Янгиликлар

Кенгашдан сўнг. Қайси судьялар ваколат муддати даврига қайта тайинланди?

  Хабар қилинганидек, бугун Судьялар олий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Кенгаш ваколатига оид қатор масалалар кўриб чиқилган йиғилишда очиқ танлов ва муқобиллик асосида бир неча нафар судьялар ваколати муддати даврига қайта тайинланди.  Судьялар олий кенгаши қарори билан:  Аскаров Ваҳоб Қамбардинович – судьялик ваколати муддати даврига Самарқанд вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Самарқанд вилояти фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг судьяси лавозимидан озод қилинди.  Касимов Бахтиёр Муйдинович – судьялик ваколати муддати даврининг беш йил муддатига Наманган вилояти фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Наманган вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси лавозимидан озод қилинди.  Яхёхужаев Рахмонхон Ғозиевич – судьялик ваколати муддати даврига Наманган вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Наманган вилояти фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судининг судьяси лавозимидан озод қилинди.  Мамараимов Асқар Нематович – судьялик ваколати муддати даврига Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Сурхондарё вилояти Шеробод туманлараро иқтисодий судининг раиси лавозимидан озод қилинди. Ялгашев Гиёсиддин Тулкинович – судьялик ваколати муддати даврининг беш йил муддатига Жиззах вилояти жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Жиззах вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимидан озод қилинди.  Мамаражабов Лутфулла Хайруллаевич – судьялик ваколати муддати даврига Жиззах вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Жиззах вилояти жиноят ишлари бўйича Дўстлик туман судининг раиси лавозимидан озод қилинди.  Мадрахимов Фахриддин Адхамжон ўғли – судьялик ваколати муддати даврига Наманган вилоят маъмурий судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Наманган вилояти Наманган туманлараро маъмурий судининг судьяси лавозимидан озод қилинди.   Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

14 Сентябрь 2022 2766

Қарорнинг тегишли банди бекор қилиниши керак - Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати баёноти

"Kun.uz" сайтида тўғри таъкид этилганидек, туман судлари  раисларининг халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига  тақдим этаётган ахборотлари  нотўғри талқин қилиш ҳолатлари ҳамон учраб турибди. Натижада суд мустақиллиги, судьялар дахлсизлигига оид конституциявий нормаларга зид қарорлар қабул қилиниши кўзга ташланмоқда. Яқинда Халқ депутатлари Бўстон тумани (Андижон вилояти) кенгашида шундай воқелик юз бергани ортидан Судьялар олий кенгашининг баёноти эълон қилинган эди. Натижада Судьялар олий кенгаши раисининг Бош прокуратурага тақдимнома киритиши ортидан Халқ депутатлари Бўстон туман кенгаши қарорининг тегишли банди бекор қилинди. Ушбу хабар ҳали совуб улгурмасдан худди шундай ҳолат Халқ депутатлари Конимех туманида (Навоий вилояти) ҳам  кузатилди. Яъниким, жиноят ишлари бўйича Конимех тумани суди раиси М.Райимовнинг  2022 йил 1-ярим йилликда одил судловни амалга оширишга оид ишлар бўйича тақдим этган  ахборотидан сўнг маҳаллий кенгаши депутатлари VI-45-94-5-70-K/22-сонли (2022 йил, 5 август) қарор қабул қилиб, унда шу суд раисига бир неча банддан иборат вазифалар юклатилади. Судьялар олий кенгаши такрор таъкид этадики, "Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 41-моддасида туман (шаҳар) даражасидаги жиноят, фуқарлик, иқтисодий судлар раислари халқ депутатлари маҳаллий кенгашига фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишни амалга оширишга доир фаолияти тўғрисида  бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши белгиланган. Суд раисларининг ахбороти муҳокама этилмайди, балки маълумот учун қабул қилинади.  Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, шунингдек, “Судлар тўғрисида”ги қонунга (1-модда) мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади. Ушбу қонуннинг 9-моддасида судьялар мустақил ва  фақат қонунга бўйсуниши, уларга одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган. Баён этилганлардан келиб чиқиб, Судьялар олий кенгаши масалага беэътибор бўлмаган "Kun.uz" сайтига миннатдорлик билдириши баробарида Халқ депутатлари Конимех туман кенгашининг 2022 йил 5 августдаги VI-45-94-5-70-K/22-сонли қарори 2-бандини тоқат қилиб бўлмас ҳолат деб, баҳолайди ва у тегишли тартибда бекор қилиниши шарт. Судьялар олий кенгаши  матбуот хизмати

11 Сентябрь 2022 1462

Ўзгариш эҳтиёжи

Конституция — барча қонунларнинг негизи бўлиб, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга хизмат қилади. У ҳар бир инсон, фуқаронинг ҳуқуқий хулқ-атворини белгилаб беради. Уни билмай туриб, ҳуқуқий маданиятга эришиб бўлмайди. Шунингдек, ҳар бир мамлакат Конституцияси замонга, дунёдаги глобаллашув жараёнларига, аҳолининг талаб ва истаклари, эҳтиёжларининг ўзгаришларига қараб такомиллаштириб борилади. Статистик маълумотларга кўра, сўнгги ўн йилликларда қайси мамлакатда конституциявий ўзгаришлар амалга оширилган бўлса, ўша давлатда қонун устуворлиги таъминлангани, жамиятда жамоат назорати кучайгани, ижтимоий адолат тамойиллари самара бергани, бизнес субъектлари учун иқтисодий эркинлик шароитлари кафолатланганини кўриш мумкин. Шунингдек, хорижий конституциявий ўзгаришлар жамиятдаги экология, қадриятларнинг камситилиши, миллатлараро тотувлик муаммолари, хавфсизлик, инсон қадри, умуминсоний қадриятларни юқори қўйиш каби йўналишлардаги талаблар асосида киритилган. Жумладан, мутахассислар таҳлилига кўра, Словакия Республикаси хавфсизликни мустаҳкамлаш ҳамда бу борада фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчлари масаласида 1992 йилдаги Конституциясига 2015 йил декабрда 17-моддасига «террорчиликда гумон қилинган шахсларни полиция 96 соатгача (олдин 48 соат эди) ушлаб қолиши белгиланди. Ёки Францияда 2015 йил 13 ноябрда террорчилик ҳаракатлари сабабли Миллатни ҳимоя қилувчи конституциявий қоида киритилди. 2019 йилда Чилида ҳам халқ фуқаролик позициясини намоён қилиб, 1980 йилда қабул қилинган конституциясига ўзгартиришлар киритишга эриша олди. Шу тариқа, 2020 йил 25 октябрда Чилида референдум бўлиб ўтди, 2022 йилда эса қоидалар амалга оша бошлади. Бу сиёсий жараёнлар Чилининг фуқаролик жамияти ривожланишида катта воқеа бўлди. Малайзия Федерация Республикаси Конституцияси 1957 йил қабул қилинган бўлиб, унга 1963 йил биринчи маротаба, жами 42 маротаба ўзгартириш киритилган экан. Улар асосан фуқаролик бурчи ва ҳуқуқлари, ёшлар масаласи, депутатлар қасамёди, сенаторларни сайлаш ва тайинлаш тартиби каби масалаларга қаратилган. 1992 йилнинг 8 декабрида Республика Олий Кенгашида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси республикада рўй бераётган демократик ўзгаришлар давомида ҳозирги кунга қадар 15 марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Хусусан, яқин йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар эътиборга моликдир. 2017 йилнинг ўзида Конституциямизга уч марта ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шу йилнинг 6 апрелдаги қонун билан Конституциянинг суд ҳокимиятига тааллуқли нормаларига (80, 81, 83, 93, 107, 110, 111- моддаларига), 31 майдаги қонунга асосан 80, 93, 108 ҳамда 109-моддаларига, 29 август қонуни билан Асосий қонунимизнинг 99, 102- моддаларига ўзгартириш киритилди. Ушбу ўзгартишлар суд ҳокимиятининг нуфузини янада оширди, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари суд орқали ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашнинг конституциявий кафолатлари кучайтирилди. Мазкур конституциявий тузатишларга мувофиқ суд тизимида иқтисодий ва маъмурий судлар тузилди, Олий хўжалик суди ва Олий суд фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иши юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органига – Ўзбекистон Олий судига бирлаштирилди. Асосий Қонунга киритилган яна бир муҳим ўзгартиришларга мувофиқ суд-ҳуқуқ тизимида янги институт – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши жорий этилди. Судьялар Олий кенгашининг конституциявий мақоми – 111-модданинг янги таҳрири билан аниқ мустаҳкамлаб қуйилди. Бундан ташқари, Ҳаракатлар стратегиясига асосан 2017 йил 31 майда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, шунингдек суд ҳокимиятининг мустақиллиги, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ваколат доиралари қайта кўриб чиқилди. 2019 йил 4 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 96, 117- моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. 2021 йил 8 февралда Бош қомусимизнинг 107-моддасида суд тизимида мувофиқлаштирилиш, қуйи судлар тизимида туманлараро маъмурий судларни ташкил этиш масалалари ўзгартириш сифатида киритилди. Конституциямизга киритилган бу ўзгартириш ва қўшимчалар унда белгиланган асосий мақсад – ҳуқуқий давлат қуришдан келиб чиқиб, давлат бошқарувини эркинлаштириш, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, халқ, инсон манфаатини янада кучли, ишончли ҳимоя қилишдир. Конституциямизнинг тегишли нормаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши бу конституциямизнинг мажозий маънода кучсизланишига эмас, аксинча, бу муҳим ҳуқуқий ҳужжатнинг янада такомиллашувига, халқ манфаатларининг кафолатланишига ва ҳаётий заруратнинг акс этишига хизмат қилади. Бугунги кунда жамиятимизда бўлаётган ўзгаришлар, глобаллашув жараёнлари тезлашиши, мамлакатимизнинг бозор иқтисодиётига ўтиш жараёни фаоллашуви давлатимизнинг амалдаги конституциясига ўзгартиришлар киритиш лозимлигини ҳаётий заруратга айлантирди. Сабаби, ўтган йиллар давомида ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий ва бошқа йўналишларда кенг кўламли ишларни амалга ошириш жараёнида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда амалдаги қонунчилигимизда бир оз бўшлиқлар мавжудлигидан кўз юмиб бўлмайди. Мазкур бўшлиқларни тўлдириш, қонунчилигимизни такомиллаштириш орқалигина Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш мумкин. Хусусан, Тараққиёт стратегиясида белгиланган ва мантиқий кетма-кетликда амалга оширилаётган ишлар, биринчи навбатда, инсон қадрини улуғлашга қаратилгани, инсон манфаатларига тўлиқ жавоб бериш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳимоя қилиш нуқтаи назардан амалдаги Конституцияга тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш эҳтиёжини юзага келтирмоқда. Бу ислоҳот чин маънода ҳаётий зарурдир. Зеро, мамлакатимизнинг ҳар томонлама равнақ топишида, одамларнинг бахтиёр яшашида Бош қомусимиз маёқ бўлиб, халқимизнинг тинч, обод ва фаровон ҳаётини таъминлаш, жамият ҳаётининг барча соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилишида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.   Шоира Эрметова, Тошкент вилояти фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро суди судьяси   Манба: Uza.uz

9 Сентябрь 2022 1353
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech