Янгиликлар

Тўрт нафар судьяга нисбатан интизомий жавобгарликка тортишга розилик берилди

Судьялар олий кенгаши ва Судьялар олий малака ҳайъатининг қўшма мажлисида тўрт нафар судья ваколати муддати даврига қайта тайинлаш ҳақида қарор қабул қилинди. Яъниким, Камилов Давлатмирза Казакджанович ва Туланов Махаматиброҳим Азимович ваколати муддати даврига Наманган вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьялари этиб, Туракулов Тўлқин Аппакович эса (ваколати муддати даврига) Фарғона вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимига тайинланди. Шунингдек, Нажмутдинова Азизахон Нумановна  фаолиятини Андижон вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси сифатида давом эттирадиган бўлди. Бундан ташқари Худойназаров Журабек Тухтаевич судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига тайинланиб, шундан беш йилини фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судининг раиси лавозимида фаолият кўрсатиши белгиланди.Йиғилишда олти нафар судьяни интизомий жавобгарликка тортиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Айни масала муҳокамаси якунида, тўрт нафарига нисбатан интизомий жавобгарликка тортишга розилик берилди, икки нафарига  нисбатан  рад этилди.Одил судловни амалга ошириш чоғида қонунчиликни бузгани ва суд ишини ташкиллаштиришда бепарволиги учун интизомий жазога лойиқ топилганларнинг икки нафари фуқаролик, бир нафари иқтисодий, яна бир нафари жиноят ишлари бўйича судьялар ҳисобланади. Эслатиб ўтамиз, интизомий жазо чоралари, Кенгаш розилигидан сўнг, тегишли малака ҳайъатлари томонидан  қўлланилади.

22 Май 2021 4877

Фарғонада судьяни ҳақорат қилиб, унга мулкий зарар етказган шахс жавобгарликка тортилди

Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг судьяси (аёл) хизмат вазифасини бажараётган пайтда қаршиликка дуч келгани, иш бўйича тараф бўлмаган шахс куч билан унинг қўл телефонини тортиб олиб, қасддан синдириб ташлагани хабари берилганди. Ўтказилган суриштирув айбдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилиши билан якунига етди. Яъниким, 1990 йилда туғилган М. Ахунов 2021 йилнинг 23 апрель куни мулкларни бўлиш ҳақидаги даъво ариза юзасидан низони жойида ўрганиш учун Фарғона тумани, “Илғор” МФЙ, Саховат кўчасидаги хонадонга келган судьяни ҳақорат қилиб,  қўл телефонини тортиб олади ва ерга уриб синдиради. Судда ҳуқуқбузар қилмишини инкор этгани йўқ. Пировардида, суд уни Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 41- (ҳақорат қилиш) ва 612-моддаларида (ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этишда айбдор деб топиб, мазкур Кодекснинг 34-моддасига асосан узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима жазоси тайинланади.  Шунингдек, суд қарорида судьяга етказилган моддий зарар (1 млн. 600 минг сўм) ундирилиши ҳам белгиланди.         

20 Май 2021 3847

РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Р.Кушербаевнинг ижтимоий тармоқ орқали жиноят ишлари бўйича Ўртачирчиқ тумани суди собиқ раиси Р.Холмирзаева бўйича берган баёнотини шошма-шошарлик ва масала моҳиятига етмасдан қилинган чиқиш сифатида қабул қилди. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2009 йил 9 октябрдаги ҳукми билан ЖК(Жиноят кодекси)нинг 210-моддаси 3-қисми “б” банди (пора олиш) ва 231-моддаси 1-қисмида (адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқариш) назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилиб, 9 йилга озодликдан маҳрум қилинган Р. Холмирзаева 2018 йилнинг 18 декабрида оқланган. Шундан келиб чиқиб, муҳтарам депутатнинг “...у айбсиз эди, бироқ шунча йил азоб чекди”, деган фикрига қўшиламиз ва судьялар корпусининг собиқ вакиласи оқланганини олқишлаймиз. Бироқ собиқ суд раисининг “...суд тизимига ишга тиклаш масаласини ҳал қилмай” гўёки “ўйин” қилинаётгани, “Олий суд ва Судьялар Олий Кенгаши Жиноят процессуал кодексининг (ЖПК) 310-моддаси талабларини бажармай, кўзбўямачилик қилиб келмоқда” мазмунидаги таъна ва иддаолари билан мутлақо келишиб бўлмайди. ЖПК 310-моддасида қонунга хилоф равишда жиноий жазога ҳукм қилингани, ушлаб турилгани ёки ишда айбланувчи, судланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниши муносабати билан лавозимидан (қонунга хилоф равишда) четлаштирилган шахс олдин ишлаган ишига (лавозимига) тикланиши белгилангани тўғри. Бироқ эътиборга олиш шартки, собиқ суд раиси Р.Холмирзаева қонунга хилоф равишда жавобгарликка тортилиши муносабати билан эмас, балки ундан аввал, яъни 2009 йил 17 июль куни,  ўтказилган хизмат текшируви натижасида, вазифасидан озод этилган (яъни, ваколати муддатидан илгари тугатилган). Бу эса ўз-ўзидан ЖПКнинг 310-моддасида қайд этилган тартиблар Р.Холмирзаева нисбатан тадбиқ этилмаслигини англатади. Иккинчидан, ўтган тўрт йил ичида судьяларни тайинлаш (сайлаш) ва лавозимидан озод этиш тартибига қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Яъниким, Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритилган бўлса, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида” мутлақо янги қонун қабул қилинди.  Ҳар икки қонунда ҳам судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилган тақдирда қайта лавозимига тиклаш масаласи назарда тутилмаган. Учинчидан, туман (шаҳар) ва вилоят суди даражасидаги судьяларни лавозимга тайинлаш (озод этиш) Судьялар олий кенгаши ваколатига оид масала, бироқ бу жараён бир шахс томонидан амалга оширилмайди. Балки Кенгашнинг 21 нафар аъзолари томонидан овоз бериш йўли билан коллегиал ҳал этилади. Шундай экан, депутатнинг гўёки “ҳалиям иродасиз, журъатсиз, беғам бош билан ўтиришиб”, ҳар хил “ўйин” қилаётгани” мазмунидаги иддаолари асоссиз экани баробарида одоб-ахлоқ чегарасидан очиқдан очиқ четга чиқиш ҳамдир. Баски, депутат “ё қонунни билмайди” деган писандасини ўзига бериши керак. Р.Холмирзаева оқлангандан кейин Тошкент вилояти таркибидаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларининг бири раислигига тайинланиш учун ҳужжат топширгани бор гап. Унинг ҳужжатлари вакант лавозим йўқлиги боис қайтарилган ва бу ҳақда тегишли тушунтириш берилган. Бўш судьялик лавозими учун ҳужжат топширишига эса монелик йўқ. Бунинг учун депутатга эмас, Судьялар олий кенгашига ёки Судьялар олий малака ҳайъати ёинки ҳудудий малака ҳайъатига мурожаат қилиши керак. Унинг мурожаати бошқа номзодларга қўйилган талаблар асосида тегишли тартибда ва бир неча босқичда ўрганилиб, қонуний тўхтамга келинади.   Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати  

18 Май 2021 4980
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech