Янгиликлар

Судьялар клуби форуми: мавзу - “59 ва 60 моддалари”нинг хос талаб ҳамда тартиблари

 Бугун Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клубининг мухтасар форуми бўлиб ўтди. “Мухтасар” дейилаётгани боиси шуки, унда клубнинг жиноят ишлар бўйича аъзо-судьялари (масофадан) иштирок этди. Ўзбекистон Судьялар клуби форуми ҳар бир йўналиш (жиноят, фуқаролик, иқтисод ва маъмурий судлар) судьялари учун алоҳида-алоҳида, шундаям фақат йилда бир бор ўтказиб келинаётган эди. Кейинги пайтларда клуб аъзоларининг (судьяларнинг) янада фаоллашгани ихчам форумлар фақат  маълум  вақтда эмас, заруриятга қараб, тез-тез ўтказишни тақазо қилмоқда. Судьяларнинг фаоллиги клубнинг электрон платформасида муҳокама қилинаётган мавзулар сонидан ҳам яққол кўринмоқда. Масалан, ўтган  тўрт ойда жиноят ишлари бўйича суд амалиётида учраётган жазо тайинлашга оид нормаларни тўғри қўллаш бўйича 348 та мавзу виртуал муҳокама қилинган. Муҳокамаларда бир неча жиноят содир этганлик ва бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш масаласи етакчилик қилгани боис бугунги тадбир шу мавзу доирасида  ўтди. Айтилдки, қонун нормаларини тўғри қўллаш одил судловнинг  асосий талаби ҳисобланади, бироқ бунинг ўзига яраша мураккабликлари ҳам йўқ эмас. Бундай ҳолат кўпроқ айниқса, бир неча жиноят ва бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлашда юзага келаётганини амалиёт кўрсатиб турибди. Жиноят кодексининг 59 ва 60 моддаларида тартибга солинган қонун нормаларини тўғри қўлланишини таъминлаш мақсадида Олий суд Пленумининг тегишли қарорлари мавжуд. Шундай бўлса-да, амалиётда учраётган айрим ҳолатлар мазкур нормалар бўйича кенгроқ тушунтиришларга эҳтиёж пайдо қилаётгани ҳам бор гап.   Тадбирда  бундай эҳтиёж жиноят қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар натижасида юзага келаётгани алоҳида қайд этилди. Бундан ташқари икки ёки ундан ортиқ жиноятлар бўйича асосий жазо белгилашда, жарима ва муайян ҳуқуқдан марҳум қилиш жазолари бошқа турдаги  жазоларга  қўшиб ҳисоблаш  ёки ҳисобламаслик, уларнинг ҳуқуқий асосларига доир сўровларга атрофлича тушунтиришлар берилди. Шунингдек, ҳукмлар  мажмуи бўйича жазо тайинлашда эътиборга олиниши шарт бўлган жиҳатлар, бунда  аввал тайинланган асосий  ва қўшимча жазолар реал ўталган ёки ўталмаганлиги, жазони ўташ муддатидан шартли озод  этилиб,   унинг (жазонинг) ўталмаган қисми мобайнида  янгидан қасддан  жиноят содир этган шахсга нисбатан узил-кесил жазо тайинлашнинг хос талаблари ва мавзуга оид бошқа масалалар хусусида сўз юритилиб, клубнинг масъул аъзолари томонидан атрофлича тушунтириш ва тавсиялар берилди. Пировардида, айтиш жоизки, Ўзбекистон Судьялар клуби амалдаги моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўлланилиши юзасидан сўровларига тушунтиришлар бериш ваколатига эга жамоатчилик асосида  фаолият  кўрсатувчи тузилма ҳисобланади. Такрор айтиш ортиқчалик қилмайдики, бериладиган тушунтириш ва тавсиялар тавсиявий характерда эга, охирги қарор судьянинг ўзига қолади. Бундай тадбирлар эса суд амалиётини бирхиллаштиришга, демакки, одил судлов сифатини оширишга хизмат қилади.

14 Май 2024 957

Ўқув курслари бошланди

Тест синови асосида икки юз нафар судьядан олтмиш нафари танлаб олиниб, раҳбар судьялик лавозими учун номзодлар захирасига қабул қилингани, улар учун  ҳадемай  қайта тайёрлаш курслари бошланиши хабари берилганди. Фурсат етиб, бугун сараланган судьяларнинг биринчи гуруҳи учун таҳсил бошланди. Ўқув дастурлари суд бошқарувини самарали ташкил этиш, ташаббускорлик, вазифаларни аниқ шакллантириш, муайян муаммоларга ўз вақтида ечим топиш, жамоатчилик билан очиқ мулоқотлар ўтказиш, тизимда коррупциянинг барвақт олдини олиш  каби қатор мезонлар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, машғулотлар ҳуқуқшунос олимлар, малакали психологлар ва катта тажрибага эга суд фахрийлари томонидан олиб борилиши кўзда тутилган. Қайта тайёрлаш курси икки ой давом этади. Якунда имтиҳон топширилиб, муваффақиятли ўтганларга тегишли сертификат берилади.

13 Май 2024 1722

Иймонимизга хиёнат, виждонимизга зид, қасамёдимизга хилоф хатолар кечирилмайди

 Инсон борки хато қилиши табиий ҳол:  ҳаётда ҳам, фаолиятда ҳам. Хато қилмайдиган ёки айб қилмаган инсоннинг ўзи йўқ. Хатолар билмай содир этилса, у сабоққа айланади (тўғри хулоса чиқарадиган одам учун, албатта). Қасддан қилинса, бу энди бутунлай бошқа масала. Энг муҳими, тарбияда хатога йўл қўймасликда. Фаолиятдаги хатоларни эса тузатиш мумкин.  Бизнинг хос хатолардан бири - айнан унларга бўлган қарашларимиздадир.  Масалан, фарзандларимиз хато қилиб қўйса, қаттиқ койиб ташлаймиз, жазолаймиз, тарбиясини янада қаттиқ назоратга оламиз. Натижада, бола бизнинг дунёқарашимиз даражасида шаклланиб бориши эҳтимоли юзага  келади.  Иш фаолиятимиздаги хатолар борасида ҳам шу гап.  Ваҳоланки, энг яхши чора - хатолардан хулоса қилиши учун имконият ва шарт-шароит яратиб беришдир.  Чунки, хато қилганни айблаш устувор бўлган жойда уни бартараф этиш имкониятлари (механизмлари) чегараланади. Бу эса хато устига хато қилиш эҳтимолини янада оширади.  «Болам, сенга шу судьяликдан бошқа бирор иш йўқми?» дейдилар отам…  Бу гапни отамгина эмас эмас, аксарият ҳамкасбларимнинг ота-онаси ёки яқинлари  аввал ҳам айтган бўлиши аниқ, менимча, кейин ҳам айтилади…   Ҳазрат Румийнинг «Фихи-мафихи» асарида ўқиганим бор: «Биз омонатни кўкларга, ерга ва тоғларга таклиф этдик. Улар омонатни ўз зиммаларига олишдан чекиндилар, унга хиёнатдан қўрқиб, андиша қилдилар. Аммо омонатни инсон ўз гарданига олди».  Алқисса, суд-ҳуқуқ соҳаси вакиллари, жумладан, қозилар хато қилмасликни, адолатни таъминлашни, ҳақиқатни рўёбга чиқаришни ўз зиммасига олгандир. Шу маънода отамнинг юқоридаги гапини  «омонат» юки, яъни хато қилмасликни эслатиш,  буни доим ёдда тутишга даъват сифатида тушунаман. Аммо соҳадаги фаолият – ҳаётнинг ажралмас қисми: манфаатлар тўқнашувининг юзага келиши, қонунчиликдаги бўшлиқ, қонун ости ҳужжатлари билан ишлаш амалиётига боғланиб қолишлар ва  бошқа қатор омиллар процессуал хатоликларга сабаб бўлаётгани бор гап. Албатта, континентал ҳуқуқ тизимида, судья фақат қонунга асосан иш кўради ёки фақат низо(даъво)га оид мавжуд бўлган қонун ҳужжатларнигина қўлланади.  Бироқ маслаҳатхона эса, баъзан ҳақиқатли адолат ва тўла мукаммал бўлмаган қонунни қўллаш масаласи турли иккиланишлар пайдо қилиши ҳам рост. Айниқса, мавжуд факт билан ички ишончингиз, юрагингиз билан ақлингиз баҳслашаётганда ёки «адолат» номли кўринмас муқаддас тушунча билан қўлингизда деб турган «қонун» тортишиб қолган кезларда хато қилиб қўйиш мумкинлигидан пешонангиз терлаб кетади.  Тўғри, совуққон бўлишга интиласиз, ортиқча ҳиссиёт тугал хулосага келишга тўғаноқ бўлишини англаб турасиз, бунинг оқибати қабул қилажак қарорнинг қонуний, асосли ва адолатлигига салбий таъсир этиши мумкинлиги ҳам кўз ўнгингиздан ўтади...  Лекин хато қилмаслик кафолатланмаган. Чунки, сиз инсонсиз.  Албатта, судларда ҳужжат (далил)лар гапиради.  Нима ҳам дердик, континентал ҳуқуқ тизимига мансуб миллий қонунчилик, улардаги нормалари тез-тез ўзгариб турадиган суд-ҳуқуқ соҳасида хатолар эҳтимоли  йўқ эмас. Аммо, шуни ҳам эътибордан қочирмаслик керакки, инсон яратган қонунлар ўзгаришга маҳкум, негаки, инсоннинг ўзи ва унинг дунёқараши ўзгарувчандир.  Шунинг учун ҳам бугун «хато» бўлиб кўринган амалиёт эртага тўғри бўлиб чиқиши ёки, аксинча, бугун тўғри бўлган амалиёт эртага хато деб топилиши мумкинлиги эҳтимолдан холи эмас.  Фаолиятимиздаги хатолар... Уларни тузатиш мумкин. Лекин адолат ва ҳақиқатга қарши ёки унга зид амал ва иш катта хатодир. Шу  боис англашимиз ва қатъий огоҳ бўлишимиз керакки, фақатгина иймонимизга хиёнат, виждонимизга зид, қасамёдимизга хилоф хатолар кечирилмайди. Негаки, адолат ва ҳақиқат - ўзгармас қонунлардир.  Хулоса шуки, ишимиздаги хатолар бизни тўхтаб, қотиб қолиб, жамиятга зиён келтиришга эмас, хатолардан тезкорлик билан тўғри хулоса чиқариб, фаол фаолиятга ундаши лозим.  Нуриддин Муродов,  судья, юридик фанлари бўйича фалсафа доктори

11 Май 2024 1239
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech