Янгиликлар

Олти нафар судья фаолиятини янги муддатда давом эттиради

Бугун бўлиб ўтган Судьялар олий кенгашининг навбатдаги йиғилишида  ваколат муддати якунига етган айрим судьяларни ушбу лавозимда бўлишининг навбатдаги муддатига тайинлашга доир масала кўриб чиқилди. Муҳокама якунида улардан олти нафарига қайта ишонч билдирилди. Энди улар судьялик лавозимидаги фаолиятини янги (ўн йиллик) муддатда  давом эттиради. Судьялар олий кенгаши қарори билан: Ашуров Нодир Найимович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик, шундан беш йил муддатга Бухоро вилояти жиноят ишлари бўйича Олот туман судининг раиси лавозимига; Расулов Ойбек Мелисович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик, шундан беш йил муддатга Тошкент вилояти фуқаролик ишлари бўйича Қуйичирчиқ туманлараро судининг раиси лавозимига;  Хайдаров Шерзод Шухратович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Тошкент вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси лавозимига ; Кенжаева Нигора Эсанбоевна – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судининг судьяси лавозимига; Рахманов Рустамжон Нуъманович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг судьяси лавозимига; Ражабов Абдуқодир Амонович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Тошкент вилояти фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судининг судьяси лавозимига тайинланди.

18 Декабрь 2024 5175

Суд ва сунъий интеллект: махсус ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди

 Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ва Марказий Осиё Сунъий интеллект Ассоциацияси ташаббуси билан “Судлар фаолиятига сунъий интеллектни жорий этиш: имкониятлар ва муаммолар” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Анжуманда суд тизими ва ҳуқуқни мухофаза этувчи идоралар вакиллари, ҳуқуқшунос олимлари, ахборот-технология соҳаси вакиллари,  Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактабида  тингловчилар,  шунингдек вилоят ва унга тенглаштирилган судларининг судьялари (масофадан), оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори ( 14.10.2024 й.ПҚ-358-сон) билан Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш Стратегияси қабул қилинди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, сунъий интеллект технологиялари ривожланишининг жорий ҳолати ва хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаларини ҳисобга олган ҳолда мамлакатимизда сунъий интеллектни кенг қўллаш, жадал ривожлантириш мақсадлари, вазифалари ва устувор йўналишлари белгиланди.  Анжуманда судлар фаолиятига сунъий интеллектни жорий этиш орқали одил судлов сифатини янада яхшилаш, фуқароларнинг судга бўлган ишончини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Бу борадаги халқаро тажриба, судлар фаолиятига сунъий интеллектни жорий этишдаги муаммолар ва уларнинг ечимлари  хусусида сўз юритилди, илмий изланиш олиб бораётган олимлар ва мутахассислар мулоҳазаларини  тингланди. Конференция якунига кўра судлар фаолиятида сунъий интеллектни жорий этиш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди.

14 Декабрь 2024 880

Хос матбуот анжумани

 Кеча Ўзбекистон Республикаси Олий суд мутасаддилари ва Судьялар олий кенгаши вакиллари иштирокида хос матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирнинг хослигики, унга нафақат оммавий ахборот воситалари ходимлари, балки адвокатура институти вакиллари ҳам таклиф этилди. Бунинг сабаби бор, мавзу янги йилнинг биринчи кунидан фаолият бошлайдиган тергов судьяси институти, унинг асосий вазифа ва йўналишлари хусусида бўлиб, бундай тадбирда адвокатларнинг иштироки мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Чунки, одил судловни амалга оширишда адвокатуранинг алоҳида ўрни бор.  Матбуот анжумани анъанавий тарзда бошланди, бироқ қуруқ ахборот бериш билан чегаралангани йўқ. Қатъий регламент белгиланмагани,  кимда қандай савол, таклиф ёки мулоҳаза бўлса, етарли имконият берилиши натижасида тадбир жонли,  савол-жавобларга бой тарзда ўтди, ҳатто баҳс-мунозаралар ҳам кузатилди. Тадбирни бошқарган Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Икром Муслимов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида амалга оширилган  ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Айтилдики,  фармондан келиб чиқиб, тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш бўйича қонунчиликка зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга доир  ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси  парламент қўйи палатасига тақдим этилган. Шунингдек, тергов судьялари ва прокурорларнинг жиноят процессидаги вазифалари ва мажбуриятлари, судга қадар иш юритиш жараёнларида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича халқаро тажриба  ҳамда суд амалиёти бўйича хамкор халқаро ташкилотлар билан семинар-тренинглар ўтказилди. Бундан ташқари тергов судьяси институтидан мақсад ва унинг мазмун-моҳияти бўйича ҳудудларда учрашувлар, давра суҳбатлари ва маҳорат дарслари ташкил этилди. Ҳудудларда ўтказилган малака ошириш тадбирларида судьялар, терговчилар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари иштирок этди. Матбуот анжуманида жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судларида жорий этилган тергов судьялари корпуси шакллантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шу кунгача Судьялар олий кенгаши томонидан  жами 241 та тергов судьяси лавозими бўйича 236 та тайинловлар амалга оширилгани, йил охиригача мазкур лавозим штат бирликлари тўла шакллантирилиши алоҳида қайд этилди.  Тергов судьялари лавозимига муносиб номзодларни танлаш ва тайинлаш, уларнинг масъулият ҳамда ваколати юзасидан  етарлича саволлар берилди. Судьялар олий кенгаши вакиласи томонидан бу борадаги саволларга жавобан тайинловларга доир мезонлар, бу жараёнда тавсия этилган номзодларнинг тажриба ва фаолияти таҳлили бирламчи аҳамият касб этгани таъкидлаб ўтилди.  Қўшимча қилиндики, Олий суд, Судьялар олий кенгаши ва  Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактаби билан биргаликда жойлардаги судьялар билан бирга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ҳам амалий кўникмасини ошириш юзасидан семинар-ўқув машғулотлар бошланиши арафсида, бу ҳам фармон ижроси бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг узвий давоми ҳисобланади. Қарйиб икки соат давом этган матбуот анжуманида, кутилганидек, журналистлар асосан саволлар берди, адвокатлар эса саволлардан ташқари мулоҳаза ҳам билдирди, таклифлар илгари сурди.  Барча саволларга атрофлича жавоблар берилди. Билдирилган айрим мулоҳазалар бўйича кичик мунозаралар юзага келса-да, бироқ ҳеч ким малол олгани йўқ. Таклифларнинг эътиборли ва асослилари мамнуният билан (ўрганиб чиқиш учун) қабул қилинган бўлса, баҳслиларига ўрнида ойдинлик киритилди.

14 Декабрь 2024 711
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech