Янгиликлар

Тадбир, тақдимот ва Кенгашнинг яна бир ташаббуси

Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан Устоз ва мураббийлар куни арафасида хос тадбир бўлиб ўтди. Тадбир аввалида, анъанага кўра, суд тизимида узоқ йиллар намунали фаолият кўрсатган устоз ва мураббийлар табрикланди, уларнинг шаънига илиқ ва самимий тилаклар айтилди. Таъкидландики, уларнинг ҳамон камарбасталиги, хайрихоҳлиги ва маънан қўллаб-қувватлаб келаётгани учун тизимда ким қандай муваффақиятга эришаётган бўлса, азиз устозларнинг ҳиссаси улкан, буни доим эътироф этмоқ шогирдлик бурч ҳисобланади. Маълумки,  Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан суд тизимида узоқ йиллар намунали фаолият юритган устозларнинг ҳаёти ва   фаолиятидан ҳикоя қилувчи “Ибрат мактаби” туркумида  китоблар нашр қилиб келинмоқда. Устоз ва мураббийлар куни арафасида  бу йил тўқон икки баҳорни қарши  олган фахрий судья, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Умсун Астанованинг машаққатли ва шарафли ҳаёти ҳамда фаолияти ҳақидаги “Матонали аёл қиссаси” (муаллифи Арслон Эшмуродов) китоби нашрдан чиқди. Тадбирга китоб тақдимоти ҳам уланиб кетди. Умсун Астановадай  фахрийларнинг ҳаёт йўқли ёш ҳамкасбларига ибрат бўлиши таъкид этилди. Тақдимотда китоб қаҳрамонининг шахсан иштироки эса  тадбирга ўзгача файз бағишлади.  Давлат раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги фармони билан  суд тизимида узоқ йиллар самарали фаолият кўрсатган фахрийларини “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирлаб келинмоқда.  Тадбирда  бир гуруҳ фахрийларга “Суд фахрийси” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Тадбирдаги яна бир эътибор ҳолат: Кенгашнинг навбатдаги ташаббуси билан устозлар йўлидан оғишмай бориб, намунали фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ судьяларнинг устозлари ва ота-оналари ҳам  рағбатлантирилди.  Уларга Судьялар олий кенгашининг “Ташаккурнома” ва эсдалик совғалари топширилди. Зеро,  ҳар биримизнинг ҳаётимиздаги биринчи устозимиз ота-онамиздир.  Рағбатнинг бундай шакли ота-оналарга ажойиб мамнунлик бахш этса, судьяларнинг ўзларига қўшимча иштиёқ беради.

1 Октябрь 2023 579

Хулосага шошмайлик-да?!

 Изтеҳзо-ю писандани тушуниш мумкин (гап фуқаронинг ижтимоий тармоқлардаги чиқиши ва ундаги иддаолар ҳақида кетяпти), дарҳақиқат, бир қарашда Судьялар олий малака ҳайъати аъзоси Дж. Чориев йўллаган жавоб хатида мантиқсизлик бордай кўринади. Яъниким, фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туманлараро суди судьясининг хатти-ҳаракатлари юзасидан Судьялар олий малака ҳайъатига йўлланган мурожаатга жавоб қайтарилмоқдаки, важларингиз судьяга нисбатан Қашқадарё вилоят судлари судьялари малака ҳайъати томонидан хизмат текшируви ўтказилганда тасдиғини топмаган, норози бўлсангиз, (Судьялар олий малака ҳайъатига) мурожаат қилишингиз мумкин, деб. Фуқаро ҳайрон: Судьялар олий малака ҳайъатига мурожаат  қилдим-ку, жавоб шу бўлса, яна такрор мурожаат қилишда  мантиқ қани?  Фуқаронинг эътирози мазмуни “пардозлаб” баён қилинмоқда, асли эса бошқачароқ: "Бу хатти- ҳаракатларингизни мен саводсизликка йўймайман ва асло техник хато деб ҳам ўйламайман. Бу қасддан атай бажарилган пасткашларча ҳаракатингиз деб баҳолайман. Мурожаатчининг устидан пасткашларча кулиш!” Иддао жудаям ошиб кетибди. Аслида-чи? Фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туманлараро суди судьяси хатти-ҳаракатидан шикоят тушгани бор гап. Шу  асосда Қашқадарё вилоят судлари судьялари малака ҳайъати томонидан хизмат текшируви ўтказилиб, важлар тасдиғини топмаганлиги ҳақида хулоса қилинади. Бу орада ўша судьянинг устидан Судьялар олий малака ҳайъати ҳам шикоят ёзилади.  Шикоят Судьялар олий малака ҳайъатида ўрганилганда фуқаро Қашқадарё вилоят судлари судьялари малака ҳайъати томонидан ўтказилган хизмат текширувидан бехабар экани ойдинлашади. Шундан келиб чиқиб, жавоб берилмоқдаки, аввал хизмат текшируви натижаси билан танишинг, унга (хизмат текширув хулосасига) эътирозингиз бўлса, марҳамат - мурожаат қилишингиз мумкин. Бунда наинки важларингиз, унга қўшиб, хизмат текшируви холис ва ҳаққоний ўтган-ўртмагани ҳам ўрганилади... Бор гап шу. Тўғри, қонуннинг қаттиқ тилини ҳаммаям бирдек тушунавермайди. Шу сабаб баъзан тушунмовчиликлар ҳам юзага келади. Аммо бу - билиб-билмай тармоқда оғизга келган гапни қайтармай гапиравериш мумкин, дегани эмас.  Бир ҳикматда таъкид этилганидек, айтилмаган гапга хўжайин - ўзинг, гап оғиздан чиқдими, энди  у  сенинг хўжайинингга айланади. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

27 Сентябрь 2023 810

Юзма-юз мулоқотга уланган навбатдаги тақдимот

Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларни суд органларида ҳимоя қилиш, бу борада қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳиятига бағишлаган амалий семинар бўлиб ўтди. Унда тадбиркорлик ва кичик бизнес субъектлари вакиллари, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига масъул ташкилотлар ҳам суд тизими вакиллари иштирок этди. Жонли мулоқот тарзида ўтган тадбирда мулкдорлар ва тадбиркорлик субъектларининг қонун олдидаги тенглигини таъминлаш, уларнинг бузилган ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, йўл қўйилаётган ҳар бир қонунбузарлик ҳолатларига қатъий чек қўйиш, аниқланган ғов ва тўсиқларни бартараф этиш – тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани таъкид этилди. Шунингдек, тадбиркорларга яратилаётган кенг имкониятлар,  имтиёзлар ҳамда кафолатлардан эркин ва мустақил фойдаланишлари учун  уларнинг ўзи биринчи навбада  тегишли қонун ҳужжатларини, фаолияти билан боғлиқ бўлган давлат органларининг ваколатларини, ўзларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, улар бузилган тақдирда, судга мурожаат қилиш тартиб-қоидаларини пухта билишлари лозимлигига ҳам урғу берилди.  Жонли мулоқот, асосан, тадбиркорлик субъектлари вакилларининг фаолиятига жараёнида учраётган муаммоларнинг ҳуқуқи ечимлари  доирасида кечди. Уларнинг қатор саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилди. Тадбирда иштирокчиларга Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан нашр этилган “Тадбиркорлар ҳуқуқи – суд ҳимоясида” амалий қўлланма тақдим этилди. Айтилдики, мазкур амалий қўлланма тадбиркорларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тартибга солинган қонун ҳужжатлари тўплами эмас. Унда асосий эътибор ўша ҳақ-ҳуқуқлардан қандай фойдаланиш ва уларнинг тартибларига қаратилган. Мазкур қўлланма тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини ҳамда судлар фаолиятидаги очиқлик ва шаффофликни янада  кенгайтиришга хизмат қилади.

26 Сентябрь 2023 381
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech