Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар, юридик шахслар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг суд йўли билан ҳар томонлама ва тўла ҳимоя қилинишини таъминлаш, суд соҳасига ахборот коммуникацион технологияларини кенг жорий қилиш, суд мажлисларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ва шу йўл билан фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. 2021 йил 28 июль куни янгидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонуни айни шу мақсадларни ўзида мужассамлаштирган бўлиб, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди, дейишга барча асослар бор. Қонун 101 моддадан иборат бўлиб, расмий эълон қилинган кундан, яъни 2021 йил 29 июлда қонуний кучга кирди. Қонуннинг судьялар корпусини шакллантиришга бағишланган 5-моддасида судьялар корпусини шакллантириш судьяларнинг мустақиллиги принципига қатъий мувофиқ ҳолда Судьялар олий кенгаши томонидан амалга оширилиши, кенгашни ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби алоҳида қонун билан белгиланиши назарда тутилган. Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг фаолиятини тартибга солувчи “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонун 2017 йил 6 апрелда қабул қилинган ва 7 апрелдан қонуний кучга кирган. Мазкур Қонуннинг 4-боби 8 моддадан иборат бўлиб, судьялар корпусини шакллантириш масалаларини ўз ичига олган. Судьялар корпусини шакллантириш судьялик лавозимларига номзодларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, уларнинг ҳуқуқлари тенглиги асосида амалга оширилади. Бенуқсон обрў-эътибор, ҳалоллик, лаёқатлилик, етарли ҳаётий тажрибага эгалик, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликларнинг ёки жисмоний нуқсонларнинг мавжуд эмаслиги биринчи марта тайинланадиган судьяларни танлашнинг асосий мезонларидир. Судьяларнинг судьялик фаолияти даврида бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлиши, ҳалоллиги, холислиги, адолатлилиги ва лаёқатлилиги судьяларни янги ваколат муддатига ва бошқа судьялик лавозимларига танлашнинг асосий мезонларидир. Кенгаш янги ваколат муддатига тайинланадиган судьялик лавозимига номзодни кўриб чиқишда ушбу номзод томонидан қабул қилинган суд қарорларининг барқарорлигини, одил судловни амалга ошириш ва қонун ҳужжатлари нормаларини қўллаш борасида етарли тажрибага эга эканлигини, шунингдек, жамоатчиликнинг унинг касбий фаолияти ҳақидаги фикрини инобатга олади. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги қонуни суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, одил судловнинг судьялар томонидан фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширилишини, суд мажлисларининг ошкора ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини суд йўли билан кенг ҳимоя қилиш ва шу орқали шахсларнинг одил судловга эришиш даражасини оширишга қаратилгандир. Асқарали Умматалиев, Андижон вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ўз имкониятларини тўлақонли рўёбга чиқариш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Хусусан, барқарор ривожланиш соҳасидаги 5-мақсад — Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар билан ҳамоҳангдир. Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясининг мақсадли кўрсаткичларига кўра, судьялар орасида хотин-қизлар улушини 2025 йилда 20 фоизга, 2030 йилда 30 фоизга етказиш назарда тутилган. Айни пайтда Ўзбекистонда судьялар орасидаги хотин-қизларнинг улуши 14 фоизга етди ( бундай кўрсатгич Қозоғистонда 51фоиз, Россияда 66 фоиз, Словенияда 70 фоиз, Португалияда 75 фоизни ташкил этади). Судьялар орасида хотин-қизларнинг улуши ортиши ижтимоий муносабатларга аёллар нуқтаи назаридан қараш ва баҳо беришга янада кенгроқ имконият яратади. Зеро, аёл судья ўзи кўриб чиқаётган низоли ишдаги ижтимоий ҳолатларга она ёки опа-сингил сифатида ўз муносабатини билдиради. Бу эса жамиятда ижтимоий адолат таъминланишига хизмат қилишига шубҳасиздир. Бундан ташқари юртимизда хотин-қизлар доим ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқларни талаб қилишга тортиниши, бунинг оқибатида қатор муаммолар ечимини топмай қолиб кетаётгани каби ҳолатларни бартараф этишда аёл судьяларнинг фаоллиги алоҳида аҳамият касб этади. Ўтган қисқа даврда соҳада фаолият юритаётган аёл судьялар сони кўпайиб, 174 нафарга етди. Уларнинг 26 нафари тизимда раҳбарлик лавозимида фаолият кўрсатмоқда. Суд тизимида гендер тенгликнинг таъминланиши жамиятдаги тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, оилавий зўравонликнинг келиб чиқиши ва оқибатларини аниқлашда ижобий натижалар беради. Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсига 2023/2024 ўқув йили учун фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқ ихтисосликлари бўйича қабул бўлиб ўтди. Якунда кириш синовларидан муваффақиятли ўтган 154 нафар талабгор Судьялик лавозимларига тайёрлаш курси тингловчиларига айланди. Уларнинг 39 (26 фоиз) нафари хотин-қизлардир.
Бундай тадбирлар кўп вақт олмайди, бироқ таассуроти анча пайтгача кишини тарк этмайди. Чунки, унда иштирок этган барчани деярли бир хил туйғулар, уйғун ҳислар чулғайдики, таассуроти узоқ давом этиши шунда. Яъниким, тадбир тўрида ўтирганлар машаққатли, аммо шарафли фаолияти қадрланаётганидан кўнгли тоғдек кўтарилса, уларнинг намунали умр йўлига ҳавас билан қараётган ҳамкасблари ўзларига ҳам шундай саодат насиб этишини ич-ичидан исташи аниқ. Бундай тадбирлар шукр-у фикр қилишга катта туртки бериши билан ҳам аҳамиятлидир. Гапнинг индаллосики, Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан Истиқлол байрами муносабати билан мўъжазгина тадбир бўлиб ўтди. Унда барча вилоят ва унга тенглаштирилган судлар судьялари масофадан иштирок этди. Расмиятчиликдан анча йироқ ўтган тадбирда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг натижалари ҳақли равишда эътироф этилди, намунали фаолияти билан тизимда катта ҳурматга қозонган фахрийларнинг кўплари бирма-бир тилга олинди. Шунингдек, бир гуруҳ фаол судьяларнинг меҳнатлари ҳам эътибор қаратилди. Якунда эса одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали фаолият кўрсатган 17 нафар фахрийга “Суд фахрийси” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди. Уларнинг муносиб давомчилари бўлаётган 15 нафар судья эса Судьялар олий кенгашининг эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди. Судьялар олий кенгаши матбуот хизимати