Суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли ишлар, ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, одил судлов сифат ва самарадорлигини таъминлаш юзасидан қатор қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, улар изчиллик билан амалиётга татбиқ этилмоқда. Шу билан бирга, ҳали суд тизимининг олдида халқнинг судга тўлақонли ишончига эришиш, уларни суддан рози қилиш йўлида муҳим вазифа ва мақсадлар турганлиги ҳам айни ҳақиқат. Ўтган йилнинг 20 декабрь куни давлатимиз раҳбари Парламентга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатида суд-ҳуқуқ соҳасидаги мавжуд муаммоларга ҳам алоҳида тўхтатилиб ўтди, ушбу йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар билан бир қаторда ўз таклифларини ҳам ўртага ташлади. Жумладан, давлатимиз раҳбари тергов сифати, судларда одамларнинг оворагарчилиги, суд қарорлари ижроси боғлиқ муаммоларни таъкидлаб, қисқа муддатда ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ўргатадиган, одил судлов сифатини оширадиган тизим яратилишини алоҳида қайд этди. Орадан кўп ўтмай - 2023 йил 16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Фармонда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолиятининг самарадорлиги ҳамда одил судлов сифатини оширишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар белгиланиб, у билан 2023-2026 йилларда суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли Стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури тасдиқланди, дастурда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишнинг 10 та йўналиши бўйича 28 та чора-тадбирлари белгилаб қўйилди. Маълумки, суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади. Мазкур қоидаларни рўёбга чиқариш судьялар зиммасига юклатилган ўта муҳим вазифа – одил судловни оғишмай амалга оширишда ифодаланади. Суд ҳимоясини тўлиқ ва самарали амалга ошириш учун эса суд ҳокимияти ҳақиқатан ҳам мустақил, судьялар эса дахлсиз ва чинакам эркин бўлиши талаб этилади. Суд ишларига аралашиш икки хил кўринишда, яъни ички ва ташқи тарзда бўлиши мумкин. Бундай аралашувларнинг ижтимоий хавфлилиги шундан иборатки, ушбу ҳаракат орқали суд ҳокимиятнинг обрўсига, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончига путур етади, суд қарорларининг қонуний, асосли ва адолатли бўлиши шартлиги тўғрисидаги қоидалар бузилади, фуқаролар, корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига зарар етади. Бу борада Фармонда одил судлов фаолиятига ташқи ва ички тарафдан аралашиш имкониятларини бартараф этиш чоралари кўзда тутилмоқда. Хусусан, судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши қайд этилди. Суднинг мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлашни кучайтириш мақсадида судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларини олдини олишнинг самарали механизмлари ишлаб чиқилади, бунинг учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтирилади ва жиноий жавобгарлик белгиланиши кўзда тутилмоқда. Хорижий амалиётга кўра, бундай нормалар Арманистон, Грузия, Қозоғистон, Озарбайжон, Россия ва бошқа давлатлар қонунчилигида мавжуд. Сир эмаски, судга босим ўтказилаётгани, судьянинг дахлсизлигига таҳдид қилингани, судьянинг ишига аралашишга ҳаракат қилингани ҳақида хабарлар кенг муҳокама қилинса-да, суд ишларини ҳал этишга аралашганлик ҳолати бўйича юритилган жиноят ишлари ҳақида кенг жамоатчилик етарли даражада хабардор қилинмайди. Энди одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганликка оид ҳар бир жиноят иши якуни бўйича жамоатчиликни оммавий ахборот воситалари орқали мажбурий равишда хабардор қилиш тартибининг жорий этилиши судларнинг дахлсизлиги ва мустақиллигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Сарвар Солиев Зангиота туманлараро иқтисодий судининг раиси
Бугун Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан нашр этилган “Муносиб яшамоқ бахти” (муаллифи Арслон Эшмуродов) номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Китоб I-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, таниқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Мардиевнинг мазмунли ва синовли ҳаёти ва серқирра фаолияти тўғрисида ҳикоя қилади. Унда машҳур ҳуқуқшуноснинг мамлакатимиз юриспруденцияси тараққиётига қўшган муносиб ҳиссаси ноёб архив материаллари ва далиллар асосида очиб берилган. Давлатимиз раҳбари жуда кўп бора таъкидлаганидек, янги Ўзбекистонда амалга оширалаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад – ИНСОН ҚАДРИНИ УЛУҒЛАШ, УНИ ЭЪЗОЗЛАШдир. Шу нуқтаи назардан Судьялар олий кенгашининг мамлакатимиз ҳуқуқий тараққиётига муносиб ҳисса қўшган, ҳаёти ва фаолияти ибрат мактабига айланган устозлар ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар нашр этилиши мақсадга мувофиқдир. Мақсад - маърифат ва маънавият элчилари бўлмиш китоблар орқали бўлажак ҳуқуқшуносларни тарбиялаш, судьялар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини касбига садоқатли инсонлар бўлиб шаклланишига ҳисса қўшишдир. Чунки, ўз соҳаси етуклари ҳаёти ва фаолияти билан яқиндан танишиш, уларнинг тажрибаларидан бохабар бўлиш соҳада фаолият юритаётганлар учун катта мактаб бўлиши шубҳасиз. Тадбирда иштирок этган таниқли ҳуқуқшунос олимлар, прокуратура, адлия ва суд тизими фахрийлари, адиблар, давлат ва жамоат арбоблари китоб қаҳрамонининг шахси, амалга оширган ишлари ҳамда тўпамнинг маънавий-маърифий аҳамиятини алоҳида таъкидлашди.
Бугун Президент Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида (АОКА) Судьялар олий кенгаши мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Очиқ ва жонли ўтган матбуот анжуманида Судьялар олий кенгашининг 2022 йилги фаолияти ва жорий йилдаги режалари хусусида сўз борди. Қайд этилдики, Судьялар олий кенгаши томонидан ўтган йили қатор ишлар амалга оширилди. Профессионал судьялар корпусини шакллантириш, тизимни малакали, ҳалол ва пок кадрлар билан тўлдириш, кадрлар салоҳиятини ошириш йўналишида: Судьяларни тайинлаш, жой-жойига қўйиш, вакант лавозимларни тўлдириш бўйича очиқ ва ошкора ўтказилган танловлар натижасида 2022 йилда 459 нафар судьялик лавозимига тайинловлар амалга оширилди. Тайинланганларнинг 71 нафари судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи 5 йиллик, 169 нафари 10 йиллик, 2 нафари муддатсиз даврига, 210 нафари ваколати муддатига даврига қайта тайинланди. Айни пайтда судьялик лавозимида ишлаётган судьялар сони 1317 нафарни ташкил этади. Шундан 179 нафари аёл судьялардир, уларнинг 25 нафари раҳбар судьялик лавозимларида фаолият юритмоқда. Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида 2022 йилда 75 нафар судьяликка номзод касбга тайёрланиб, шундан 59 нафари илк бор судьялик лавозимига тайинланди. Жорий ўқув йилида судьялар олий мактабининг судьялик лавозимига тайёрлаш курсларида 138 нафар тингловчи таҳсил олмоқда (Судьялар олий мактаби фаолияти бошлангандан буён 207 нафар номзоддан 179 нафари судьялик лавозимига тайинланган). Жорий йил 1 февраль ҳолатига суд тизимида вакант ўринлар сони сони 14 тани ташкил этди, ўтган (2022 йил) йили бу пайтда вакант ўринлар сони 145 тани ташкил қилган. Судьялар дахлсизлигини таъминлаш борасида: 2022 йилда одил судловга аралашиш билан боғлиқ 2 та ҳолат бўйича хизмат текширувлари ўтказилиб, натижалари бўйича Кенгаш раиси томонидан Бош прокурорга киритилган тақдимномага асосан 1 та жиноят иши қўзғатилди. Бундан ташқари халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг судларга турли вазифалар юклаш ҳақидаги 14 та қарори бекор қилинди. Шунингдек, "Судьянинг мустақиллиги ва дахлсизлиги. Суд ишига аралашганлик учун жавобгарлик асослари" қўлланмаси нашр қилинди. Бундан ташқари судьяларнинг касбий билимини ошириш, янгона суд амалиётини жорий этиш мақсадида “Халқаро ҳуқуқ нормаларининг судлар томонидан қўлланилиши”, “Судлар фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиёти: Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари” қўлланмалари (ушбу қўлланма тегишли вазирлик қарори билан олий ўқув юртлари талабалари учун дарслик сифатида тавия этилган),тадбиркорлик фаолиятини билан шуғулланаётган фуқаролар учун "Тадбиркорлар ҳуқуқи суд ҳимоясида" амалий қўлланмаси, судьялар учун ибрат мактабини яратиш максадида рукни “Уч машҳур ўзбек аёли” ва "Муносиб яшамоқ бахти" номли бадиий публицистик тўпламлар нашр этилди. 2022 йили Канаданинг Оттава шаҳрида бўлиб ўтган Судьялар малакасини ошириш халқаро ташкилоти ((IOJT) халқаро конференциясида Судьялар олий кенгаши ҳамда Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактаби ушбу халқаро аъзолигига қабул қилинди. Судьяларни рағбатлантириш ва масъулиятини ошириш мақсадида: 2022 йилдан бошлаб, Кенгаш ва жойлардаги судларнинг малака ҳайъатлари қошида Судьялар одоб комиссияси фаолияти йўлга қўйилди; судьяликка номзодлар ва судьяларнинг касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон психологик тест дастури ишга туширилиб, 901 нафар судьялар психологик тестдан ўтди; психологик тест натижаларидан келиб чиқиб, жойларда судьялар учун психологик тренинглар ўтказиб келинмоқда. Судьялар фаолияти самарадорлигини очиқ ва шаффоф баҳолаш бўйича миллий электрон рейтинг баҳолаш дастури натижалари бўйича одил судловни амалга оширишда юқори рейтинг кўрсаткичга эга бўлган 20 нафар судья жорий йилда «Ибратли судья» мукофоти билан тақдирланди. Шунингдек, рейтинг натижалари кўра, 646 нафар судьянинг фаолияти “намунали”, 339 нафар судьянинг фаолияти “яхши”, 141 нафар судьянинг фаолияти ”қониқарли”, деб баҳоланди. Фаолият кўрсаткичи қониқарсиз (56 баллдан паст) 30 нафар судьянинг малакасини ошириш бўйича комплекс чоралар кўрилмоқда. Судьялар клуби Кенгаш ҳузурида амалдаги моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўлланилиши юзасидан сўровларига тушунтиришлар бериш ваколатига эга бўлган жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Судьялар клуби фаолият кўрсатмоқда. 2022 йилда Судьялар клубининг элетрон платформасида: иқтисодий судлар амалиётида учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан 1350 та; маъмурий судлар амалиётида учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан 850 та; жиноят ишлари бўйича судлар амалиётида учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан 904 та; фуқаролик ишлари бўйича судлар амалиётида учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан 2308 та мавзу муҳокама қилинди. Муҳокамаларда муайян ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш муаммолар ҳамда уларнинг ҳуқуқий ечимлари, бу борада Олий суд Пленуми қарори шаклида раҳбарий тушунтиришларга бўлган эҳтиёж ва қонунчиликни такомиллаштиришга оид таклифлар ўртага ташланган. Оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик: 2022 йилда марказий телевидение, етакчи босма ва электрон нашрларда Кенгаш фаолиятига оид 440 та матнли, 101 та видеоматериаллар эълон қилинди. Шунингдек, 91 та танқидий материллар юзасидан ўз вақтида расмий муносабат билдирилди. Судьялар олий кенгаши ташаббуси ва Президент Андминстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) билан ҳамкорликда ҳуқуқий мавзуга ихтисолашган журналист ва блогерлар учун икки ҳафталик бепул ўқув-машғулотлари ташкил этилди. Якунда унда фаол иштирок этган 81 нафар журналист ва блогерларга махсус сертификат ва “Судлар фаолиятини ёртишнинг ҳуқуқий асослари ва ўзига хос жиҳатлари” номли амалий-ҳуқуқий қўлланма тақдим этилди; Кенгаш томонидан ҳуқуқий мавзуга ихтисослашган журналист ва блогерлар учун танлов эълон қилинди. Уч йўналишда (телерадио, босма ва интернет жуналистикаси, блогерлар) ўтган танлов натижаларига кўра, унда ғолиб деб топилган 9 нафар ОАВ ходимлари ва блогерларга Кенгашнинг махсус соврини ва дипломлар топширилди. *** Матбуот анжуманидаоммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерларнинг кўплаб саволларига Кенгаш мутасаддилари томонидан атрофлича жавоб берилди. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати