Янгиликлар

Очиқ, жиддий, аммо самимий - Тошкент шаҳри ва вилояти судларининг аёл судьялари иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди

Бугун Судьялар олий кенгаши ташаббуси ва Кенгаш ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клубининг Аёл судьялар жамоаси ҳамкорлигида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Тошкент шаҳри ва вилояти судларида фаолият кўрсатаётган аёл судьялар иштирокида бўлиб ўтган тадбирда  одил судловни амалга оширишда аёл судьяларнинг ўрни, тизимда гендер тенгликни таъминлаш, бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳамда  яқин истиқболдаги вазифалар хусусида  сўз юритилди. Қайд этилдики, бугун жамиятнинг бирор-бир жабҳасини фаол хотин-қизларсиз тасаввур қилиш қийин. Жумладан, одил судловни амалга оширишда аёл судьялар муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. 2024 йилда аёл судьяларнинг сонида 34 нафарга кўпайиб, жами 225 нафарга етди. Уларнинг 21 нафари раҳбар судьялик лавозимида фаолият кўрсатмоқда. Аёл судьяларимизнинг 3 нафари Халқаро аёл судьялар ассоциацияси аъзоси ҳисобланади. Айни пайтда Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг Судьялик лавозимига тайёрлаш курсида 39 нафар хотин-қизлар таҳсил олмоқда. Барча судья бир хил мақом ва мажбуриятга эга экани эътиборга олинса, тизимдаги хотин-қизларнинг жамиятда қонунийлик ва ижтимоий адолатни таъминлашда эркак ҳамкасблари билан баробар меҳнат қилаётгани ойдинлашади. Ваҳоланки, уларнинг зиммасида одил судлов фаолиятини самарали амалга оширишдан ташқари саранжом уй бекаси, меҳрибон она сифатида фарзанд тарбиясидек қатор  масъулиятлар  ҳам бор. Шундан келиб чиқиб,  тадбирда аёл судьяларнинг зиммасидаги масъулият ва мажбуриятлари билан бирга ижтимоий муҳофазаси билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борда  бир қатор таклифлар ўртага ташланди.   Шунингдек, аёл судьяларнинг психологик ҳолати, айниқса, судда стрессларни енгиш, иш ва шахсий ҳаётида ўртасидаги мувозанатни  таъминлаш, Судьялар одоби кодекси қоидаларига риоя этиш ҳамда тизимда коррупциянинг барвақт олдини олиш каби масалалар хусусида ҳам ҳар доимгидек  очиқ, жиддий, аммо самимий оҳангда гаплашиб олинди.  Кенгаш ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клубининг Аёл судьялар жамоаси томонидан шундай тадбирлар жойларда ҳам ўтказилиши режалаштирилган. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

27 Январь 2025 705

Важлар қисман тасдиқланди, мурожаат ортида бошқа мақсадлар борлиги ҳам кўринади

Хабар берилганидек, “YouTube”даги “Зохид Джумаев” каналида  баён қилинган ҳолат Судьялар олий кенгаши томонидан ўрганилди.  Ўрганиш жараёнида Жиззах вилоят суди судьяси Ш. Худаяров томонидан бошқа судья раислигида З. Джумаевга (мурожаат муаллифи ва  “YouTube”даги шу номдаги канал маъмури) оид жиноят иши бўйича ўтказилаётган суд мажлиси тартиби бузгани ҳолати тасдиғини топди. Судьянинг хатти-ҳаракатлари суд ҳокимияти нуфузи, шунингдек, ҳамкасбининг обрўйига салбий таъсир этганидан келиб чиқиб, ўрганиш хулосаси тегишли қарор қабул қилиш учун Судьялар олий малака ҳайъатига юборилди. Унинг процесс иштирокчиларига қўпол муносабатда бўлгани ва вилоят суди раиси фуқароларни қабул қилмаётганига доир важлар эса тасдиғини топмади. Бугунги кунда блогерликни касбга айлантирганлар етарли.  Муаллиф ҳам шу соҳада ўзини синаб келаётганлардан бири. Ўзининг  “YouTube”даги “Зохид Джумаев” каналида турли муаммоларни кўтариб чиқаётгани ҳам чин. Бошқа соҳаларга доир чиқишлари ҳақида фикр билдирмаймиз, бироқ судлар ва судьялар фаолияти хусусидаги танқидий материалларида нохолислик, шахсни қасддан обрўсизлантириш, муайян жиноятда айблаш, энг ёмони, инсон шаъни ва қадр-қимматини камситиш каби ҳолатлар учрамоқда. Илгари бир неча бор жавобгарликка тортилганига (айримларида судланган, айримларида жазодан ва жавобгарликдан озод қилинган) қарамай айни пайтда туҳмат, ҳақорат  ва бошқа жиноятларда айбланаётгани унинг “адолат учун курашиши” замирида адоват борлиги ҳам ойдинлашиб қолмоқда. Танқид холис ва ҳаққоний бўлса, муаммо йўқ – юқоридаги мисол бунга яққол далил:  қайд этилганидек, суд мажлиси тартибини бузиб, тарафларнинг ҳақли эътирозига сабабчи бўлган судьяга нисбатан интизомий жазо масаласи кўриб чиқилади. Бироқ ўзига нисбатан кўриб чиқилаётган жиноят ишига таъсир ўтказиш илинжида ижтимоий тармоқ орқали такрор ва такрор чиқишлар қилиб, ихтиёридаги ахборот ресурсидан қурол сифатида фойдаланишга уринаётганини оқлаб бўлмайди. Хусусан, вилоят суди раҳбариятини фуқароларни қабул қилмасликда айблаш бугунги кунда наинки мантиқ, балки тасаввурга сиғмайди. Барча вилоят ва унга тенглаштирилган судларда бўлгани каби  Жиззахда ҳам суд раҳбарларининг қабул вақти ҳақида бино остонасини хатламаёқ маълумотга эга бўлиш мумкин. Бундан ташқари жойларда сайёр қабуллар ташкил қилиниб, шу орқали фуқароларнинг узоғи яқин қилинмоқда. Шунингдек, Жиззах вилоят судида ҳар куни (дам олиш кунларидан ташқари) соат 9:00 дан 18:00 га қадар жисмоний ва юридик шахс вакиллари қабули тегишли тартибда ўтказиб келинаётганлиги ҳам  ҳақиқат. Буларни кўриш ва эътироф этиш учун кўп нарса талаб қилинмайди: холислик бўлса, кифоя.  Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

23 Январь 2025 1318

Икки нафар судья янги муддатга, уч нафари ваколати муддати даврига қайта тайинланди

Хабар берилганидек, бугун Судьялар олий кенгашининг судьялик лавозимига танлаш ва тайинлаш бўйича жорий йилдаги биринчи очиқ танлов шаклидаги йиғилиши бўлиб ўтди. Муҳокамалар якунида йилнинг илк тайинловлари амалга оширилди. Судьялар олий кенгаши қарори билан: Амиров Шерзод Мамарашидович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Тошкент шаҳри жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судининг судьяси лавозимига; Абдуганиев Санжар Абдурашидович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Тошкент шаҳри жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судининг судьяси лавозимига тайинланди. Шунингдек: Шукурлаева Гули Юсуповна – судьялик ваколати муддати даврининг беш йил муддатига Тошкент шаҳри фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси лавозимидан озод қилинди; Алиев Акмал Заирович – судьялик ваколати муддати даврига Тошкент шаҳри фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Самарқанд вилояти фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ туманлараро судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Саидов Мақсудбек Норбоевич – судьялик ваколати муддати даврига Тошкент вилоят маъмурий судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Бухоро вилояти Ғиждувон туманлараро иқтисодий судининг судьяси лавозимидан озод қилинди.

22 Январь 2025 4104
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech