Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши депутати Жаҳонгир Жиянов “Telegram” мессенжеридаги “Soyadagi siyosatchilar” каналидаги чиқишида куни кеча олтинчи чақириқ халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг 26-сессияси бўлиб ўтгани, унда фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди раисининг 2021 йил давомида одил судловни амалга ошириш борасидаги ишлар юзасидан берган ахбороти “депутатлар томонидан қониқарсиз деб баҳолангани”ни маълум қилади. “Судлар тўғрисида”ги қонунга (41-модда) кўра, туман (шаҳар), туманлараро судлари раислари фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишни амалга оширишга доир фаолияти тўғрисида тегишли халқ депутатлари маҳаллий кенгашига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши белгиланган. Шундан келиб, жорий йилнинг 17 март куни олтинчи чақириқ Андижон шаҳар Кенгашининг 26-сессиясида фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди раисининг ахбороти эшитилади. Шу ўринда эътиборда тутиш шартки, суд раислари ҳисобот эмас, ахборот беради. Унинг ахбороти муҳокама қилинмайди, балки маълумот учун қабул қилинади. Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг 26-сессиясида ҳам фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди раисининг ахбороти эшитилиб, маълумот учун қабул қилиш ҳақида қарор қабул қилинган. Кўринадики, депутат Ж. Жияновнинг “Депутатлар суднинг ахборотини қониқарсиз деб баҳолади”, дея ижтимоий тармоқда бонг уриши ҳақиқатга тўғри келмайди. Иккинчидан, у нафақат ўзининг, балки бошқа ҳамкасблари номидан суд раиси ахборотини қониқарли ёки қониқасиз, дея баҳолаш ваколатига эга эмас. Чунки, айтиб ўтилганидек, суд раисининг ахбороти муҳокама қилинмасдан, балки ахборот учун қабул қилинар экан, маҳаллий кенгаш депутатларининг қандай позицияда эканининг ҳуқуқий аҳамияти йўқ. Зотан, суд ҳокимияти мустақил бўлиб, қуйи судлар томонидан чиқарилган суд ҳужжатлари қонунийлигига фақат юқори инстанция суди, судьяларнинг хатти-ҳаракатларига эса Судьялар олий кенгашигина тегишли баҳо бериши мумкин. Шу маънода фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди раисининг 2021 йилдаги фаолиятини ўзича “қониқарсиз” баҳолаган депутатнинг айни масала бўйича маҳаллий кенгаш юқори турувчи судга “маълумот киритилишига умид қилиши” қонун ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлардан яхши хабардор эмаслигига далолат қилади. Баён этилганларга кўра, Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати депутат Жаҳонгир Жияновнинг “Soyadagi siyosatchilar” каналидаги чиқишини ҳуқуқий тартиб-тамойилларни тўғри тушунмаслик, бунинг оқибатида нотўғри ахборот бериш орқали жамоатчилик фикрини чалғитишдан бошқа нарса эмас, деб ҳисоблайди. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати
Адвокат А. Абдуллаевнинг “Телеграм” мессенжеридаги “Yuristkadr” каналида эълон қилинган “Уйғоқ адвокатлар ҳам бор...” мақоласининг умумий мазмунига қўшилиш мумкин. Чунки, муаллиф тизимдаги коррупцияни бартараф этиш, унга сабаб бўлаётган омилларнинг олдини олиш ҳақида анча куйинчалик билан ёзади. Зеро, Судьялар олий кенгаши фаолиятининг устувор йўналишларидан бири шу - айни иллатнинг барвақт олдини олиш ҳисобланади. Модомики, мақсад – бир, ният – муштарак экан, билдирилаётган фикрлар асосли, энг муҳими, холис бўлиши керак. Мақолада эса, ният қанчалар некбин бўлмасин, унинг ифодасида бирёқламалик шундоқ кўриниб турибди. Муаллиф фикри мазмунига кўра, гўёки “ўртакаш” адвокатлар пайдо бўлишига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг (жумладан, судьялар ҳам) ўзи айбдор, улар ўз вазифаларини қонун доирасида ва виждонан бажарса, уларга (“ўртакашлар”га) ҳожат қолмасди. Бир қарашда фикрда жон борга ўхшайди. Рост, тизимда таъмага берилаётганлар йўқ, деб баралла айтиш қийин ҳозир. Бироқ Кенгаш бунга томошабин бўлиб тургани ҳам йўқ. Аччиқ тажриба кўрсатяптики, айбсиз эмас, айби борлар муроди ҳосил бўлиши учун “одам” қидиради. Яъни, аксарият ҳолларда пора талаб қилинмайди, балки таклиф этилади. Борди-ю бирор манфаатпараст тизим ходими таъма қилишга тушса, тегишли органга мурожаат қилишга ҳеч қандай монелик йўқ. Бироқ, ҳақиқат шуки, судьянинг таъма қилиш ҳолати бўйича айнан адвокатларнинг Кенгаш суд инспекциясига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат этиш ҳолатлари йўқ даражада. Аксинча, улар орасида “ишингни “гаплашиб”, ҳал қиламан!” дея суднинг номини сотиб, алал-оқибат жиноий жавобгарликка тортилиш ҳолатлари кўпаяётгани жиддий хавотир уйғотмоқда. Коррупция нафақат битта тизимнинг, балки жамиятнинг оғриқли муаммоси ҳисобланади. Суддаги коррупция эса, бир блогер тўғри таъкид этганидек, энг қўрқинчлисидир. Шундай экан, мазкур иллатга қарши курашиш, унинг барвақт олдини олиш битта органннинг эмас, барчанинг умумвазифасига айлансагина кутилган натижага эришиш мумкин. Қуруқ баҳс, ижтимоий тармоқлар орқали “тош отиш” билан мақсадга эришиб бўлмаслиги аён. Муаммо реал ва аниқ ҳаракатлар билан барҳам топади. Бунда адвокатура институти вакилларидан яна-да фаоллик кутилаётгани рост. Муаллифнинг Олий суд ёки Кенгаш узоқ вақтдан кейин ўзгарган ёки бекор бўлган ва бўлаётган суд қарорлари ўзгариш ва бекор бўлиш сабабларини таҳлил қилиши керак эмасми, мазмунидаги иддаолари ҳам ўта баҳсталаб. Чунки, бу борадаги ишлар изчил олиб борилаётгани натижасида керакли чора-тадбирлар кўриб келинмоқда. Натижада мавжуд қонун ва ҳуқуқий ҳужжатларга зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда, айрим ҳолатларларда Олий суд пленуми қарорлари қабул қилинаётгани ҳам жамоатчиликка маълум. Айнан шундай таҳлил ва ўрганишлар натижасида қатор судьяларга нисбатан интизомий чоралар кўрилаётирки, бу ҳақдаги ахборотларни “қуруқ” хабарлар билан чекланиш” деб баҳоламоқ инсофдан эмас. Зотан, лавозимига нолойиқлиги ёки фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун турли интизомий жазога тортилаётган судьяларнинг номма-ном жамоатчиликка эълон қилиш амалиётини Кенгашдан бошқа органларда деярли учратмайсиз. Бу ҳам тизим вакилларини янада хушёрликка чақириш орқали иш сифатини ошириш ҳамда эҳтимолий муаммолар олдини олишга қаратилга чоралардан бири, аслида. Яна бир гап. Муаллифнинг “бир судьяни билиши”, унинг “апелляция инстанциясида кўрган жиноят ишларининг деярли барчаси бўйича суд қарорлари кейинчалик ўзгарган ёки бекор бўлгани”га қарамай ҳамон ишлаб келаётгани оид иддаолари аниқликни талаб этади. Ушбу масалада у Кенгашга мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Мурожаат тегишли татибда кўриб чиқилади ва жавоб берилади. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати
НОЗИК ЕЛКАДАГИ ОҒИР МАСЪУЛИЯТ Жамият тараққиётда аёлларнинг азалдан муносиб ўрни борлиги айни ҳақиқат. Бугун жамиятнинг бирор-бир жабҳасини хотин-қизларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Жумладан, одил судловни амалга оширишда ҳам аёл судьялар муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон судьяларининг 16 фоизини хотин-қизлар ташкил этада. Уларнинг қарийиб 20 фоизи раҳбарлик лавозимида фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, Судьялар олий кенгаши ҳузурида алоҳида “Аёл судьялар клуби” ташкил этилиб, уларнинг ўзаро самарали мулоқт қилиши ва фикр алмашишлари учун махсус электрон платформа ҳам ишга туширилган. Шу ўринда ўтган йили Кенгаш ташаббуси билан тизим тарихида биринчи марта “Ўзбекистон аёл судьялари” журнали икки тилда чоп этилганини ҳам тилга олиш жоиз. Ўзбек ва инглиз тилларида чоп этилган мазкур журнал дунё ҳамжамиятига юритимизда фаолият кўрсатаётган аёл судьялар ҳақида етарлича тасаввур берди. Судьялар орасида аёллар улушининг ортиши, ижтимоий муносабатларга аёллар нуқтаи назаридан қараш ва баҳо бериш учун шароит яратади. Зеро, судья аёл ўзи ҳал этадиган муайян ишдаги ижтимоий ҳолатларга она ёки опа-сингил сифатида ўз муносабатини билдиради. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, суд тизимида хотин-қизларнинг иштирок этиши гендер тенгликни таъминлаш, нозик жинс вакилаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, масалан, уларга нисбатан зўравонлик тўғрисидаги ишларни кўришда самарали ҳисса қўшиши мумкин. Аёл-судьяларнинг меҳнат ва бандлик соҳасидаги камситишлар билан боғлиқ барча тоифадаги ишларни кўриб чиқишда иштирок этишлари жуда муҳим ҳисобланади. CEDAW Қўмитасининг 33-сонли умумий тавсиялари, шунингдек, плюралистик одил судлов механизмлари фаолияти устидан назорат ўрнатиш, унинг натижаларини баҳолаш ва тегишли ҳисоботларни тақдим этиш билан шуғулланувчи органларнинг фаолиятида тенглик асосида ва барча даражаларда хотин-қизлар иштирокини таъминлашни назарда тутади. Умуман олганда, суд органларида аёлларнинг фаолият кўрсатиши ҳуқуқий тизимнинг бутун жамият манфаатларини кўзлаб ривожланишини таъминласа, бошқа томондан бўлғуси аёл-судьяларнинг ўз мақсадларига эришиш учун доимий рағбат сифатида хизмат қилади. Шу муносабат билан БМТ Бош ассамблеясининг 2021 йил 28 апрелидаги 75/274-сонли резолюциясига асосан 10 март “Халқаро аёл судьялар куни” деб эълон қилиниши бежиз эмас. Қатар давлатининг ташаббуси билан қабул қилинган мазкур Резолюция турли ҳудудларда бу соҳада ижобий силжишлар бўлганлигидан далолат беради. Мисрлик халқаро адвокат Омния Гадалла “...суд органларида аёл судьяларнинг мавжуд эмаслиги қонун устуворлигини таъминлашга нафақат салбий таъсир кўрсатади, балки келажак авлод учун ижтимоий оқибатларни вужудга келтиради”, дея таъкидлайди. Халқаро юристлар ассоциацияси томонидан ўтказилган тадқиқотларга кўра, суд органларида хотин-қизларнинг камлиги гендер стереотиплари билан боғлиқ. Ушбу тадқиқотларда иштирок этган аёл судьялар томонидан судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда ошкораликни таъминлаш орқали ушбу масалани ҳал қилиш мумкинлиги юзасидан ўз таклифларини билдиришган. Халқаро аёл судьялар бирлашиши эса бир-биридан ҳаётий тажрибани ўрганиш ва қўллаб-қувватлашда муҳим восита ҳисобланади. Бу жамиятда қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлашнинг муҳим омилларидан биридир. Маликахон Каландарова , Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьяси, юридик фанлар номзоди, доцент,