 
                                    Судьялар олий кенгаши IOJT аъзолигига қандай қабул қилинди?
 
                                    “Шошманг, Сизга яна битта совға бор”
 
                                    Ўқув-машғулотлар: кимлар келди, қайси мавзуларда кўпроқ гапирилмоқда?
 
                                    “Хотиржам яшашга лойиқ бўлинг...” – Мирзо-Улуғбек Абдусаломов
 
                                Инсон табиати шундай: на иссиққа кўнади, на совуққа?! Бефарқ бўлмаган тоифа вакиллари, хусусан, айрим адвокатларнинг ижтимоий тармоқлардаги Судьялар олий кенгаш фаолияти ҳақида гоҳ эътироф, гоҳ эътирозли мулоҳазалари хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. Эътирофларга ташаккур айтган ҳолда эътирозлар, асосан, Кенгаш фаолиятининг очиқлигига оид бўлиб, бунда фақат “лавозимидан озод этилган судьялар” ҳақидаги ахборотларгина тушунилаётгани, асосий гап ҳам яккаш шу мавзу атрофида кечаётганини кузатиб, нима, бундан бошқа масалада Кенгаш фаолиятида очиқлик ва шаффофлик кўринмаяптими ёки кўрмаяпсизларми, дегинг келади... Ҳафта аввал “Telegram” мессенжеридаги “Bastion” каналида чоп этилган мақолада Кенгаш лавозимидан озод этилган судьялар ҳақида жамоатчиликка очиқ ахборот бериб, бу билан гўёки “ўзини ишлаётган қилиб” кўрсатаётгани иддао қилинганди. Унга Судьялар олий кенгаши матбуот хизматининг муносабати чоп этилганидан кун ўтиб, шу каналда яна бир мақола эълон қилиндики, унда лавозимидан озод этилган судьялар ҳақидаги ахборотларга эътироз оҳангида “буни қандай изоҳлаш мумкин?” дея савол қўйилади. Ушбу материал ҳали совуб улгурмай орқасида адвокат А. Абдуллаевнинг мақоласини (кўчириб) босди. Адвокатнинг мазкур мақоласи, Кенгашнинг қайд этилган жавобидан сўнг, “Bastion”чилар учун ташна пайтда топилган чашма бўлди чоғи, унда ўзлари эълон қилган мақоладаги фикрлардан айрича мулоҳаза юритилганига унча эътибор бермаган кўринади (канал масъуллари “биз эркин фикрлар минбаримиз!”дейишларидан аввал аксарият материаллари “муаллифлари” аноним эканини эслатиб, бу фикр эркинлиги тамойилига тўғри келмайди кўпам, дейиш шартми?). Мулоҳазаларки (мазмуни), нега ишдан кетган судьялар ҳақида ахборот берилмай қўйилди, жамоатчиликнинг бу ҳақда билишига ҳаққи бор, нима, шу билан очиқлик тугадими ва ҳоказо?! Хуллас, ҳар каллада ҳар хаёл. Энди ҳар икки чиқиш хусусида икки оғиз. Ҳар нарсада меъёр бўлганидек, очиқлик, бу - ҳамма нарсани дастурхон қилиш, дегани эмас. Эълон қилинадиган ахборотлар бор, қонун билан чекланган ахборотлар бор. Иккинчидан, Кенгаш йиғилиши ҳақидаги умумий хабарлардан келиб чиқиб, уларда айрим судьяларнинг ваколатини тугатишга оид масала кўрилиши маълум қилинганди-ку, нима бўлди, кимлар (нима учун) кетди, дея савол қўйиш кўпам ўринли бўлмас. Негаки, судьялик лавозимига тайинлаш ёки озод этишда Кенгашнинг тўғридан тўғри ваколатидан ташқари айни шу масалада таклиф ва тақдимнома киритишига оид тартиблар ҳам мавжуд (масалан, қонунга кўра, айрим раҳбарлик лавозимлари учун Кенгаш хулоса қабул қилади, таклифлар киритади. Қарор эса тегишли орган, дейлик, Сенат ёки Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан қабул қилинади). Берилган таклиф ва тақдимнома юзасидан то тегишли қарор ёки фармойиш қабул қилингунга қадар бу ҳақда ахборот берилиши тўйдан аввал ноғора чалишга ўхшаб қолмайдими?! Шу боис Кенгашнинг айрим йиғилишларига доир хабарларда унда кўрилган масалаларнинг икир-чикирларига тўхталмай умумий мазмунда ахборот бериладики, шунинг ўзи ҳам очиқликнинг бир кўриниши аслида. Судьялик лавозимида танлаш ва тайинлашдаги очиқликни-ку, жамоатчилик кўриб-билиб, оммавий ахборот воситаларида орқали кузатиб турибди, мана, Кенгашнинг “Telegram” мессенжеридаги канали: киринг, кўринг, хулоса – ўзингизга тан. Лавозимидан озод этилаётган судьялар ҳақидаги хабарларга “қорни тўймай” улар нима учун кетди (ваҳоланки, ахборотда асос кўрсатилади), дея тафсилотлари ҳам талаб қилинишига жавобан “йиқилган тепилмайди”, дейиш – кифоя, чунки, масаланинг наинки ҳуқуқий, балки маънавий-ахлоқий томонлари ҳам бор. Яхши кадр ҳар соҳага керак. Жумладан, судьялар корпусига ҳам. Бугуннинг талаби эса маълум. Шу маънода Судьялар олий кенгаши гўёки “узоқ йиллар ишлаган тажрибали судьяларни бўшатиб, ўрнига (Судьялар олий) мактаб битирувчиларини тайинлаётгани”бугунги кун талабини яхши илғамаслик (“аламзадалик” дегимиз келмади), эскича қарашлар билан қотиб қолган одамнинг гапи ҳисобланади. “Судьялар Олий Кенгаши фаолиятини чуқур ўрганиш вақти келди”, деган иддаолар хусусида гап шу. Яъниким, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида судьялар корпусини шакллантириш, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, улар орасидан муносибларини танлаш ва тайинлашдан ташқари уларнинг дахлсизлигини таъминлаш самарадорлигини янада ошириш каби масалалар илғор давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, изчил ўрганилди, таҳлил қилиниб, керакли чора-тадбирлар белгиланмоқда. Натижада Кенгаш фаолиятига оид қонунга қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, уларда суд ишларига аралашувлардан тортиб, тизимда коррупциянинг олдини олиш, судьялар дахлсизлиги таъминлаш бўйича қўшимча мажбурият ва ваколатлар берилди. Кенгаш мазкур қонун ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар доирасида фаолият юритмоқдаки, номуносиб кадрларга нисбатан муросасизликнинг, муносибларига кўрсатилаётган эътибор ва рағбатнинг қуввати шунда. Илло, “судьялар Кенгаш босими остида ишламоқда”, деган даъволар ёлғон, аксинча, уларга бўладиган турли босимларнинг олдини олиш, одил судловни амалга оширишида аралашувларга йўл қўймас, шундай ҳолат рўй берса, ваколати доирасида чора-тадбирлар кўрмоқда. Судьялар олий кенгаши раиси томонидан суд ишларига ноқонуний аралашувлар юзасидан Бош прокуратурага киритилган тақдимномалар натижасида нечта жиноят, нечта маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилгани, қанча ҳужжатлар бекор қилинганини яна такрорлашга ҳожат йўқ. ...Кенгаш фаолиятига оид танқидларга нисбатан кескин жавоблар уларга (танқидларга) тоқатсизликни кўрсатмайди. Танқидлар холис ва асосли бўлса, бош устига. Таассуфки, уларнинг аксариятида холислик йўқ, лекин тарафкашлик бордай... Яна бир гап. Судьялар олий кенгаши жамоатчилик, хусусан, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар билан доимий ҳамкорликка, уларнинг ҳар бир мурожаати, шикояти ёки эътирозни эшитишга, ўрганиб, ўз ваколати доирасида қонуний ечим топишга тайёр. Эшикларимиз очиқ... Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати
 
                                Бугун Судьялар олий кенгашида Германия халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлик жамғармасининг (IRZ) Берлин ваколатхонаси ва Осиё бўйича лойиҳалар раҳбари Ангела Шмайнк билан учрашув бўлиб ўтди. Аввалига Кенгаш раиси Х. Ёдгоров меҳмонга судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, танлаш ва тайёрлаш бўйича амалга оширилган ишлар, бу борада жорий этилган янгиликлар ва уларнинг амалий самарали ҳақида мухтасар маълумот бериб ўтди. Сўнг судьялар корпуси шакллантиришда халқаро амалиёт, илғор давлатлар, хусусан, Германия тажрибасини ўрганиш фойдадан холи бўлмаётгани қайд этиб ўтилди. Ўтган йили Судьялар олий кенгаши ва Германия халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлик жамғармаси (IRZ) ҳамкорлигида муваффақиятли ўтказилган ўқув-семинарлар мамнуният билан тилга олинди. Якунда судьялар малакасини ошириш бўйича халқаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди.
 
                                Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг ҳозирги босқичида суд мустақиллиги, судьялар дахлсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор берилаётир. Бу борада судьялик лавозимига тайёрлашдан тортиб, уларни танлаш ва тайинлашга оид мутлақо янги тизим жорий этилди. Жумладан, алоҳида конституцион орган – Судьялар олий кенгашининг ташкил этилиши мустақил судьялар корпусини шакллантириш борасида муҳим қадам бўлди. Судьяларнинг ташқи аралашувсиз, фақат қонун талабларига қатъий риоя этган ҳолда фаолият кўрсатиши учун амалда шароит яратилди. Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллигига бағишланган тантанали байрам табригида “Янги Ўзбекистон ҳамма учун адолатни сўзсиз таъминлаш имкониятини берадиган ҳамда фуқаролари ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг бўлган давлатдир”, деб қайд этганлари жамиятда адолатни таъминлашга масъул бўлган судлар зиммасига катта масъулият юклайди. Шунингдек, Президентимиз суд тизими мустақил бўлмас экан, жамиятимизда ривожланиш бўлмаслигини, суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишонч ҳосил қилиши лозимлигини қайд этиш билан бирга, бунга эришиш учун амалга оширилиши лозим вазифаларни, хусусан, биринчидан, Янги Ўзбекистонда ҳар қандай баҳсли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши; иккинчидан, судьялар ишига ҳар қандай аралашув кескин жазоланиши; учинчидан, уларнинг хавотирсиз ишлаши учун барча зарур шароитлар яратилиши кераклигини ҳам кўрсатиб ўтдилар. Дарҳақиқат, баҳсли масалаларга қонуний, асосли ва адолатли ечим топиш судьядан катта масъулият, билим ва метин иродани талаб этади. Зеро, судьянинг иш бўйича қабул қиладиган қарори одамлар, инсон тақдири билан боғлиқ бўлиб, тўғри ва адолат нуқтаи назаридан қабул қилинган қарор жамият тинчлиги ва осойишталигини, инсонларнинг эркин яшаши ва меҳнат қилишини таъминлашга хизмат қилади. Аксинча, адолатдан зарра чекинган ҳолда қабул қилинган қарор - нафақат иши судда кўрилган тарафлар тақдирига, балки бутун жамият ҳаётига салбий таъсир этади. Қайд этиш жоизки, кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси ва раҳнамолигида жамиятда адолатни қарор топтириш, инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ислоҳотлар, хусусан, судлар мустақиллигини таъминлаш, суд ишларига ҳар қандай аралашувларга барҳам бериш борасида қабул қилинган қонун ва қарорлар бугун ўз самарасини бермоқда. Буни ўз ҳақ-ҳуқуқини тиклаш борасидаги мурожаатларнинг аксарият қисми қаноатлантирилаётганида, шунингдек ноҳақ айбланган шахслар судлар томонидан оқланаётганида кўриш мумкин. Бироқ, сўнгги пайтда одил судловни амалга оширувчи судлар фаолиятига асоссиз аралашувлар, судьялар ва суд ходимларига нисбатан турли шаклларда босим ўтказиш, уларга нисбатан ҳурматсизлик кўрсатиш каби салбий ҳолатлар юз бераётганидан кўз юмолмаймиз. Ваҳоланки, “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 65-моддасида белгилаб қўйилганидек, “Давлат органлари ва бошқа органлар, корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар судьяларни ҳурмат қилиши ва уларнинг мустақиллиги принципига риоя этиши шарт. Судьяга ҳурматсизлик қилиш, худди шунингдек уни очиқдан-очиқ менсимасликдан далолат берувчи хатти-ҳаракатлар қилиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади”. Ўзбекистон Республикаси номидан қабул қилинадиган суд ҳужжатларини шубҳа остига қўйиш, судьяларга нисбатан асоссиз ошкора айбловларни билдириш орқали судга босим ўтказиш, судьялар дахлсизлигига таҳдиддан бошқа нарса эмас. Кимда-ким суд қароридан норози бўлса, қонун талабига кўра апелляция ва кассация инстанция судига мурожаат қилиш тартиби мавжуд. Мазкур инстанциялар томонидан тараф томонидан берилган шикоят очиқ, ошкора суд мажлисида кўриб чиқилади, барча келтирилган важлар ўрганилиб, суд қарорларига тегишли баҳо берилади. Шунинг учун ҳам суд инстанциялари мавжуд. Яъни суд қарорига баҳони фақат ва фақат юқори суд беради. Бошқа бирон ташкилот ёки фуқаро ва мансабдор шахс ёхуд депутат суд қарорига баҳо беришга ҳақли эмас. Худди шунингдек, судьянинг ноқонуний хатти-ҳаракатига ҳам судьялар малака ҳайъати ёки Судьялар олий кенгашидан ташқари, бошқа бирон-бир жисмоний ёки юридик шахс ўзича баҳо беришга ҳақли эмас. Шунга кўра, судга иши тушган тарафлар амалдаги қонунларимизда белгилаб берилган ушбу тартибларга риоя этиши, суд қарорларидан норозилигини бошқача кўринишларда баён қилишдан тийилиши керак. Жамиятда қонун устуворлиги ва ижтимоий адолат қарор топишини истаган соғлом фикрли ҳар бир инсон, аввало, ўзини, амалдаги қонунларимизни ҳамда суд мустақиллигини ҳурмат қилиши лозим. Зеро, амалдаги қонунлар ва суд мустақиллиги ҳурмат қилинган жамиятда адолат барқарор бўлиши муқаррардир. Холмўмин Ёдгоров, Судьялар олий кенгаши раиси. ЎзА