Маълумки, Судьяларнинг одоби кодекси ҳар бир судья томонидан риоя этилиши шарт бўлган хизмат ва хизматдан ташқари пайтдаги одоб-ахлоқ қоидалари мажмуидан иборат муҳим ҳужжат ҳисобланади. Кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида суд тизимида қатор янгиликлар, янги тартиб-қоидалар жорий этилди. Янги тартиб-қоидалар эса масалага ўзгача ёндошишни талаб этади. Шу ва шу каби омиллар, шунингдек, Кенгаш томонидан кейинги уч йилликдаги судьялар фаолияти таҳлили Судьялар одоби кодексинининг айрим қоидаларини янада такомиллаштириш баробарида уларга кенг ва атрофлича шарҳлаш эҳтиёжини пайдо қилмоқда. Айни эҳтиёждан келиб чиқиб, Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан “Судьялар одоби кодексига шарҳлар” тўплами устида иш бошланди. Шу муносабат билан бугун Кенгаш раиси фармойиши билан тасдиқлаган (ҳуқуқшунос олимлар, тизимнинг катта тажрибага эга вакиллари, Судьялар олий кенгаши, Олий суд ҳамда қуйи судлар судьяларидан иборат) ишчи гуруҳининг илк йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Судьялар одоб кодексига шарҳлар зарурияти яна бир бор қайд этилиб, ишчи гуруҳи олдидаги асосий вазифалар ва уларнинг муддатлари белгилаб олинди. Шунингдек, кодекснинг ҳар бир қоидасида турли талқинларга йўл қўймайдиган тарзда оддий ва содда услубда баён этилишига эътибор қаратилиши, бу борада ҳар қандай таклиф, фикр ва мулоҳаза муҳокама қилиши лозимлиги, пировард мақсад судьялар томонидан одоб билан боғлиқ қоидалар бузилишининг олдини олиш экани таъкид этилди. Шу мақсадда муҳокамаларга судьялар корпусининг барча вакиллари иштирокини таъминлаш учун Кенгаш ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клубининг электрон платформаси имкониятидан самарали фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги ҳам қайд этиб ўтилди. “Судьялар одоби кодексига шарҳлар” китоби ўзбекчадан ташқари рус ва инглиз тилларига ҳам нашр этилиши кўзда тутилмоқда. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати
Судьялар олий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтаётгани хабари берилганди. Саноқли соатлар аввал Кенгаш йиғилиши якунига етиб, тегишли қарорлар қабул қилиниши натижасида қайси судьялар ушбу лавозимда бўлишнинг навбатдаги муддатига, қайсилари ваколати муддати даврига қайта тайинлангани маълум бўлди. Судьялар олий кенгаши қарори билан: Жураев Баходир Абдимуродович – судьялик ваколати муддати даврининг беш йил муддатига Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Тошкент туман судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ туман судининг раиси лавозимидан озод қилинди; Кулдашев Жахонгир Абдуганиевич – судьялик ваколати муддати даврига Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ туман судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Исматова Азиза Собирджоновна – судьялик ваколати муддати даврига Самарқанд вилояти фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди раисининг ўринбосари лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Самарқанд вилояти фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Анаров Фуркат Шухратович – судьялик ваколати муддати даврига Самарқанд вилояти фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Самарқанд вилояти фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Мирзаханов Акмал Хабибуллаевич – судьялик ваколати муддати даврига Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди раисининг ўринбосари лавозимидан озод қилинди; Юсупов Темуржан Комилжанович – судьялик ваколати муддати даврига Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Шунингдек: Миррахимов Мирали Махмутжонович – судьялик ваколати муддати даврига Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди. Бундан ташқари: Аллаев Убайдулла Садуллаевич – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Бухоро вилояти фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро судининг судьяси лавозимига; Қаршиев Эргаш Мустапакулович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Самарқанд вилояти жиноят ишлари бўйича Ургут туман судининг судьяси лавозимига; Ражабов Озоджон Обидович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси лавозимига; Рахимов Сохиб Хайитмуротович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Сурхондарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси лавозимига; Қаҳоров Фаррух Фармонович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик, шундан беш йил муддатга Бухоро вилояти жиноят ишлари бўйича Бухоро туман судининг раиси лавозимига; Равшанов Хуршид Нематович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик, шундан беш йил муддатга Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманлараро иқтисодий судининг раиси лавозимига; Сайдуллаев Алишер Юсуфович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик, шундан беш йил муддатга Навоий вилояти жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси лавозимига тайинланди. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати
Судьянинг кундалик эътибори қонун ва уни қўллашга қаратилади. Шу боис унинг иш столида кўпроқ қонун ва кодекслар туради. Шундай бўлса-да, бўш вақт топилганда китоб ўқишни канда қилмайдиган судьялар оз эмас. Китоб ва қонунларни бирлаштирувчи муҳим нарса — бу тил. Қонунлар тилнинг равон, қисқа, аниқ ва тушунарли бўлиши талаб қилинади. Шу жиҳатдан ҳуқуқшунослар ҳам худди ёзувчи-шоирлар каби сўзга муҳим омил сифатида қарашади. Ҳар бир ижодкорнинг сўзни қўллашда ўзига хос услуби бор. Масалан, Абдулла Қаҳҳор асарлари лўнда ва ихчам бўлса, Абдулла Қодирий асарларида ўзбек тилининг ноёб қирралари мана-ман деб кўзга ташланади. Айтиш керакки, қарор ёзишда ҳам ҳар бир судьянинг сўздан фойдаланишда ўз услуби бор, дейиш мумкин. Масалан, кимдир қисқа ва лўнда, кимдир кенгроқ ва батафсил жумла тузади. Ҳуқуқшунослар қонун ва қарорларни асослантириш, мантиқий хулосалар қилишда тил имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга ҳар доим эҳтиёж сезади. Бунда қонун ижодкорлиги ва қонунларни қўллаш босқичлари ўзаро боғлиқ: қонун чиқарувчи тузган жумлада бир оз “кўринмай” қолган маънонинг қонунни қўлловчи томонидан “тўлдириб” кетилиши барча ҳуқуқ тизимларида учрайди. Китобхонлик инсонда кучли хотира, кузатувчанлик, диққатни бир жойга жамлаш, ҳодисаларнинг боғлиқлиги ва яширин жараёнларни илғаш кўникмаларини шакллантириши яхши маълум. Баъзи китоблар ҳажми ва ундаги воқеалар узоқ даврни ҳамда юзлаб персонажларни қамраб олади. Таҳлилчилар фикрича, М.Шолоховнинг “Тинч дон” асарида етти юзга яқин персонаж бор. Ёки Г.Маркеснинг “Танҳоликнинг юз йили” асарида бир хил исмга эга персонажларнинг бир асрлик ҳаёти билан танишиш китобхондан алоҳида диққат-эътиборни талаб қилади. Шу жиҳатдан қайд этиб ўтилган хислатлар китобхон судьяларда суд жараёнларида тарафлар кўрсатмаларидаги қарама-қаршиликларни аниқлаш, уларнинг руҳиятини тушуниш, бир-бирини инкор қилувчи ҳолатларга ойдинлик киритишда қўл келади. Умуман, яхши китоб жамиятда кечаётган воқеалар ва инсонларнинг ташвишлари, муаммолари ва уларни келтириб чиқараётган омиллар ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилишда беминнат ёрдамчи бўлади. Нафақат бадиий, балки турли мавзудаги китобларни ўқиш судья учун кўплаб соҳаларнинг сирларини билиш, муаммоларини ўрганиш имконини беради. Ахборот технологиялари ижтимоий муносабатларнинг ажралмас қисмига айланиб бораётган ҳозирги даврда китоб ўқишга вақт топишга ҳам алоҳида уқув керак. Талабалик пайтимда таниқли журналист ва олим Ҳалим Саид жаҳондаги энг сара ёзувчиларнинг асарларини ёшликда ўқиб олинг, кейин вақт тополмайсиз, дея маслаҳат берган. Шу маслаҳат сабаб М.Достоевский, Л.Толстой, М.Булгаков, Р.Акутагава, Э.Хемингуэй, В.Гюго, С.Довлатов, Ф.Искандар, Ги де Мопассан, Б.Шоу, У.Фолкнер, Ч.Айтматов каби ёзувчиларнинг асарларини ўқишга ҳаракат қилганман. Жаҳонда сара асарларнинг сони кўп, вақт эса оз. Ўзбек ёзувчиларидан Чўлпон, А.Қодирий, Ойбек, С. Аҳмад асарларини мактабда, ҳозирда Э.Аъзам, Л.Бўрихон, Н.Эшонқул, З.Қуролбой қизи, Ш.Ҳамро ва бошқаларнинг асарларини ўқиб тураман. Кейинги пайтда аргентиналик ёзувчи Хулио Кортасар ҳикояларини ўқидим. Яқинда мактабда таълим олаётган қизим билан китобхонлик ҳақида суҳбатлашдик. Мени қувонтиргани шундаки, қизим мен унинг ёшида ўқиганимдан ҳам анча кўп китобларни ўқибди. Унинг ўзига ўхшаган китобхон синфдошлари ҳам бор экан. Демак, ёшлар китобга меҳр қўйиб вояга етмоқда, оилаларда китобхонлик давом этаяпти. Бу эса жамиятимизнинг маърифатли бўлишини таъминлайди. Ойбек ҲАКИМОВ, Тошкент туманлараро маъмурий суди судьяси