувчи 20 га яқин қарорлари бекор қилинганлиги бунинг исботидир. Шунингдек, жорий йилнинг ўзида судьяга туҳмат ва ҳурматсизлик ҳамда суд биносидаги безорилик ҳаракатлари учун 24 нафар шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик, одил судловга қарши жиноят содир этганлиги учун 7 нафар шахсга нисбатан жиноий жавобгарлик чоралари кўрилганини ҳам қайд этиш ўринлидир. Гап судьялар фаолиятига аралашувлар ҳақида кетар экан, шундай ҳолатлар бор-йўқлиги изчил ўрганиш ва кечиктириб бўлмас чоралар кўришни ҳам тақазо этади. Айни шу мақсадда Судьялар олий кенгаши томонидан судьялар ўртасида ёпиқ (аноним) сўров ўтказилди. Сўров натижаларига кўра, қарийб саксон беш фоизга яқин судья фаолиятида босимларга дуч келмаётганини, 14,9 фоизи у ёки бу кўринишда ишига аралашувлар мавжудлигини билдирган. Сўров натижалари таҳлили кўрсатишича, дахлсизлигига таҳдид ёки фаолиятига аралашув юз берган ҳолатларда барча судья ҳам бу ҳақда маълум қилавермайди, арзимас ҳолат, деб ҳисоблайдиганлари ҳам йўқ эмас. Муайян ҳолатдан келиб чиқиб, бу аралашувми-йўқми, мурожаат қилсам, қандай тушунишади, дея иккиланадиганлари ҳам оз эмас экан. Буларнинг олдини олиш мақсадида, суд ишларига ҳар қандай аралашувларнинг олдини олиш борасида Судьялар олий кенгашига мурожаат қилишнинг алоҳида тартиби жорий этилди. Энди тўғридан-тўғри Кенгашга ёзма ва электрон мурожаат қилиш, шунингдек аниқ ҳолатлар бўйича Кенгаш ходимлари ёки раҳбарият билан маслаҳатлашиш имкони яратилди. Ҳалоллик, холислик ва салоҳият — судья учун энг бирламчи талаблар ҳисобланади. Мазкур хислатлардан ташқари судьяда ўз ҳуқуқига нисбатан даъвогарлик ҳисси ҳам шаклланган бўлиши керак. «Ҳақ берилмас, олинур!», дейди донишманд аждодимиз Абдулла Авлоний. Дахлсизлик — ҳуқуқ, демак, унинг самарали ҳимояси биринчи навбатда судьянинг ўзига боғлиқ. Судья ўз дахлсизлигини муҳофаза қилиш орқали бошқаларнинг ҳам ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади. Демак, дахлсизлик ҳуқуқи — имтиёз эмас. Аксинча, масъулият. Юқоридаги айтганимиз: оддий талабнинг нақадар жиддийлигини шундан ҳам билиш мумкин. Холмўмин Ёдгоров,Судьялар олий кенгаши раиси

9 Ноябрь 2022 582

Судьялар олий кенгаши IOJT аъзолигига қандай қабул қилинди?

Канаданинг Оттава шаҳрида Судьялар малакасини ошириш халқаро ташкилотининг (IOJT) навбатдаги конференцияси бўлиб ўтаётгани, унда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг доимий асосда фаолият кўрсатувчи икки аъзоси – Хуршид Содиқов ва Ҳусниддин Камолов  иштирок этаётгани хабари берилганди. Халқаро тадбирдаги воқеалар ривожи Ўзбекистон делегацияси учун кутилмаган ва ёқимли ҳолатни тақдим этди. Гап шундаки, конференциядаги иштирок этаётган Судьялар олий кенгаши вакилларининг мамлакатимизда ўтказилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, хусусан, судьяларни тайёрлаш, танлаш ва тайинлашда жорий этилган янги тартиблар, айни жараёнда замонавий ахборот-технологиялари жорий этилиши ва унинг ижобий натижалари, шунингдек, судьялар фаолиятини электрон баҳолаш рейтинг дастури ҳамда уларни психологик тестдан ўтказиш амалиёти, Судьялар клуби фаолияти бўйича тақдимоти иштирокчиларда қатта қизиқиш уйғотди. Тақдимотдан сўнг Ўзбекистон томонига мазкур халқаро ташкилот аъзолиги таклиф этилди.  Ушбу таклиф  мамалакатимизда ўтказилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг ҳақли эътирофи ҳамдир. Таклиф мамнуният қарши олишини натижасида  Судьялар олий кенгаши ушбу халқаро ташкилот аъзолигига қабул қилинди. Шу муносабат билан кеча вакилларимиз тарихда биринчи марта ташкилот ассамбляси кун тартибидаги масалалар бўйича овоз бериш жараёнида тўлақонли аъзо сифатида иштирок этди. Судьялар малакасини ошириш халқаро ташкилоти (IOJT) 2002 йилда бутун дунё бўйлаб судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш фаолиятини қўллаб-қувватлаш орқали қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган. IOJT ўз  фаолиятини халқаро ва минтақавий конференциялар ва тажриба алмашинувлар орқали амалга оширади. Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш ишларини ташкил этиш ва ривожлантириш стратегияларини муҳокама қилиш, самарали ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, профессор-ўқитувчилар салоҳиятини ошириш, ўқитиш методикасини такомиллаштириш  халқаро ташкилот фаолиятининг устувор йўналиши қилиб белгиланган. Айни пайтда 77 мамлакатнинг 125 та судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш ва судьялар малакасини оширишга маъcул ташкилотлар ҳамда таълим муассасалари мазкур халқаро ташкилот аъзолари ҳисобланади.   Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

3 Ноябрь 2022 1229
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech