Хабар қилинганидек, бугун Судьялар олий кенгаши ва Судьялар олий малака ҳайъатининг очиқ танлов шаклидаги қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ваколати якунига етган судьяларни ушбу лавозимда бўлишининг навбатдаги муддатига, шунингдек, муқобиллик асосида, айрим судьяларни ваколати муддати даврига қайта тайинлашга доир масалалар муҳокама қилинди. Муҳокамалар якунида тегишли қарорлар қабул қилинди. Хусусан: Шарипов Азизжон Собирович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Бухоро вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси лавозимига; Яхёхужаев Рахмонхон Ғозиевич – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Наманган вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси лавозимига; Хафизов Жахонгир Исманалиевич – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Андижон вилояти жиноят ишлари бўйича Марҳамат туман судининг тергов судьяси лавозимига; Шахобутдинов Камолдин Садирдинович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Андижон вилояти жиноят ишлари бўйича Олтинкўл туман судининг тергов судьяси лавозимига тайинланди. Шунингдек: Ғафуров Нодиржон Нарзуллаевич – судьялик ваколати муддати даврига Самарқанд вилояти фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Хоразм вилояти фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг судьяси лавозимидан озод этилди; Хушваков Азамат Ибрагимович – судьялик ваколати муддати даврига Қашқадарё вилояти фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Қашқадарё вилоят маъмурий судининг судьяси лавозимидан озод этилди; Назиров Умиджон Иномжонович – судьялик ваколати муддати даврига Фарғона вилояти фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Андижон вилояти фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро судининг судьяси лавозимидан озод этилди; Темиров Азамат Таиржонович – судьялик ваколати муддати даврига Фарғона вилояти фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Андижон вилояти фуқаролик ишлари бўйича Бўстон туманлараро судининг судьяси лавозимидан озод этилди; Комилжонов Феруз Комилжонович – судьялик ваколати муддати даврига Бухоро вилояти фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Тошкент вилояти фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судининг судьяси лавозимидан озод этилди; Хамраева Адолат Жабборовна – судьялик ваколати муддати даврига Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Қашқадарё вилояти жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман судининг раиси лавозимидан озод этилди; Абдуллаев Нурбек Райимбердиевич – судьялик ваколати муддати даврига Қашқадарё вилояти жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимидан озод этилди.
Мамлакат ривожи, юрт тараққиёти ва жамият аъзоларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда суд тизимини изчил демократлаштириш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга қатъий риоя этилишини таъминлаш алоҳида аҳамият касб этади. Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг 21 февралида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони нафақат суд тизими, балки мамлакат ижтимоий ҳаётида катта ўзгаришларга сабаб бўлган ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Ушбу Фармон билан: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси тугатилиб, судьялар ҳамжамиятининг органи ҳисобланадиган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди ва унинг асосий вазифалари белгиланди. Натижада: судьялар корпусини шакллантириш, судьялик лавозимларига номзодларни энг малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан танлов асосида танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, судьялар дахлсизлиги бузилишининг ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятини бирон-бир тарзда аралашувдан самарали ҳимоя қилиш, тизимда аниқланган ҳар бир коррупция ҳолатини кўриб чиқиш ва принципиал баҳолаш, судьялар фаолияти самарадорлигини замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш орқали баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлашнинг янги тартиблари амалиёт фаол жорий этилди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди бирлаштирилди. Натижада: фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи -Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди. Суд тизимини бошқариш вазифаларининг такрорланиши бартараф этилиб, ягона суд амалиётини шакллантириш имконияти яратилди. Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган маъмурий судлари фаолияти йўлга қўйилди. Натижада: давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан фуқароларнинг судга шикоят қилиш ҳуқуқининг конституциявий кафолатларини амалга оширишни таъминлашга хизмат қиладиган янги тизим юзага келди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузурида Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ташкил этилди. Натижада: суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципига риоя қилиш, судларни моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш масалаларини мустақил ҳал этиш имконияти кенгайди. Шунингдек, судларни моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш, зарур шароитларни яратиш, судьялар ва суд аппарати ходимларини моддий ва ижтимоий таъминлаш сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди. Қисқаси, мазкур Фармон фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, уларнинг одил судловга эришиш даражасини, суд иш юритувининг самарадорлиги ва сифатини ошириш, судьялик лавозимига номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишлари бўйича тарихий ўзгаришларга ҳуқуқий асос бўлди.
Бугун Президент Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2024 йилдаги фаолияти сарҳисобига доир матбуот анжумани бўлиб ўтди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда янада мустаҳкамлаб қўйилганидек, Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг мустақил органи бўлиб, у судьялар корпусининг шакллантирилишини, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлайди. Айтилдики, 2024 йилда Кенгаш томонидан судьялик лавозимига танлаш ва тайинлаш бўйича ўтказилган очиқ танловлар натижасида 783 нафар номзод (умумий номзодларнинг 84,2 фоизи) тавсия этилган лавозимга муносиб, деб топилди. Уларнинг 142 нафари судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига, 146 нафари ўн йиллик муддатга, 5 нафари муддатсиз даврга, 250 нафари ваколати муддати даврига қайта тайинланган. Судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига тайинланганларнинг барчаси Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактаби битирувчилари ҳисобланади. Тавсия этиган номзодларнинг 65 нафари (ёки 6.8 фоизи) судьялик лавозимига номуносиб деб топилган бўлса, 102 нафарига (ёки 10.7 фоизи) нисбатан ваколати муддати даврига қайта тайинлаш рад этилган. Маълумки, 2025 йилнинг 1 январидан суд тизимида янги институт – жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судларида тергов судьялари иш бошлади. Шунга мувофиқ, 2024 йилда ушбу лавозим учун 240 та тайинлов ҳам амалга оширилди. 2025 йилнинг 20 февраль ҳолатига тизимда 1518 нафар судья фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 500 нафари (32,9 фоиз) ушбу лавозимда бўлишнинг биринчи беш йиллик, 964 нафари (63,5 фоиз) ўн йиллик муддатга, 54 нафари (3,6 фоиз) муддатсиз даврига тайинланган (сайланган). Судьялар корпусини шакллантиришда гендер тенгикни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2024 йилда аёл судьяларнинг 34 нафарга кўпайиб, жами 225 нафарга етди (15 фоиз). Уларнинг 22 нафари раҳбар судьялик лавозимларига тайинланган. Аёл судьяларимизнинг 3 нафари Халқаро аёл судьялар ассоциацияси аъзоси ҳисобланади. Кенгаш фаолиятида раҳбар судьялик лавозимларига номзодларни шакллантириш масаласи ҳам устувор аҳамият касб этмоқда. Шу мақсадда 2024 йилда 200 нафар судья тест синовларидан ўтказилиб, энг юқори балл олган 60 нафари туманлараро, туман (шаҳар) суди раиси ва раис ўринбосари лавозими учун захирага олинди. Улар учун икки ойлик қайта тайёрлаш курслари ташкил этилди. 2024 йилда 40 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилди. Уларнинг 19 нафари ўз аризасига кўра, 11 нафари судьялик қасамёдини, 10 нафари Судьялар одоби кодекси талабларини бузгани учун лавозимидан озод қилган. Судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш, уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашувлар бўйича Бош прокуратурага 5 та тақдимнома киритилди. Бунинг натижасида 3 та жиноят иши қўзғатилди, 2 ҳолат ўрганилмоқда. Шунингдек, 10 нафар судьяга нисбатан етарли асосларсиз қўлланган интизомий жазо чораларини бекор қилиш юзасидан тегишли малака ҳайъатига тақдимнома киритилди. 2024 йилда Судьялар олий кенгаши фаолиятида халқаро ҳамкорлик алоҳида кўзга ташланади. Бу даврда ўзбек судьялари ҳамжамияти вакиллари Испания қироллигининг Судьялар бош кенгаши ҳамда Судьялар мактаби фаолияти билан яқиндан танишди, судьялик лавозимларига номзодлар тайёрлаш, судьялар корпусини шакллантириш ҳамда уларнинг узлуксиз таълими бўйича тажриба алмашилди. Шу баробарида Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистон Республикаларининг Судьялар кенгашлари вакилларидан иборат делегация мамлакатимизга ташриф буюриб, юртимизда изчил амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, айни жараёнда суд мустақиллиги, судьялар дахлсизлигини самарали таъминлаш, судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш, лавозимга танлаш ва тайинлаш бўйича жорий этилган янги тартиблар билан яқиндан танишди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ва Қозоғистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди. Яна бир эътиборли воқелик:ўтган йилнинг ноябрь ойида Сингапурда бўлиб ўтган Суд бошқаруви халқаро ассоциацияси (IACA) конференциясида Судьялар олий кенгаши ушбу халқаро ташкилот аъзолигига қабул қилинди. Шу тариқа Ўзбекситон Судьялар олий кенгаши аъзо бўлган халқаро ташкилотлар сони яна биттага кўпайди. 2022 йилнинг октябрь ойида Кенгаш Судьялар малакасини ошириш халқаро ташкилоти (IOJT) аъолигига қабул қилинган эди. Судьялар фаолияти самарадорлигини очиқ ва шаффоф баҳолаш бўйича миллий электрон рейтинг баҳолаш дастури янада такомиллаштирилди. Анъанага мувофиқ, энг юқори рейтинг-баллга эга судьялар “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирланиб келинмоқда. 2024 йил натижаларига кўра, 18 нафар судья ушбу мукофотга лойиқ, деб топилди. Фаолиятида алоҳида намуна кўрсатиб келган судьяларнинг ота-оналарини Кенгашнинг эсдалик совғаси ва “Ташаккурнома” билан тақдирланиш анъанаси ўтган йили ҳам давом этди. Рейтинг кўрсатгичлари паст судьялар фаолияти таҳлилий ўрганилиб, уларнинг малакасини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриб келинмоқда. Судьяларнинг касбий фаолиятини амалга оширишида риоя қилиши шарт бўлган ахлоқ-одобига оид талабларни аниқлаштириш, амалдаги қонунчиликда мавжуд бўлган нормаларнинг такрорланишига чек қўйиш ҳамда янгиланган Конституцияга мувофиқлаштириш мақсадида Судьялар одоби кодекси янги таҳририда қабул қилиниб, уч тилда нашр этилди. Мазкур ҳужжатда акс этган қоидаларни кенгроқ тушунтириш, ҳуқуқий, ижтимоий, маърифий аҳамиятини изоҳлаш мақсадида “Судьялар одоби кодексига шарҳлар” номли яна бир китоб ҳам босмадан чиқди. Ўтган йили “Ибрат мактаби” туркумидаги яна икки китоб нашр этилди ва тақдимоти ўтказилди: “Шарафли йўл соҳиби” ва “Дарёдай тошқин, саҳродек сокин..” китобларида тизимда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб келаётан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Мирзо-Улуғбек Абдусаломов ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган юрист Парахат Айтниязовнинг ибратли ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилинади. Бу борадаги ишларнинг изчил давоми сифатида 20 нафар зиёд суд фахрийлари таҳсил олган ўрта мактабларга Кенгашнинг ташаккурномаси акс этган пешлавҳалар тайёрланиб, етказилди. Матбуот анжуманида Кенгаш мутасаддилари томонидан журналист ва блогерларнинг қатор саволларига жавоб берилди. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати