Бирор ташкилот ёки муассаса халқаро даражада ўз-ўзи эътироф этилмайди, албатта. Иккинчидан, бундай эътироф мамлакатда амалга оширилаётган ижобий ишларга берилган баҳо ҳисобланади. Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби ҳақида халқаро экспертларнинг ижобий фикрлари хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. Судьялар олий мактаби ташкил этилганига кўп вақт бўлгани йўқ. Давлат раҳбарининг 2019 йил 6 январдаги 4096-сонли қарори билан фаолият бошлаган мазкур даргоҳ судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва суд аппарати ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун масъул бўлган давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасасидир. Мамлакатимизда судьяларни тайёрлаш бўйича махсус таълим муассаса фаолият кўрсатаётганига БМТнинг Судья ва адвокатларнинг мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачи Диего Гарсия Саян алоҳида эътибор қаратади: У бу борада шундай дейди: “Суд ҳокимияти мустақиллигини ҳимоя қилиш ва адвокатлар фаолиятини эркин амалга оширишларини мустаҳкамлаш юзасидан Президент Шавкат Мирзиёев ўз лавозимига киришган кундан бошлаб биринчи қадам сифатида мустақил, холис ҳаққоний суд тизимини яратиб келмоқда. Бунга Судьялар олий кенгаши ҳузурида ташкил этилган судьяларни замон талабларига жавоб берадиган, етук мутахассислар қилиб тайёрлаш мақсадида Судьялар олий мактаби амалий мисол бўла олади”. Ҳақ гап. Шунингдек, фикрини давом эттириб, ушбу таълим муассасаси судьяларнинг янги авлодининг вужудга келишига имконини яратишини айтаркан, алоҳида таъкид этадики, Судьялар олий мактаби суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлашга масъул орган - Судьялар олий кенгаши ҳузурида ташкил этилиши муносиб кадрларни саралаш ва тайинланишида, мустақил ва ҳаққоний судьялар ҳамжамиятининг шаклланишида муҳим аҳамият касб этади. Ҳақ гап. Зотан, Кенгаш судьялар ҳамжамиятининг мустақил органи бўлиб, энг малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан судьялик лавозимларига номзодларни танлов асосида танлаш, лавозимга тайинлаш, шунингдек раҳбар судьялик лавозимларига тавсия этиш орқали судьялар корпусини шакллантириш фаолиятининг устувор йўланиши ҳисобланади. Шунингдек, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари – Элчи Шарлотт Адриан хоним Судьялар олий мактаби ташкил этилишини демократлаштириш босқичидаги энг муҳим ислоҳотлардан бири, дея қайд этади ва:: “мукаммал суд тизими шахс, жамият ва иқтисодий ривожланиш учун муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Аминмизки, Судьялар олий мактаби томонидан тайёрланаётган малакали ва зарур кўникмаларга эга кадр суд ҳокимияи мустақиллигини таъминлашга хизмат қилишади” , дея фикр билдирган. БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска ҳамда Германиянинг халқаро ҳамкорлик бўйича жамияти (GIZ) раҳбари Йорг Пуделька, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси раҳбари Решард Коменда ҳам Судьялар олий мактабининг фаолиятининиг натижалари яққол кўзга кўринаётганлигини таъкидлайдилар. Судьялар олий мактаби ташкил этилганидан буён 132 нафар судьяликка номзодлар магистратура курсларида таълим олган бўлса, улардан 115 нафари (87 фоиз) судьялик лавозимига тайинланди. Ҳозирги кунда 75 нафар судьяликка номзодлар Олий мактабда таълим олишмоқда, қолаверса 897 нафар судья (мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган барча судьяларнинг 87 фоизи) ҳамда 461 нафар суд аппарати ходимлари малакасини оширилди. Шунингдек, 100 га яқин халқаро ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда судьяликка номзодлар ҳамда судьялар учун маҳорат дарслари ва семинарлар ташкил этилди, одил судловнинг долзарб масалаларини тадқиқ қилиш мақсадида 50 га яқин халқаро ва 10 дан ортиқ республика тадбирлари ўтказилди. Судьялар олий мактабининг 30 яқин ходимлари хорижий давлатлар таълим муассасаларида билими ва кўникмаларини оширган ҳолда тажриба алмашиб келишди. Таълим жараёнига бевосита юқори малакали судьялар, ҳуқуқшунос олимлар, соҳа мутахассислари ҳамда халқаро экспертлар жалб қилинмоқда. Тажриба алмашиш мақсадида хорижий давлатларнинг судьяларни тайёрлаш бўйича махсус таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалар мустаҳкам ўрнатилган. Мисол учун, хориж давлатлардаги Судьялар олий кенгашлари ҳузуридаги таълим муассасалари, хусусан, Испания Судьялар олий мактаби, Болгария Судьялар миллий институти, Руминия Миллий магистратура институти, шунингдек мустақил юридик шахс мақомига эга бўлган Франция Миллий магистратура мактаби, Италия Одил судлов мактаби ҳамда Канада Миллий судьялар институти билан ҳамкорликда мунтазам тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Шу ўринда давлатимиз раҳбари ташабусси билан Судьялар олий мактабида Инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуқ кафедраси ташкил этилганини алоҳида қайд этиш керак. Бунинг натижасида амалдаги ва бўлажак судьялар учун янги ўқув модули, яъни инсон ҳуқуқлари оид нормалар ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларининг қўлланилиши бўйича ўқув машғулотлари шакллантирилди. Хулоса ўрнида айтсак, ўтган даврда суд-ҳуқуқ соҳасида, айниқса, чинакам мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш ва унинг нуфузини ошириш, судлар фаолиятида одил судловни амалга ошириш бўйича қонунийликни таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилган инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Судьялар олий кенгаши ҳузурида Судьялар олий мактабининг ташкил этилиши ва у қисқа даврда наинки тизим, балки жамиятда ҳаётида ўз ўрнини топиб улгаргани эса ўтказилаётган ислоҳотларнинг ижобий ҳосилаларидан биридир.
Куни кеча янги конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилганидан хабарингиз бор. Унда Асосий қонуннинг 64 та моддасига ўзгартириш киритиш ва олтита янги модда акс эттирилган. Хусусан, лойиҳада шахснинг судлангани ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар, унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслиги керак (26-модда), деган норма таклиф этилмоқда. Мазкур норма юзасидан Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби кафедра мудири, юридик фанлари доктори, профессор Сурайё Раҳмонова шундай дейди: - Тан олиш керакки, илгари мазкур ҳолатдан азият чекадиганлар сони кўплаб топиларди. Буни яқин қариндошлари судланган, деб фуқароларни ишга қабул қилмаслик ёки юқори лавозимларга тайинламаслик каби мисолларда кузатишимиз мумкин эди. Эътибор қаратадиган бўлсак, сўнгги олти йил ичида мамлакатимизда инсон шаънини улуғлаш, унинг манфаатларини олий қадрият даражасига олиб чиқиш борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилди ва оширилиб келинмоқда. Буни кўз ўнгимизда рўй бераётгвн ўзгаришлар асосида баҳолашимиз мумкин. Конституция лойиҳасига киритилган мазкур ўзгартириш ҳам сўзимизнинг амалдаги исботи бўла олади. “Ўзингиз айтинг, нима сабабдан бир жиноят учун бутун бир авлод жавоб бериши керак? Отасининг қилмиши учун нега фарзандлари ёки ака учун ука жавоб бериши керак?” деган фикрни билдирган ҳолда давлат раҳбари демократик нормаларга ҳам, ҳаётнинг бугунги талабларига ҳам мутлақо тўғри келмайдиган бундай адолатсиз тизимдан бутунлай воз кечишни таклиф этган эди. Судланганликнинг ўзи нима ва бунинг шахс учун қандай оқибатлари мавжуд? Судланганлик факти аслида бундай оғир ҳаётий вазиятни бошидан кечирган инсон учун энг ноқулай оқибатлардан биридир. Бундан ташқари, мазкур ҳолат, одатда, ён-атрофдагиларнинг судланган инсон ҳақида нотўғри хулоса чиқаришга сабаб бўлади. Аввало, бу борада ҳар турли янглиш муносабатни бартараф қилиш учун судланганликка оид асосий муҳим қоидаларни айтиб ўтиш зарур. Биринчидан, судланганлик – шахснинг содир этган жинояти учун ҳукм этилганлигидан келиб чиқадиган ҳуқуқий ҳолатдир. Иккинчидан, судланганлик Жиноят кодексида назарда тутилган ҳолларда ва шахс янги жиноят содир этгандагина ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлади – судланганлик бошқа ҳеч бир ижтимоий, маиший оқибатларга эга эмас. Учинчидан, судланганликнинг тугатилиши ёки судланганликнинг олиб ташланиши муносабати билан унинг шахс учун барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлади. Хусусан, агар шахс озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб бўлганидан кейин унга нисбатан маъмурий жазо ёки интизомий таъсир чоралари қўлланилмаган бўлса, суд Жиноят кодексининг 78-моддасида назарда тутилган муддатларнинг камида ярми ўтганидан кейин унинг судланганини олиб ташлаши мумкин. Энг эътиборли ва таассуфли жиҳати шундаки, бугунги кунда судланганлик факти тегишли ҳуқуқий тартибда олиб ташлангандан сўнг судланганлик факти ана шу шахснинг ўзига, унинг ҳаётига таъсир этиши мумкин бўлмаган шароитда бу ҳолат нафақат унга, балки унинг оила аъзолари, яқин қариндошлари ҳаётига салбий таъсир кўрсатиб келмоқда. Афсуски, жамиятимизда ҳали-ҳануз шундай ёндашувлар мавжуд. Бу эса демократик давлатда умуман йўл қўйиб бўлмайдиган вазият. Ҳеч бир ҳолатда инсон ўзининг яқинлари йўл қўйган хатолар учун жавоб бермаслиги керак! Қонуний тақиқларга қарамай, айрим давлат органларида ҳали ҳам судланганлик билан боғлиқ бўлган эскича, собиқ иттифоқнинг тоталитар ёндашувларидан қолиб кетган ва инсон ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилувчи норасмий чекловлар, дискриминациявий цензлар амал қилиб келмоқда. Бундай эскича ёндашув оқибатида кўплаб юртдошларимиз азият чекмоқда. Масалан, тасаввур қилайлик, одатдаги ўзбек оиласида 4–5 та ака-ука ва опа-сингил бўлса, бу оиланинг биргина аъзоси қилган хатоси 10 га яқин инсонларнинг ҳаётига салбий таъсир этади. Қанчалик уринмасин, меҳнат қилмасин, яқинининг судланганлиги инсоннинг касбий ўсиши, шахс сифатида ривожланиши, жамиятда нуфузли ўринга эга бўлишига тўғридан-тўғри тўсиқ бўлади. Хусусан, давлат бошқаруви ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ишга кириш жараёнида муайян бир лавозимга талабгорлар учун кузатиладиган айнан шундай реал тўсиқ — яқин қариндошларининг судланганлик факти ҳисобланади. Таъкидлаш лозимки, мазкур салбий иллатнинг олдини олиш мақсадида 2018 йилда Меҳнат кодексининг 78-моддасида шахсларни уларнинг яқин қариндошлари судлангани муносабати билан ишга қабул қилмаслик ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этиш, деб ҳисобланиши белгиланди. Бу эса қонунчилигимизда тегишли кафолатни мустаҳкамлаб қўйди. Шубҳасиз, яқин қариндошларининг судланганлиги факти туфайли дискриминацияга йўл қўймаслик тўғрисидаги қоиданинг Конституцияда мустаҳкамланиши фуқароларимизга нисбатан бундай норасмий ва маънан эскирган тақиқларга барҳам беради ҳамда ҳар бир шахснинг қонун ва жамият олдида тенглиги тамойилини реал таъминлаш кафолати бўлиб хизмат қилади.
Бугун бўлиб ўтган Судьялар олий кенгаши йиғилишида ваколати муддати якунига етган айрим судьяларни мазкур лавозимда бўлишининг янги муддатига тайинлашга оид масала ҳам кўриб чиқилди. Якунда қуйидагиларга қайта ишонч билдирилди. Кенгаш қарори билан: Якубхўжаев Жахонгир Умархўжаевич – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик, шундан беш йил муддатга Андижон вилояти жиноят ишлари бўйича Избоскан туман судининг раиси лавозимига; Азизов Боходир Шовкатович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Қашқадарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси лавозимига; Фармонов Бахтиёр Тўйчиевич – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик, шундан беш йил муддатга Қашқадарё вилояти фуқаролик ишлари бўйича Шаҳрисабз туманлараро судининг раиси лавозимига; Эшчанов Дониёрбек Камилжанович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик, шундан беш йил муддатга Хоразм вилояти фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судининг раиси лавозимига; Рахманова Назира Жабборовна – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Самарқанд вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси лавозимига; Кудратов Азиз Изатуллаевич – судьялик ваколати муддати даврига Сирдарё вилояти Сирдарё туманлараро иқтисодий судининг судьяси лавозимига; Акрамов Азиз Асламович – судьялик ваколати муддати даврига Самарқанд вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимига тайинланди. Шунингдек: беш йил давомида Тошкент вилояти фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судининг раиси лавозимида фаолият кўрсатган Абдувахабова Махмуда Асатуллаевна судьялик ваколати муддати даврига Тошкент вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси лавозимига қайта тайинланди. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати