Янгиликлар

Бу савол Кенгашга эмас, бироқ...

“Effect.uz” сайти “555 иши” мисолида оммавий ахборот воситалари  (ОАВ) вакилларининг суд мажлиси жараёнини ёртиши билан боғлиқ  масалани кўтарибди. Айни масала тез-тез муҳокама танқид мавзусига айланади, сираси. Яъниким, ОАВ вакили суд процессини  тасвирга  олиш учун  илтимоснома киритади,  раислик этувчи бунга рухсат берса – хўп-хўп, акс ҳолда яна битта танқидга мавзу тайёр: раислик этувчи нега рухсат бермади? Бу очиқлик тамойилига эмасми?!  Судья нохолис-ов, у тарафларнинг бирига очиқдан-очиқ ён босмоқда ва ҳоказо, ҳоказо...  Ҳар гал шу мавзу кўтарилганда  мавжуд тартиб-қоидаларни ҳижжалаб такрорлашга тўғри келадики, бу сафар ҳам шундай қилишга мажбурмиз: очиқ суд мажлисларида ҳозир бўлиш журналистнинг хос ҳуқуқи – тўғри,  бироқ суд процессини тасвирга олиш (аудиога ёзиш, суратга олиш) тарафларнинг фикрини инобатга олганда ҳолда раислик этувчи судья (ёки судлов ҳайъати) томонидан  ҳал этилади. Раислик этувчи судьянинг (судлов ҳайъатининг) жараённи тасвирга олишга ижозат бермаслиги журналистнинг (блогернинг) суд залини тарк этиши шартлигини англатмайди: у бемалол процессда кузатувчи сифатида иштирок этиши, лозим топса, ўзига керакли маълумотларни  ён дафтарига қайд қилиб бориши ҳам мумкин. Қисқаси  талаб - шу, тартиб шундай.  Мазкур тартиб-қоидаларни “Effect.uz” сайти ходимлари билмайди деб ўйламаймиз, шунга қарамай ўз саҳифлари орқали Кенгаш раисига мурожаат қилиб: “Нега прокуратура даъвогар бўлган суд очиқ ўтказилмаслиги керак?” дея савол қўяди. “Нега?”лигини юқорида айтдик, такрорлаймиз: Кенгаш судьянинг процессуал хатти-ҳаракатларини муҳокама қилмайди ва ҳуқуқий баҳо бермайди. Акс ҳолда, судьянинг қонунда кафолатланган мустақил ва дахлсиз экани катта савол остида қолади. Ваҳоланки,  судьяларнинг дахслизлиги  таъминлаш – Кенгаш фаолиятининг устувор йўналиши ҳисобланади.  Шунингдек, сайт ходими  унинг суд жараёнини ёритишга оид илтимосномасини судья гўёки “прокуратура вакилининг сўзини инобатга олиб, ўйлаб ўтирмасдан” рад этганига алоҳида урғу берадики, ўқувчиларда  гўёки фуқаролик судларида прокуратуранинг гапи – гап, сўзи – сўз эканда, дегандай тасаввур пайдо бўлади.  Шу ўринда изоҳ:  барча фуқаролик ишларида прокурор иштироки мажбурий эмас. Улар фақат маълум тоифадаги ишлардагина  иштирок этиши мумкин. Прокурор ўзи даъвогар бўлган ишда иштирок этиши эса ўз-ўзидан маълум. “555 иши”да прокуратура даъвогар сифатида иштирок этаётганини  мақола муаллифининг ўзи қайд этиб турибди. Демак,  суд мажлисини тасвирга олиш масаласида унинг тараф сифатида фикри олиниши табиий. Шундаям  охирги қарор – судьяда қолади.  Яъни,   юқорида айтилганидек, суд мажлисини фототасвирга тушириш, аудио- ва видеоёзувини амалга ошириш, шунингдек оммавий ахборот воситаларида трансляция қилинишига тарафларнинг розилиги ва суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан йўл қўйилади.  Муаллифнинг “суд шаффоф ўтмаётгани” ҳақидаги иддаосини  унинг ўзи  “...суд мажлисида яна эркин тингловчи сифатида қатнашишга мажбур” бўлгани билан инкор қилмоқда. Агар суд мажлиси журналистлар қувиб солинган ҳолда эшикни ичкаридан қулфлаб ўтказилганда бу иддаога қўшилиш мумкин бўларди.  Судьянинг тасвирга олишга ижозат бермагани журналистнинг “қўл оёқсиз қолдирилгани”ни ҳам билдирмайди, чунки, у, ўзи ёзганидек, жараённи “эркин тингловчи сифатида” кузатмоқда, суд қарори чиқиб, қонуний кучга киргач,  материал тайёрлашида ҳеч қандай монелик йўқ. Бироз семириб кетган ушбу муносабатдан мақсад “Effect.uz” мурожаати сабаб суд жараёнини  ОАВда ёритишга оид тартибларини  яна бир карра ёдга солишдир, илло, нима қилиб бўлса ҳам судьяни ҳимоя қилишмас.   “555 иши” бўйича  жавобгар тараф вакиллари ва сайт ходимлари судьянинг бошқа хатти-ҳаракатларидан норози бўлган ҳолатлар ҳам бор. Шундан келиб чиқиб, фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро суди судьясининг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви  ўтказилмоқда. Тошкент вилояти судлари судьялари малака ҳайъати томонидан ўтказилаётган хизмат текшируви натижаси ҳақида қўшимча ахборот берилади.   Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

3 Август 2022 1175

Манзил – бир, мақсад - муштарак

Бугун Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Судьялар олий кенгаши ҳамкорлигида “Судьялар корпусини шакллантиришда коррупциянинг олдини олиш масалалари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Таъкид этилдики,бугун коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Бу борада қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши, шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги  этилишининг ўзи бу   балога қарши курашишда давлатимиз қатъиятидан  далолат бериб турибди. Агентлик яқинда ташкил этилган ташкилот бўлса-да, коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий ва молиявий механизмларини такомиллаштирилиши, бу жараёнга жамоатчиликни жалб қилиш ҳамда коррупциянинг олдини олиш бўйича идоралараро ҳамкорлик самарадорлигини ошириш қаратилган ваколатларининг йил сайин кенгайтирилаётганлиги Агентлик томонидан амалга оширилаётган ишларнинг натижаларига берилаётган баҳо аслида. Коррупцияга қарши курашиш битта идора иши эмас. Бу иллатга қарши биргаликда  курашилсагина кутилган самарага эришиш мумкин. Бу эса барча давлат органларидан бу борада изчил ҳамкорлик қилишлари талаб этилади. Касални даволагандан кўра, унинг олдини олиш муҳим бўлганидек, ҳар қандай иллатни барвақт олдини олиш унга қарши курашишниг энг самарали усули ҳисобланади. Бунинг эса, асосан, икки омили мавжуд: бу очиқлик ва шаффофлик. Судьялар олий кенгаши  фаолиятида мана шу икки тамойилга алоҳида эътибор қаратаётгани  кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилмоқда. Судьялик лавозимларига муносиб кадрларни танлаш ва муқобиллик асосида тайинлашда  мутлақо янги тартиб ва талаблар жорий этилди. Бу жараёнда илғор ахборот технологияларидан фойдаланиш йўлга қўйилиши натижасида инсон омили кескин чекланди.   Давлатимиз раҳбарининг “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6127-сонли фармонида эса Кенгаш фаолиятида очиқ ва шаффофлик  устувор аҳамият касб этиши яна бир бор белигилаб берилди.  Мазкур фармонда белгиланган вазифаларни сифатли бажаришда Кенгаш ва Агентлик  фаолиятида уйғунликни кўзга ташланади. Чунки,  манзил – бир,  мақсад  - муштарак. Тадбирда тизимдаги коррупцион ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқараётган омилларни аниқлаш, профилактика қилиш, турли тадқиқотларни амалга ошириш, илк судьяликка кадрларни тайёрлашда одоб-аҳлоқ қоидалари ҳамда ҳалоллик бўйича ўқишларни ташкил этиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, шунингдек, мавжуд қонунчиликни такомиллаштириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.  Бу борада Судьялар олий кенгаши ва Агентлик ўртасида йўлга қўйиладиган ҳамкорлик йўналишлари  хусусида сўз юритилди.  Судьялар олий кенгаши Агентлик билан эндигина ҳамкорликни бошлаётгани йўқ. Шу пайтгача ҳамкорлик бор эди. Бугунги тадбир ҳамкорликни янада кенгайтириб, янги босқичга кўтаришга кўтарилиш ҳуқуқий асос вазифасини ўташига шубҳа йўқ. Тадбир якунида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги  ва Судьялар олий кенгаши ўртасида  ўзаро ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.

2 Август 2022 959

Уч танқидга бир жавоб

“Telegram” мессенжеридаги “Kompromatuzb” каналида танқидий материаллар сероб. Улар орасида суд-ҳуқуқ органлари, хусусан, Судьялар олий кенгаши ваколатига оид масалалар ҳам   учраб туради.   Танқидлар асосли бўлса, бош устига: тегишли тартибда ўрганилиб, ахборот (муносабат) билдиришда муаммо йўқ. (Буни канал мутасаддилари, ўрни келса, ўзлари эътироф қилишмоқда. Раҳмат). Бироқ  берилаётган эътибор  танқидлар ёппасига асосли эканини билдирмайди ёки “ керакли жойга етиб боряпти”, дея  муайян воқеликни  хоҳлаган оҳанг ва шаклда ёзавериш мумкин, дея хулоса чиқармаслик лозим. Кенгаш матбуот хизмати жорий йилнинг 17 июль куни каналда эълон қилинган хабар бўйича хизмат текшируви ўтказилишини маълум қилиниб, натижаси ҳақида қўшимча ахборот берилишини  билдирилганди. Бунинг учун  Кенгаш раҳбариятига лутф қилган канал мутасаддилари тўрт кун ўтиб, ўша мавзуга оид навбатдаги материлни эълон қилди: “Бу суд мажлисими ёки чойхонами?”. Материал эълон қилиниши-ку, майли, ундаги баёнлар тушунарсизлиги ҳам ўз йўлига, бироқ  муаллифнинг “фалончиев, сиз хизмат текширувини бошлайверинг, биз унгача  ундоқ  қип турамиз-бундоқ қип урамиз”, мазмунида писанда қилиши нимаси?!  Иддао ва истеҳзоларга тўла бир парчагина хабарда суд мажлисини чойхонага ўхшатган муаллиф ўзидан майхонада ўтиргандек одамдек тасаввур қолдириши одоб-ахлоқнинг қайси меъёрларига тўғри келади?! Ҳолатни сунъий равишда бўрттириб, суд мажлисига раислик қилувчини (қариндошлик ришталари ўн йиллар аввал тамом узилганига қарамай!) олий маҳакама раҳбарияти вакиласи билан боғлашга уриниши-чи?! Ҳозиржавобликни бетгачопарликдан фарқи бўлганидек, очиқлик бу - карвонсарой дегани ҳам эмас. Қолаверса, сўз эркинлиги бу – оғизга келганини қайтармай ёзавериш ҳуқуқини бермайди.  Мавзуга қайтсак: хизмат текшируви Фарғона вилояти судлари судьялар малака ҳайъати томонидан ўтказилмоқда. Бу жараёнда кимнинг кимга қариндош эканлигининг аҳамияти йўқ.  Натижаси ҳақида, аввал ҳам айтилганидек, қўшимча ахборот берилади. Бу орада (21 июль) каналда Хоразмда гўёки марҳум судга чақирилганига оид хабар  чиқди. Ваҳоланки,  шу мазмундаги хабар ижтимоий тармоқларда тарқалиши ҳамоно ўрганилиб, Кенгаш матбуот хизмати муносабат  билдириб (“Kompromatuzb”да чиқишидан 20 кун аввал!) бўлганди.  Вазиятга ўз вақтида ойдинлик киритилганига қарамай эски хабарни такрор эълон қилиниши канал мутасаддиларинг беэътиборлигими ёки атайлик аломатми – ўзларига тан.  Андижонлик Акмалҳожининг ноқонуний қурилмасини бузишга оид суд мажлиси гўёки асоссиз ортга сурилаётгани ҳақидаги яна бир хабар  юқоридагилардан ҳам ўтиб тушди. Узр-ку, хабардаги баён ва оҳанг – ўзиниям, сўзиниям ҳурмат қиладиган  блогернинг эмас,  рақибидан истеҳзоли ҳол сўраётган носамимий одамнинг гапига ўхшаб кетади.  Хабардаги “Акмалхожи, қанча билан ҳал қиляпсиз суддаги ишингизни?” деган жумла-ку, курак тугул, тувакда турмайди.  Энг қизиғи,  хабар муаллифи гўёки суд мажлиси асоссиз равишда ортга сурилаётгани ҳақида  каналда бонг уришидан (22 июль) бир кун аввал (21 июль куни!)  суд мажлиси якунига етиб, низо бўйича чиқарилган биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида вилоят суди апелляция инстанцияси ажрим чиқариб бўлганди... Якунда Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати таъкид этадики, журналист ва блогерларнинг жамиятда тутган ўрнини қадрлаймиз, уларнинг холис фаолияти, дарҳақиқат, ҳурматга лойиқ. Шу баробарида асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборотларни ахлоқ чегарасидан чиққан ҳолда тарқатилаверилиши ўша қадр ва ҳурматга соя солишини эслатиш ортиқчалик қилмас.   Судьялар олий кенгаши  матбуот хизмати

29 Июль 2022 2559
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech