Янгиликлар

РАСМИЙ БАЁНОТ

Даъвогар Б. Қодировнинг жавобгарлар – Жўраевларга нисбатан “оталик фактини белгилаш”га доир фуқаролик низоси бўйича суд жараёни бошланганидан то ҳал қилув қарорига қабул қилингунича керагидан ортиқ муҳокамалар бўлди. Ижтимоий  тармоқдаги муҳокамалар суд қарори қабул қилинганидан кейин ҳам давом этиб,  энсани  қотирадиган даражага етдики, бу ҳақда икки оғиз гап айтишнинг ўзи ортиқча, аслида. Бироқ суддан кейин тарафлар ва уларга хайрихоҳлар ўртасидаги “виртуал мусоҳабаларда” ишни  биринчи босқич судида кўриб чиққан судья шаънига номаъқул ва асоссиз таъналар айтиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Хусусан, блогер Ж. Ҳамраев  ижтимоий тармоқ орқали чиқишида даъвогар  “қўли узун экани” ҳақидаги гапини эслатиб, гўёки “...унинг узун қўллари  судьягача етиб боргани”ни очиқ иддао қилган. Бундан ташқари судья томонидан марҳум санъаткор вафоти санасини нотўғри айтилгани-ю суд қарорини ўқиш пайтидаги бироз ҳаяжонини “бу не кўргулик?!” деб,  вазиятни бўрттиришга урингани кўринади. Энг ёмони, унинг иддаолари иш бўйича жавобгар тарафнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифа ва каналларида тарқатилаётгани натижасида судьянинг холислиги борасида турли шубҳалар эҳтимолини пайдо қилмоқда. Бир неча ой давом этган процесс, бу даврда тармоқлардаги адоқсиз муҳокамалар, уларда ҳатто тор доирада айтилиши мумкин бўлмаган гаплар баралла айтилиб, кенг оммада турли қарашлар шакллантиришга қаратилган ҳаракатлар судга нисбатан ижтимоий босим пайдо қилиб бўлганди. Шундай  вазиятда  кенг жамоатчилик эътиборидаги фуқаролик низосини кўриб чиқиш айтишга осон. Шу маънода судьянинг бир неча камералар қаршисида қарор ўқиши жараёнида битта санани нотўғри айтиши ёки ундаги бироз ҳаяжонга тушуниш билан муносабатда бўлиш мумкин. Аммо, Судьялар олий кенгаши, кимнингдир гўёки “узун қўллари судьягача етиб борган”ига оид таъна ва иддаоларга ҳуқуқий баҳо беришга эҳтиёж мавжуд, деб ҳисоблайди ҳамда бу борада ваколати доирасида лозим чоралар кўрилади. Якунда алоҳида таъкид этиладики, ушбу баёнот қабул қилинган суд қарори бўйича Кенгаш нуқтаи назари ҳисобланмайди. Шунингдек, ундан (суд қароридан) норози тарафнинг юқори суд инстанциясига шикоят беришига ҳам монеълик қилмайди.   Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

17 Сентябрь 2024 2651

Кенгашдан сўнг: қайси судья фаолиятида қандай ўзгариш?

 Бугун бўлиб ўтган Судьялар олий кенгашининг очиқ танлов шаклидаги навбатдаги йиғилишида айрим судьяларни муқобиллик асосида ваколат муддати даврига қайта тайинлаш масаласи  кўрилиб, тегишли қарор қабул қилинди. Судьялар олий кенгаши қарори билан: Набиев Мажид Садуллоевич – судьялик ваколати муддати даврининг беш йил муддатига Бухоро вилояти Ғиждувон туманлараро иқтисодий судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Тошкент вилояти Бекобод туманлараро иқтисодий судининг раиси лавозимидан озод қилинди; Қодиров Шуҳрат Абдираҳимович – судьялик ваколати муддати даврига Навоий вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Жиззах вилояти Ғаллаорол туманлараро иқтисодий судининг раиси лавозимидан озод қилинди; Тўраев Зайниддин Суюнович  – судьялик ваколати муддати даврига Самарқанд вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Самарқанд вилояти жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Элиев Шерзод Худойқулович – судьялик ваколати муддати даврига Сурхондарё вилояти фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Сурхондарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси лавозимидан озод қилинди; Тўраева Нилуфар Эсановна – судьялик ваколати муддати даврига Сурхондарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Сурхондарё вилояти фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Бўриев Дилмурод Боходирович – судьялик ваколати муддати даврига Сурхондарё вилояти фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Андижон вилояти фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Туракулов Тулкин Байтураевич – судьялик ваколати муддати даврига Сурхондарё вилояти жиноят ишлари бўйича Шеробод туман судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Ҳайитов Ойбек Ҳақбердиевич – судьялик ваколати муддати даврига Сурхондарё вилояти жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Муинов Бобир Баратович – судьялик ваколати муддати даврига Сурхондарё вилоят маъмурий судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Қашқадарё вилояти Қарши туманлараро маъмурий судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Умиров Бахтиёр Эргашович – судьялик ваколати муддати даврининг беш йил муддатига Сурхондарё вилояти Термиз туманлараро маъмурий судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Қашқадарё вилояти Қарши туманлараро маъмурий судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Мухиддинов Акром Раббонақулович – судьялик ваколати муддати даврига Сурхондарё вилоят маъмурий судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Сурхондарё вилояти Термиз туманлараро маъмурий судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Мавлонова Дилбар Сувоновна – судьялик ваколати муддати даврига Тошкент вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Тошкент вилояти фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судининг судьяси лавозимидан озод қилинди.

12 Сентябрь 2024 4489

Бунга фақат таассуф дейиш мумкин

Буям ижтимоий тармоқлардаги кунлик юзлаб хабарлардан биттаси, аслида: “Қўқон судида ишлаётган икки нафар судья ишдан бўшатилмоқда!”.  Бироқ унинг ғайриоддийлиги шундаки, бирор судьянинг лавозимидан озод этилганига оид хабарни мамнуният билан кўчириб босадиган ахборот ресурсида эълон қилиниб, қатор саволлар қўйилганида: “нега айнан мана шу судьялар ишдан кетиши керак? Кимга ёқмай қолди улар?”. Ғайриоддийлик хабарнинг судьяларга нисбатан интизомий жазо қўллаш тартибига доир қисмида ҳам кўринади. Яъниким, судьяларга нисбатан жойлардаги судлар судьялари малака ҳайъати (муайян ҳолатларда Судьялар олий малака ҳайъати қарори билан) қарори билан интизомий жазо қўлланиши тўғри. Илло, “бу масалада якуний қарор қабул қилиш учун Судьялар олий кенгашига тақдимнома” киритилмайди. Аксинча, малака ҳайъатлари қарорлари, шикоятга асосан, аввал Судьялар олий малака ҳайъатида, ана ундан  кейингина Судьялар олий кенгашида кўриб чиқилади. Тўғри, орада тўрт соат ўтиб, мазкур канал маъмури икки нафар судьядан бирига (аёл) нисбатан  қабул қилинган қарор Судьялар олий малака ҳайъатида кўрилиб, интизомий жазо ўзгартирилгани маълум қилди. Бироқ бу пайтга келиб, жамоатчилик чалғиган, ҳатто тармоқдаги айрим каналлар ҳолат бўйича турли тахмин ва башоратларга берилиб бўлганди: эмишки, бу “ўта ноодатий ҳолат”, “улар ё ўта оғир жиноят содир қилган ёки кимнингдир ноқонуний буюртмасини бажармаган” ва ҳоказо, ҳоказо... Судьялик лавозимига тайинловлардан тортиб, турли асосларга кўра лавозимидан озод этилаётганигача очиқ ахборот бериб келинмоқда. Демак,  “ўта ноодатийлик” йўқ. Иккинчидан, бирор жиноят содир этганликда гумонланаётган судьянинг масаласи жойлардаги малака ҳайъатида эмас,  тегишли тақдимномага асосан, тўғридан тўғри Кенгашнинг ўзида кўрилиб, хулоса берилади. “Кимдирнинг буюртмасини бажармаганлар” эса таъқиб эмас, аксинча,  ҳимоя  қилинадики, бу Кенгаш   фаолиятида устувор аҳамият касб этади. Хабарларда иддао қилинаётган “судьянинг юқори рейтинги ва тажрибаси”  йўл қўйган хатолари (узрли сабабсиз ишни ўз вақтида кўрмаслик, суд ҳужжатлари вақтида ёзилмагани ва бунинг оқибатида тарафларнинг сарсон бўлиши ва ҳоказо...) учун имтиёз ҳисобланмайди. Қандай интизомий чора кўрилиши, юқорида айтилганидек, жойлардаги судлар судьялари малака ҳайъатлари ваколатига тегишли масала. Бу борада қабул қилинган қарорлар (шикоятга асосан) Судьялар олий малака ҳайъати, кейинчалик Судьялар олий кенгашида кўрилиб, ўзгаришсиз қолдирилиши ёки ўзгартирилиши эҳтимолдан ҳоли эмас.  Шу нуқтаи назардан,  турли ҳудуд  судлар судьялари малака ҳайъати қарорлари билан айрим судьяларга қўлланилган интизомий жазо чораларини шунчаки тасаввур билан бир-бирига таққослаб, хулоса ва иддао қилиш шошма-шошарлик белгисидир. Яна икки оғиз гап. Барча соҳалар қатори суд тизимида ҳам холис, малакали ва масъулиятли кадрларга эҳтиёж доим бўлиб келган. Бугунга келиб, айни эҳтиёж ортгани ҳам сир эмас. Шу боис илгари судья лавозимида ишлаб, ўз хоҳишига кўра тизимдан кетган (ёки судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги муддатига тайинланмаган) айрим кадрларга мазкур лавозимга танлаш ва тайинлашга доир очиқ танловларда иштирок этиш имконияти берилаётир. Танловдан муваффақиятли ўтганлар эса тизимда фаолиятни давом эттирмоқда. Эътиборлиси, интизомий жазоси ўзгартирилгани айтилаётган аёл судья ҳам мазкур имконият натижасида лавозимга тайинланганлардан бири ҳисобланади.   Интизомий жазо масаласида юридик ёрдам сўраб, адвокат(лар)га мурожаат қилгани - унинг ҳуқуқи, албатта. Бироқ асосий вазифаси фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳақ-ҳуқуқини тиклаш орқали ижтимоий адолатни таъминлаш бўлган судьянинг ўзи юридик ёрдамга эҳтиёж сезиши, бундай "кўмак" ижтимоий тармоқлар орқали бир ёқлама хабарлар сиздирилишидан иборат бўлаётгани эса, наинки суд ҳокимияти нуфузига салбий таъсир кўрсатиш эҳтимолини, балки унинг касбий салоҳиятига нисбатан шубҳалар ҳам пайдо қилмоқдаки, бунга фақат таассуф дейиш мумкин. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

9 Сентябрь 2024 1726
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech