Янгиликлар

Хос матбуот анжумани

 Кеча Ўзбекистон Республикаси Олий суд мутасаддилари ва Судьялар олий кенгаши вакиллари иштирокида хос матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирнинг хослигики, унга нафақат оммавий ахборот воситалари ходимлари, балки адвокатура институти вакиллари ҳам таклиф этилди. Бунинг сабаби бор, мавзу янги йилнинг биринчи кунидан фаолият бошлайдиган тергов судьяси институти, унинг асосий вазифа ва йўналишлари хусусида бўлиб, бундай тадбирда адвокатларнинг иштироки мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Чунки, одил судловни амалга оширишда адвокатуранинг алоҳида ўрни бор.  Матбуот анжумани анъанавий тарзда бошланди, бироқ қуруқ ахборот бериш билан чегаралангани йўқ. Қатъий регламент белгиланмагани,  кимда қандай савол, таклиф ёки мулоҳаза бўлса, етарли имконият берилиши натижасида тадбир жонли,  савол-жавобларга бой тарзда ўтди, ҳатто баҳс-мунозаралар ҳам кузатилди. Тадбирни бошқарган Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Икром Муслимов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида амалга оширилган  ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Айтилдики,  фармондан келиб чиқиб, тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш бўйича қонунчиликка зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга доир  ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси  парламент қўйи палатасига тақдим этилган. Шунингдек, тергов судьялари ва прокурорларнинг жиноят процессидаги вазифалари ва мажбуриятлари, судга қадар иш юритиш жараёнларида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича халқаро тажриба  ҳамда суд амалиёти бўйича хамкор халқаро ташкилотлар билан семинар-тренинглар ўтказилди. Бундан ташқари тергов судьяси институтидан мақсад ва унинг мазмун-моҳияти бўйича ҳудудларда учрашувлар, давра суҳбатлари ва маҳорат дарслари ташкил этилди. Ҳудудларда ўтказилган малака ошириш тадбирларида судьялар, терговчилар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари иштирок этди. Матбуот анжуманида жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судларида жорий этилган тергов судьялари корпуси шакллантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шу кунгача Судьялар олий кенгаши томонидан  жами 241 та тергов судьяси лавозими бўйича 236 та тайинловлар амалга оширилгани, йил охиригача мазкур лавозим штат бирликлари тўла шакллантирилиши алоҳида қайд этилди.  Тергов судьялари лавозимига муносиб номзодларни танлаш ва тайинлаш, уларнинг масъулият ҳамда ваколати юзасидан  етарлича саволлар берилди. Судьялар олий кенгаши вакиласи томонидан бу борадаги саволларга жавобан тайинловларга доир мезонлар, бу жараёнда тавсия этилган номзодларнинг тажриба ва фаолияти таҳлили бирламчи аҳамият касб этгани таъкидлаб ўтилди.  Қўшимча қилиндики, Олий суд, Судьялар олий кенгаши ва  Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактаби билан биргаликда жойлардаги судьялар билан бирга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ҳам амалий кўникмасини ошириш юзасидан семинар-ўқув машғулотлар бошланиши арафсида, бу ҳам фармон ижроси бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг узвий давоми ҳисобланади. Қарйиб икки соат давом этган матбуот анжуманида, кутилганидек, журналистлар асосан саволлар берди, адвокатлар эса саволлардан ташқари мулоҳаза ҳам билдирди, таклифлар илгари сурди.  Барча саволларга атрофлича жавоблар берилди. Билдирилган айрим мулоҳазалар бўйича кичик мунозаралар юзага келса-да, бироқ ҳеч ким малол олгани йўқ. Таклифларнинг эътиборли ва асослилари мамнуният билан (ўрганиб чиқиш учун) қабул қилинган бўлса, баҳслиларига ўрнида ойдинлик киритилди.

14 Декабрь 2024 664

Танловдан кейинги тайинловлар

Хабар қилинганидек, бугун Судьялар олий кенгашининг очиқ танлов шаклидаги навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда кун тартибидаги барча масалалар, айниқса, ваколат муддати якунига етган айрим судьяларни ушбу лавозимда бўлишининг навбатдаги муддатига, шунингдек, муқобиллик асосида айрим судьяларни ваколати муддати даврига қайта тайинлашга доир масалалар қизғин ва кескин муҳокама қилинди. Якунда Судьялар олий кенгаши қарори билан: Жўраев Дилмурот Мухторович – судьялик ваколати муддати даврига Сурхондарё вилоят маъмурий судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва ва шу муносабат билан Сурхондарё вилояти Термиз туманлараро маъмурий судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Бекпулатов Тахир Салимович – судьялик ваколати муддати даврининг беш йил муддатига Сурхондарё вилояти жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимидан озод қилинди; Каюмов Мухаммад Вохидович – судьялик ваколати муддати даврига Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳар судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Тошкент шаҳри жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг судьяси лавозимидан озод қилинди. Бундан ташқари: Исаров Кахрамон Ирисалиевич – судьялик ваколати муддати даврининг беш йил муддатига Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Янгийўл шаҳар судининг раиси лавозимига; Хуррамов Ўктам Хуррамович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Сирдарё вилояти фуқаролик ишлари бўйича Боёвут туманлараро судининг судьяси лавозимига; Тожибоева Гулбахор Пўлатовна – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Тошкент вилояти фуқаролик ишлари бўйича Қуйичирчиқ туманлараро судининг судьяси лавозимига; Мирзаахмедов Шоҳрух Хидирбоевич – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Жиззах вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимига; Исмаилов Шухратжан Саидахмадович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Сирдарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимига; Эргашев Авазжон Йигиталиевич – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик, шундан беш йил муддатга Фарғона вилояти жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг раиси лавозимига; Нажимов Жамолиддин Тўхтаназарович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Фарғона вилояти жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг судьяси лавозимига; Кулдашев Жахонгир Абдуганиевич – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик, шундан беш йил муддатга Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ туман судининг раиси лавозимига; Икромов Анвар Ашурович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимига; Турсунова Навбахор Эшмуродовна – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик, шундан беш йил муддатга Самарқанд вилояти Жомбой туманлараро иқтисодий судининг раиси лавозимига; Умматова Мавлудахон Қодировна – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Фарғона вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси лавозимига; Жамолиддинов Хусниддин Комолиддинович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Фарғона вилояти Фарғона туманлараро иқтисодий судининг судьяси лавозимига тайинланди.

11 Декабрь 2024 4718

Малака ҳайъатлари форуми бўлиб ўтди

Бугун Судьялар олий кенгашида вилоят ва унга тенглаштирилган судлар судьялари малака ҳайъатлари мутасаддиларининг форуми бўлиб ўтди.  Кенгаш ташаббуси билан ўтказилган тадбирда  малака ҳайъатлари раислари бевосита, вилоят (ва унга тенглаштирилган) судларнинг раислари масофадан иштирок этди. Форумда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ва одил судловни амалга оширишда судьялар ҳамжамияти органларининг ролини кучайтириш, судьялар масъулиятини янада ошириш, уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига ноқонуний таъсирларнинг олдини олиш, Судьялар одоби кодекси қоидаларига риоя этилиши бўйича амалга оширилган ишлар ва яқин келажакдаги режалари муҳокама қилинди. Қонунга кўра, судьялар малака ҳайъатлари Судьялар олий кенгашининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришида унга кўмаклашади. Демак, судьялар корпусининг шакллантириш, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий приципларига риоя этилишини таъминлашда судьялар малака ҳайъатларининг алоҳида ҳиссаси бор. Айниқса, суд тизимидаги янги институт – тергов судьялари лавозимларига муносиб номзодларни танлаш ва тавсиялар беришда малака ҳайъатларининг уюшқоқ фаолияти алоҳида эътирофга молик.  Бироқ  тизимда ўтказилаётган изчил ислоҳотлар судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини кенг жорий этишни талаб қилмоқда. Судьянинг интизомий жавобгарлиги, уларнинг дахлсизлигини таъминлаш, суд ишларига турли шаклда таъсир кўрсатишга уринишларнинг олдини олишда таъсирчан механизмларга эҳтиёж сезилмоқда. Таҳлилларга кўра, судьяларга нисбатан хизмат текширувлар ўтказиш ҳолатлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли камайган бўлса-да,  уларнинг сифати, интизомий жазо чоралари қўллашга доир масалаларда маълум камчиликлар йўқ эмас. Судьяларга нисбатан қўзғатилган интизомий ишлар ўрганилганда  айрим малака ҳайъатлари томонидан етарли асосларсиз тугатиш ёки муҳокама қилиш  билан чекланган бўлса, баъзи малака ҳайъатлари қарори билан судьяларга асоссиз интизомий жазо чоралари  қўлланилгани ҳам аниқланди. Кенгаш томонидан Судьялар олий малака ҳайъатига етарли асосларсиз судьяларга нисбатан интизомий жазо чораси қўллашга доир  ўнга яқин қарорларни қайта кўриб чиқиш тавсия қилингани қайд этиб ўтилди. Таҳлиллардан келиб чиқиб, малака ҳайъатлари фаолиятига доир ҳужжатларни сифатини ошириш, айниқса, интизомий иш юритиш бўйича ягона амалиётни шакллантиришда “Судьяларга нисбатан хизмат текширувларини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга қатъий риоя этиш лозимлиги  аниқ мисоллар билан кўрсатиб ўтилди. Муҳокамаларда Судьялар одоб кодекси қоидаларига риоя этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.  Айтилдики, Судьялар одоби кодекси судья учун одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ касбий фаолиятида, шунингдек хизматдан ташқари вақтда амал қилиши лозим бўлган одоб-ахлоқ, хулқ-атвор қоидалари мажмуи ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан унинг қоидалари бузилиши тизим обрўси ва судьянинг жамиятдаги мақомига салбий таъсир этиши ўз-ўзидан маълум. Бунинг самарали олдини олиш мақсадида миллий ва умуминсоний одоб-ахлоқ қадриятларини суд тизимида тарғиб қилиш юзасидан ўтказилаётган чора-тадбирларнинг мунтазамлигини таъминлаш мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.  Бундан ташқари вилоят ва унга тенглаштирилган судлар судьялари малака ҳайъатлари ишини талаб даражасида ташкил этиш, ушбу тузилмалар раисларининг алоҳида қабул кунини йўлга қўйиш, судьяларнинг хатти-ҳаракатларига доир ҳар бир мурожаатлар ва уларнинг сабабларини таҳлил қилиб бориш, провардида, суд ва судьядан норозиликнинг олдини олиш масалаларига жиддий эътибор қаратиш  хусусида  ҳам жиддий гаплар айтилди. Шунингдек, хизмат текширувлари сифатини яхшилаш, текширувларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холис ўтказиш, интизомий иш юритиш ва интизомий жазо чораларини қўллаш тартибларини такомиллаштириш юзасидан меъёрий ҳужжатларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар  ҳам ўртага ташланди.   Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

10 Декабрь 2024 1222
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech