Янгиликлар

Аввал ўрганиб, кейин иддао қилмоқ лозим!

«Telegram» мессенжеридаги айрим каналларда Бош прокуратурада ўтказилган йиғилишга (кун тартиби акс этган ички ҳужжат нусхасини илова илова қилган ҳолда) суд раислари  ҳам чақирилгани дастак қилиниб, бу ҳолат суд ҳокимияти мустақиллиги принципларига зид экани ҳақида иддаолар қилинмоқда. Билдирилаётган мулоҳазалардаги суд ҳокимияти мустақил, судьялар ҳар қандай ташқи таъсирлардан холи бўлиши шартлигига оид фикрларга қўшилмасликнинг иложи йўқ, албатта. Дарҳақиқат, шундай бўлиши керак ва бўляпти ҳам. Бироқ масала моҳиятини тушунмай, воқеликни нотўғри талқин этган ҳолда ҳиссиётгларга берилиб айтилган бошқа фикрларга наинки қўшилиб, балки тоқат қилиб бўлмайди.   Хусусан, бундай йиғилишларга “суднинг нима алоқаси бор?”,  бунақа мажлисларда иштирок этилар экан, “...эртага оддий одамлар судга қандай ишонч билдиради?”, нима, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган раҳбарлари “судьяларга ҳам топшириқ берадими?”  мазмунидаги писандалар оддий ахлоқ меъёрларига риоя қилмай айтилиши, жуда юмшоқ айтгандай, одобдан эмас. Қайд этилган йиғилишда аниқ жиноят, фуқаролик, иқтисодий ёинки маъмурий иш муҳокама этилмагани кундай равшан. Хабарга илова қилинган ички ҳужжат нусхасида аниқ кўриниб турганидек, унда суд ва бошқа орган ҳужжатлари ижросини таъминлаш жараёнида юзага келаётган муаммолар ва уларни бартараф этишга оид масалалар муҳокама қилинган. Яъниким, такрор айтамиз, йиғилишда суд қарорлари қонунийлиги эмас, балки уларнинг ижросига доир масала  ва унинг ечимлари хусусида бош қотирилган.  Бундай муҳокамаларда  бошқа мутасадди органлар қатори суд раисларининг иштироки  суд ҳокимияти мустақиллги принципларига соя солмайди. Аксинча, пировардида,  жамоатчиликнинг судга бўлган ишончини оширади. Чунки, суд ҳужжатларининг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш одил судлов мавқеи билан бевосита боғлиқ масала. Қарор ижроси билан гўзал, деган  гап бежиз айтилмаган, демакки, йўқ жойдан ваҳима  кўтаришга асос йўқ. Маҳаллий ҳокимият йиғилишларига суд раислари таклиф этилиши ёхуд халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида улар берган ахборот муҳокама этилиши баъзан учраб тургани рост. Бу ҳуқуқий маданиятга боғлиқ бўлиб, қонунчилик тарғиботини янада кучайтиш масаласи долзарблигича турганини кўрсатади. Умумманфаатга хизмат қиладиган бундай ишларга наинки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул, балки жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга  бурчлиман деган ҳар бир фуқаронинг вазифасидир. Жумладан,  прокуратурада ўтган йиғилиш ҳақида бонг урган муҳтарамлар ҳам. Иккинчидан, Судьялар олий кенгаши бу борада ҳаракатсизликка йўл қўяётгани  ҳақидаги писандлар асоссиздир.  Ўтган йилнинг ўзида судьялар дахлсизлигини таъминлаш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашларнинг олдини олиш борасида  Кенгаш раиси киритган тақдимномалари натижасида иккита жиноят, иккита маъмурий иш қўзғатилиб, айбдорларга тегишли жазо тайинланди. Шу йилнинг ўзида Кенгаш матбуот хизмати томонидан судьялар дахлсизлиги бузилиши эҳтимолини юзага келтирилаётган ҳолатлар бўйича уч марта баёнот берилди. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилаётганига эса таъкид шарт эмас.   Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

30 Март 2022 1445

Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати
Б А Ё Н О Т И

Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши депутати Жаҳонгир Жиянов  “Telegram” мессенжеридаги “Soyadagi siyosatchilar”  каналидаги чиқишида куни кеча олтинчи чақириқ халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг 26-сессияси бўлиб ўтгани, унда фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди раисининг 2021 йил давомида одил судловни амалга ошириш борасидаги ишлар юзасидан берган ахбороти “депутатлар томонидан қониқарсиз деб баҳолангани”ни маълум қилади.    “Судлар тўғрисида”ги қонунга (41-модда) кўра, туман (шаҳар), туманлараро судлари раислари фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишни амалга оширишга доир фаолияти тўғрисида тегишли халқ депутатлари маҳаллий кенгашига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши белгиланган. Шундан келиб, жорий йилнинг 17 март куни олтинчи чақириқ Андижон шаҳар Кенгашининг 26-сессиясида фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди раисининг ахбороти эшитилади.   Шу ўринда эътиборда тутиш шартки, суд раислари ҳисобот эмас, ахборот беради. Унинг ахбороти муҳокама қилинмайди, балки маълумот учун қабул қилинади. Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг 26-сессиясида ҳам фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди раисининг ахбороти эшитилиб, маълумот учун қабул қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.   Кўринадики, депутат Ж. Жияновнинг “Депутатлар суднинг ахборотини қониқарсиз деб баҳолади”, дея ижтимоий тармоқда бонг уриши ҳақиқатга тўғри келмайди. Иккинчидан, у нафақат ўзининг, балки бошқа ҳамкасблари номидан суд раиси ахборотини қониқарли ёки қониқасиз, дея баҳолаш ваколатига эга эмас. Чунки, айтиб ўтилганидек, суд раисининг ахбороти муҳокама қилинмасдан, балки ахборот учун қабул қилинар экан, маҳаллий кенгаш депутатларининг қандай позицияда эканининг ҳуқуқий аҳамияти йўқ.   Зотан, суд ҳокимияти мустақил бўлиб, қуйи судлар томонидан чиқарилган суд ҳужжатлари қонунийлигига фақат юқори инстанция суди, судьяларнинг хатти-ҳаракатларига эса Судьялар олий кенгашигина тегишли баҳо бериши мумкин. Шу маънода фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди раисининг 2021 йилдаги фаолиятини ўзича “қониқарсиз” баҳолаган депутатнинг айни масала бўйича маҳаллий кенгаш юқори турувчи судга “маълумот киритилишига умид қилиши” қонун ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлардан яхши хабардор эмаслигига  далолат қилади.   Баён этилганларга кўра, Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати депутат Жаҳонгир Жияновнинг “Soyadagi siyosatchilar”  каналидаги чиқишини ҳуқуқий тартиб-тамойилларни тўғри тушунмаслик, бунинг оқибатида нотўғри ахборот бериш орқали жамоатчилик фикрини чалғитишдан бошқа нарса эмас, деб ҳисоблайди.   Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

18 Март 2022 1503

Иллатни бирлашиб енгилади, бошқа йўли йўқ

Адвокат А. Абдуллаевнинг “Телеграм” мессенжеридаги “Yuristkadr” каналида эълон қилинган “Уйғоқ адвокатлар ҳам бор...” мақоласининг умумий мазмунига қўшилиш мумкин. Чунки, муаллиф тизимдаги коррупцияни бартараф этиш, унга сабаб бўлаётган омилларнинг олдини олиш ҳақида  анча куйинчалик билан ёзади. Зеро,  Судьялар олий кенгаши фаолиятининг устувор йўналишларидан бири шу - айни иллатнинг барвақт олдини олиш ҳисобланади.  Модомики, мақсад – бир,  ният – муштарак экан, билдирилаётган фикрлар асосли, энг муҳими, холис бўлиши керак. Мақолада эса, ният қанчалар некбин бўлмасин, унинг ифодасида бирёқламалик шундоқ кўриниб турибди. Муаллиф фикри мазмунига кўра, гўёки “ўртакаш” адвокатлар  пайдо бўлишига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг (жумладан, судьялар ҳам) ўзи айбдор, улар ўз вазифаларини қонун доирасида ва виждонан бажарса, уларга (“ўртакашлар”га) ҳожат қолмасди. Бир қарашда фикрда жон борга ўхшайди. Рост, тизимда таъмага берилаётганлар йўқ, деб баралла айтиш қийин ҳозир. Бироқ Кенгаш бунга томошабин бўлиб тургани ҳам йўқ. Аччиқ тажриба кўрсатяптики,  айбсиз эмас,  айби борлар  муроди ҳосил бўлиши  учун “одам” қидиради. Яъни, аксарият ҳолларда пора талаб қилинмайди, балки таклиф этилади. Борди-ю бирор манфаатпараст тизим ходими таъма қилишга тушса, тегишли органга мурожаат қилишга ҳеч қандай монелик йўқ. Бироқ, ҳақиқат шуки, судьянинг таъма қилиш ҳолати бўйича айнан адвокатларнинг Кенгаш суд инспекциясига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат этиш ҳолатлари йўқ даражада. Аксинча, улар орасида “ишингни “гаплашиб”, ҳал қиламан!” дея  суднинг номини сотиб, алал-оқибат жиноий жавобгарликка тортилиш ҳолатлари кўпаяётгани  жиддий хавотир уйғотмоқда. Коррупция нафақат битта тизимнинг, балки жамиятнинг оғриқли муаммоси ҳисобланади. Суддаги коррупция эса, бир блогер тўғри таъкид этганидек, энг қўрқинчлисидир. Шундай экан, мазкур иллатга  қарши курашиш, унинг  барвақт олдини олиш битта органннинг эмас, барчанинг умумвазифасига айлансагина кутилган натижага эришиш мумкин. Қуруқ баҳс, ижтимоий тармоқлар орқали “тош отиш” билан мақсадга эришиб бўлмаслиги аён. Муаммо реал ва аниқ ҳаракатлар билан барҳам топади. Бунда  адвокатура институти вакилларидан яна-да  фаоллик кутилаётгани рост. Муаллифнинг Олий суд ёки Кенгаш узоқ вақтдан кейин ўзгарган ёки бекор бўлган ва бўлаётган суд қарорлари ўзгариш ва бекор бўлиш сабабларини таҳлил қилиши керак эмасми, мазмунидаги иддаолари ҳам  ўта баҳсталаб. Чунки, бу борадаги ишлар изчил олиб борилаётгани натижасида керакли чора-тадбирлар кўриб келинмоқда. Натижада мавжуд қонун ва ҳуқуқий ҳужжатларга зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда, айрим ҳолатларларда Олий суд пленуми қарорлари қабул қилинаётгани ҳам жамоатчиликка маълум. Айнан шундай таҳлил ва ўрганишлар натижасида  қатор судьяларга нисбатан интизомий чоралар кўрилаётирки, бу ҳақдаги ахборотларни “қуруқ” хабарлар билан чекланиш” деб баҳоламоқ инсофдан эмас. Зотан, лавозимига нолойиқлиги ёки фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун турли интизомий жазога тортилаётган судьяларнинг номма-ном жамоатчиликка эълон қилиш амалиётини Кенгашдан бошқа органларда деярли учратмайсиз. Бу ҳам тизим вакилларини янада хушёрликка чақириш орқали иш сифатини ошириш ҳамда эҳтимолий муаммолар олдини олишга қаратилга чоралардан бири, аслида. Яна бир гап. Муаллифнинг “бир судьяни билиши”, унинг  “апелляция инстанциясида кўрган жиноят ишларининг деярли барчаси бўйича суд қарорлари кейинчалик ўзгарган ёки бекор бўлгани”га қарамай  ҳамон ишлаб келаётгани оид иддаолари аниқликни талаб этади. Ушбу масалада у Кенгашга мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Мурожаат тегишли татибда кўриб чиқилади ва жавоб берилади.   Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

15 Март 2022 1500
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech