Янгиликлар

Ўхшамаган “ўхшатиш” ёки отга урилган тўқим!

Адвокат Шамсиддиновнинг суд натижасидан мамнунлигини, мамнунлиги баробарида Тошкент шаҳар маъмурий суди тафтиш инстанцияси аъзоларига қилган лутфини тушуниш мумкин. Унинг ўзи тараф сифатида иштирок этган иш якуни бўйича қабул қилинган суд ҳужжатини “суд тизимидаги мустақиллик ва холислик принципларининг амалга оширилишига ёрқин мисол” дейишида ҳам хурсандлиги яққол кўринади. Муҳтарам адвокат таассуротларини бироз ҳаяжон билан ижтимоий тармоқ орқали ўртоқлашар экан, бўлиб ўтган воқеликни “Қарға қарғанинг кўзини чўқиди” (?!) дейдики, унинг бундай ўхшамаган “ўхшатиши” суд ва судьялар шаънига айтган лутф-у эътирофидаги самимиятни йўққа чиқарибди. Ўрта бўғин судларида ишлар кўриб чиқилишига оид  тартиб, хусусан,  тафтиш инстанцияси жорий этилгани бўйича баҳс-мунозаралар йўқ эмас.  Баҳс-мунозараларда апелляция ёки кассация суд инстанциясида қабул қилинган суд ҳужжатлари тафтиш тартибида холис кўриб чиқилишига шубҳалар билдирилгани ҳам рост. Ўрта бўғин судларида тафтиш инстанцияси жорий этилганига ҳали бир йил тўлгани йўқ, ўтаётган вақт баҳс-мунозараларда айтилган фикрлар нечоғли тўғри ёки нотўғри эканига тобора ойдинлик киритиб бормоқда.  Жорий тартибда ишлар холис ва қонуний кўрилишига шубҳа билдирганлар ўз фикрларини ўта қўпол тарзда “Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди”, дея  асослашга уринган бўлса, бундай қарашлар  асоссиз эканини  амалда ва ўз амалиётида кўрган адвокатнинг “йўқ, чўқир экан” (?!), дея бонг уриши на оддий одоб меъёри, на касб этикасига тўғри келади?! Ваҳолангки, апелляция ёки кассация инстнцияларида қабул қилинган айрим суд қарорлари тафтиш тартибида кўрилганида ўзгартирилаётгани ёки бекор қилинаётгани ноёб ҳодиса эмас. Ушбу муносабатни оғиздан чиққанини ёқага ёпиштириш ёки “судларни мақтаб ҳам балога қолишми?” қабилида тушунмаслик сўралади. Ким нима демасин, судлар ҳақида, судьялар ҳақида қандай фикр айтмасин (айниқса ҳуқуқшунос), сўзни ҳис қилиши ва касб этикасига риоя этиши керак. Акс ҳолда, баланд пардаларда айтилган эътирофнинг самимийлигига путур етиб, отга урилган тўқимдек хунук ва ёқимсиз  кўринади. Судьялар олий кенгаши  матбуот хизмати

22 Ноябрь 2024 1060

Тавсия: “Жараён” ни ўқиш керак

 "... Эҳтимол бизнинг барчамиз ҳам ҳудди шундай, у даражада золим кишилар эмасдирмиз ва ҳар бир кишига астойдил ёрдам бермоқни истаймиз, бироқ суддан бўлганимиз боисми, енгил-елпилик билан булар золим, баттол кишилар, ҳеч ҳам кўмак бермайдилар, деб ўйлайдилар. Мен бундан чунонам изтироб чекаман".  (Франц Кафка, “Жараён” романидан)    Австриялик адиб Франц Кафка қисқа умр кўрган (1883-1924) бўса-да, бироқ баракли ижод қилган. Адибдан бир неча роман, кўплаб ҳикоялар  қолган. Унинг  кўп асарлари вафотидан кейин эълон қилингани айтилади. Асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган, ижоди ҳақида  баҳслар кўп. Заҳматкаш ўзбек ёзувчиси ва адабиётшуноси Хуршид Дўстмуҳаммаднинг Кафка ижодига берилган таърифи менда унинг асарларига қизиқиш уйғотди. Ижодкор асарлари билан таниша туриб, унинг “Жараён” романи эътиборимни тортди. Кимдир ҳибсга олиндими, демак, ҳадемай суд жараёни бошланади. Суд жараёни асносида, жиноят ишидаги ҳолатларга ойдинлик киритилади. Асарнинг номланиши ўқувчини биринчи навбатда шундай хаёлга ундайди. У ўзини суд жараёни тафсилотларни ўқишга чоғлайди. Бироқ ... Ҳеч кимга ёмонлик қилмаган, бирон-бир ножўя иш содир этмаган асар бош қаҳрамони Йозеф К. нинг ҳибсга олиниши ҳамда унинг бошидан кечган воқеалар баёнида шахснинг ички руҳий кечинмалари, ўша даврдаги суд идоралари, адвокатлар ва жиноят ишини юритишга масъул бўлган бошқа шахсларнинг инсонларга нисбатан бўлган муносабатлари кўз олдингизда намоён бўлади. Бироқ асар мутолааси оғир, жумлалар қатига сингдирилган фикрларнинг мағзини чақиш ҳам осон эмас. Асар мутолааси худдики судья худди чекига тушган жиноят ишининг синчиклаб ўрганишига  ўхшайди.  Судланувчининг изтироби, яқинларининг безовталиги, адолат пешволарининг хатти-ҳаракатлари... ҳамма-ҳаммаси кўз олдингизда гавдаланади, бу судьяларнинг кунлик иши жараёнларини ёдга солади, бироқ уларда  биз билмаган жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Шу боис асардаги воқеалар ривожи ўқувчини шошмасликка,  сабр билан ўқишга мажбур қилади. Ҳаётда шундай ҳолатлар юз берадики, инсон ўзи дуч келган муаммоларнинг асл сабабларини ташқаридан ёки ўзгалардан эмас, ўзидан, ўз қалби ва онгининг шу вақтга қадар назар ташлаб кўрмаган, назар ташлашга юраги бетламаган туб қатламларидан излаб топгиси келади. Лекин уммон қаърига шўнғийдиган ғаввосликнинг ўзига яраша асбоб-анжоми, маҳорат сирлари бўлгани каби ўз қалбининг нигоҳ илғамас пучмоқларига сафар қилиш учун ҳам махсус анжомлар, услублар, воситалар даркор, дейди китобга сўзбошиси муаллифи. “Жараён” сингари романлар, Франц Кафка тоифасидаги адиблар яратган боқий асарлар эса ҳудди шундай маънавий сафар анжоми, воситаси вазифасини ўтайди. Ҳар қандай миллий адабиётнинг нуфузи “Жараён” ўша тилга ўгирилган-ўгирилмаганлиги билан ҳам белгиланади, жаҳон адабиёти тарихи Франц Кафкагача ва ундан кейинги даврга бўлинади. Таниқли ўзбек ҳуқуқшунос олими, академик Акмал Саидов томонидан “Эврилиш” ҳамда “Кафка-юрист” каби китоблар нашр қилгани Франц Кафканинг ижоди ҳуқуқшуносларга яқинликни кўрсатади. Демак, қанчалар мураккаб,  унинг ижоди билан танишиш фойдадан холи бўлмайди. Жумладан, адибнинг “Жараён” романини ўқиган  ҳар бир судья ўзига улкан маънавий озуқа олиши мумкин.                                                                                                                                                                                                                                                   Асқар Мамараимов,  Сурхондарё вилоят судининг судьяси

20 Ноябрь 2024 661

Матбуот котиблари бевосита, суд раислари масофадан...

Кеча вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг матбуот котиблари учун “Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари ходимлари билан ишлаш: муаммо ва ечимлар” мавзусида семинар бўлиб ўтди. Судьялар олий кенгаши ва Олий суд ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда матбуот котибларидан ташқари вилоят ва унга тенглаштирилган судлар раислари масофадан иштирок этди. Тадбирлар, катта ё кичикроқми, мутасаддилар иштирокисиз ўтмайди. Бироқ бу гал бироз бошқача йўл тутилди. Семинарнинг биринчи қисмида тизим раҳбарияти иштирок этмади, шу тариқа матбуот котибларига мавзу юзасидан бемалол ва эркин мулоқот қилиш, мавжуд муаммо ва уларнинг ечимлари бўйича ўзаро фикр алмашиш имконияти ҳавола этилди (раҳбар минг очиқ бўлмасин, ҳаммаям унинг олдида ўз фикрини бемалол айта олмаслиги бор гап). Бунинг натижасида судлар фаолияти тўғрисида жамоатчиликка ўз вақтида ва объектив ахборот бериш, тизим ҳақида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги танқидий чиқишларга тезкор муносабат билдириш, медиа вакиллари билан сифатли мулоқотни йўлга қўйиш борасидаги ишлар таҳлил қилинди, муайян камчиликлар, уларнинг  сабаб ва ечимлари очиқ, аччиқ ва ошкора муҳокама қилинди.  Ўзаро мулоқотда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тизим фаолияти бўйича қонунга хилоф ва асоссиз эълон қилинаётган чиқишлар судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлигига таъсирига алоҳида эътибор қаратилди. Ахборот хуружларига объектив ва тезкор муносабат билдиришнинг турли услуб ва шакллари, ахборот технологиялари имкониятларидан унумли фойдаланиш бўйича таклифлар ўртага ташланди. Шунингдек, судьяларнинг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигига доир Судьялар одоби кодекси қоидалари, бу жараёнда матбуот котибларининг вазифалари хусусида гапирилди. Алоҳида қайд этилдики, аҳолини судга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш тизим олдидаги устувор вазифа экан, бунда жамоатчилик билан алоқаларга масъул бўлган матбуот котиблари зиммасидаги вазифалардан келиб чиқиб, уларга лозим шароитлар яратишдан ташқари жойлардаги айрим суд раҳбарлари ахборот сиёсати масаласида қарашларини ўзгартириши лозимлиги ҳам очиқ айтилди.  Тадбирнинг иккинчи қисмида тизим мутасаддиларидан ташқари оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этди.  Улар иштирокида матбуот котиблари фаолияти юзасидан эътироф ҳам айтилди, эътирозлар ҳам билдирилди. Шунингдек, уларнинг малакаси ва фаолиятини самарадорлигини янада ошириш,  судлар фаолиятига доир сўровлар ва уларга жавоб бериш, бу борада юзага келаётган айрим тушунмовчиликлар, тизим фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари, ҳуқуқий тартибларига эътибор қаратилди. Бундан ташқари оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерларнинг ихтисослашуви зарурияти, “суд мухбирлари” корпусини шакллантириш эҳтиёжи, бу  борада суд органлари томонидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш масалалари ҳам семинар ишининг асосий мавзуларидан бўлди.

17 Ноябрь 2024 623
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech