Янгиликлар

"Иш" бошқа-ю талқин бўлакча. Аслида-чи?

 Аввал ҳам муносабат билдирилганига қарамай ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятида истиқомат қилувчи тадбиркор ва блогер  А. Халмурзаеванинг (“Асилзода”) жиноий жавобгарликка тортилганига оид турли хабарлар тарқалмоқда. Муаллифлар доираси кенгмас эмас, шундай бўлса-да, хабарларнинг айримларида аёлнинг жавобгарликка тортилиши туб сабаби блогерлик фаолияти билан боғлиқ экани айтилса, айримларида аввал ҳам унга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани, бироқ судда оқланиб чиққанига урғу берилмоқдаки, уларга ойдинлик киритиш  эҳтиёжи пайдо бўлмоқда. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати таъкидлайдики, А. Халмурзаевага (“Аслзода”) оид жиноят ишларини унинг блогерлик фаолияти билан боғлиқлик жойи йўқ.   Жиноят ишлари бўйича Избоскан тумани судининг 2023 йил 22 августдаги ҳукми билан банкдан олинган кредит маблағлари талон-тарож қилишда айбдор, деб топилган олти нафар судланувчига нисбатан тегишли жазолар тайинланиб, улардан жиноят оқибатида етказилган зарарлар ундирилиши ҳам белгиланган.  А. Халмурзаева олти нафар судланувчилардан бири.  Унга нисбатан  Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “б”, “в” бандлари (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан тайинланган 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси Андижон вилоят суди апелляция инстанциясида ўзгаришсиз қолдирилган. Бундан аввал ҳам  А. Халмурзаевага нисбатан жиноят иши (167-модда бўйича) кўзғатилгани рост. Бироқ ушбу жиноят иши бўйича судланувчи оқлангани нотўғри. Чунки, 2022 йилда бир неча суд босқичларида кўриб чиқилган мазкур жиноят иши судланувчи Жиноят кодексининг 70-моддасига асосан жазодан озод этилиши билан якунига етган. Шахснинг (ЖК 70-моддасига асосан) жазодан озод этилиши унинг оқланганини англатмайди. Аксинча, бу - содир этилган жиноят вақт ўтиши билан ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотди,  жазо тайинлашдан маъни йўқ энди, деганидир.  Қолаверса, мазкур норма қонунчиликдаги инсонпарварликнинг яна бир кўриниши ҳисобланади.  Якунда таъкид шартки, ушбу муносабат суд ҳукмларининг қонуний эканига оид Кенгаш хулосаси сифатида  талқин қилинмаслик  лозим.  Суд ҳужжатлари қонунийлигига ҳуқуқий баҳо бериш фақат юқори суд инстанциялари ваколатига тааллуқли. Бу ўринда Кенгаш, юқорида айтилганидек, тармоқлардаги хабарларга ойдинлик киритмоқда, холос. Судьялар олий кенгаши  матбуот хизмати

25 Октябрь 2023 571

Китобхонлик, ўқилган илк китоб ва судьянинг антиқа жазоси

Халқимиз китобни офтобга қиёслайди. Чиндан ҳам, офтоб борлиққа зиё сочиб, тун зулматини бартараф этса, китоб онг-шууримизни илм нури билан чароғон айлайди. Шу маънода мазмунли ва қизиқарли китоб ўқиш нафақат мароқли, балки фойдалидир. Маълумки, азал-азалдан китоблар инсон қалбига умид, ишонч руҳини бағишлаб келган. Китоблар киши онгига ватанпарварлик, инсонийлик, меҳнатсеварлик каби туйғуларни сингдириш йўлидаги асосий маънавий манба ҳисобланади. Мардлик, ҳалоллик, олийжаноблик каби хислатлар тараннум этилган китобларда ҳамиша эзгулик ғалаба қозонган. Болалигим эр- таклар олами билан гўзал эди. Отамдан ҳар гал эртак эшитганимда унинг қаҳрамонларига ўхшашга интилардим.  Мен  ўрганишни, бошлаганимдан сўнг биз ҳар кеча ўқишнинг тунги тартибини тузардик. Мен бунинг ҳар бир дақиқасидан завқланардим; бу куннинг энг севимли палласи эди. Илк марта олти ёшимда ўқишга муваффақ бўлган биринчи китоб "Уч оға­ини ботирлар" дея номланган ўзбек халқ эртаклари эди. Мени бу китоблар шунчалик мафтун қилдики, ҳатто ота­онам менга уйда махсус кутубхона ва жиҳозланган вақтинчалик синфхона ҳам қуриб беришганди. Отам тез-тез турли адабиётларни оилавий кутубхонамизга олиб келарди. Ўша кичик кутубхонамизни барпо этиш иштиёқи кейинчалик энг севимли хотираларимга айланди.  Отам менга нажот таълимда эканини уқтирган илк инсондир. Шунингдек, отам машаққатли меҳнат ва илм олишда тиришқоқликнинг қадрини ўргатди. Китобларда ўзгаларнинг тажрибаси, билим, кўплаб ғоя ҳамда стратегиялар мужассам. Китоб ўқиганимизда фикрлаш, тасаввур, хулосалар чиқариш каби кўникмалар ривожланади. Яқинда оммавий ахборот воситаларининг бирида антиқа жазо турини ўқиб қолдим. Унда ёзилишича, хорижий мамлакатлардан бирида судья икки йигитни ўғирликда айбдор деб топган ва уларнинг бирига бир йил, иккинчисига уч йил шартли жазо тайинлаган. Энг қизиғи, судья маҳкумларга бир қатор машҳур ёзувчиларнинг китобларини ўқишни жазо сифатида қўллаган. Жазо ижросини масъул ходимлар назорат қилган. Китобларни ўқиб бўлгач, маҳкумлардан имтиҳон топшириши талаб этилган. Маълум бўлишича, суд муҳокамасида  судья  айбланувчиларни сўроқ қилиб, улар тегишли ёшга тўлган бўлса ҳам, аслида вояга етмаган болалар эканини аниқлаган. Судья  “Айбланувчи мулкка қарши жиноят содир этганлик учун амалдаги жиноий жавобгарликнинг барча оқибатларини аниқ тушунмайди. Умуман олганда, мулкий муносабатлар иккала айбланувчи учун ҳам аниқ билим бўшлиғини ифодалайди. Бу ажабланарли эмас, чунки иккала судланувчининг тарбияси, шубҳасиз, етарли даражада амалга оширилмаган", деган хулосага келган. Адвокатлар судьянинг бу қарорини ҳам қонуний, ҳам инсоний деб шарҳлашган. Китобхонлик оилада ва маҳалладаги муҳитга, инсонни ўраб турган жамиятга бевосита боғлиқ. Зеро, тафаккури, фикр доираси кенг, маърифатли кишилар жамиятнинг чинакам бойлигидир. Аксинча, ҳаётда рўй берадиган айрим нохуш ҳолатлар маърифатсизлик, китоб ўқимасликнинг аччиқ меваси са- налади. Темирни занг кемирганидек, одамни ҳам маънавиятсизлик мўртлаштиради. Шу маънода масъулиятли касб эгалари бўлган судьяларнинг китоб мутоала қилиши ғоятда муҳим. Чунки бу нафақат қонунларни яхши билиш ва амалиётда қўллай олиш, балки иш моҳиятига тўғри ёндошишга ҳам катта ёрдам беради. Қолаверса, равон нутқ, кенг тушунтириш, олийжаноблик ва инсонпарварлик каби судьяга жуда зарур бўлган фазилатлар ҳам китобхонлик туфайли шаклланади. Ўз навбатида, булар пировардида одил судлов сифати ва адолат тантанасига хизмат қилади. Амина Худойберганова, Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари  бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг судьяси

19 Октябрь 2023 508

Суд мажлиси ўтказилмаган, бошқа кунга қолдирилган...

“Telegram” мессенжеридаги “Yuristkadr” каналида ушбу кичкинагина хабарга тезроқ изоҳ берилмаса, баҳс-мунозара, билиб-билмай айтилаётган  нордон гаплар  ҳали-бери тўхтамайдигандек... Канал маъмурига кўра, фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судида кеча соат 12.00.га белгиланган (Ф. Комиловнинг ишга тиклашга оид)  “иш” гўёки адовактсиз кўрилган. Ваҳоланки, адвокат суд процессида масофадан туриб иштирок этишга тайёр бўлган, бироқ номаълум сабабларга кўра тизимга  улана олмаган. Шундан келиб чиқиб, муаллиф таъна қилмоқдаки: “ҳар бир фуқаронинг судларда адвокат орқали ҳимояланиш ҳуқуқи бор. Кейин адвокат ҳам одам”!  Муаллиф “адвокат ҳам одам”, дея унинг инсон экани борасида туғилган қандайдир шубҳага  изоҳ бераётгани йўқ, албатта, бу билан суд процессида  ҳимоячи ўзига хос ўринга эга эканини таъкидламоқда, холос. Йўқса, “ҳар бир фуқаронинг судларда адвокат орқали ҳимояланиш ҳуқуқи бор”лигини урғуламасди. Фақат масофадан туриб, боғлана олмагани сабаби ва  воқеаларнинг кейинги ривожидан бехабар кўринади. Нега десангиз, муаллиф таъкид этган суд мажлиси белгиланган вақт-соатда мазкур судда масофадан туриб ўтказилаётган бошқа суд мажлиси  давом этаётганди. (На чора,  суд вақтини аввалдан белгилаш мумкин бўлса-да, суд мажлиси қанча вақт давом этишини олдиндан аниқ ҳисоб-китоб қилиш қийин.) Шу омил пойтахтдаги адвокатни (соат 12.00.га белгиланган) Андижондаги суд процессига  видеоконференция тизими орқали улаш имкониятини бермаган. Сабаб шу. Бу баҳона эмас, ҳақиқат. Ҳақиқатлиги шуки, суд мажлиси “адвокат иштирокисиз” ўтмаган, балки, бошқа кунга - 13 октябрь соат 12.00.га қолдирилган.  Суд мажлисининг қолдирилиши фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг судьяси С. Жўрабоев чекига тушган мазкур низо қонуний муддатида кўриб чиқилишига таъсир қилмайди.       Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                          

11 Октябрь 2023 906
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech