Янгиликлар

Ўзинг билан юзма-юз...

Шарл Луи Монтеськенинг  (1689-1755 йй.) “Қонунлар руҳи ҳақида” асари нафақат давлат ва ҳуқуқ назариясининг концептуал асосларидан бири, шу билан бирга илмий-назарий қарашлар, энг асосийси, фалсафий асар ҳамдир. Асарда муаллиф қонунни шунчаки ҳуқуқий ҳужжат эмас, балки миллат ахлоқиятининг тирик организм сифатида тақдим этади. Яъни, қонун ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи бошқарув воситасигина эмас, балки муайян халқининг руҳи, маданияти, эътиқоди, урф-одатларининг кўзгуси сифатида кўрсатилади.  Шунинг учун ҳам қонуннинг шаклий жиҳатлари ҳақида эмас, балки унинг руҳияти ҳақида сўз юритади. Зеро, шакл ўзгармасдир, бироқ руҳият - тирикликнинг шундай ажралмас қисмики, уни англаш учун ҳиссиёт ва том маънодаги шахсий иштирок зарур, деб ҳисоблайди. Асар мутолаасидан илк хулосам: судья фалсафадан хабардор бўлиши шарт.  Фалсафадан йироқлашган судья  ҳуқуқ ёки мажбуриятни  шунчаки “қурол” сифатида билади. Фикрловчи судья эса уларда “адолатнинг меъёри”ни ҳам кўради.  Агар у ўзига “нима учун?” деган саволни бермас экан, амалдаги қоидаларни қўллашда меъёрга путур етади, ижтимоий адолатнинг мувозанати бузилади. Фалсафа доимий равишда ички мулоқотни талаб қилади.  Судья ўзи билан қилган ички мулоқотида  “Иккиланиш ёхуд шубҳаланиш ҳиссига эга бўлмай туриб,  ҳукм чиқаришим мумкин-ми? Агар Қонун ва Инсонийлик ўртасида чегарани ҳис қилмасам,  адолатли ҳукм чиқара оламанми?” каби саволлар жавоб  ахтаради. Зеро, Монтескье  дейдики, одил судлов  касб ёхуд ҳунар эмас, бу “йўл”дир, у шундай машаққатли “йўл”ки, сен – шахс, нафс, ҳиссиёт, адолат, меъёр, фикрлар хилма-хиллиги, принциплар тўқнашуви ва шу каби бошқа шахсий хулоса ва ечим беришинг керак бўлган масалалар билан рўпара бўласан. Энг асосийси – бу йўлда сенинг “идеал” қарашларинг ва “реаллик” ўртасидаги тўқнашувдан ҳосил бўлган “ички қалб оғриғисиз” юриб бўлмайди... Асардаги мен англаган яна бир ғоя шуки, эркинлик-озодлик – бу тартибсизлик ёки “анархия” эмас, балки адолатли қонунларга онгли итоатдир. Шу билан бирга, қонунлар ҳам жамиятнинг том маънодаги етуклигининг ифодаси бўлиши даркор. Монтескье ахлоқийликка шундай юксак баҳо берадики, қаердаки ахлоқсизликка асосланган қонунлар бўлса, шу ерда улар зўравонликни амалга ошириш қуролига айланади, дейди.  Монтескьега кўра, асл деспотия – ташқи ҳукмрон кучнинг таъсиридан эмас, балки ички ўз-ўзи ушлаб туриш, тийиб турувчи механизмларнинг мавжуд эмаслигидан бошланади. Бунда судьялар учун уларнинг шахсий (ички) кураши жуда муҳим аҳамият касб эта бошлайди. Зеро, энг оғир кураш, бу ташқи босим билан эмас, балки ўз кибринг, чарчоқларинг ва иккиланишларинг билан содир бўлади. Судьялик - мунтазам ва ҳар куни “тўғри” бўлган ишни эмас, балки “қулай” бўлган ишни қилишдан тийилишдан иборат битмас кураш ҳамдир. Ушбу курашларда эса, қонунлар йўлчи юлдуз каби бўлиши лозим. Қонунлар руҳи эса судья учун ички интизом, ўзи билан ўзининг муросасизлиги ва ўзини назорат қила олишидир. Судьянинг ўз виждони олдида хотиржамлиги деганда, ўзининг ҳақ эканлигини ҳис қилиши эмас, балки ўзининг ҳақлигини шубҳа остига олишини англаш демакдир. Айнан шундагина етуклик, инсонийлик намоён бўлади. Назаримда, ушбу рисоланинг марказий ғояларидан яна бири, керак бўлса, юксак ахлоқий фалсафаси, қонун бу – усул ёхуд восита эмас, балки танлов эканлиги, у ёки инсон қадр-қиммати учун хизмат қилади, ёки унга қарши туради. У ё адолатни жонлантиради, ё лоқайдликни ниқоблаш учун фойдаланилади. Муаллиф худдики судьяларга қарата: “Сиз муҳандис ёки қурувчи эмассиз, сиз инсонийликнинг йўлчи юлдузи кабисиз. Агар Сизнинг рўпарангизда турган одам суд залини норозилик, шахсий камситилганлик ва адолатсизлик ҳисси билан чиқиб кетса, демак, Сиз қонунлар руҳини илғамаган бўласиз”, дегандек гўё.  Асарда мавжуд муаммо ва камчиликларга аниқ бир ечим берилмаган. Унда фақатгина сўнгги манзилни кўрсатишга ҳаракат ва унга элтувчи йўллар хусусида мулоҳазалар  билдирилган. Бу йўлда фикрлаш ва танлов сизнинг ҳамроҳингиз сифатида кўрсатилгандек. Бу шундай йўлки, ҳар бир судья учун якуний манзил нафақат низоларга ҳуқуқий ечим топиш, балки ўзликни англашга интилиш сари етаклайди. Қонунлар руҳи, бу – зоҳирий тартиб эмас, балки ички хотиржамликда туғилувчи адолатли қарорлар қабул қила олиш, шунингдек, судьялик ваколати ва масъулиятини белгиловчи мезон ҳам демакдир. Ушбу асар мутолааси ҳар бир ҳуқуқшунос, айниқса, судья учун фойдадан ҳоли эмас. Зеро, ҳар бир инсон ўзига муносиб деб топганини бошқаларга ҳам улашиши қонунлар руҳидандир.   Ўткирбек Соатов, Тошкент шаҳар маъмурий суди судьяси

2 Август 2025 543

Судьялар корпуси аъзолари яна 13 нафарга кўпайди

Бугун Судьялар олий кенгашининг судьялик лавозимларига танлаш ва тайинлашга доир очиқ танлов шаклидаги навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактабини муваффақиятли битирган яна бир гуруҳ номзодларни муқобиллик асосида судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига тайинлаш масаласи кўриб чиқилди. Муҳокамалар якунида 13 нафар номзод илк бор судьялик лавозимига тайинланди. Судьялар олий кенгаши қарори билан: Расулов Хуршид Ғайратович – судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига Андижон вилояти фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро судининг судьяси лавозимига; Марипжонов Умиджон – судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига Андижон вилояти фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро судининг судьяси лавозимига; Алохонов Анвар Мухторхонович – судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига Андижон вилояти фуқаролик ишлари бўйича Бўстон туманлараро судининг судьяси лавозимига; Маматқулов Авазбек Хасанбоевич – судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига Андижон вилояти жиноят ишлари бўйича Бўстон туман судининг раиси лавозимига; Рахимов Нурбек Нутфуллоевич – судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига Бухоро вилояти жиноят ишлари бўйича Вобкент туман судининг раиси лавозимига; Авезов Жалол Норқулович – судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига Бухоро вилояти жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг судьяси лавозимига; Пирматов Комил Каримбоевич – судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига Навоий вилояти жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг раиси лавозимига; Хўжамбердиева Мохинабону Шухратовна – судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига Андижон вилояти Избоскан туманлараро иқтисодий судининг судьяси лавозимига; Мамадалиева Махфуза Луқмонжоновна – судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига Наманган вилояти Учқўрғон туманлараро иқтисодий судининг судьяси лавозимига; Ибрагимов Жасур Шодмонович – судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига Қашқадарё вилояти Қарши туманлараро иқтисодий судининг судьяси лавозимига; Жамилов Отабек Рашидович – судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига Бухоро вилояти Ғиждувон туманлараро иқтисодий судининг судьяси лавозимига; Бурхонова Шахноза Зарифовна – судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига Қашқадарё вилояти Қарши туманлараро маъмурий судининг судьяси лавозимига; Умурзоқов Зокиржон Бахтиёрович – судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига Самарқанд вилояти Самарқанд туманлараро маъмурий судининг судьяси лавозимига тайинланди. Шунингдек: Бисенова Гулистан Онгарбаевнани судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига жиноят ишлари бўйича Нукус туман судининг раиси лавозимига; Балтабаев Жасурбек Нуруллаевични судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг раиси лавозимига тайинлаш мақсадга мувофиқ деб топилиб, шу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига тақдимномалар киритилди.

31 Июль 2025 4423

Нотўғри талқин, ноўрин иддаолар...

Ижтимоий тармоқлардаги қатор манбаларда Судьялар олий кенгашининг бўш судьялик лавозимлари учун эълон қилинган танлови  ҳақида нотўғри талқинлар билан турли ахборотлар сиздирилмоқда. Уларда гўёки танловда иштирок этиш учун ариза  бериш муддати бор-йўғи бир кун эканига урғу берилиб, бу билан гўёки танлов ва тайинлов жараёнининг очиқ ва шаффофлигига асоссиз шубҳалар билдирилмоқда. Танлов ҳақидаги эълонда  “... Судьялар олий мактабини муваффақиятли тамомлаган ва 35 (ўттиз беш) ёшдан  кичик бўлмаган номзодлар” иштирок этиши бежиз алоҳида қайд этилмаган. Негаки, “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 68-моддасида илк бор судьялик лавозимига тайинланадиган номзодлар Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида мажбурий тартибда ўқиши шарт экани белгиланган.  2024/2025 йилги ўқув йилида Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактабини 182 нафар тингловчи муваффақиятли тамомлади. Бу – уларнинг ҳар бири судьялик лавозимига потенциал номзод ҳисобланади. Шу боис ҳам танловда иштирок этиш истагини билдирган номзодлар Кенгашга битта ариза билан мурожаат қилиши – кифоя.  Яъниким, уларга нисбатан  вилоят (ва унга тенглаштирилган) судлар судьялари малака ҳайъатининг тавсияси ва Судьялар олий малака ҳайъати хулосасини олиш каби маълум вақт талаб қиладиган тартиблар татбиқ этилмайди. Илк бор судьялик лавозимига тайинланганлар ўз фаолиятини биринчи инстанция судларидан бошлаши маълум. Кенгаш томонидан эълон қилинган барча вакантлар айнан туман (шаҳар), туманлараро судлари судьяси лавозими бўлиб, муқобиллик асосида ўтган кейинги иккита очиқ танлов натижаларига кўра, 104 нафар номзоднинг 45 нафари судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига тайинланди. Шу ўринда алоҳида қайд этиш зарурки, танлов бугун эълон қилиниб, эртасигаёқ ўтказилаётгани йўқ. Бунинг хос тартиблари бор: масалан, жорий йилнинг 10 июль куни 52 та бўш судьялик лавозими учун  эълон қилинган танловда иштирок этиш учун 130  нафар номзоддан ариза келиб тушган. Уларнинг 104 нафари очиқ танловда иштирок этди. Икки кун давом этган танловда барча номзодларга тенг имконият яратиш чеклангани сабаб иқтисодий судлар судьялигига номзодларни кўриб чиқиш, шунингдек, айрим бўш фуқаролик ишлари бўйича судлар судьялигига муқобил номзодлар камлиги боис қолган 26 нафар номзоднинг лавозимга муносиблиги масаласи муҳокамаси кейинга қолдирилган. Куни кеча  иштироки кейинга қолдирилган 26 нафар номзодни кўриб чиқиш ҳамда бўшаб қолган яна 13 та лавозим учун қўшимча танлов эълон қилинди. Бугуннинг ўзида унда иштирок этиш истагини билдирган номзодлар сони  60  нафарга етди.  Улар  билан бирга ўтган танловларда вакант лавозимга бошқа номзодлар тайинлагани сабаб захирада қолган номзодлар ҳам қатнашиш ҳуқуқига эга.  Бунинг учун ҳам ортиқча расмиятчилик йўқ, юқорида айтилганидек, номзоддан битта электрон шаклдаги ариза талаб қилинади, холос. Чунки, муайян вақт талаб қиладиган комплекс ўрганишлар, жорий тартибга кўра, Судьялар олий мактаби таҳсили якунидаёқ амалга ошириб бўлинган, тегишли тиббий кўриклар ҳам аллақачон якунига етган. Нисбатан қисқа фурсатларда кетма-кет танлов ўтказилаётганини тагдор оҳангда  “шошқалоқ” дейиш эса, жуда юмшоқ айтганда, нотўғри ва ноўрин. Бўш судьялик лавозимлари муносиб кадрлар билан қанча тез тўлдирилса, шунчалик яхши. Сансалорликлар камаяди, вақт-фурсат ҳавога учмайди, иш юкламалари енгиллашиб, судлар фаолияти самарадорлиги ошадики, пировард мақсад ҳам шу, аслида?! Судьялик лавозими учун танлов  ва тайинловлар очиқ ва шаффоф тарзда ўтаётгани, жараён рақамлаштирилиши натижасида инсон омили чеклангани, ҳатто номзодларнинг яқинларига билвосита кузатиш имкони яратилгани оммавий ахборот воситаларида изчил ёритиб борилмоқда. Ушбу баёнлар шунчаки “тил бурролиги” эмас, балки реал воқеликдир. Ижтимоий тармоқларда бонг ураётганларда шубҳа бўлса, Кенгаш эшиклари очиқ: марҳамат – келинг ва кўринг. Хулоса ҳар кимнинг ўзига тан.  Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

29 Июль 2025 1560
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech