Янгиликлар

Шошма-шошарлик эмас, андек эътиборсизлик...

Қурилмани бузиш ёки кўчиришга оид суд қарорлари ёки уларнинг ижроси доир хабарлар кишининг хушёр торттириши аниқ. “Advokat_Abdullayev”да (“Telegram” мессенжеридаги канал) эълон қилинган шу мазмундаги хабар  хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. Унда фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди томонидан Игамбердиевага нисбатан ўзбошимчалик билан қурилган қурилмани бузиш ва ер майдонини аввалги ҳолатига келтиришга оид суд қарори ҳақида гап кетар экан, муаллиф ҳали қонуний кучга кирмаган суд қарори ижрога қаратилганига урғу беради. Яъниким, 2023 йилнинг 6 январда чиққан ҳал қилув қарори судья томонидан гўёки 15 янаврь куни қонуний кучга киргани билдирилиб, Мажбурий ижро бюросига хат чиқарилган... Хабарни ўқиган тармоқ фойдаланувчилари қандай муносабат билдираётганини тасаввур қилаётган бўлсангиз керак? Аслида-чи? Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судида юқори қайд этилган низоли иш кўриб чиқилгани тўғри. Қабул қилинган ҳал қилув қарори ижрога қаратилгани ҳам рост. Айни жараёнда муаллиф гумон қилганидек судья шошма-шошарликка эмас, бироз эътиборсизликка йўл қўйган. Эътиборсизликки, ҳал қилув қарори (ижрога чиқарган ҳужжатда қайд этилганидек) “15 янаврь” куни эмас, балки “6 февраль” куни қонуний кучга кирган. Буни суд ҳужжати ижрога айнан “6 февраль” санасида чиқарилгани ҳам айтиб турибди. Демакки, муаллифнинг "...судьяларга суд қарорларининг қонуний кучга кириши муддатларини мустақил белгилаш ваколати берилдими?" деган писандаси ортиқча. Мавжуд ҳолат техник хусусиятга эгалиги ва ўз вақтида бартараф этилгани, муҳими, жиддий оқибат келтириб чиқармагани эътиборидан судьяга янада хушёр ва эътиборли бўлиш лозимлигини таъкид этиш кифоя. Қолаверса, ижро ҳаракатлари аллақачон тўхтатилган. Негаки, мазкур фуқаролик иши айни пайтда юқори суд инстанциясида кўриб чиқилмоқда. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

17 Апрель 2023 1232

Қаршида халқаро тадбир ташкил этилди

Судьялар олий кенгаши томонидан Қарши давлат университетида “Одил судлов тизимини демократлаштиришнинг конституциявий асосларини такомиллаштириш – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг энг муҳим омили" мавзусида халқаро давра суҳбати  ташкил этилди.  Халқаро экспертлар, суд тизими масъуллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида бўлиб ўтган тадбирда мамлакатимизда изчил давом этаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ва уларнинг ижобий натижалари эътироф этилди. Хусусан, судьялик лавозимга тайёрлаш, уларни танлаш ва тайинлашнинг мутлақо янги тизими жорий этилди.  Номзодларни очиқ танлов ва муқобиллик асосида тайинлаш, айни жараёнга илғор ахборот технологиялари  жорий этилиши натижасида  инсон омили кескин чеклади. Бунда ўзгаришлар тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш баробарида одил судлов тизими демократлаштиришга ҳам хизмат қилмоқда. Тарихан қисқа даврда инсон ва унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилган бундай муҳим ўзгаришлар мавжуд конституциявий-ҳуқуқий асосларни янада такомиллаштириш эҳтиёжини пайдо қилди. Шундан келиб чиқиб, Янгиланаётган Конституцияда одил судлов тизимини демократлаштириш борасида конституциявий асосларни такомиллаштириш, инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, судлар мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини кучайтиришга билан боғлиқ янги нормалар киритилмоқда. Шу боис тадбирда  одил судловни самарали амалга оширишда суд ҳокимияти мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигига оид янги нормалар  аҳамияти ва мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталинди. Жумладан, судьяларнинг муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги, улар муайян ишнинг муҳокамасидан четлаштиришга, унинг ваколатларини бекор қилишга ёки тўхтатиб туришга, бошқа лавозимга ўтказишга фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра йўл қўйилиши мустаҳкамланиши ҳам судьялар мустақиллигининг муҳим кафолати эканлиги ҳақли равишда эътироф этиб ўтилди.  Шунингдек, фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилиш ҳуқуқи ҳам белгиланаши   инсон ҳуқуқлари олий қадрият эканининг яна бир ҳуқуқий  асоси  сифатида қайд этилди.  Тадбир ниҳоясида одил судловни амалга оширишдаги узоқ йиллар самарали фаолият кўрсатган бир неча нафар нафақадаги судьяларга “Суд фахрийси” кўкрак нишони, тадбир иштирокчиларига Судьялар олий кенгашининг эсдалик совғалари топширилди. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

16 Апрель 2023 989

«Суд назорати институти»: янгиланаётган Конституциядаги бу тушунча нимани англатади?

Конституциявий ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларидан бири бу шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш кафолатларини мустаҳкамлашдан иборат. Ушбу жиҳатдан жиноят процесси иштирокчиларининг процессуал ҳуқуқларини таъминлаш масалалари алоҳида долзарбдир. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг 27-моддасида ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши белгиланган. Шу билан бирга, шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас. Ушбу қоидалар суд назоратининг алоҳида тури бўлган “Хабеас корпус” институтига тегишли. “Хабеас корпус” - махсус қонунчилик ҳужжати бўлиб, 1679 йил 26 майда Англия парламенти томонидан қабул қилинган. Ушбу ҳужжатга кўра, қўриқчилар, қамоқхоналар ёки шахсни ушлаш ёки ҳибсга олишда иштирок этган бошқа шахслар ушлашга рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилиш учун ушланган шахсни лордга ёки судьяга олиб келишлари керак еди. Айбланувчи ёки гумон қилинувчини ушлаб туриш тартиби устидан суд назоратини ўрнатиш жиноят процессида шахснинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда катта аҳамиятга эга. Ўзбекистонда “Хабеас корпус” институти 2008 йилдан бошлаб, қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи прокуратурадан судларга ўтказилгандан бери жорий этилган. Кейинги йилларда тергов устидан суд назоратининг ушбу шакли процессуал мажбурлаш чораларига ва шахснинг дахлсизлиги билан боғлиқ бир қатор тергов ҳаракатларига рухсат бериш ҳуқуқини бериш орқали аста-секин кенгайтирилди. Бугунги кунга келиб, суд томонидан рухсат бериладиган процессуал мажбурлов ва тергов ҳаракатларининг сони 10 турга етди. Буларга қуйидагилар киради: қамоққа олиш, лавозимидан четлаштириш, тиббий муассасага жойлаштириш, амнистия актини қўллаш, уй қамоғи, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, мурдани эксгумация қилиш. Шу билан бирга, суд назорати институти доимий равишда ривожланиб бормоқда ва ҳозирда унинг қамровини кенгайтириш назарда тутилмоқда. Жумладан, тинтув ўтказиш, телефонлар орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, мол-мулкни хатлаш ваколатини судларга бериш режалаштирилмоқда. Халқаро тажрибага эътибор қаратсак, суд назорати институти Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 9-моддасида мустаҳкамланган. Ушбу моддага мувофиқ жиноий айблов бўйича ҳибсга олинган ёки ушлаб турилган ҳар бир шахс зудлик билан судья ёки қонун бўйича суд ҳокимиятини амалга ошириш ҳуқуқи бўлган бошқа мансабдор шахс ҳузурига келтирилади ва оқилона муддатда суд муҳокамаси ўтказилиши ёки озод қилиб юборилиши ҳуқуқига эга. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 9-моддасида ҳеч ким асоссиз қамалиши, ушланиши ёки қувғин қилиниши мумкин эмаслиги қайд этилган. Суд назорати институти АҚШ, Германия, Италия, Испания, Австрия, Буюк Британия, Португалия ва бошқа мамлакатлар Конституцияси нормаларида акс этган. Шу билан бирга, бир қатор давлатларда қабул қилинган қарорнинг холислигини таъминлаш учун жиноят ишини тергов қилиш устидан суд назоратини амалга оширадиган, тергов ҳаракатлари ва эҳтиёт чораларига рухсат берувчи махсус тергов судьяси лавозими мавжуд. Мазкур лавозим Германия, Австрия, Италия, Бельгия, Голландия, Латвия, Литва, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа давлатларда жорий этилган. Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида суд назорати институти катта аҳамиятга эга. Мазкур тамойилнинг жорий этилиши жараён иштирокчиларининг ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлайди, уларни мансабдор шахслар ва жиноий таъқиб қилиш функциясини бажарадиган органларнинг ноқонуний ҳаракатларидан ҳимоя қилади. Суд назорати институтининг кенгайиши жиноят процессида шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг умумэътироф этилган халқаро стандартларини жорий этиш имконини беради. Людмила Югай,юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Шохжаҳон Хўжаев,юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Манба: Xabar.uz

12 Апрель 2023 1032
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech