Янгиликлар

Очиқ гап аччиқ бўлади, аммо ортиқчалик қилмайди

Бемор оғриган жоидан шикоят қилади, саломатлигини тиклаш учун соғ аъзолари мақташидан фойда йўқ. Ушбу инкор этиб бўлмас ҳақиқат куни кеча Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан бўлиб ўтган йиғилишда яна бир бор акс этди. Яъниким, унда амалга оширилган ишлардан кўра, амалга оширилмаганлари хусусида  гапирилди. Асосан муаммо ва камчиликлар  муҳокама этилиб, масъулларда изоҳ сўраш баробарида уларнинг ечими устида бош қотирмоқ лозимлиги таъкид этилди. Айтганча, қандай йиғилиш? “Йиғилиш” дейилиши бироз бўртиб кетар, чунки, бунинг ўзига яраша тартиб-талаблари бор-да: кун тартиби,  маърузачилар рўйхати, регламент... Бўлиб ўтган “машварат”да бунақа расмиятчилиг-у жим-жималар нари сурилдки, шу боис унга мухтасар ном топишга уринмай борини борича баён қилсак: жойлардаги Судьялар малака ҳайъатлари масъуллари билан очиқчаси гаплашиб олинди. Тамом. Анча-мунчалар гаплар йиғилиб қолган экан-да ўзиям. ....Асосий мавзуга ўтишдан аввал Судьяларнинг малака ҳайъатлари ҳақида икки оғиз тушунтириш беришга эҳтиёж бордай. Чунки, бу борада ахборотлар кам, тизим ва унга яқин соҳа вакилларини айтмаса, Судьялар малака ҳайъатлари ҳақида биров билади, биров йўқ... Мавзу ҳақида муайян тасаввурга эга бўлиш масала моҳиятида илғашда асқотиши аниқ. ...Судьяларнинг малака ҳайъатлари “Судлар тўғрисида”ги қонун билан тасдиқланган Низом асосида фаолият кўрсатади. “Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида”ги Низомга кўра, Судьяларнинг олий малака ҳайъати, судьяларнинг малака ҳайъатлари қуйидаги масалаларни кўриб чиқиш учун тузилади: судьянинг интизомий жавобгарлиги; судьянинг ваколатларини тўхтатиб туриш ёки муддатидан илгари тугатиш; судьянинг дахлсизлигини таъминлаш; судьяга малака даражаси бериш; халқ маслаҳатчиларини танлаш ва уларнинг сайловини ўтказишишларини ташкил қилиш; судьялик қасамёди ва судьялар одоб-ахлоқи қоидаларига риоя этилиши устидан назорат қилиш. Қисқаси, Судьяларнинг малака ҳайъатлари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига унинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда кўмаклашади. Яна бир қўшимчаки, жойлардаги Судьялар малака ҳайъатларининг  раиси, унинг ўринбосари, котиби ва аъзолари ўша ҳудуд судлари судьялари орасидан тегишли тартибда сайланади ҳамда жамоатчилик асосида фаолият юритади. Мана энди асосий мавзуга ўтиш фурсати етди. Қайд этилдки, ўтказилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларига ҳамоҳанг равишда Судьялар олий кенгаши, Судьялар Олий малака ҳайъати ва жойлардаги малака ҳайъатлари ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври давомида бир қатор ишлар амалга оширилди, бироқ бу етарли эмас, шу сабаб  қўйилган вазифалар етарли даражада сифатли бажарилмоқда, дейиш қийин. Муаммолар  нималарда кўринмоқда? Биринчи навбатда Судьялар малака ҳайъатлари таркибини шакллантиришга тўхталди. Жойлардаги айрим Судьялар малака ҳайъатлари таркибига ёш, тажрибасиз судьялар киритиш ҳоллари учраётани, жуда юмшоқ айтганда, тушунарсиз. Ваҳоланки, ўша ҳудудда ўзига яраша обрўга эга тажрибали судьялар оз эмас. Айрим ҳудуд малака ҳайъатлари таркибида эса бирорта аёл судьялар киритилмаган. Аёл судьялар муаммосини аёл судья ўрганиши мақсадга мувофиқлиги эътиборга олинса, малака ҳайъатлари таркибини шакллантиришда шу ва шу каби омиллар инобатга олишини шарт экани ойдинлашади. Судьяларнинг ўз вазифаларини лозим даражада бажариши учун малакаси ва касбий билимларини мунтазам ошириб бориши лозимлиги шунчаки тавсия эмас, балки уларнинг зиммасига қонун билан юклатилган мажбуриятдир ("Судьялар тўғрисида"ги қонун, 9-модда; "Судьялар одоби кодекси", 62-модда). Бу борадаги муаммолар малака ҳайъатлари томонидан  янги ваколат муддатига ёки бошқа судьялик лавозимига тавсия қилинган айрим номзодларнинг  лаёқатида яққол кўриниб қолмоқда. Ўтган олти ой давомида  Наманган вилоятидан 9 нафар, Бухоро вилоятидан 5 нафар, Андижон, Навоий, Тошкент, Самарқанд вилоятларидан 4 нафардан, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Сирдарё, Сурхондарё  вилоятларидан 2 нафардан, Жиззах, Фарғона, Хоразм вилоятларидан 1 нафардан судьяни  янги ваколат муддатига ёки бошқа судьялик лавозимига тайинлаш Кенгаш томонидан рад этилди. Бу ўз-ўзидан   шу ҳудудлар малака ҳайъатлари томонидан судьяларнинг касбга лаёқатлилиги масаласида етарли эътибор ва чора-тадбирлар кўрилмаётганини кўрсатади.  Шу масалада Кенгаш томонидан  малака ҳайъатларига танбеҳ хатлари юборилганига қарамай Жиззах вилояти судьялар малака ҳайъати масалага юзаки ёндошиб, номигагина умумий режа тузишдан нарига ўтмаган бўлса, Андижон, Сирдарё, Қашқадарё вилоят малака ҳайъатлари (танбеҳ хатларини) муҳокама қилиб, судьяларнинг билим савиясини ошириш лозимлигини  қайд этган ҳолда, келгусида бу каби ҳолатлар йўл қўймаслини уқтириб ўтиш билан чегараланган, холос. Судьялар олий кенгашининг асосий вазифаларидан бири судьялар корпусини шакллантириш бўлиб, судьялик лавозимларига номзодларни танлаш, раҳбар судьялар захирасини шакллантириш ва тавсия этишда ҳам Судьялар малака ҳайъатлари кўмаклашувчи орган сифатида фаолиятини жонлантириши, бўш судьялик лавозимларини тўлдиришида ташаббус кўрсатишлари лозим аслида. Тошкент, Фарғона, Хоразм вилоятлари судьялар малака ҳайъатлари алоҳида ташаббус кўрсатаётганини қайд этган ҳолда  Андижон,  Наманган  вилоятларида бу масала ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Айниқса, Наманганда вилоят даражасидаги 2 та судьялик лавозими олти ойдан бери, туман даражасидаги 1 та судьялик лавозими эса салкам бир йилдан буён вакант бўлиб турибди... Судьялар одоб комиссиялари фаолияти юзасидан ҳам эътирозлар оз эмас. Маълумки, жорий йил бошида Судьялар олий кенгаши қарори билан “Судьялар одоб комиссиялари тўғрисидаги Низом” тасдиқланди. Мазкур Низом асосида бугунги кунга келиб, Судьялар олий кенгаши  ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьялари малака ҳайъатлари ҳузуридаги Судьялар одоб комиссиялари ташкил этилди. Комиссия фаолияти судьялар томонидан Судьялар одоби кодекси қоидалари бузилиши ҳолатлари юзасидан жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари ҳамда оммавий ахборот воситаларида, интернет тармоғида эълон қилинган хабар ва маълумотларни ўз вақтида холис ўрганилишини таъминлашга қаратилган бўлиб, бу борада судьялар малака ҳайъатларига кўмаклашади. Шундай бўлса-да, судьялар малака ҳайъатлари билан Судьялар одоб комиссиялари ўртасида ҳамкорлик мавжуд эмас. Оммавий ахборот воситалари ва бошқа расмий манбаларда эълон қилинаётган судларнинг обрўйига таъсир кўрсатувчи маълумотларга бирон марта Комиссия хулосаси олинмаган ёки судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига зид хатти-ҳаракатлари бўйича мурожаатларни ҳамкорликда баҳо бериш тизими йўлга қўйилмаган. Шунингдек, Судьялар одоб комиссияси таркибини шакллантиришда Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона, Тошкент шаҳар судлари судьялар малака ҳайъатлари томонидан Низом талаблари бузилгани ҳам кўрсатиб ўтилди. Судьяларга нисбатан хизмат текширувлари ўтказишга оид масала хусусида ҳам жиддий гаплар бўлди. Хусусан, хизмат текширувлари сифати ва муддатига риоя қилиш масаласида жиддий эътирозлар йўқ эмас. Судьялар олий кенгаши томонидан 2022 йил 6 ой мобайнида жами келиб тушган аризалардан 141 таси бўйича жойлардаги Судьялар малака ҳайъатларига хизмат текшируви ўтказиш учун топшириқ хатлари юборилган. Айрим Судьялар малака ҳайъатлари томонидан  хизмат текширувлари юзасидан барвақт хулосага келиниши натижасида “тасдиғини топмади”, дея якунланган баъзи ишлар ўрганилганда вазият аксинча кўриниш олган ҳолатлар ҳам мавжуд. Бунга мутлақо тоқат қилиб бўлмайди. ...Очиқ гаплар аччиқ оҳангда гапирилади, аммо тушунган одамга ортиқчалик қилмайди. Чунки, бунда шахсий муаммолар муҳокама қилинмайди. Пировард мақсад эса битта: жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш! Юрт тараққиёти, раият тинчлиги адолатга боғлиқ, ахир?! Судьялар олий кенгашиматбуот хизмати

8 Август 2022 2325

Таҳсил якунланди. Олдинда бир довон қолди

Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курси (2021-2022 ўқув йили) якунланди. Куни кеча Олий мактабни муваффақиятли  тамомлаган 75 нафар тингловчиларга бу ҳақдаги шаҳодат тантанали равишда топширилди. Тадбирда Судьялар олий кенгаши  раҳбарияти, суд-ҳуқуқ тизимининг таниқли вакиллари, фахрийлар ва бошқа ҳурматли меҳмонлар иштирок этди. Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактаби ташкил этилганидан буён (2017 йил) 132 нафар судьяликка номзодлар магистратура курсларида таълим олган бўлса, улардан 115 нафари (87 фоиз) судьялик лавозимига тайинланди. Бугун эса  улар сони  яна75 нафарга кўпайди. Албатта, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсини якунлаш, бу – судьялик лавозими нақд,  дегани эмас. Биритувчиларни яна бир довон – судьялик лавозимига тайинланиш учун муқобиллик асосида ўтадиган очиқ танлов турибди.  Осон бўлмаган шунча босқичлардан муваффақиятли ўтган барча битирувчиларига бўлажак тановларда ҳам муваффақият ёр бўлсин.

7 Август 2022 923

“Бу суд ишига аралашиш, судьяга нисбатан босим” - Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати баёноти

  Судьялар олий кенгаши блогер Шуҳрат Эсановнинг YouTube ижтимой тармоғидаги “Vodiy 24” каналида эълон қилинган (3 август, 2022 йил) “Риштон судида ўзбошимчаликми? Сарсон-саргандонда юриб “отилган” Хайрилло” номли видеоматериални суд ишларига аралашиш, судьяга нисбатан босим ўтказиш сифатида баҳолайди. Шу билан воқеликка бир-икки чизги бериб, гапни мухтасар қилиш мумкин эди. Бироқ мурожаатнинг мазмун-моҳияти, ундаги иддоалар Кенгаш муносабатини кенгроқ ифода қилишни талаб қиладики,  бунинг учун энг аввал мурожаатчининг бир томонлама ва тушунарсиз талқинларини тартиб билан баён қилишга тўғри келади.  Воқеликлар  ва уларнинг ривожи қуйидагича кечган. Даъвогар Х. Тошпулатова (мурожаатчи Х. Тошпулатовнинг онаси) фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судига мурожаат қилиб, жавобгар М. Мадумарова ва бошқаларни Олтиариқ тумани Жарқурғон МФЙ, 8-март кўчаси 31-сонли ҳовли-жойдан мажбурий тартибда чиқариш ва ўзини шу уйга мажбурий тартибда киритишни сўрайди.  Ушбу даъво  юзасидан чиқарилган ҳал қилув қарори (05.11.2021й.) вилоят судида қисман  ўзгартирилиб (05.04. 2022 й.),  Олий судда (вилоят судининг ажрими) кучда қолдирилишидан (19.05. 2022й.) даъвогарнинг муроди ҳосил бўлди, дейиш мумкин. Гап ижрода қолган. Бу орада  жавобгар М. Мадумарова  ҳам судга даъво киритиб, низоли уйни олди-сотдиси билан боғлиқ ҳужжатларни ҳақиқий эмас, деб топишини сўрайди.  Ўз навбатида суд  ушбу даъво ариза кўриб чиқилгунга қадар ижрони кечиктириш ҳақида ажрим чиқаради (23.06. 2022й.). Мурожаатчи Х. Тошпулатовнинг суд қарори ижросига тушов бўлган ажримдан норози эканини тушуниш мумкин. Бироқ  мазкур суд ажрими  унинг ижтимоий тармоқ орқали мурожаат қилишидан йигирма кун аввал бекор қилингани (14.07.2022й.) ҳақида очиқ гапирмагани  тушунарсиз.  Савол туғилиши мумкин: даъвогарнинг ўғли суд қароридан рози, боз қарор ижросини кечиктириш ҳақидаги ажрим ҳам бекор қилинган экан, нимадан норози бўлмоқда? Воқеалар ривожидан бироз илдамлаб айтсак, М. Мадумарованинг кўчишга мажбур бўлаётган уй-жойнинг олди-сотдисига оид ҳужжатларни ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги даъвоси, кейинроқ унинг аризсасига кўра, суд ажрими билан кўрмасдан қолдирилади (22.06. 2022 й.). Шундан сўнг у  бошқа мазмундаги даъво билан судга яна мурожаат қилади. Бу галги даъво ариза мазмуни Хайрулло Тошпулатовга нисбатан жиноят натижасида етказилган моддий зарарни ундиришга оид бўлиб,  судья М. Умарова иш юритувига қабул қилган, даъвони таъминлаш доирасида жавобгарга (Х. Тошпулатов)  тегишли транспорт воситаси хатланган.  Яна савол туғилши табиий: қандай жиноят ҳақида гап кетяпти ва бунинг оқибатида кимга қандай зарар етган?  Гап шундаки, юқорида қайд этилган хонадондан мажбурий кўчирилиши белгиланган М. Мадумарова (бева, уч фарзанднинг онаси) шу ғавғолар бошлангандан буён ушбу ҳовли-жойни ўз ҳисобидан қургани, қуруқ ер майдонини 2015 йилда айнан Х. Тошпулатовдан иморат тикланганидан кейин ҳужжатларни расмийлаштириб бериш шарти билан оғзаки келишувга асосан  сотиб олганини (айтилаётган суммага ҳозирда битта янги “Жентра” беради),  бироқ жавобгар шу пайтгача ваъдасини бажармай келаётганини таъкидлаб келади.  Бўлиб ўтган судларда маълум бўлишича, низога сабаб бўлган турар-жойга нисбатан туман ҳокими  (25.122012 й, 1379-сон) қарори билан С. Қодированинг эгалик ҳуқуқ берлгиланган, икки йил ўтиб (14.01. 2014 йил), олди-сотди шартномасига асосан Х. Салимов номига ўтади. 2017 йилга (15.08.) келиб, уй  нотариал тасдиқланган  олди-сотди шартномаси асосида Х. Тошпулатова (Х. Тошпулатовнинг онаси)  номига расмийлаштирилади. 2021 йилнинг охирида судлашувлар бошланади. Судларда  Х. Тошпулатов  тараф сифатида қатнашмайди, чунки уй-жой онаси расмийлаштирилган. Натижада судларда онаси даъвогар сифатида иштирок этади ва ютиб чиқади. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Судда  ютқазгач, М. Мадумарова Х. Тошпулатов устида ички ишлар органига мурожаат қилади. Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида Х. Тошпулатов Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисмида (фирибгарлик) назарда тутилган жиноятни содир этгани қайд этилади. Бироқ  жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетгани учун унинг айблилик масаласини ҳал қилмай туриб, иш ҳаракатдан тугатилади (09.06.2022й). Қонунга кўра, айблилик масаласини ҳал қилмай туриб жиноят ишининг тугатилиши шахснинг айбсиз эканини англатмайди. Содда тушунтирсак, бу -  қилмишинг 2015 йилда бўлган экан, орадан етти йил ўтибди, энди сени жавобгарликка тортишдан маъно йўқ, қонунга раҳмат айтгинки, нақ жазодан қутулиб қоляпсан, деганидир. Бундай ҳолатда жабрланувчи нима қилади? Тергов органи жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш учун фуқаролик судига мурожаат қилишни тавсия қилади. Бирдан-бир қонуний йўл шу. М. Мадумарованинг Х. Тошпулатовга нисбатан  жиноят натижасида етказилган моддий зарарни ундириш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судига мурожаат қилишининг  сабаби шунда. Даъво нечоғи асосли, жиноят оқибатида қанча моддий ва маънавий зарар етган, умуман, суд қандай мазмунда қарор чиқаради – ҳали маълум эмас. Чунки, суд эндигина (3 август куни) бошланди.  Ҳали якунига етмаган суд бўйича эндиликда жавобгар бўлган Х. Тошпулатовнинг ижтимоий тармоқ орқали судлар фаолияти ва ишни кўриб чиқаётган судья ҳақида ҳиссиётга эрк берган ҳолда бир томонлама ва асоссиз гаплар тарқатиши, бунга блогер Ш. Эсанов YouTube ижтимой тармоғидаги “Vodiy 24” каналида имконият яратиб бериши  суд ишига аралашиш ва судьяга босим ўтказиш ҳисобланади. Бунинг учун қонунчиликда ҳуқуқий таъсир чоралари белгиланган.   Судьялар олий кенгаши  матбуот хизмати

4 Август 2022 1748
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech