Янгиликлар

Замонавий дунёнинг энг машҳур судьяси — Фрэнк Каприо

Иши судга тушганнинг аксари негадир прокурор ёки судяни ёмон кўради. Гарчи иккиси ҳам ҳақиқат тарафдори бўлса-да, стереотиплар шаклланиб бўлган. Лекин америкалик судья Фрэнк Каприони биров ёмонотлиқ қилолмайди. Аксинча, уни “замонавий дунёнинг энг одил судяси” дейишади. Унга бундай юксак баҳо беришларига сабаб нима? Нега миллионлаб мухлиси унинг фаолиятини кузатади? Фақат одиллик, адолатга суянгани учун шуҳрати баландми? Ё ижтимоий тармоқ, телевидениенинг кучи ортидан донг қозонилдими? “Одам бўламан десанг – ўқи!” Фрэнк (Франческо) Каприони ўзбекистонликлар ҳам Муҳаммадобид воқеасидан кейин яхшироқ таниди. Судья жиноят, шов-шув қўзғатадиган ёки жанжалли ишларни кўрмайди. Маҳаллий, асосан, йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмаганлар билан боғлиқ ҳолатлар бўйича қарор чиқаради. Аммо шугина билан ҳам обрўси манаман деган судья, сиёсатдон, депутатдан баланд. “Отам сут ташувчи эди, — деб эслайди у. — Акам (Антонио) иккимизни тонгги тўртда уйғотарди. “Агар келажакдаям шу ишни қилишни хоҳламасангиз, мактабда аълога ўқиб, одам бўлинг!” дерди. Мана шу хотирамга муҳрланган”. 86 ёшни қаршилаган судя болаликда қора меҳнатнинг ҳар турида ишлаб кўрган: сут ташиган, идиш-товоқ ювган, газета тарқатган, ўткинчиларнинг пойабзалини тозалаб, рўзғорга қарашган. Род Айленд штатидаги италиялик муҳожирлар кварталида туғилган Каприо отасининг асосий ёрдамчиси бўлган. Акаси, кейинчалик укаси ҳам қаторга қўшилгач, уч ўғил оиланинг дастёри, даромадга ҳисса қўшадиган ишчиларга айланади. Камбағалликдан қутулиш ва одамдек яшаш отасининг азалий орзуси эди. Муҳожир ота саводи ҳаминқадарлиги учун болалари илм олиши, дуруст шароитда ўқишига алоҳида эътибор беради. Дарс пайтигача сутларни ташиб улгурган уч ўғилнинг ўқиб-ўрганишига қаттиқ туради. Назоратни сусайтирмайди. Аввал коллеж, сўнг университетни тамомлаган Фрэнки ойлиги дуруст, қора меҳнатдан узоқ дея ўқитувчиликни танлайди. Провиденсдаги Ҳоуп мактабида Америка ҳуқуқидан бир муддат дарс беради. Аммо юридик факультетда ўқиш, даромади тузук ишда ишлаш нияти пишиб-етгач,  Бостондаги Саффолк ҳуқуқ мактабига йўл олади. Ўқиш баробари педагогликдан ҳам узилмайди. Кундузи дарс бериб, кечалари маърузаларга қатнашади. Шаҳар судьялигигача Каприо адвокат, юридик маслаҳатчи, орада бир муддат ҳарбий хизматда омадини синайди. Маълум вақт сиёсат билан ҳам шуғулланади. Аммо таълимдаги ислоҳотлар, талабаларни қўллаб-қувватлаш муҳимроқлиги учун 1985 йилгача олий таълим бўйича Род Айленд бошқарув кенгаши раислигида қолади. Иқтидорли, аммо молиявий кўмакка муҳтож талабаларни қўллаш учун алоҳида стипендиялар таъсис этади. “Провиденсда тутилган” кўнгилочар шоу эмас 2017 йили АҚШнинг Род Айленд штати Провиденс шаҳрида антиқа кўрсатув намойиши бошланади. Шаҳардаги энг кекса судья бошчилигидаги суд жараёнлари тўғридан тўғри эфирга узатилади. Олдиндан ёзиб олинмайдиган, бари табиий ва ҳаққоний суд жараёни Caught in Providence (“Провиденсда тутилган”) номи билан илк сонияларданоқ мисоли вирусдек тарқалади. Кўрувлар сони ўша кунлари 15 миллионга чиқади. Вақт ўтиб, YouTube, Facebook’да мунтазам узатиладиган дастур сонлари 400 миллионлаб кўрилади. “Провиденсда тутилган” ҳақиқий кўрсатувга айлангунича фақат YouTube’га қисқа-қисқа видеолар шаклида жойланган. Кейин шаҳардаги ABC6 телеканали дастурнинг муваффақиятини баҳолаб, эфир сеткасидан жой ажратади. Қайсидир маънода судьянинг элга танилиши ва дунёга чиқишига шу кўрсатув сабабчи. Буни Каприо ҳам интервьюларида таъкидлайди. Унинг айтишича, бошида ишонқирамаган, лекин вақт ўтиб аудиториясини йиққан дастурнинг 2023 йили чиққан айрим видеоларининг кўрувлари сони 2 миллиардга етган. “Провиденсда тутилган” шунчаки кўнгилочар шоу ёки суд жараёнини ёритувчи кўрсатув эмас. Бу судья аслида қандай бўлиши, адолат мезонларига қандай риоя этиши, ҳукм чиқаришда ҳукмфармо нималарга эътибор бериши ҳақидаги реалитидир. “Бу курсида ўйин-кулги кўрсатиш учун ўтирганим йўқ, — деганди у, — бурчим адолатни юзага чиқариш”. Кўрсатувни оила аъзолари тайёрлайди. Дастур қисмларини судьянинг укаси Жо суратга олади. Жонинг рафиқаси Ирен эса ижрочи продюсер. Судьянинг ўғиллари Жон, Дэвид ҳам дастур продюсерлари. Дастур учун алоҳида тайёргарлик кўрилмайди. Ҳаммаси табиий, жараён қандай кечса, шу тариқа кадрга муҳрланади. “Аввалдан дастурга ҳозирланиш деган гап йўқ, дея тасдиқлаганди буни судьянинг ўзи. — Бир кунда 80 кишининг ишини кўраманми ёки 10 нафариними, аниғини билмайман. Рўпарамда айбдор тураркан, уни тушунишга ҳаракат қиламан. Айниқса, бугунги замонавий дунёда кўпчилик моддиятдан сиқилган бўлади. Ёлғиз ота-оналарнинг даромади ҳаминқадар, болаларимни боқишим керак деган ғам-ўйда яшайди. Ўзимни уларнинг ўрнига қўйишга ҳаракат қиламан: бу вазиятда қандай чора кўрардим? Отам-чи, нима қилган бўларди, дейман”. “Судда инсон борлиги сезилсин!” Каприо одатда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун белгиланган жарима ишларини кўради. Жарималарни камайтириб ёки бутунлай бекор қилиши, инсонларни эшита билгани учун уни “энг одил ҳакам” дейишади. Ҳар бир айбдорнинг дарди, қоида бузганининг сабабини битталаб сўрагачгина якуний қарорини кўпинча тўловчининг фойдасига ҳал этади. Атрофдагилар эса уни кўнгли бўш, юмшоқликда айблашади. Қаттиқ туриб, жаримани каттароқ солиш судьянинг вазифаси, дея норози бўладиганлар ҳам топилади. Аммо у бундайларга қарата: “Айбдорлар мени алдай олмайди. Ишчи қатламнинг қандайлигини яхши биламан. Ўзим ҳам шулар орасидан чиққанман, — дейди. — Тўғри, гоҳи қилинган жиноятдан енгилроқ жазо тайинлайман. Аммо айбдорга катта жарима солсаму у ҳам индамай тўласа, виждоним қийналади, азобланаман. Мен судьяман, киримларни кўпайтирадиган амалдор эмас”. Судья ота-оналарга кўпроқ ён босади. Ундан нега бундай қилишини сўрашганида: “Ҳа, биламан, аёл қизил чироқда ўтиб кетибди. Лекин, биласизми, унинг ҳаётида муаммолари шунчалик кўпки, жарима унинг бахтсизлигини янаям оширворади. Болаларини боқолмай қийналиб қолиши ҳам мумкин. Эҳтимол, кимдир “Қонун – бу қонун! Жарима тўласин!”’ дейиши аниқ. Аммо ҳаммаси шунчалик оппа-осон бўлса, унда судьянинг нима кераги бор? Ҳиссиз қўғирчоқни қўйган маъқул-ку: “Айбдор. Айбсиз” деб туриши учун. Судда инсон борлиги сезилсин”, деганди. Яна бир интервьюсида эса отасидан ўрганганларини суд жараёнида қўллашини келтирганди: “Отам бир умр сут етказиш билан шуғулланган. У ишлаган компаниянинг битта қоидаси бўларди. Агар қарздор икки ҳафтадан кейин қарзини узмаса, сут етказиб бериш шартта тўхтатиларди. Лекин отамнинг бир гапи эсимдан чиқмайди: “Мабодо ўша қарздорнинг болалари бўлса, уларни сутдан ҳечам қисиб қўймайман, етказавераман”. Баъзан чўнтагида бир-икки доллари бўлса, ўшаларга берарди. Отам гапи биланмас, амалда бизга ўрнак эди”. Каприонинг қизиқ одати бор. Суд залига болалари билан келганларнинг ишини айрича синчковлик билан кўради. Ҳатто болажонларни ёнига чақириб, бирга ҳукм чиқаришни сўрайди. “Бу ўта қўрқинчли тажрибадек кўриниши мумкин, — деганди у. — Болалардан ота-онасига жарима солишда ёрдам беришини бекорга сўрамайман. Улар ўта адолатли бўлади. Ҳатто ота-онасигаям шафқат қилмайди. Одиллик фитратида бўлади. Агар болажон кўз ўнгида чўнтагида ортиқча пули йўқ, даромади ҳаминқадар ота-онага бақириб, нафрат сочиб жарима қўлласам, унинг шуурида бир умрлик чандиқ қолдириб, кейинги ҳаётини заҳарга айлантирган бўламан”. YouTube фойдаланувчилари ҳам судянинг адолатли ҳукми ва софдиллигидан миннатдор. “Судя Каприо ажойиб инсон. У сабаб болаларимиз қонундан қўрқишни эмас, ҳурмат қилишни ўрганди. Агар ҳуқуқни ҳимоя қилувчи тузилмаларда шундай инсонлар кўпайса ва ишласа, мамлакатимиз қандай ўлкага айланишини кўргим келади”, деб изоҳ қолдиради бир томошабин. Судьянинг мухлислари талай. Ҳатто Италия, Абу Дабида ҳам миллионлаб томошабин у бошлиқ судларни битта қолдирмай кўради. Судланувчиларга ёрдам бериш ниятида Каприо 2021 йили онаси хотирасига Филомена фондига асос солади.  Жарима тўлашга қурби етмаганларга фонддан пул ажратиб, қўллаб-қувватлайди. Бунга Индианадан болаларини бир ўзи боқаётган ёлғиз онанинг юборган мактуби сабаб бўлади. Фрэнк Каприо рафиқаси Жойс Каприо билан 50 йилдан бери тотув яшаб келмоқда. Беш бола, етти набира, икки эвараси бор. Судья замон билан ҳамнафас яшашни, ҳаётдан завқланишни яхши кўради. Буни унинг Instagram саҳифасидаги суратлари, оилавий фотолари тасдиқлайди. “Идорамда акам иккимиз тушган сурат бор. Ўнга киргандим, акам эса уч ёшлар катта эди мендан. Бу ўша кунлари, саҳармардонлаб 4 да турган, гўё очликдан териси суякка ёпишиб, афтодаҳол болакай бўлиб юрган пайтларимда олинган. Суратга ҳар куни қарайман ва юрагимдан “мен кимман” деган савол ўтади. Болалик пайтим отам бир тарафдан, онам бошқа томондан берган ўгитларини эслайман. Мен бор-йўғи Фрэнки исмли, Провиденсда Федерал Ҳилл деб аталган, италян муҳожирлари қўним топган масканда туғилган кимсаман – буни ҳеч қачон унутмайман”, дейди у. Чарос Низомиддинова тайёрлади. ( Манба: hudud24uz)

21 Август 2023 1861

ИМКОНИЯТЛАР КАЛИТИ

Китоб — одамзоднинг энг буюк кашфиётларидан бири. Ҳар қандай жамиятнинг тараққиёти китобхонлик даражаси билан чамбарчас боғлиқ. Бинобарин, мутолаа сув ва ҳаводек зарур бўлган энг муҳим ҳаётий эҳтиёждир. У муваффақият ва саодат эшикларини очувчи имкониятлар калити ҳисобланади. Бунга ҳаётдан жуда кўп мисоллар келтириш мумкин. Судьялик фаолиятида ҳам китоб мутолааси ўта муҳим ўрин тутади. Судья доимий равишда китоб мутолаа қилиши зарур. Хўш, ҳозирда судья­лар қандай китобларни ўқимоқда? Уларнинг китобхонлик, мутолаага муносабати қандай? Бўлғуси ва ёш ҳамкасбларига қайси китобларни ўқишни тавсия қилади? «Куч-адолатда» газетасида бу каби саволларга жавоб топиш мақсадида “Мутолаа эҳтиёжи” деб номланган янги рукн ташкил қилди. Унда судьяларнинг китоблар ва китобхонликка оид фикр-мулоҳазалари, таклиф ҳамда тавсиялари эълон қилиб борилади. Қуйида уларнинг дастлабкиси билан танишасиз. Ҳеч кимга сир эмаски, ҳар қандай низони ҳал қилиш, адолатли ҳукм чиқариш судьядан аввало катта билим, таж­риба ва юксак маънавиятни талаб этади. Фақатгина қонунларни ўқиш ишнинг ҳақиқий ҳолатини аниқлаш ва вазиятни тўғри баҳолаш учун кифоя эмас. Судьянинг китобхонлиги аввало унинг фикрлаш доирасини кенгайтиради, муаммо ечимини топишда тўғри йўл тутиши, ўз касбига ҳалоллик ва поклик билан ёндашишига ёрдам беради. Китоб мутолааси судьянинг маданиятли, маънавиятли инсон бўлиб шаклланиши гаровидир. Чунки судьялик маданияти касбий маҳорат билан ахлоқий сифатларнинг ўзаро уйғунлашуви маҳсули ҳисобланади. Судьялар одоби кодексининг 10-моддасида судья ўз мажбуриятларини лозим даражада бажариши учун ўз малакаси ва касбий билимларини мунтазам ошириб бориши, амалий кўникмаларини ва шахсий фазилатларини янада такомиллаштириши шартлиги, шу мақсадда судья мустақил таълим олиш имкониятларидан фойдаланиши ва мунтазам равишда давлат малака ошириш тизимида қайта тайёргарликдан ўтиши кераклигига оид қоидалар белгилаб қўйилган. Зотан, судьянинг китоб мутолаа қилиб туриши унинг нафақат профессионал касбий маҳоратини, балки жамиятдаги мавқеининг ортиши, фуқаролар билан муомала маданиятини юксалиши, нутқ маданияти ва сўз бойлигини кенгайтиришга ёрдам беради. Шу кунларда мен ёзувчи Набижон Боқийнинг “Қизил тош­бўрон” ҳужжатли романини ўқияпман. Ушбу асар Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган. Маълумки, Ҳамза Ҳакимзода ҳақида жамаотчиликда турли тасаввурлар шаклланган: кимдир уни қизил империяга хизмат қилган шахс, бошқалар фидоий маърифатпарвар сифатида эътироф этади. “Қизил тошбўрон” романида архив ҳужжатлари асосида зиддиятли шахс ҳақидаги ҳақиқатлар бадиий усулда баён этилган. Асар тили равон, ўқувчини зериктирмайди, завқ билан ўқилгани учун ҳамкасбларимга уни ўқиб чиқишни тавсия қиламан. Жамол Чориев, Олий суд судьяси, Ўзбекистон Судьялар клуби бошқарувчиси   (“Куч – адолатда” газетасининг 2023 йил, 18 август, 37-сонидан олинди)

19 Август 2023 1357

РАСМИЙ БАЁНОТ

Судьялар олий кенгаши ижтимоий тармоқдаги YouTube  платформасидаги “Нaqiqat ovozi” каналида эълон қилинган “Қачонгача судьялар шаффоф судга норози бўлишади?” (муаллиф: блогер Шуҳрат Шон) видеоматериалига нисбатан жиддий эътироз билдиради.   Тасвирлардан кўриниб турибдики,  ўзини блогер деб таништирган (аммо шахсини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этолмаган) шахс сайёр суд мажлисига қўл телефони камерасини ёққан ҳолда тўғридан-тўғри бостириб кириб, судьяни саволга тутади.  Рухсатсиз сайёр суд мажлисига кириб, жараённи видеотасвирга олаётганига нисбатан  судья билдирган эътирози ва мавжуд талабларни тушунтиришига жавобан блогер турли важлар билан унинг ўзига босим ўтказади. Блогерга мавжуд тартиб ва қоидаларни тушунтириш, хатти-ҳаркатларини тўхтатишга чақириш натижа бермагани оқибатида судья сайёр суд мажлисини тўхтатишга мажбур бўлади.  Блогер эса судьянинг ортидан тасвирга олиш ишларини давом эттираркан, уни барча иштирокчилар олдида “шаффофликни таъминламаслик”да  айблайди, сўнг бошқа иштирокчиларни суҳбатга тортган ҳолда воқеликка ўзгача тус беришга тушади ва ҳоказо, ҳоказо... Жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман суди судьясининг мурожаатига кўра, Судьялар олий кенгаши томонидан ҳолат ўрганилганда воқелик 2023 йилнинг 14 август куни соат 12.00. чамасида туманнинг Янгиқўрғон маҳалласида юз бергани маълум бўлди.  Шу куни жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман судида мазмунан кўриб чиқилаётган А. Т.га оид жиноят иши доирасида судга оид ер экспертизаси тайинланганлиги сабабли ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани айтилаётган ер майдонини кўздан кечириш учун  сайёр суд мажлиси ўтказилаётган бўлган. Сайёр суд мажлиси бошқа суд мажлислари каби тегишли процессуал тартиблар асосида ўтказилади. Унда ишдаги тарафлар ва бошқа иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тартибга солинган бўлиб, ҳамма, жумладан, суд жараёнини ёритиш учун  келган блогер ҳам риоя этиши шарт.  Яъни, “сайёр”  деган сўз бундай суд мажлисига тўғридан-тўғри бостириб кириб, ўз билганича жараённи тасвирга олиш, судьяни саволга тутиш мумкинлигини англатмайди. Видеоматериалдан “блогер Шуҳрат Шон” ўз хатти-ҳаракатлари билан судга нисбатан ҳурматсизлик ва суд мажлиси тартибини бузганлигини  кўринади.  Бунинг учун қонунчиликда жавобгарлик белгиланган.              Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

17 Август 2023 2427
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech