Янгиликлар

Кенгаш вакиллари халқаро конференцияда иштирок этмоқда

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида “Суд бошқарувининг халқаро тенденциялари” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтмоқда. Суд бошқаруви халқаро ассоциацияси (IACA) томонидан ташкил этилган халқаро анжуманда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг икки нафар аъзоси - Хуршид Садиков ва Хуснидин Камолов иштирок этмоқда. Олтмишдан зиёд давлатдан келган 300 нафарга яқин делегатлар иштирокида ўтаётган халқаро анжуманда суд бошқарувининг аҳамияти ва суд ишларини кўришда сунъий интеллектни жорий этиш масалаларини муҳокама қилиниб, ўзаро тажрибалар алмашинмоқда. Куни кеча вакилларимизнинг “Сунъий интеллектни бошқаришда халқаро стандартларнинг ўрни” мавзуидаги маърузаси табдир иштирокчилари эътирофига сазовор бўлди. Маъруза доирасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари тўғрисида ҳам атрофлича маълумот берилди. Эслатиб ўтамиз, Судьялар олий кенгаши Суд бошқаруви халқаро ассоциацияси(IACA) аъзолигига 2024 йилда қабул қилинган.

19 Ноябрь 2025 233

Хато, жазо ва имконият

2025 йил 23 октябрь куни “Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Ушбу қонун, кейинги йилларда вояга етмаганларнинг ҳуқуқ, манфаат ва эркинликларининг давлат томонидан кафолатлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар натижаси бўлиб, унда ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахсни судланмаган деб ҳисоблашиши алоҳида қайд этилди. (Изоҳ: жиноят қонунчилиги бўйича вояга етмаган шахс деганда 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахслар тушунилади).  Маълумки, судланганлик деганда жиноят содир этган шахсга нисбатан суд ҳукми қонуний кучга кирганидан кейин вужудга келадиган ҳуқуқий ҳолат тушунилади. Судланганликнинг мавжудлиги шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига тўғридан-тўғри таъсир қилмайди. Бироқ қонунларда белгиланган тартибда муайян чекловлар юзага келиши мумкин.  Хусусан, судланганлик муддати мобайнида шахс қасддан янги жиноят содир этса, бу жазони оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланади. Шунингдек,  Жиноят кодексининг 65, 66, 661-моддаларида назарда тутилган жавобгарликдан озод қилиш, шартли ҳукм қилиш (Жиноят кодекси 72-моддаси), жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш (ЖК 73-модда), жазони енгилроғи билан алмаштиришни (ЖК 74-модда) каби нормалар ҳам қўлланмаслигига олиб келади. Судланганлик  ҳолати шахс учун умумий оқибатларни ҳам келтириб чиқариши мумкин. Жумладан, айрим давлат хизматига қабул қилишда чекловларга, айрим лицензия ва рухсатномалар олишдаги тўсқинликлар (масалан, қўриқлаш хизматлари бўйича) дуч келади, фарзандликка олиш ва бошқа масалаларда ҳам бу ҳолат ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Юқоридаги баёнлардан келиб чиқилса, қайд этилган қонунга биноан вояга етмаган вақтда жиноят содир этган ва жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланишига оид янги норма аҳамияти янада ёрқинроқ кўринади. Фақат бунда истисно тариқасида вояга етмаган шахс ўта оғир жиноятлар учун жазони ўтаб бўлганидан кейин 18 ёшга етгунча қасддан янги жиноят содир этган бўлса, бу норма қўлланилмайди ва шахс судланган деб ҳисобланади. Бунинг амалий аҳамияти шундаки, бу қоида ёшларнинг келажакдаги таълим, ишга жойлашиш ва ижтимоий ҳолатига салбий таъсирларни бартараф қилади, «судланган» деган маълумотнома ва архив маълумотларидаги қайдни автоматик йўқ қилади, вояга етмаган шахсларнинг кейинги ҳаётини қайта қуришга ижобий таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, ушбу қонун билан озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилишнинг энг кам муддати қисқартирилди, яъни вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилишнинг энг кам муддати 6 ойдан 1 ойга, озодликни чеклаш жазосининг энг кам муддати ҳам 6 ойдан 1 ойга туширилди. Яъни, вояга етмаганлар учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси сўнгги чора бўлиши кераклиги, қисқа муддатли жазо тартибни бузувчи кучли оқибатларсиз тарбия таъсирини сақлаб қолишга ва яхши хулқ-атворли ёшларни жамиятдан узоқ муддатга ажратмасликка хизмат қилади. Ўзбекистон Республикаси “Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги  қонунининг ижтимоий ва ҳуқуқий аҳамияти шундаки, ушбу қонун жиноят содир этган ёш шахсни жазолашдан кўра, уни тўғри йўлга қайтариш устувор аҳамият касб этади. Энг муҳими, жиноят-ҳуқуқий сиёсатида инсонпарварлик тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, судланганлик тамғасини бартараф қилади, қайта жиноят содир этиш эҳтимолини камайтиради, вояга етмаганларга нисбатан жиноий жазоларни янада енгиллаштиради ва бу ёшларнинг келажакдаги билим олиши, ишга кириши ва жамиятга интеграциясини осонлаштирадики, пировад мақсад ҳам шу, аслида.  Шерзод Абдуқодиров,  жиноят ишлари бўйича Бўка туман судининг раиси

18 Ноябрь 2025 425

Тўрт нафар номзод илк бор судьялик лавозимига тайинланди

Бугун бўлиб ўтган Судьялар олий кенгашининг очиқ танлов шаклидаги йиғилишида бир неча нафар номзодларни судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига тайинлашга доир масала ҳам кўриб чиқилди. Муқобиллик асосида кечган жараён якунида тўрт нафар номзод судьялик лавозимига муносиб деб топилди. Судьялар олий кенгаши қарори билан: Исомов Шоҳжаҳон Музафарович ‒ судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига Сирдарё вилояти фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судининг судьяси лавозимига; Мардиева Умида Алишеровна ‒ судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг судьяси лавозимига; Рахмонов Йўлбарс Абдувахоб ўғли ‒ судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига Андижон вилояти жиноят ишлари бўйича Қўрғонтепа туман судининг раиси лавозимига; Эркабоев Отабек Аҳаджон ўғли ‒ судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига Андижон вилояти жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг тергов судьяси лавозимига тайинланди. Шунингдек: Нажимов Мийрбек Аймановични судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига фуқаролик ишлари бўйича Чимбой туманлараро судининг судьяси лавозимига тайинлаш мақсадга мувофиқ деб топилиб, бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига тақдимнома киритилди.

13 Ноябрь 2025 3954
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech