Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсига 2022/2023 ўқув йили учун талабгорлардан фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий суд ихтисосликлари бўйича 2022 йилнинг 15 апрелидан 16 майигача ҳужжатлар қабул қилинди. Мазкур жараёнда жами 752 та талабгорнинг ҳужжати қабул қилинган бўлиб, уларнинг 333 таси (44%) жиноят, 148 таси (20%) фуқаролик, 170 таси (22%) иқтисодий ва 101 таси (14%) маъмурий суд ихтисослигига тегишли. Ҳудудлар кесимида ҳисобланса, Тошкент шаҳридан 213 та, Самарқанд вилоятидан 68 та, Қашқадарё вилоятидан 63 та, Фарғона вилоятидан 61 та, Қорақапоғистон Республикасидан 45 та, Андижон вилоятидан 43 та, Наманган вилоятидан 42 та, Хоразм вилоятидан 37 та, Сурхондарё вилоятидан 34 та, Бухоро вилоятидан 33 та, Навоий вилоятидан 33 та, Тошкент вилоятидан 32 та Сирдарё вилоятидан 30 та ва Жиззах вилоятидан 18 та ҳужжат топширилган. Талабгорларнинг 355 нафари суд, 83 нафари прокуратура, 71 нафари юридик хизмат, 70 нафари адлия, 54 нафари адвокатура, 52 нафари ички ишлар, 10 нафари нотариал идора, 8 нафари солиқ, 7 нафари таълим, 4 нафари божхона, 38 нафари эса бошқа идора ва ташкилотларнинг ходимларидир. Талабгорларнинг 541 нафари (71%) 40 ёшгача, 190 нафари (25%) 40-50 ёшгача, 21 нафари (4%) 50 ёшдан юқори. Судьялар олий мактабининг судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсига 2022/2023 ўқув йили учун қабул квотаси жами 65 та, шундан жиноят ҳуқуқи бўйича 25 (йигирма беш)та, фуқаролик ҳуқуқи бўйича 20 (йигирма)та, иқтисодий ҳуқуқ бўйича 12 (ўн икки)та ҳамда маъмурий ҳуқуқ бўйича 8 (саккиз)та қилиб белгиланганлиги маълум қилинади. Қабул комиссияси
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармойиши билан Салимжон Олимович Абдурасулов судьялик ваколати муддати даврининг беш йил муддатига Бухоро вилоят суди раисининг ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига тайинланди. Салимжон Абдурасулов тайинловга қадар Навоий вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси лавозимида ишлаган. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати
Бугун бўлиб ўтган Судьялар олий кенгашининг навбатдаги йиғилиши кун тартибидан икки нафар судьянинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш масаласи ҳам ўрин олгани хабар қилинганди. Кенгаш қарори билан: Ёзма аризалари ҳамда одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузганлиги, суд ишини ташкил этишдаги бепарволиги ва интизомсизлиги оқибатида йўл қўйган камчиликлари учун Фарғона вилояти фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судининг судьяси Хамдамжон Хакимов ва Хоразм вилояти жиноят ишлари бўйича Янгибозор туман судининг раиси Шерзод Хўжаниёзов лавозимидан озод этилиб, судьялик ваколатлари муддатидан илгари тугатилди. Шунингдек, масъулиятсизлиги ва йўл қўйган камчиликлари учун Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судининг судьяси Бахром Эсанбаев интизомий жазога тортилди. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати