Коррупция ва турли суиистеъмолчиликларга қарши курашиш манфаатлар тўқнашувини ҳуқуқий тартибга солиш эҳтиёжини юзага келтирди. Чунки, жамиятда манфаатлар тўқнашуви – коррупциянинг хос белгиларидан бири сифатида қабул қилина бошланди. Шундан келиб чиқилса, суд тизимида манфаатлар тўқнашуви ва коррупциянинг олдини олиш – нафақат жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш, балки суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш учун ҳам жуда муҳим экани янада ойдинлашади. Қонунда манфаатлар тўқнашуви тушунчаси мавжуд, яъни: “шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган вазият”. Бу ижтимоий ҳуқуқий мажбуриятлар ва қонун қўлланиладиган субъектларнинг шахсий манфаатлари ўртасидаги зиддиятдир. Шахсий манфаатларининг хизмат вазифаларини бажаришдаги таъсири эса ўз-ўзидан фуқаролар, шунингдек давлат ва жамият манфаатларига зарар етказилишига олиб келиши эҳтимоли жуда юқори. Манфаатлар тўқнашуви ва коррупция ўзаро боғлиқ, кўп ҳолларда коррупция манфаатлар тўқнашувидан юзага келади. Судьянинг касбий фаолияти низоли ишларни кўриш ва қонуний ҳал қилишга қаратилган. Шунга кўра, судья учун манфаатлар тўқнашуви унинг муайян ишни кўриб чиқиши доирасида вужудга келиши мумкин. Миллий қонунчилигимизда манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатлар тартибга солинди, асосий принциплар белгилаб олинди. Шунингдек, манфаатлар тўқнашувини олдини олиш, аниқлаш ва тартибга солишга доир қоидалар мустаҳкамланди. Бундан ташқари, бу борадаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик ҳам белгиланди. Бироқ, суд амалиётида манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш соҳасида айрим қийинчиликлар юзага келиши мумкинлиги ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак. Масалан, процессуал қонунчиликда рад қилиш масаласи. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг 62-моддасида судья фаолияти мобайнида “Судьялар одоби кодекси” талабларига риоя этиши, суднинг беғаразлиги, холислиги ва адолатлилигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатдан ўзини тийиши, манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда ўзини ўзи рад қилиши ва суд процесси иштирокчиларини хабардор қилиши шартлиги кўрсатилган. “Судьялар одоби кодекси”нинг 6-моддасида ҳам судья шахсий манфаатлари йўлида хизмат ваколатларини суиистеъмол қилмаслиги ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги шартлиги мустаҳкамланган. Ўзбекистон процессуал қонунчилигида манфаатлар тўқнашувини қўллаш асослари ва аниқ мезонлари белгиланмаган бўлиб, ҳуқуқни қўлловчининг ўзига манфаатлар тўқнашуви масаласини бевосита ҳал қилиш вазифасини юклайди. Бу эса судья фаолиятида манфаатлар тўқнашуви мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақидаги масалага турли хил ёндашувларни келтириб чиқаради. Шунга кўра, манфаатлар тўқнашувининг мавжудлигини аниқлаш ҳар бир судда кўриб чиқилаётган муайян ишнинг таҳлилига боғлиқ бўлиб қолади. Судья манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги, унга оид маълумотларни процесс иштирокчиларига ўзи ошкор қилиши керак. Бундай ҳаракати билан судья нафақат манфаатлар тўқнашувининг олдини олади, балки фуқаролар ва ташкилотларнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини ҳам оширади. Aгар судьяда бирон-бир вазиятда манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ёки йўқлигига шубҳа туғилса, у Судьялар одоб комиссиясига тўғридан тўғри сўров юборишга ҳақли. Мазкур комиссиянинг хулосалари тавсия характерига эга бўлиб, охирги сўз барибир судьянинг ўзида қолади. Судлар фаолиятида манфаатлар тўқнашувини аниқлаш барча ҳолатларни жиддий текширишни талаб қиладиган мураккаб масала. Манфаатлар тўқнашувини аниқлаш икки мезонга асосланади: субъектив холислик ва объектив холислик. Судья иккинчисига эътибор қаратиши керак. Судьянинг муайян иш бўйича манфаатлар тўқнашуви бор-йўқлиги ҳақидаги ички ишончи бўлган субъектив холисликдан фарқли равишда, объектив холислик “худди шундай вазиятга бегонанинг қарашидир”. Aммо, бу нуқтаи назарнинг объективлигини таъминлаш қанчалик осон? Бу жараён айрим иштирокчиларга вазиятга таъсир қилиш имкониятини бермайдими? Шундай ҳолатлар бўлиши мумкинки, вазият муайян иш юритишнинг адолатлилигини хавф остига қўяди. Шу нуқтаи назардан – судья фаолиятидаги манфаатлар тўқнашувининг қонуний асосларини ишлаб чиқишга эҳтиёж бор. Бунда судьянинг одил судловни амалга оширишга доир ваколатларидан ташқари расмий ва бошқарув вазифаларини ҳал этишда шахсий манфаатлари таъсир кўрсатиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) ёки таъсир қилган (ҳақиқий манфаатлар тўқнашуви) ҳолатларни ҳам белгилаш керак. Шунга кўра, судда манфаатлар тўқнашуви вужудга келиши мумкин бўлган вазиятлар таҳлилий ўрганилиб, лозим тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Хусусан, судьянинг одил судловни амалга ошириши жараёнида манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ зиддият вужудга келиши, бундай ҳолат нафақат мулкий, балки номулкий характерга касб этиши (масалан, судья муайян иш бўйича тарафлардан бири билан оилавий ёки дўстона муносабатларга эга экани) каби вазиятлар эътибордан соқит қилинмаслиги лозим. Чунки, бундай ҳолатни процесс иштирокчиларидан бирортаси билан шахсий танишуви факти билан тасдиқлаб бўлмайди. Шунингдек, мавҳум, асоссиз тахминлар ҳам судьянинг манфаатлар тўқнашувини тасдиқлай олмайди. Фақат манфаатлар тўқнашувининг ташқи белгилари мавжуд бўлса (судьянинг ички ишончи бошқача бўлса ҳам) манфаатлар тўқнашуви мавжудлигини ёки йўқлигини асослашда тарафларга устунлик бериш керак. Агар манфаатлар тўқнашуви ёки унинг ташқи белгилари юзага келган тақдирда, судья бу ҳақда ишда иштирок этаётган шахсларни хабардор қилиши ёки ишни суд муҳокамасига тайёрлаш босқичидаёқ ўзини-ўзи рад этишини эълон қилиши шарт. Хорижий давлатларнинг тажрибасида манфаатлар тўқнашуви ва коррупцияга қарши курашишда турли хил ва самарали механизмлар мавжуд, бироқ уларнинг барчасининг асосий мақсади — суд тизимида адолат ва шаффофликни таъминлаш, коррупциянинг олдини олиш ва аҳоли ишончини таъминлашдир. Хулоса қилиб айтганда, коррупция ва манфаатлар тўқнашуви ўртасидаги боғлиқнинг ўзи суд тизимида бундай иллатга қарши курашиш самарадорлигиги ошириш, бунинг учун ҳуқуқий асослаларни янада такомиллаштиришни тақазо этади. Отабек Мирзамаҳмудов, Судьялар олий кенгаши судьяси Манба: Uza.uz
Судьялар олий кенгаши ва Судьялар олий малака ҳайъатининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Кун тартибидаги бир қанча масалалар қатори айрим судьяларни очиқ танлов ва муқобиллик асосида ваколати муддати даврига қайта тайинлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Қабул қилинган қарорларга кўра: Имомов Бобир Тойирович – судьялик ваколати муддати даврининг беш йил муддатига Навоий вилояти жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Навоий вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимидан озод қилинди; Рахматов Фаррухжон Эркинович – судьялик ваколати муддати даврига Фарғона вилояти жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Самарқанд вилояти фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Худаяров Шухрат Тўйчиевич – судьялик ваколати муддати даврига Наманган вилояти жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Жиззах вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимидан озод қилинди; Абдураимов Хусниддин Камолдинович – судьялик ваколати муддати даврига Андижон вилояти Андижон туманлараро иқтисодий судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Андижон вилояти Избоскан туманлараро иқтисодий судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Давлатов Баходир Худайберганович – судьялик ваколати муддати даврининг беш йил муддатига Хоразм вилояти Урганч туманлараро иқтисодий судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси лавозимидан озод қилинди; Қазақов Махмуд Баҳодирович – судьялик ваколати муддати даврига Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Хоразм вилояти Урганч туманлараро иқтисодий судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Бобоназаров Музаффар Абдушарипович – судьялик ваколати муддати даврига Хоразм вилояти Урганч туманлараро иқтисодий судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси лавозимидан озод қилинди. Шунингдек: Каримов Жаҳонгир Абдужалилович – судьялик ваколати муддати даврига Навоий вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимига қайта тайинланди.
Глобаллашув даврида халқаро ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этади. Бундай ҳамкорлик тажриба алмашиш орқали фаолият самарадорлигини ошириш ҳамда халқаро стандартларга мослашиш имконини беради. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ўз фаолиятида халқаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу эса суд-ҳуқуқ ислоҳотларини мустаҳкамлаш, илғор тажрибалардан келиб чиқиб судьялар корпусини шакллантириш ва шу орқали суд тизими фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Шу баробарида Ўзбекистон суд тизими ҳақида халқаро жамоатчиликнинг тасаввур ва таассуротлар кенгайиб бормоқда. Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида Германия, Индонезия, Италия, Жанубий Корея, Қозоғистон, Қирғизистон, Малайзия, Туркия давлатлари судьялари ҳамжамияти вакилларидан иборат делегациялар ташриф буюрди. Шунингдек, ўзбек судьялариҳамжамиятлари вакиллари бир қатор ривожланган давлатларда хизмат сафарида бўлиб, тажриба алмашиш билан бирга Судьялар олий кенгаш фаолияти тўғрисида тақдимотлар ўтказиб келишди. Халқаро ҳамкорлик натижалари кўп куттираётгани йўқ. Хусусан, АҚШ Федерал суд маркази томонидан бошқариладиган "Judiciaries Worldwide" порталига Ўзбекистон суд тизими ҳақида маълумот киритилди. Бу порталда 20 дан ортиқ давлатнинг суд тизимлари ҳақида таҳлилий маълумотлар мавжуд бўлиб, Ўзбекистоннинг ушбу платформада қатнашиши мамлакатимизда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотларини халқаро майдонда намойиш этиш имконини берди. Бу қадам суд тизимининг шаффофлиги ва очиқлигини оширишга хизмат қилади. Ўтган йиллар давомида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда суд амалиётини ривожлантиришга қаратилган бир қатор тадбирларни амалга оширилди. Хусусан, "Минтақавий мулоқот" (Словения) ташкилоти билан биргаликда "Асосланган гумон: Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш жиҳатлари" мавзусида қатор семинарлар ўтказилди. Семинарда АҚШ, Словения ва бошқа Европа давлатлари тажрибалари ўрганилиб, Ўзбекистон судьялари учун халқаро амалиёт билан танишиш имконияти яратилди. Шунингдек, Тошкент вилоятида "Суд этикаси: Миллий тажриба ва Халқаро мезонлар" мавзусида амалий семинар ташкил этилди. АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда ўтказилган ушбу тадбирда судьяларнинг профессионал салоҳиятидан ташқари, уларнинг одоб-ахлоқи ва маънавиятига алоҳида эътибор қаратилди. Халқаро экспертлар иштирокида суд этикаси бўйича умумэътироф этилган принциплар муҳокама қилинди. Судьялар олий кенгаши трансмиллий жиноятчиликка қарши курашишда ҳам фаол иштирок этмоқда. Бош прокуратура ва БМТнинг Жиноятчилик ва гиёҳвандликка қарши кураш бошқармаси (UNODC) билан ҳамкорликда "Мигрантларни ноқонуний ташишга қарши курашиш" мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Ушбу тадбирда трансмиллий жиноятчиликка қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари, шунингдек, миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон Жиноят кодексига киритилган "Мигрантларни ноқонуний ташиш" моддаси ҳақида фикр алмашилди. Судьялар малакасини ошириш халқаро ташкилотининг (IOJT) Канаданинг Оттава шаҳрида ўтган конференциясида Судьялар олий кенгаши ушбу халқаро ташкилот аъзолигига навбатдан ташқари қабул қилинди. IOJT ўз фаолиятини халқаро ва минтақавий конференциялар ва тажриба алмашинувлар орқали амалга оширади. Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш ишларини ташкил этиш ва ривожлантириш стратегияларини муҳокама қилиш, самарали ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, профессор-ўқитувчилар салоҳиятини ошириш, ўқитиш методикасини такомиллаштириш халқаро ташкилот фаолиятининг устувор йўналиши ҳисобланади. Сингапурда ўтказилган "Суд тизимига ишончни мустаҳкамлаш" мавзусидаги халқаро конференцияда Кенгаш аъзолари иштирок этиб, Суд бошқаруви халқаро ассоциациясига (IACA) аъзо бўлди. IACA суд тизимини бошқариш бўйича мутахассисларни бирлаштириб, судлар мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлашга қаратилган ташкилотдир. Конференцияда суд тизимини такомиллаштириш, энг яхши амалиётларни ўрганиш ва тажриба алмашиш масалалари қайд этилди. Суд тизимини модернизация қилишда замонавий технологиялардан фойдаланишга катта аҳамият қаратилмоқда. Сингапурда ўтказилган конференцияда Ўзбекистон делегацияси Судьялар клуби ва суд тизимида сунъий интеллектни жорий этиш бўйича тақдимотлар ўтказди. Бу борада Ўзбекистон, АҚШ, Хитой, Сингапур, Бразилия ва Жанубий Корея делегациялари билан ҳамкорликда халқаро ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш учун ишчи гуруҳ тузилди. 2024 йилда Судьялар олий кенгаши делегацияси Испанияга ташриф буюриб, у ердаги Судьялар Бош Кенгаши ва Судьялар мактаби фаолиятини ўрганди. Ташриф давомида судьяларни тайёрлаш, судьялар корпусини шакллантириш ва уларнинг узлуксиз таълими масалалари бўйича тажриба алмашилди. Кенгаш Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ) доирасида ҳам фаол иштирок этмоқда. Анқарада ТДТга аъзо давлатлар Судьялар Кенгашлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди, унда Судьялар Кенгашлари тармоғининг Низом лойиҳаси муҳокама қилинди. Бу тармоқ туркий давлатлар ўртасида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади. Истанбулда эса ТДТга аъзо ва кузатувчи давлатлар Судьялар Кенгаши раислари ва вакилларининг йиғилиши ўтказилди. Унда Ўзбекистон Судьялар олий кенгаши фаолияти ҳақида тақдимот қилинди ва ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Судьялар олий кенгаши минтақавий ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Қозоғистон Судьялар олий кенгаши билан ўзаро алоқалар йўлга қўйилди. Қозоғистон делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюриб, судьяларни тайёрлаш, танлаш ва тайинлаш бўйича жорий этилган янги тартиблар билан танишди. Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактаби фаолияти ҳақида маълумот берилди ва икки давлат ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Шунингдек, ўзбекистон судьялар ҳамжамияти вакиллари Остонага жавоб ташриф билан борди ва судьялар фаолияти самарадорлигини электрон рейтинг баҳолаш тизими ва Ўзбекистон Судьялар луби ҳақида тақдимотларини ўтказди. Қирғиз Республикаси Судьялар кенгаши билан билан бўлиб ўтган учрашувлар ҳам самарали бўлди, дейиш мумкин. Ушбу учрашувда Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, судьяларни тайёрлаш ва танлаш жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаш фаолияти билан танишган хорижий экспертлар жорий этилган ахборот технологиялари, жумладан, Судьялар фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг баҳолаш миллий тизими, Судьялар клубининг онлайн форуми, электрон имтиҳон дастури, “Психологик тест” электрон дастури тўғрисида ижобий фикрлар бериб, бу каби дастурлар дунёда ягона ҳисобланишини эътироф этдилар. Ўзбекистон Республикаси суд-ҳуқуқ тизимини модернизация қилиш ва самарадорлигини оширишда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш устувор йўналишлардан бирига айланмоқда. Судьялар олий кенгаши бу йўналишда халқаро тажрибаларни ўрганиш ва замонавий технологияларни амалиётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, судьялар фаолиятини электрон рейтинг баҳолашда суд қарорлари сифатини таҳлил қилиш, Судьялар клубининг онлайн форумида маслаҳат берувчи сунъий интеллект модели, шунингдек, судьялик лавозимларига номзодларни танлаш жараёнида психологик тест ва интеллектуал қобилиятларни аниқлаш учун сунъий интеллект алгоритмларидан фойдаланиш борасида ишлар олиб борилмоқда. Судьялар олий кенгашининг халқаро ҳамкорлиги Ўзбекистон суд тизимининг ривожланишида муҳим ўрин тутади. Турли давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро алоқалар орқали Кенгаш суд амалиётини такомиллаштириш, судьяларнинг малакасини ошириш ва суд тизимини модернизация қилиш бўйича муҳим қадамлар ташланмоқда. Бу ҳамкорлик натижасида суд тизимида очиқлик, шаффофлик ва самарадорлик ошади, бу эса фуқароларнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Кенгашнинг ушбу фаолияти Ўзбекистоннинг глобал суд жамоатчилигидаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Хуршид Садиков, Судьялар олий кенгаши котиби