Судьялар олий кенгаши ва Судьялар олий малака ҳайъатининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Кун тартибидаги бир қанча масалалар қатори айрим судьяларни очиқ танлов ва муқобиллик асосида ваколати муддати даврига қайта тайинлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Қабул қилинган қарорларга кўра: Имомов Бобир Тойирович – судьялик ваколати муддати даврининг беш йил муддатига Навоий вилояти жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Навоий вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимидан озод қилинди; Рахматов Фаррухжон Эркинович – судьялик ваколати муддати даврига Фарғона вилояти жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Самарқанд вилояти фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Худаяров Шухрат Тўйчиевич – судьялик ваколати муддати даврига Наманган вилояти жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Жиззах вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимидан озод қилинди; Абдураимов Хусниддин Камолдинович – судьялик ваколати муддати даврига Андижон вилояти Андижон туманлараро иқтисодий судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Андижон вилояти Избоскан туманлараро иқтисодий судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Давлатов Баходир Худайберганович – судьялик ваколати муддати даврининг беш йил муддатига Хоразм вилояти Урганч туманлараро иқтисодий судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси лавозимидан озод қилинди; Қазақов Махмуд Баҳодирович – судьялик ваколати муддати даврига Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Хоразм вилояти Урганч туманлараро иқтисодий судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Бобоназаров Музаффар Абдушарипович – судьялик ваколати муддати даврига Хоразм вилояти Урганч туманлараро иқтисодий судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси лавозимидан озод қилинди. Шунингдек: Каримов Жаҳонгир Абдужалилович – судьялик ваколати муддати даврига Навоий вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимига қайта тайинланди.
Глобаллашув даврида халқаро ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этади. Бундай ҳамкорлик тажриба алмашиш орқали фаолият самарадорлигини ошириш ҳамда халқаро стандартларга мослашиш имконини беради. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ўз фаолиятида халқаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу эса суд-ҳуқуқ ислоҳотларини мустаҳкамлаш, илғор тажрибалардан келиб чиқиб судьялар корпусини шакллантириш ва шу орқали суд тизими фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Шу баробарида Ўзбекистон суд тизими ҳақида халқаро жамоатчиликнинг тасаввур ва таассуротлар кенгайиб бормоқда. Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида Германия, Индонезия, Италия, Жанубий Корея, Қозоғистон, Қирғизистон, Малайзия, Туркия давлатлари судьялари ҳамжамияти вакилларидан иборат делегациялар ташриф буюрди. Шунингдек, ўзбек судьялариҳамжамиятлари вакиллари бир қатор ривожланган давлатларда хизмат сафарида бўлиб, тажриба алмашиш билан бирга Судьялар олий кенгаш фаолияти тўғрисида тақдимотлар ўтказиб келишди. Халқаро ҳамкорлик натижалари кўп куттираётгани йўқ. Хусусан, АҚШ Федерал суд маркази томонидан бошқариладиган "Judiciaries Worldwide" порталига Ўзбекистон суд тизими ҳақида маълумот киритилди. Бу порталда 20 дан ортиқ давлатнинг суд тизимлари ҳақида таҳлилий маълумотлар мавжуд бўлиб, Ўзбекистоннинг ушбу платформада қатнашиши мамлакатимизда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотларини халқаро майдонда намойиш этиш имконини берди. Бу қадам суд тизимининг шаффофлиги ва очиқлигини оширишга хизмат қилади. Ўтган йиллар давомида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда суд амалиётини ривожлантиришга қаратилган бир қатор тадбирларни амалга оширилди. Хусусан, "Минтақавий мулоқот" (Словения) ташкилоти билан биргаликда "Асосланган гумон: Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш жиҳатлари" мавзусида қатор семинарлар ўтказилди. Семинарда АҚШ, Словения ва бошқа Европа давлатлари тажрибалари ўрганилиб, Ўзбекистон судьялари учун халқаро амалиёт билан танишиш имконияти яратилди. Шунингдек, Тошкент вилоятида "Суд этикаси: Миллий тажриба ва Халқаро мезонлар" мавзусида амалий семинар ташкил этилди. АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда ўтказилган ушбу тадбирда судьяларнинг профессионал салоҳиятидан ташқари, уларнинг одоб-ахлоқи ва маънавиятига алоҳида эътибор қаратилди. Халқаро экспертлар иштирокида суд этикаси бўйича умумэътироф этилган принциплар муҳокама қилинди. Судьялар олий кенгаши трансмиллий жиноятчиликка қарши курашишда ҳам фаол иштирок этмоқда. Бош прокуратура ва БМТнинг Жиноятчилик ва гиёҳвандликка қарши кураш бошқармаси (UNODC) билан ҳамкорликда "Мигрантларни ноқонуний ташишга қарши курашиш" мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Ушбу тадбирда трансмиллий жиноятчиликка қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари, шунингдек, миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон Жиноят кодексига киритилган "Мигрантларни ноқонуний ташиш" моддаси ҳақида фикр алмашилди. Судьялар малакасини ошириш халқаро ташкилотининг (IOJT) Канаданинг Оттава шаҳрида ўтган конференциясида Судьялар олий кенгаши ушбу халқаро ташкилот аъзолигига навбатдан ташқари қабул қилинди. IOJT ўз фаолиятини халқаро ва минтақавий конференциялар ва тажриба алмашинувлар орқали амалга оширади. Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш ишларини ташкил этиш ва ривожлантириш стратегияларини муҳокама қилиш, самарали ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, профессор-ўқитувчилар салоҳиятини ошириш, ўқитиш методикасини такомиллаштириш халқаро ташкилот фаолиятининг устувор йўналиши ҳисобланади. Сингапурда ўтказилган "Суд тизимига ишончни мустаҳкамлаш" мавзусидаги халқаро конференцияда Кенгаш аъзолари иштирок этиб, Суд бошқаруви халқаро ассоциациясига (IACA) аъзо бўлди. IACA суд тизимини бошқариш бўйича мутахассисларни бирлаштириб, судлар мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлашга қаратилган ташкилотдир. Конференцияда суд тизимини такомиллаштириш, энг яхши амалиётларни ўрганиш ва тажриба алмашиш масалалари қайд этилди. Суд тизимини модернизация қилишда замонавий технологиялардан фойдаланишга катта аҳамият қаратилмоқда. Сингапурда ўтказилган конференцияда Ўзбекистон делегацияси Судьялар клуби ва суд тизимида сунъий интеллектни жорий этиш бўйича тақдимотлар ўтказди. Бу борада Ўзбекистон, АҚШ, Хитой, Сингапур, Бразилия ва Жанубий Корея делегациялари билан ҳамкорликда халқаро ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш учун ишчи гуруҳ тузилди. 2024 йилда Судьялар олий кенгаши делегацияси Испанияга ташриф буюриб, у ердаги Судьялар Бош Кенгаши ва Судьялар мактаби фаолиятини ўрганди. Ташриф давомида судьяларни тайёрлаш, судьялар корпусини шакллантириш ва уларнинг узлуксиз таълими масалалари бўйича тажриба алмашилди. Кенгаш Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ) доирасида ҳам фаол иштирок этмоқда. Анқарада ТДТга аъзо давлатлар Судьялар Кенгашлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди, унда Судьялар Кенгашлари тармоғининг Низом лойиҳаси муҳокама қилинди. Бу тармоқ туркий давлатлар ўртасида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади. Истанбулда эса ТДТга аъзо ва кузатувчи давлатлар Судьялар Кенгаши раислари ва вакилларининг йиғилиши ўтказилди. Унда Ўзбекистон Судьялар олий кенгаши фаолияти ҳақида тақдимот қилинди ва ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Судьялар олий кенгаши минтақавий ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Қозоғистон Судьялар олий кенгаши билан ўзаро алоқалар йўлга қўйилди. Қозоғистон делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюриб, судьяларни тайёрлаш, танлаш ва тайинлаш бўйича жорий этилган янги тартиблар билан танишди. Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактаби фаолияти ҳақида маълумот берилди ва икки давлат ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Шунингдек, ўзбекистон судьялар ҳамжамияти вакиллари Остонага жавоб ташриф билан борди ва судьялар фаолияти самарадорлигини электрон рейтинг баҳолаш тизими ва Ўзбекистон Судьялар луби ҳақида тақдимотларини ўтказди. Қирғиз Республикаси Судьялар кенгаши билан билан бўлиб ўтган учрашувлар ҳам самарали бўлди, дейиш мумкин. Ушбу учрашувда Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, судьяларни тайёрлаш ва танлаш жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаш фаолияти билан танишган хорижий экспертлар жорий этилган ахборот технологиялари, жумладан, Судьялар фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг баҳолаш миллий тизими, Судьялар клубининг онлайн форуми, электрон имтиҳон дастури, “Психологик тест” электрон дастури тўғрисида ижобий фикрлар бериб, бу каби дастурлар дунёда ягона ҳисобланишини эътироф этдилар. Ўзбекистон Республикаси суд-ҳуқуқ тизимини модернизация қилиш ва самарадорлигини оширишда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш устувор йўналишлардан бирига айланмоқда. Судьялар олий кенгаши бу йўналишда халқаро тажрибаларни ўрганиш ва замонавий технологияларни амалиётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, судьялар фаолиятини электрон рейтинг баҳолашда суд қарорлари сифатини таҳлил қилиш, Судьялар клубининг онлайн форумида маслаҳат берувчи сунъий интеллект модели, шунингдек, судьялик лавозимларига номзодларни танлаш жараёнида психологик тест ва интеллектуал қобилиятларни аниқлаш учун сунъий интеллект алгоритмларидан фойдаланиш борасида ишлар олиб борилмоқда. Судьялар олий кенгашининг халқаро ҳамкорлиги Ўзбекистон суд тизимининг ривожланишида муҳим ўрин тутади. Турли давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро алоқалар орқали Кенгаш суд амалиётини такомиллаштириш, судьяларнинг малакасини ошириш ва суд тизимини модернизация қилиш бўйича муҳим қадамлар ташланмоқда. Бу ҳамкорлик натижасида суд тизимида очиқлик, шаффофлик ва самарадорлик ошади, бу эса фуқароларнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Кенгашнинг ушбу фаолияти Ўзбекистоннинг глобал суд жамоатчилигидаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Хуршид Садиков, Судьялар олий кенгаши котиби
Давлат раҳбарининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишдаги маърузасидан келиб чиқиб, суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларни олдини олиш, одил судлов сифати ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида судьялар учун қисқа муддатли махсус ўқув-курслари бошланди. Судьялар олий кенгаши, Олий суд, Кенгаш ҳузуридаги Cудьялар олий мактаби ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган ўқув курсида қуйи ва ўрта бўғин судлари судьялари масофадан иштирок этмоқда. Ўқув дастуридан қоррупцияга карши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, хорижий давлатлар тажрибаси ва миллий амалиёт, манфаатлар тўқнашуви ва унинг олдини олиш, давлат идоралари фаолияти очиқлигини таъминлаш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ижроси каби мавзулар ўрин олган бўлиб, машғулотлар ҳуқуқшунос олимлар, амалиётчилар, шунингдек, Кенгаш ва Олий суд судьялари томонидан олиб борилмоқда. Жонли мулоқот шаклида ўтказилаётган ўқув-курсларида суд ҳокимияти мутстақиллигини таъминлаш, судьяларнинг одил судловни амалга ошириши билан боғлиқ фаолиятига аралашувларнинг олдини олиш, бу борада тизим вакилларининг масъулияти ва мажбуриятига алоҳида эътибор қаратилмоқда.