"Daryo" (ва бошқа) интернет нашрида эълон қилинган мақолада кўтарилган мавзу журналистлар ўртасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлгани бор гап. Суд мажлиси жараёнини ёритишда журналист ва блогерлардан тилхат олиниши уларнинг ҳуқуқларини тўғридан тўғри чекланишига олиб келмаса-да, ахборот олишда муайян тушунмовчиликлар келтириб чиқариши эътиборидан бундай амалиётни бекор қилиш тавсия қилинди. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати
“Effect.uz” сайтида эълон қилинган фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судида кўриб чиқилаётган низо, бу жараёнда судьянинг хатти-ҳаракатларига оид видеоматериалдаги битта эътироз қўшилиш мумкин. Яъни, таъкид этилганидек, судья ишни ўз хизмат хонасида эмас, балки суд залида кўриб чиқиши керак. Бироқ судьянинг суд мажлисини ўз хизмат хонасида ўтказгани унинг ўз ташаббуси ёки хоҳиши эмас, вазият тақазоси эканини ҳам таъкидлаш лозим. Негаки, фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судида 7 нафар судья фаолият кўрсатади, суд биносининг фуқаролик судига ажратилган қисмида битта суд мажлиси зали мавжуд. Ўша куни (21 апрель) суд мажлиси зали банд бўлгани (у ерда видеоконференцалоқа режимида бошқа суд мажлиси ўтказилаётган эди) сабаб тарафларни куттириб қўймаслик ва ишни кўриб чиқиш муддатига риоя қилиш учун судья суд мажлисини ўз хизмат хонасида ўтказишига тўғри келади. Судьянинг бундай хатти-ҳаракати мавжуд тартибга формал риоя этмагани кўринса-да, бироқ тарафларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилишига олиб келмаган. Журналистнинг суд мажлисини видеотасвирга олиш тўғрисидаги илтимосномаси тарафларнинг фикрини инобатга олган ҳолда раислик этувчи томонидан рад қилиниши процессуал тартиб бўлиб, буни журналистга босим ўлароқ талқин этилиши нотўғри. Аксинча, ҳали суд қарори чиқмаган (!) иш бўйича оммавий ахборот воситасида бонг уриш, унда тарафларнинг бирига сўз бериб, гўёки судьянинг нохолислик қилаётгани ҳақида гапларини бемалол эълон қилиш – мана шуни судга таъсир ўтказишга уриниш дейиш мумкин, аслида?! Яна бир гап. Куни кеча (“Effect.uz” сайтида юқорида қайд этилган виеоматериал эълон қилинганидан бир ўтиб) фуқаролик низоси бўйича суднинг ҳал қилув қарори эълон қилинди. Қарордан норози тараф тегишли тартибда юқори суд инстанциясига шикоят қилиши мумкин. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати
«Telegram» мессенжеридаги айрим каналларда Бош прокуратурада ўтказилган йиғилишга (кун тартиби акс этган ички ҳужжат нусхасини илова илова қилган ҳолда) суд раислари ҳам чақирилгани дастак қилиниб, бу ҳолат суд ҳокимияти мустақиллиги принципларига зид экани ҳақида иддаолар қилинмоқда. Билдирилаётган мулоҳазалардаги суд ҳокимияти мустақил, судьялар ҳар қандай ташқи таъсирлардан холи бўлиши шартлигига оид фикрларга қўшилмасликнинг иложи йўқ, албатта. Дарҳақиқат, шундай бўлиши керак ва бўляпти ҳам. Бироқ масала моҳиятини тушунмай, воқеликни нотўғри талқин этган ҳолда ҳиссиётгларга берилиб айтилган бошқа фикрларга наинки қўшилиб, балки тоқат қилиб бўлмайди. Хусусан, бундай йиғилишларга “суднинг нима алоқаси бор?”, бунақа мажлисларда иштирок этилар экан, “...эртага оддий одамлар судга қандай ишонч билдиради?”, нима, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган раҳбарлари “судьяларга ҳам топшириқ берадими?” мазмунидаги писандалар оддий ахлоқ меъёрларига риоя қилмай айтилиши, жуда юмшоқ айтгандай, одобдан эмас. Қайд этилган йиғилишда аниқ жиноят, фуқаролик, иқтисодий ёинки маъмурий иш муҳокама этилмагани кундай равшан. Хабарга илова қилинган ички ҳужжат нусхасида аниқ кўриниб турганидек, унда суд ва бошқа орган ҳужжатлари ижросини таъминлаш жараёнида юзага келаётган муаммолар ва уларни бартараф этишга оид масалалар муҳокама қилинган. Яъниким, такрор айтамиз, йиғилишда суд қарорлари қонунийлиги эмас, балки уларнинг ижросига доир масала ва унинг ечимлари хусусида бош қотирилган. Бундай муҳокамаларда бошқа мутасадди органлар қатори суд раисларининг иштироки суд ҳокимияти мустақиллги принципларига соя солмайди. Аксинча, пировардида, жамоатчиликнинг судга бўлган ишончини оширади. Чунки, суд ҳужжатларининг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш одил судлов мавқеи билан бевосита боғлиқ масала. Қарор ижроси билан гўзал, деган гап бежиз айтилмаган, демакки, йўқ жойдан ваҳима кўтаришга асос йўқ. Маҳаллий ҳокимият йиғилишларига суд раислари таклиф этилиши ёхуд халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида улар берган ахборот муҳокама этилиши баъзан учраб тургани рост. Бу ҳуқуқий маданиятга боғлиқ бўлиб, қонунчилик тарғиботини янада кучайтиш масаласи долзарблигича турганини кўрсатади. Умумманфаатга хизмат қиладиган бундай ишларга наинки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул, балки жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга бурчлиман деган ҳар бир фуқаронинг вазифасидир. Жумладан, прокуратурада ўтган йиғилиш ҳақида бонг урган муҳтарамлар ҳам. Иккинчидан, Судьялар олий кенгаши бу борада ҳаракатсизликка йўл қўяётгани ҳақидаги писандлар асоссиздир. Ўтган йилнинг ўзида судьялар дахлсизлигини таъминлаш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашларнинг олдини олиш борасида Кенгаш раиси киритган тақдимномалари натижасида иккита жиноят, иккита маъмурий иш қўзғатилиб, айбдорларга тегишли жазо тайинланди. Шу йилнинг ўзида Кенгаш матбуот хизмати томонидан судьялар дахлсизлиги бузилиши эҳтимолини юзага келтирилаётган ҳолатлар бўйича уч марта баёнот берилди. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилаётганига эса таъкид шарт эмас. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати