Янгиликлар

Кенгашдан сўнг: муҳокама натижалари маълум, тегишли қарорлар қабул қилинди

Судьялар олий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтаётгани хабари берилганди. Саноқли соатлар аввал Кенгаш йиғилиши якунига етиб, тегишли қарорлар қабул қилиниши натижасида қайси судьялар ушбу лавозимда бўлишнинг навбатдаги муддатига, қайсилари ваколати муддати даврига қайта тайинлангани маълум бўлди. Судьялар олий кенгаши қарори билан: Жураев Баходир Абдимуродович – судьялик ваколати муддати даврининг беш йил муддатига Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Тошкент туман судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ туман судининг раиси лавозимидан озод қилинди; Кулдашев Жахонгир Абдуганиевич – судьялик ваколати муддати даврига Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ туман судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Исматова Азиза Собирджоновна – судьялик ваколати муддати даврига Самарқанд вилояти фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди раисининг ўринбосари лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Самарқанд вилояти фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Анаров Фуркат Шухратович – судьялик ваколати муддати даврига Самарқанд вилояти фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Самарқанд вилояти фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Мирзаханов Акмал Хабибуллаевич – судьялик ваколати муддати даврига Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди раисининг ўринбосари лавозимидан озод қилинди; Юсупов Темуржан Комилжанович – судьялик ваколати муддати даврига Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг судьяси лавозимидан озод қилинди; Шунингдек: Миррахимов Мирали Махмутжонович – судьялик ваколати муддати даврига Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди. Бундан ташқари: Аллаев Убайдулла Садуллаевич – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Бухоро вилояти фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро судининг судьяси лавозимига; Қаршиев Эргаш Мустапакулович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Самарқанд вилояти жиноят ишлари бўйича Ургут туман судининг судьяси лавозимига; Ражабов Озоджон Обидович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси лавозимига; Рахимов Сохиб Хайитмуротович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Сурхондарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси лавозимига; Қаҳоров Фаррух Фармонович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик, шундан беш йил муддатга Бухоро вилояти жиноят ишлари бўйича Бухоро туман судининг раиси лавозимига; Равшанов Хуршид Нематович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик, шундан беш йил муддатга Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманлараро иқтисодий судининг раиси лавозимига; Сайдуллаев Алишер Юсуфович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик, шундан беш йил муддатга Навоий вилояти жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси лавозимига тайинланди. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

27 Октябрь 2023 4894

“Сара асарларнинг сони кўп, вақт эса оз...”

   Судьянинг кундалик эътибори қонун ва уни қўллашга қаратилади. Шу боис унинг иш столида кўпроқ қонун ва кодекслар туради. Шундай бўлса-да, бўш вақт топилганда китоб ўқишни канда қилмайдиган судьялар оз эмас. Китоб ва қонунларни бирлаштирувчи муҳим нарса — бу тил. Қонунлар тилнинг равон, қисқа, аниқ ва тушунарли бўлиши талаб қилинади. Шу жиҳатдан ҳуқуқшунослар ҳам худди ёзувчи-шоирлар каби сўзга муҳим омил сифатида қарашади. Ҳар бир ижодкорнинг сўзни қўллашда ўзига хос услуби бор. Масалан, Абдулла Қаҳҳор асарлари лўнда ва ихчам бўлса, Абдулла Қодирий асарларида ўзбек тилининг ноёб қирралари мана-ман деб кўзга ташланади. Айтиш керакки, қарор ёзишда ҳам ҳар бир судьянинг сўздан фойдаланишда ўз услуби бор, дейиш мумкин. Масалан, кимдир қисқа ва лўнда, кимдир кенгроқ ва батафсил жумла тузади. Ҳуқуқшунослар қонун ва қарорларни асослантириш, мантиқий хулосалар қилишда тил имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга ҳар доим эҳтиёж сезади. Бунда қонун ижодкорлиги ва қонунларни қўллаш босқичлари ўзаро боғлиқ: қонун чиқарувчи тузган жумлада бир оз “кўринмай” қолган маънонинг қонунни қўлловчи томонидан “тўлдириб” кетилиши барча ҳуқуқ тизимларида учрайди. Китобхонлик инсонда кучли хотира, кузатувчанлик, диққатни бир жойга жамлаш, ҳодисаларнинг боғлиқлиги ва яширин жараёнларни илғаш кўникмаларини шакллантириши яхши маълум. Баъзи китоблар ҳажми ва ундаги воқеалар узоқ даврни ҳамда юзлаб персонажларни қамраб олади. Таҳлилчилар фикрича, М.Шолоховнинг “Тинч дон” асарида етти юзга яқин персонаж бор. Ёки Г.Маркеснинг “Танҳоликнинг юз йили” асарида бир хил исмга эга персонажларнинг бир асрлик ҳаёти билан танишиш китобхондан алоҳида диққат-эътиборни талаб қилади. Шу жиҳатдан қайд этиб ўтилган хислатлар китобхон судьяларда суд жараёнларида тарафлар кўрсатмаларидаги қарама-қаршиликларни аниқлаш, уларнинг руҳиятини тушуниш, бир-бирини инкор қилувчи ҳолатларга ойдинлик киритишда қўл келади. Умуман, яхши  китоб жамиятда кечаётган воқеалар ва инсонларнинг ташвишлари, муаммолари ва уларни келтириб чиқараётган омиллар ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилишда беминнат ёрдамчи бўлади. Нафақат бадиий, балки турли мавзудаги китобларни ўқиш судья учун кўплаб соҳаларнинг сирларини билиш, муаммоларини ўрганиш имконини беради. Ахборот технологиялари ижтимоий муносабатларнинг ажралмас қисмига айланиб бораётган ҳозирги даврда китоб ўқишга вақт топишга ҳам алоҳида уқув керак. Талабалик пайтимда таниқли журналист ва олим Ҳалим Саид жаҳондаги энг сара ёзувчиларнинг асарларини ёшликда ўқиб олинг, кейин вақт тополмайсиз, дея маслаҳат берган. Шу маслаҳат сабаб М.Достоевский, Л.Толстой, М.Булгаков, Р.Акутагава, Э.Хемингуэй, В.Гюго, С.Довлатов, Ф.Искандар, Ги де Мопассан, Б.Шоу, У.Фолкнер, Ч.Айтматов каби ёзувчиларнинг асарларини ўқишга ҳаракат қилганман. Жаҳонда сара асарларнинг сони кўп,  вақт эса оз. Ўзбек ёзувчиларидан  Чўлпон, А.Қодирий, Ойбек, С. Аҳмад асарларини мактабда, ҳозирда Э.Аъзам, Л.Бўрихон, Н.Эшонқул, З.Қуролбой қизи, Ш.Ҳамро ва бошқаларнинг асарларини ўқиб тураман. Кейинги пайтда аргентиналик ёзувчи Хулио Кортасар ҳикояларини ўқидим. Яқинда мактабда таълим олаётган қизим билан китобхонлик ҳақида суҳбатлашдик. Мени қувонтиргани шундаки, қизим мен унинг ёшида ўқиганимдан ҳам анча кўп китобларни ўқибди. Унинг ўзига ўхшаган китобхон синфдошлари ҳам бор экан. Демак, ёшлар китобга меҳр қўйиб вояга етмоқда, оилаларда китобхонлик давом этаяпти. Бу эса жамиятимизнинг маърифатли бўлишини таъминлайди. Ойбек ҲАКИМОВ, Тошкент туманлараро маъмурий суди судьяси

26 Октябрь 2023 857

"Иш" бошқа-ю талқин бўлакча. Аслида-чи?

 Аввал ҳам муносабат билдирилганига қарамай ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятида истиқомат қилувчи тадбиркор ва блогер  А. Халмурзаеванинг (“Асилзода”) жиноий жавобгарликка тортилганига оид турли хабарлар тарқалмоқда. Муаллифлар доираси кенгмас эмас, шундай бўлса-да, хабарларнинг айримларида аёлнинг жавобгарликка тортилиши туб сабаби блогерлик фаолияти билан боғлиқ экани айтилса, айримларида аввал ҳам унга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани, бироқ судда оқланиб чиққанига урғу берилмоқдаки, уларга ойдинлик киритиш  эҳтиёжи пайдо бўлмоқда. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати таъкидлайдики, А. Халмурзаевага (“Аслзода”) оид жиноят ишларини унинг блогерлик фаолияти билан боғлиқлик жойи йўқ.   Жиноят ишлари бўйича Избоскан тумани судининг 2023 йил 22 августдаги ҳукми билан банкдан олинган кредит маблағлари талон-тарож қилишда айбдор, деб топилган олти нафар судланувчига нисбатан тегишли жазолар тайинланиб, улардан жиноят оқибатида етказилган зарарлар ундирилиши ҳам белгиланган.  А. Халмурзаева олти нафар судланувчилардан бири.  Унга нисбатан  Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “б”, “в” бандлари (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан тайинланган 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси Андижон вилоят суди апелляция инстанциясида ўзгаришсиз қолдирилган. Бундан аввал ҳам  А. Халмурзаевага нисбатан жиноят иши (167-модда бўйича) кўзғатилгани рост. Бироқ ушбу жиноят иши бўйича судланувчи оқлангани нотўғри. Чунки, 2022 йилда бир неча суд босқичларида кўриб чиқилган мазкур жиноят иши судланувчи Жиноят кодексининг 70-моддасига асосан жазодан озод этилиши билан якунига етган. Шахснинг (ЖК 70-моддасига асосан) жазодан озод этилиши унинг оқланганини англатмайди. Аксинча, бу - содир этилган жиноят вақт ўтиши билан ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотди,  жазо тайинлашдан маъни йўқ энди, деганидир.  Қолаверса, мазкур норма қонунчиликдаги инсонпарварликнинг яна бир кўриниши ҳисобланади.  Якунда таъкид шартки, ушбу муносабат суд ҳукмларининг қонуний эканига оид Кенгаш хулосаси сифатида  талқин қилинмаслик  лозим.  Суд ҳужжатлари қонунийлигига ҳуқуқий баҳо бериш фақат юқори суд инстанциялари ваколатига тааллуқли. Бу ўринда Кенгаш, юқорида айтилганидек, тармоқлардаги хабарларга ойдинлик киритмоқда, холос. Судьялар олий кенгаши  матбуот хизмати

25 Октябрь 2023 2974
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech