Янгиликлар

РАСМИЙ МУНОСАБАТ!

 “Telegram” ижтимоий тармоғидаги “Халқ назорати” гуруҳида “Бизда ФИБ Мирзо Улуғбек туманлараро суди ғалати қарорлар чиқариб туришига аниқ мисол бор!” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда фуқаролик ишлари бўйича М.Улуғбек туманлараро суди судьяси  томонидан иш бўйича адолатсиз қарор чиқарилганига ишора қилинган ва мақоланинг якунида “Аниқ хулосага келиш ҳуқуқи эса Судьялар олий кенгашида!” деб изоҳ берилган. Бу ҳолатда, амалдаги процессуал қонунчилик талабига кўра,  Судьялар олий кенгашида “аниқ хулосага келиш ҳуқуқи” мавжуд эмас. Амалдаги фуқаролик процессуал кодекси талабига кўра, суд қарорининг қонуний ёки ноқонунийлигига баҳо бериш, иш бўйича аниқ хулосага келиш фақат ва фақат юқори суд инстанциясининг ваколати. Мазкур ҳолатда Судьялар олий кенгаши суд ишига аралашиш, баҳо беришга ваколатли эмас.  Суд қароридан норози бўлган тараф иш берувчига тегишли тартибда шикоят билан юқори суд инстанциясига мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлиги тушунтирилади.

15 Апрель 2026 1224

РАСМИЙ МУНОСАБАТ!

РАСМИЙ МУНОСАБАТ! 2026 йил 6 февраль куни “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 13-ялпи мажлисида Конституциявий суд судьяси М.Э.Абдусаломовнинг ўн йиллик муддатга сайланганлиги” баъзи бир ижтимоий тармоқларда жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлиб, гўёки қонунчиликка зид дея нотўғри талқин қилинмоқда. Уларнинг фикрича, қонунчиликда “Конституциявий суд судьясининг энг юқори ёш цензи 70 ёш деб белгиланган”. Аввало, ижтимоий тармоқ вакилларининг энг муҳим давлат органи шаклланиши жараёнини ниҳоятда жиддий эътибор билан кузатиб бораётганлигидан мамнунлигимизни билдирамиз. Шунинг баробарида жамоатчиликка тарқатилаётган ахборотнинг (айниқса, қонунчиликни талқин қилиш билан боғлиқ!)  ишончлилиги ва тўғрилиги учун жавобгарлик ҳиссини унутмаслигимиз шарт! Тўғри “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий Қонунининг 7-моддасида “Конституциявий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши, қоида тариқасида, етмиш ёшни ташкил этади” деб белгиланган. Гап шундаки, қонунчилик техникасида “қоида тариқасида” деган ниҳоятда муҳим тушунча мавжуд бўлиб, бу белгиланаётган қоиданинг умумий тартибини белгилайди, бироқ бу дегани мазкур норма қатъий ёш цензини белгиламайди. Қонунчиликда назарда тутилган мана шу қоида асосида М.Э.Абдусаломов Конституциявий суд судьяси бўлиб сайланди.   М.Э.Абдусаломовнинг мамлакатимиз ҳуқуқий тизими ривожланишида жуда катта ҳиссаси бор. У кишининг ҳаёти ва фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, 40 йилдан ортиқроқ давр мобайнида мамлакатимизнинг адлия, суд ва бошқа марказий органлари самарали раҳбарлик қилганлигининг гувоҳи бўламиз. Хусусан, М.Э.Абдусаломов раҳбарлиги даврида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Осиё Конституциявий судлари ва турдош институтлари Ассоциациясига раислик 2025-2027 йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига ўтди. Шу билан бирга  М.Э.Абдусаломов раҳбарлигида Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган давлат раҳбарининг биринчи марта тарихий фармони қабул қилинди. Қолаверса, халқаро тажрибада ҳам олий суд, конститутцион судья ва раисларининг ёши 70-90 ёшда эканлигини кўришимиз мумкин.   Матбуот котибияти  

6 Февраль 2026 448

“Адл айлаки, ул халқ ҳаёти бўлмиш...”

Бугун Судьялар олий кенгашида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан самимиятга тўла файзли байрам тадбири бўлиб ўтди. Ватан остонадан бошланади, демак, унинг мудофааси бошланадиган нуқта ҳам шу ерда.  Чунки, оила ватаннинг бир парчаси демакдир. Шундан келиб чиқилса, юрт мудофааси фақат ҳарбийларнинг эмас, жамиятнинг ҳар онгли аъзоси зиммасидаги муқаддас бурчи экани тугал англаб етилади. Оқиллар бежиз инсоннинг оёғи она тупроқда томир отиши, нигоҳи эса  дунёни кузатиши керак, демаган. Чунки, дунёнинг турли нуқталаридаги нотинчлик ёки муҳорабаларга минг бир баҳона тўқилмасин, асосий сабаб ижтимоий адолатсизлик эканини илғаш қийин эмас. Ҳазрат Навоий халқнинг осуда ҳаёти одиллик билан экани, инсоннинг хуш хулқи ундаги айни шу сифат билан белгиланишини  (“Адл айлаки, ул халқ ҳаёти бўлмиш, Хуш ул кишиким, адл сифати бўлмиш”) таъкидлар экан, бу билан гўёки қонун посбонларига хитоб қилгандек. Негаки, жамиятда ижтимоий адолатни таъминлашдек вазифа айни уларнинг чекига тушган, одиллик ва холислик сифатларисиз бундай мақомга муносиб топилмоқ қийин. Чунки, қабул қилинаётган ҳар бир суд ҳужжати хусусий характерга эга бўлса-да, уларнинг жамиятга таъсири мавжудлигини ёдда тутмоқ керак. Зотан, судья мамлакат номидан ҳукм-у қарор чиқаради. Ватан тараққиёти, юрт тинчлиги ва фуқаролар хотиржамлиги қонун устуворлиги таъминланиши билан тўғридан-тўғри боғлиқ эканининг боиси ҳам шунда. Бўлиб ўтган тадбирда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, ушбу жараёнда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, ҳуқуқий ҳимоя ва кафолат «Инсон қадри учун» тамойили асосида янги босқичга кўтарлаётгани қайд этилди. Айтилдики, инсон ҳуқуқлари тинч ва осойишта юртда қадрланади ҳамда самарали таъминланади.  Шунингдек, судьялар корпусини шакллантириш, одил судловни амалга оширишда муносиб хизмат қилаётган тизим вакиллари муносиб рағбатлантирилаётгани ҳам алоҳида таъкид этилди. Куни кеча давлат раҳбарининг фармони билан Судьялар олий кенгаши суд инспекцияси раҳбари Турғунбой Буваев ва Олий суд судьяси Санобар Мамадалиеванинг “Содиқ хизматлари учун”медали билан тақдирлангани доимий эътиборнинг яна бир намунасидир. Тадбир якунида сана муносабати билан тизимнинг бир гуруҳ вакиллари меҳнатлари эътироф этилиб, уларга Судьялар олий кенгашининг эсдалик совғалари топширилди.

14 Январь 2026 1130
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech