Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармойиши (2019 йил, 5 апрель, Ф–5464-сон) билан маъқулланган “Фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш Концепцияси”да Фуқаролик кодекси ва бошқа фуқаролик қонун ҳужжатларидаги атама ва тушунчаларнинг ҳуқуқий маъноларини аниқ таърифлаш ва бир хилда қўллаш орқали такомиллаштириш зарурати ҳам назарда тутилган. Шундан келиб чиқилса, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг (ФК) “Ворислик ҳуқуқи”га оид айрим нормаларини такомиллаштиришга эҳтиёж бор. Аввало, “ворислик” тушунчасига таъриф бериш, фикримизча, уни қуйидагича мустаҳкамлаш зарур: “вафот этган шахс (мерос қолдирувчи) ҳуқуқ ва мажбуриятларининг (мероснинг) бошқа шахсларга (меросхўрларга) ўтиши ворислик ҳисобланади. Ворислик ҳуқуқига эга бўлган шахс, меросхўр ҳисобланади”. “Ворислик” ва “меросхўр” тушунчаларга таъриф берилиши уларнинг аниқ моҳиятини очади ва шунга оид нормаларни бир хилда тушунилишига ёрдам беради ҳамда амалиётда қўллаш ишини осонлаштиради. Бундай амалиёт МДҲ давлатлари, хусусан, Россия, Беларусь ҳамда Латвия мамлакатларида, қолаверса Чехия ФКнинг 1475-моддасида мавжуд. Фуқаролик Кодексининг 1112-моддасида ворислик асослари назарда тутилган бўлиб, унга асосан ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади. Қонун бўйича ворислик васият мавжуд бўлмаса ёхуд бутун мероснинг тақдирини белгиламаса, шунингдек ФКда белгиланган бошқа ҳолларда амалга оширилиши белгилаб қўйилган. “Фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш Концепцияси”да “мерос шартномасига асосан меросни қабул қилиш” институти киритилиши назарда тутилаётганлиги сабабли, қайд этилган 1112-модда қуйидагича таҳрир қилиниши лозим: “Ворислик мерос хақидаги шартнома, васият ва қонун бўйича амалга оширилади. Бу асослар бир вақтнинг ўзида ҳам ҳаракат қилиши мумкин. Қонун бўйича ворислик васият мавжуд бўлмаса ёки мерос хақидаги шартнома ёхуд бутун мероснинг тақдирини белгиламаса, шунингдек ушбу Кодексда белгиланган бошқа ҳолларда амалга оширилади”. Чунки, Концепциядан келиб чиқиб, ворисликни амалга оширишнинг яна бир асоси “мерос шартномасига асосан меросни қабул қилиш” вужудга келади. Мерос шартномаси бўйича меросни қабул қилиш бошқа асосларга кўра устунликка эга бўлади”. ФКнинг 1113-моддасида “мерос таркиби” назарда тутилган бўлиб, унга асосан, мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос таркибига киритилган. Фикримизча, ушбу моддада “Мерос таркибига мерос қолдирувчининг унинг вафотига қадар расмийлаштирилмаган ёки вужудга келмаган мулкий ҳуқуқлари, шу жумладан уларни рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқини расмийлаштириш учун зарур бўлган ҳуқуқлар ҳам кириши мумкин”лиги мустаҳкамлаб қўйилиши лозим. Чунки, амалиётда мулкий ҳуқуқлар ёки мол-мулк мерос қолдирувчига унинг вафотидан кейин ҳам тегишли бўлиши, мол-мулк сотиб олиб (автомототранспорт, турар жой ва бошқалар), бироқ мол-мулкни расмийлаштириш жараёни унинг вафоти сабабли амалга оширилмаган ёки якунланмаганлиги ҳолатлари учраб туради. Қонундаги бундай бўшлиқ эса меросхўрларнинг манфаатларига путур етиш эҳтимолини юзага келтиради. Шундай экан, ҳақиқатдан қабул қилинган эгалик ҳуқуқини мерос таркибига киритиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Ушбу ҳолатда низо вужудга келса, манфаатдор шахслар суд орқали мазкур ҳуқуқни ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлади. Яна бир муҳим масала борки, у ҳам бўлса ФКнинг 1113-моддасида мерос қолдирувчининг шахси билан чамбарчас боғлиқ бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлар назарда тутилган бўлиб, булар мерос таркибига киритилмаган. Аммо айнан мана шу мерос таркибига кирмайдиган асослар қаторидан “эр (хотин)дан бири вафот этганда, уларнинг умумий биргаликдаги мол-мулкидаги улуши”га бўлган ҳуқуқ ҳам жой олиши лозим. Чунки, Оила кодексининг 37-моддасига асосан эр-хотиндан бирининг вафоти (ёки суд улардан бирини вафот этган деб эълон қилиши) оқибатида никоҳ тугайди. Иккинчидан, “Нотариат тўғрисида”ги қонуннинг 62-моддасига асосан нотариус эр-хотиннинг ёзма аризасига кўра (ҳаётлигида), улардан бирига ёки ҳар иккисига никоҳ давомида орттирилган мол-мулкига гувоҳнома беради. Эр-хотиннинг умумий биргаликдаги мол-мулкидан улуш ажратиш, уларнинг мутлақ ҳуқуқи бўлиб, фақат уларга тегишлидир. Бунга эр-хотиннинг шахси билан чамбарчас боғлиқ бўлган ҳуқуқ сифатида қараш керак. Эр-хотиннинг мулкини ажратиш уларнинг ҳуқуқи бўлиб, қонун билан мажбурий характерга эга эмас. Эр (хотин)нинг биргаликдаги мол-мулкидан улуш ажратиш уларнинг мақоми билан боғлиқ бўлиб, улардан бири вафот этган тақдирда, бу мақом тугайди. Эр-хотин ҳаётлик даврида бу ҳуқуқдан фойдаланмаганлиги, улардан бири вафот этганда, бу ҳуқуқдан бошқа меросхўрларнинг фойдаланиши мумкинлигини англатмайди. Чунки ушбу мол-мулк эр-хотиннинг умумий мулки бўлиб, бири бўлмагандагина мутлақ ҳуқуқ иккинчисига ўтиши мумкин. Эр-хотиндан бири вафот этган тақдирда ушбу мол-мулк тақдири ворислик қоидалари асосида ҳал этилади. Бундан ташқари, Фуқаролик кодексининг 1140 (1)-моддасига кўра, меросхўрнинг мероснинг бир қисмини мажбурий улуш сифатида қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг меросхўрларига ўтмайди, деб белгиланган. Мажбурий улуш олиш ҳуқуқига мерос қолдирувчининг меҳнатга лаёқатсиз биринчи навбатдаги меросхўрлари, шу жумладан эри ёки хотини эга бўлиши мумкин. Шунга кўра, ФКга эр (хотин)дан бири вафот этганда, уларнинг умумий никоҳи давомида орттирилган биргаликдаги мол-мулкидаги улуши (вафот этган эр ёки хотиннинг) меросхўрларига ўтмаслиги тўғрисидаги қоидани мустаҳкамлаб қўйиш лозим. Бу ўз навбатида ҳаётда учрайдиган турли амалиётига чек қўйган бўлур эди. Бунда мажбурий улуш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр вафот этган тақдирда унга тегиши лозим бўлган улуш унинг меросхўрларига ўтмаслиги ҳақидаги қоидадаги аналогиядан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, ФКнинг 1117-моддасида мустаҳкамланган “мероснинг очилиш жойи”га оид норма ҳам такомиллаштирилиши лозим. Амалдаги таҳрирда “мерос қолдирувчининг охирги доимий жойи мероснинг очилиш жойи ҳисобланиши” назарда тутилган. Аммо бу қоида амалиётда турли талқинларга сабаб бўлаётганлиги инобатга олиб, мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаш жойи бўйича уни рўйхатга олинган жойи мероснинг очилиш жойи ҳисобланиши лозим. Чунки, “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш факти доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги белгининг мавжудлиги билан тасдиқланади. Қолаверса, бундай таҳрир қонунни бир хилда қўллаш имкониятини яратади. Яна бир масала, ФКнинг “Меросхўрлар” деб номланган 1118-моддасида “мерос очилган пайтда тузилиб бўлган юридик шахслар” васият бўйича меросхўр бўлишлари мумкинлиги тўғрисида сўз боради. Фикримизча, юқоридаги жумла “мерос очилгунга қадар тузилиб бўлинган” жумлалар билан алмаштирилиши ва “агар мерос очилгунга қадар юридик шахслар ихтиёрий тугатилган ёки суд томонидан тугатилган деб эълон қилинган пайтдан бошлаб меросхўр бўлмасликлари” тўғрисидаги қоидалар билан тўлдирилиши керак. Бунда юридик шахсларни меросхўр сифатидаги иштирокига аниқлик киритилган ва турли талқинларни олдини олган бўлур эди. Бундай қоидага ўхшаш норма Қозоғистон Республикаси ФКининг 1044-моддасида ва Латвия Республикаси ФКнинг ворисликка оид нормаларидан жой олган. Маълумки, Ўзбекистон ФКнинг 1119-моддаси гарчи “нолойиқ меросхўрларни меросдан четлатиш”, деб аталсада, аммо бу норма меросдан четлатиш тушунчасини тўлиб очиб бермайди. Шу сабабли мазкур моддада “меросдан четлатиш деганда, мерос қолдирувчи вафот этган тақдирда, унинг хоҳиш-иродаси асосида қонун бўйича мерос олиш ҳуқуқига эга бўлган шахснинг меросхўр бўлишига тўсқинлик қилиш тушунилиши”га оид норма мустаҳкамлаши лозим. Шу билан бирга мерос қолдирувчи ўзининг охирги хоҳиш-иродасини амалга оширишига қасддан тўсқинлик қилганлар билан бир қаторда “бошқа меросхўрларни мавжудлигини билган холда яширган” ва шу орқали ўзларининг ёки ўзларига яқин шахсларнинг (ёхуд мероснинг ўзларига ёки ўзларига яқин шахсларга тегишли улуши) кўпайтирилишига имкон яратган шахслар ҳам (васиятнома бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам) мерос олиш ҳуқуқига эга бўлмасликлари лозим. Амалиётда меросхўрларни атайин яширилиши натижасида нотариуснинг мерос гувоҳномаси ва кейинги битимлар ҳақиқий ҳисобланмаяпти. Меросхўрларга нисбатан жавобгарликни бу тарзда кучайтирилиши меросхўрлар манфаатига хизмат қилади. Қолаверса, ворисликдан четлатилган шахс (нолойиқ меросхўр) мерос таркибидан асоссиз равишда қабул қилиб олган барча мол-мулкларни қайтариб бериши шарт бўлиб ҳисобланади. Ворислик мулкини қайтариш имконияти мавжуд бўлмаса, нолойиқ меросхўр унинг ҳақиқий қийматини тўлаши лозим. Бу ҳақдаги қоида ҳам айнан шу моддада мустаҳкамлаб қўйилмоғи лозим. “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш Концепцияси”да (II бўлими 11-банд) эр-хотиннинг биргаликдаги васиятномаси ва мерос шартномасига оид қоидалар киритилиши ҳам белгиланган. Бу эса ФКнинг 1120-моддаси тубдан янгиланиб, янги таҳрирда қабул қилиниши тақазо этади. Бундан ташқари ворислик ҳуқуқи ҳақида гап кетар экан, меросни қабул қилиш институти тубдан такомиллаштирилишига ҳам эҳтиёж бор. Хусусан, ФКдан меросни қабул қилиш муддатига ёки ундан воз кечишга оид нормаларга ўз вақтида асоссиз киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар туфайли ворислик институти нормаларини қўлловчилари ва ворислик ҳуқуқи субъектларига қатор ноқулайликлар юзага келтирмоқда. Меросни қабул қилиб олишни таъминлаш мақсадида ФКга меросни қабул қилиб олиш, унинг тартиби, усуллари ва муддатлари, шунингдек белгиланган муддатларда ёки ундан сўнг меросни қабул қилиб олиш масаласини ҳал қилишда муҳим ҳисобланган меросни амалда қабул қилишга оид қоидаларни киритиш жудаям муҳим масала ҳисобланади. ФКда меросни қабул қилиб олиш усулларинининг мавжуд эмаслиги ўзига тегишли мерос улушини қабул қилиб олишни хоҳламайдиган ва ундан воз ҳам кечмайдиган, маълум вақт ўтгандан сўнг меросга бўлган ҳуқуқини талаб қиладиган виждонсиз меросхўрларга “кенг йўл” очади. Натижада, мероснинг маълум бир улуши очиқ ва ҳал этилмасдан қолиб кетади. Бу эса, меросни амалда қабул қилиб олган, ундан фойдаланаётган, мерос мол-мулкига харажатлар қилаётган виждонли меросхўрлар манфаатига кескин зарар етказади. Қолаверса, бу ҳолат мерос мулки ҳисобидан манфаати қаноатлантирилиши лозим бўлган кредиторларнинг турли тўсқинликка учрашига сабаб бўлмоқда. Чунки меросни қабул қилмаслик инсофсиз меросхўрга жудаям “қулай” ва “манфаатли” ҳисобланади. Фикримизча, энг асосийси, бундай ғирромликка ФК тезроқ ечим бермоғи керак. Қолаверса фуқаролик ҳуқуқи амалга оширилишининг энг муҳим тамойилларидан бири ҳуқуқий муносабат иштирокчиларининг ҳалол, оқилона ва адолат билан ҳаракат қилишларини тақозо этади. Илҳом Насриев, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби фуқаролик ҳуқуқи кафедраси мудири, юридик фанлар доктори, профессор
Судьялар олий кенгаши ташаббуси ва “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси ҳамкорлигида давра суҳбати бўлиб ўтди. Судьялар олий кенгаши мутасаддилари, иқтисодий судлар судьялари, Судьялар олий мактабининг профессор-ўқитувчилари ҳамда тадбиркор аёллар иштирокида ўтган тадбирда хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилаш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатлари ҳимояси, бу борада қабул қилинган қонун ҳужжатлари, уларда акс этган нормаларнинг мазмун-моҳияти хусусида сўз юритилди. Шунингдек, иқтисодий низоларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг олдини олиш, судлар мурожаат қилиш тартиби, бу борада юзага келаётган айрим муаммолар ва уларнинг ҳуқуқий ечимларига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбиркор аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар Ассоциациянинг вазифа ва ваколатлари, ушбу тузилмага аъзо ишбилармон хотин-қизлар фаолиятида дуч келинаётган айрим ҳуқуқий муаммолар ҳам ўртага ташланди. Қизғин ўтган савол-жавоблар жараёнида тадбиркорлик субъектлари фаолияти ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамланиш, суд амалиёти, қонун ҳужжатларини амалиётга тадбиқ этишдаги айрим қийинчиликлар, шундан келиб чиқиб, ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш эҳтиёжи, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш, иқтисодий судларга тааллуқли ишлар доирасига доир масалалар муҳокама ҳам қилинди. Тадбир доирасида Кенгаш ташаббуси билан чоп этилган “Тадбиркорлар ҳуқуқи суд ҳимоясида” ҳамда “Иқтисодий судларга мурожаат қилиш тартиби” номли амалий қўлланмаларнинг кичик тақдимоти ҳам ўтказилди. Таъкидландики, мазкур қўлланмалар нафақат иқтисодий суд судьялари, суд ходимлари, судьялик лавозимига номзодлар ва юридик хизмат ходимлари, балки тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, тадбиркор аёллар учун ҳам фойдали ҳуқуқий манба ҳисобланади.
Хабар қилинганидек, бугун Судьялар олий кенгашининг тайинловларга доир очиқ танлов шаклидаги навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда муқобиллик асосида айрим судьяларни ваколати муддати даврига қайта тайинлаш масаласи кўриб чиқилди. Муҳокамалар якунида йигирма тўққиз нафар судья ваколати муддати даврига қайта тайинланди. Уларнинг ўн саккиз нафари раҳбар судьялик лавозимида фаолиятини давом эттиради. Судьялар олий кенгаши қарори билан: Мирзажонов Нодирбек Рустамович – судьялик ваколати муддати даврининг беш йил муддатига Андижон вилояти жиноят ишлари бўйича Булоқбоши туман судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Андижон вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимидан озод қилинди; Солиев Умиджон Махмудович – судьялик ваколати муддати даврининг беш йил муддатига Андижон вилояти жиноят ишлари бўйича Пахтаобод туман судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Андижон вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимидан озод қилинди; Мамиров Шерзод Нормахаматович – судьялик ваколати муддати даврининг беш йил муддатига Навоий вилояти жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Навоий вилояти жиноят ишлари бўйича Конимех туман судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Шайдоев Абдуманнон Муротович – судьялик ваколати муддати даврига Жиззах вилояти жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Самарқанд вилояти жиноят ишлари бўйича Жомбой туман судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Жумабаев Бекзод Абдувахидович – судьялик ваколати муддати даврига Самарқанд вилояти жиноят ишлари бўйича Нарпай туман судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Самарқанд вилояти жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди раисининг ўринбосари лавозимидан озод қилинди; Қораев Баходир Шарифович– судьялик ваколати муддати даврининг беш йил муддатига Сирдарё вилояти жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Сирдарё вилояти жиноят ишлари бўйича Боёвут туман судининг раиси лавозимидан озод қилинди; Эргашев Алишер Зайнуллаевич – судьялик ваколати муддати даврига Сирдарё вилояти жиноят ишлари бўйича Ширин шаҳар судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Сирдарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимидан озод қилинди; Абдушукуров Фарход Зокирович – судьялик ваколати муддати даврига Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Эшматов Шерзод Номозович – судьялик ваколати муддати даврига Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Тошкент туман судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Юқоричирчиқ туман судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Акрамов Аброрхон Агзамович – судьялик ваколати муддати даврининг беш йил муддатига Фарғона вилояти жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Фарғона вилояти жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Тилавов Толиб Бекжонович – судьялик ваколати муддати даврига Сурхондарё вилояти жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Сурхондарё вилояти жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Эшимов Шароф Зоирович – судьялик ваколати муддати даврига Жиззах вилояти жиноят ишлари бўйича Арнасой туман судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Сирдарё вилояти жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар судининг раиси лавозимидан озод қилинди; Эргашев Фарход Хамидович – судьялик ваколати муддати даврига Бухоро вилояти жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Аллаев Убайдулла Садуллаевич – судьялик ваколати муддати даврига Бухоро вилояти жиноят ишлари бўйича Жондор туман судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Бухоро вилояти жиноят ишлари бўйича Когон туман судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Садуллаев Бахтиёр Тўхтамуродович – судьялик ваколати муддати даврига Бухоро вилояти жиноят ишлари бўйича Шофиркон туман судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Бухоро вилояти жиноят ишлари бўйича Вобкент туман судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Наимов Дилшод Кахрамонович – судьялик ваколати муддати даврига Бухоро вилояти жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Бухоро вилояти жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Бобоназаров Акмал Косимович – судьялик ваколати муддати даврига Қашқадарё вилояти жиноят ишлари бўйича Қарши туман судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Бахтиёров Шаҳзод Бахтиёр ўғли – судьялик ваколати муддати даврига Қашқадарё вилояти жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод туман судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимидан озод қилинди; Шукуров Орзимурод Абдураҳмонович – судьялик ваколати муддати даврига Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Қашқадарё вилояти жиноят ишлари бўйича Қарши туман судининг раиси лавозимидан озод қилинди; Акбарова Бибихон Адхамовна – судьялик ваколати муддати даврига Фарғона вилоят маъмурий судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Наманган вилояти Наманган туманлараро маъмурий судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Номозов Нуриддин Шоғдорович – судьялик ваколати муддати даврига Қашқадарё вилоят маъмурий судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Қашқадарё вилояти Қарши туманлараро маъмурий судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Санокулов Фазлиддин Носимович – судьялик ваколати муддати даврига Навоий вилоят маъмурий судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Навоий вилояти Навоий туманлараро маъмурий судининг судьяси лавозимидан озод қилинди. Шунингдек: Рахимов Бобир Истамович – судьялик ваколати муддати даврига Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Эшмирзаев Зохиджон Мухаммадиевич – судьялик ваколати муддати даврига Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманлараро иқтисодий судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Самарқанд вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси лавозимидан озод қилинди; Усманов Алишер Акрамович – судьялик ваколати муддати даврига Қашқадарё вилояти Касби туманлараро иқтисодий судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Қашқадарё вилояти Косон туманлараро иқтисодий судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Шерматов Акмал Пўлатжон ўғли – судьялик ваколати муддати даврига Тошкент шаҳар Тошкент туманлараро маъмурий суди раисининг ўринбосари лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Андижон вилояти Андижон туманлараро маъмурий судининг раиси лавозимидан озод қилинди;. Қахоров Олимжон Ибрагимович – судьялик ваколати муддати даврининг беш йил муддатига Андижон вилояти Андижон туманлараро маъмурий судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Андижон вилоят маъмурий судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Омонов Умиджон Олимжонович – судьялик ваколати муддати даврига Андижон вилоят маъмурий судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Фарғона вилояти Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Суванов Сардор Бахадирович – судьялик ваколати муддати даврига Сирдарё вилоят маъмурий судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Тошкент вилоят маъмурий судининг судьяси лавозимидан озод қилинди. Бундан ташқари: Қамбаров Насибилло Тохирович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Фарғона вилояти Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси лавозимига; Эгамбердиев Юнусжон Юсуфович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик, шундан беш йил муддатга Андижон вилояти жиноят ишлари бўйича Хонобод шаҳар судининг раиси лавозимига тайинланди.