Яқин-яқингача Сингапур ҳақида ўйлаганимда ушбу давлатнинг учинчи дунёдан биринчи дунёга чиқиши сири нимада, бу қай тарзда юз берган, деган саволларга жавоб топгим келарди. Мен қидирган жавоблар ушбу давлат биринчи бош вазири Ли Куан Юнинг “Учинчи дунёдан биринчи дунёга. Сингапур тарихи” номли мемуар асарда яширинган экан. Китоб нафақат бир мамлакат тарихи, балки бир инсоннинг иродаси орқали тараққиётга эришган бутун халқ ҳақида ибратли ва қимматли манба ҳисобланади Мутолаа жараёнида Ли Куан Юни нафақат сиёсатчи, балки бир халқнинг маънавий меъмори сифатида ҳам тасаввурлар кенгаяди. Асарда у ўзининг шахсий ҳаёти, сиёсий қарорлари, халқаро муносабатлари ва мураккаб жараёнлар орқали Сингапурнинг юксалиш тарихини ёритади, аммо бу тарих – қуруқ фактларнинг баёни эмас. Ўқувчи учун бу – ҳаётий дарс, фалсафий мулоҳаза ва инсон руҳининг энг чуқур қатламларига етаклайдиган саёҳатдир. Муаллифнинг фикрлари, қарорлари ва ҳатто хатолари замирида ҳам халқнинг келажаги ҳақидаги қайғулари ётганини ҳис этасиз. Унинг: “Менинг ўзгармас мақсадим — халқимни камбағалликдан олиб чиқиш эди”, деган сўзлари эса фикримизга далилдир. Шу сабабдан китобни оддий мемуарлар қаторида санаб бўлмайди Шубҳасиз, асардаги энг кучли таъсир қилган нуқталардан бири — унинг коррупцияга қарши олиб борган сиёсатдир. Менимча, бу тажриба ўз ватанининг келажаги ва истиқболини ўйлайдиган жамиятнинг онгли ҳеч бир аъзосини бефарқ қолдирмаса керак. Унинг коррупцияга қарши кураш услуби шунчалик кескин ва муросасиз эдики, юқори лавозимдаги дўстларини ҳам судга тортишдан чекинмади. Китобда бунга аниқ мисоллар келтирилган. У тозалашни қалб ва фикрни янгилашдан бошлади. Унинг ҳар бир қарори юрак ҳиссиётларини енгиб, ақл-идроки билан қабул қилган. Ҳатто Сингапур Малайзиядан чиқиб кетганда, у жамоат олдида йиғлаб нутқ қилганлиги — бу сиёсат эмас, инсон юрагидаги оғриқ эди. Мен Ли Куан Ю шахсини идеаллаштириш фикридан йироқман, фақат уни идеал мақсадлар учун курашган инсон сифатида кўрсатишим мумкин. У Сингапурни “биринчи дунё”га олиб чиқиш йўлида баъзи чекловлар жорий қилишга тўғри келди. Буларни оқлаш мумкин эмас, лекин англаш мумкин. Хусусан, у Ғарбда кенг тарқалган демократик моделларга нисбатан танқидий нуқтаи назардан, аммо оқилона ёндашди дейиш мумкин. Ли Куан Юнинг таълимоти шундан иборатки, у орзу қилишни эмас, орзуни амалга оширишни ўргатади. Бу икки сўз ўртасида катта фарқ бор. Орзу қилишда пассивлик, фақат интилиш бор; қуришда эса жавобгарлик, режа, интизом бор. У “ўзгача” ва “ўзгалардан фарқли” бўлишга эмас, балки “аъло даражада масъулиятли” бўлишга чақиради. Сингапурни ўзгартирган куч — у ернинг географияси ёки бойлиги эмас, балки шундай ғояларга содиқ одамларнинг мавжудлиги ҳисобланади. Шу маънода китоб ҳақиқий тараққиёт - инсоннинг онгида, руҳиятида, билимга бўлган иштиёқида ва тинимсиз меҳнатида эканлигидан бизга сабоқ беради. Шу билан бирга, асар ҳақида бошқа мулоҳазаларим ҳам йўқ эмас. Айниқса, китобнинг айрим бўлимлари — дипломатик учрашувлар, техник жараёнлар, ташкилотлар билан боғлиқ майда деталларга тўла бўлиб, бундан матн оқимида секинлашув юз беради. Яъни, баён услубида таассуротдан кўра фактларга, ҳиссиётдан кўра таҳлилларга кўпроқ эътибор қаратилган. Шунданми, шу қадар кўп расмийлик, протокол, сана ва номлар орасида инсон Ли Куан Юни йўқотиб қўйгандек бўламан. Аммо шу ҳолатда ҳам мен унинг ҳаётга қарашларини кўраман: у қалбимизга эмас, тафаккуримизга таъсир қилишни истайди. Бу китоб орқали тараққиёт эҳтиёжи, унга интилиш, бу йўлдаги машаққатлар, унинг ортидан орзулар рўёбини кўриш мумкин. Ва яна аввалги фикримга қайтаман, бу китобда мен бир одамнинг улуғворлигини эмас, балки инсоннинг фитратида яширинган улкан потенциални кўрдим. Англаб етганим ва хулосам шу бўлдики, агар юракда юртни севиш, онгда эса уни ривожлантириш истаги бўлса, ҳар қандай миллат ўзининг "учинчи дунёдан биринчи дунё"гача бўлган сафарини бошлай олади ва бу сафари хайрли якун топади. Хайруллохон Камолов, жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар суди раиси
Бугун Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида маъмурий судлар фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан жорий этилаётган янги институтлар, уларни амалиётда қўллашга доир амалий-семинар бўлиб ўтди. Айтилдики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги (2025 йил 30 январь) қарори маъмурий судлар фаолиятида янги саҳифа очмоқда. Мазкур қарор билан маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгиланди. Хусусан, давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ва самарали ҳимоя этилишини устувор равишда таъминлашда суднинг фаол иштироки принципини қўллаш механизмларини кенгайтириш, уларнинг (давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг) фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш, маъмурий суд ишларини юритишда низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини тўлиқ жорий этиш каби масалалар шулар жумласидандир. Шундан келиб чиқиб, давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили маъмурий суднинг мажлисида мажбурий иштирок этишини таъминлаш, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устида судга киритилган аризалар бўйича зарур тушунтиришлар бериш, узрли сабабларсиз судга келмаган тақдирда уларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари қўллаш каби янги тартиблар белгиланмоқда. Шунингдек, маъмурий суд иш юритувида дастлабки эшитув институтини жорий этиш, бунинг процессуал тартиби ва муддатлари, низоларни ҳал этиш жараёнида судга ҳурматсизлик қилиниши ва суднинг хусусий ажрими бўйича чоралар кўрмасликка оид ҳуқуқбузарликларни кўриш ваколатини маъмурий суднинг ўзига бериш сингари институтлар ҳам жорий этилмоқда. Бўлиб ўтган семинарда жорий этилаётган институтларнинг мазмун-моҳиятини ва уларни амалиётда қўллаш, уларнинг тартиблари бўйича фикр алмашилди, амалиётда дуч келинаётган муайян ҳуқуқий бўшлиқлар, уларнинг ечими юзасидан таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди. Айниқса, низоларни судгача ҳал қилиш, бунда давлат органларида апелляция кенгашлари фаолиятини такомиллаштириш зарурияти хусусида алоҳида тўхталиб ўтилди. Шу каби амалий-семинарлар давлат органлари вакиллари билан ҳам ўтказиш кўзда тутилган.
Жорий йилнинг 16–25 июнь кунлари Швейцариянинг Женева шаҳрида Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO) ва Женева Университети ҳамкорлигида“Интеллектуал мулк ҳуқуқи” бўйича халқаро ўқув курслари ташкил этилди. Унда Ўзбекистон судьялар ҳамжамияти вакиллари ҳам иштирок этди. Ушбу курсларида интеллектуал мулк ҳуқуқи соҳасидаги билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш, айниқса, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар билан боғлиқ масалалар юзасидан халқаро тажриба алмашилди. Шунингдек, интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилиш, патент ва товар белгиларининг ҳуқуқий асослари, рақамли муҳитда муаллифлик ҳуқуқи, сунъий интеллект билан боғлиқ муаммолар ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди. Сафар якунида делегация аъзолари томонидан Ўзбекистон судьялари учун интеллектуал мулк ҳуқуқи бўйича ўқув қўлланмаларни тайёрлаш ва ушбу йўналишда қисқа муддатли малака ошириш курсларини ташкил этиш юзасидан таклиф ва режалар ишлаб чиқилди. Таълим ва суд амалиётини уйғунлаштириш – судьялар фаолиятида муҳим аҳамиятга эга . Женевада бўлиб ўтган тадбир эса, шубҳасиз, интеллектуал мулкни ҳимоя қилишдаги халқаро ёндашувларни юртимиз суд амалиётига жорий этишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.