Янгиликлар

Малайзиялик меҳмонлар Судьялар олий кенгаш фаолияти билан танишди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашида Малайзия Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Аҳмад Террирудин бин Моҳд Саллеҳ бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Судьялар олий кенгаши раиси меҳмонларни мамлакатимизга ташрифи билан қутлаб, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган ислоҳотлар, бу жараёнда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда профессионал судьялар корпусини шакллантириш устувор вазифага айланганлигини қайд этди. Хусусан, 2017 йилда ташкид этилган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига конституциявий орган мақоми берилди, шунингдек, судьялар дахлсизлигини таъминлаш, судьяларни тайёрлаш, танлаш ва тайинлашнинг янги тартиби жорий этилди. Танлов жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилиши натижасида бу борадаги ишлар шаффофлиги амалда таъминлаш имконияти  яратилди. Бундан ташқари судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастури жорий қилинди. Делегация аъзолари судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолаш электрон дастурини билан танишиб, профессионал судьялар корпусини шакллантиришда мазкур электрон дастурни муҳим омил сифатида эътироф этишди. Самимий ва ишчан руҳда ўтган учрашувда томонлар суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, судьялик лавозимига танлаш ва тайёрлашда ўзаро тажриба алмашиш ҳамда тизимга ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш каби масалалар юзасидан фикр алмашди. Судьялар олий кенгаши  матбуот хизмати

8 Июнь 2023 930

Ҳуқуқ ҳам, мажбурият ҳам қонун билан тартибга солинади

Судьялар олий кенгаши Қашқадарёда битта сайт ва беш нафар блогер фаолиятини тугатганига оид хабарларни таассуф билан қабул қилади.  Шунингдек, айрим блогерларнинг бундай қарорига гўёки суддаги адолатсизликларни сабаб сифатида кўрсатилаётганига қўшилмаслигини ҳам билдиради. Фаолиятини тугатишга қарор қилган блогерларнинг уч нафари суд томонидан маъмурий ҳуқуқбузар деб топилиб, жазога тортилгани бор гап. Бироқ бу – қарор қатъий, шикоятга ўрин йўқ, дегани эмас. Суд қароридан норози тараф белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин. Шикоят юқори суд инстанциясида кўриб чиқилишида ҳеч қандай муаммо йўқ. Фаолиятини тугатиш ёки тугатмаслик ҳар кимнинг шахсий қарори, албатта. Аммо қонунда белгиланган тартиб, шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланмай судлар ва судьялар фаолиятига билдирилаётган эътирозлар тизим ҳақида кенг жамоатчиликда нотўғри тасаввур шаклланиши эҳтимолини пайдо қилмоқда. Шу боис бундай фикрларни шошма-шошарлик билан берилган баёнот тариқасида қабул қилиш баробарида суд ҳужжатидан норози тараф юқори суд инстанциясига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканини такрор эслатишни жоиз, деб биламиз.  Жамият ҳаётида журналист ва блогерларнинг алоҳида ўрни бор, айниқса, очиқлик ва шаффофликни уларнинг фаол иштирокисиз таъминлаш қийин. Шу боис ҳам Судьялар олий кенгаши оммавий ахборот воситалари ва блогерлар билан изчил конструктив мулоқот ўрнатишга устувор вазифа  сифатида қарайди. Бунинг амалдаги ифодаси сифатида ҳар йили (Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда)  ҳуқуқий мавзуга ихтисослашаётган медиа вакиллари учун бепул ўқув-машғулотлар ташкил этиб келмоқда. Иккита ҳуқуқий қўлланма нашр этиб, улар ҳам бепул тарқатилди. Ўтган йили Кенгаш томонидан  ўтказилган махсус танловда холис ва асосли танқидий чиқишлари билан эътибор қозонган оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда блогерлар ғолиб деб топилгани ҳам жамоатчиликка маълум. Мақсад –  улар фаолиятини, аввало, ҳуқуқий билимларини оширишга амалий кўмак бериш орқали фаол қўллаб-қувватламоқдир, зеро, ҳар соҳа қонунийликни талаб қилади, ҳуқуқ ҳам, мажбурият ҳам қонун билан тартибга солинади. Пировардида, ушбу муносабатни блогерларга нисбатан чиқарилган суд қарорлари қонуний экани хусусида Кенгаш хулосаси ёки шикоят келтирилган тақдирда улар (суд қарорлари) юқори суд инстанциясида ўзгартирилиши ёхуд бекор қилинишига  кафолат сифатида талқин этмаслик сўралади. Такрори ортиқчалик қилмайди: суд қарорлари қонунийлигига фақат юқори инстанция суди ҳуқуқий баҳо бериш ваколатига эга.  Судьялар олий кенгаши  матбуот хизмати

7 Июнь 2023 1140

Кенгашдан сўнг: навбатдаги муддатга тайинланган судьялар маълум бўлди

Судьялар олий кенгашининг навбатдаги йиғилиши ўтаётгани, унда ваколат муддати якунига етган айрим судьяларни ушбу лавозимда бўлишнинг навбатдаги, айримларини эса ваколати муддати даврига қайта тайинлашларга оид  масалалар муҳокама этилаётгани хабари берилганди.  Кенгаш йиғилиши ниҳоясига етди:муҳокама натижалари маълум. Судьялар олий кенгаши қарори билан: Ахмеджанова Шойрахон Алижоновна – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Наманган вилояти Наманган туманлараро маъмурий судининг судьяси лавозимига; Пўлатова Дилдора Тўраевна – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Хоразм вилояти жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг судьяси лавозимига; Дададжанова Дилфуза Бурханитдиновна – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг судьяси лавозимига; Абдурахманов Ўткирбек Абдухалилович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Тошкент вилояти фуқаролик ишлари бўйича Янгийўл туманлараро судининг судьяси лавозимига; Дадабаева Нилуфар Фарходовна – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг судьяси лавозимига; Худайбердиева Хабиба Валиевна – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг судьяси лавозимига; Акимниязов Пурханатдйин Толбаевич – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик, шундан беш йил муддатга Нукус ҳарбий судининг раиси лавозимига тайинланди  Судьялар олий кенгаши  матбуот хизмати

1 Июнь 2023 3734
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech