Танлов якунланди: кутилган ва кутилмаган ғолиблар
Маъмурий судлар амалиётида нима гаплар?
Кенгашдан сўнг: кимнинг фаолиятида қандай ўзгаришлар?
Судьялар клубининг навбатдаги форуми: бу сафар ЖИБ судлари судьялари билан...
Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан жойларда судьялар учун махсус психологик тренинг ўтказилмоқда. Машғулотлар профессионал психологлар томонидан олиб борилмоқда. Бугун ана шундай машғулотлар Тошкент вилояти судлари судьялар учун ўтказилди. Судьялик учун касбий маҳорат ва салоҳиятнинг ўзи камлик қилади, ушбу лавозим эгаси Шахс сифатида ҳам муайян талабларга ҳам жавоб бермоғи шарт. Чунки, судьяликнинг қирралари кўп: адоқсиз индивидуал характерга эга комуникатив алоқаларга киришиш, ижтимоий аҳамиятга эга ташкилий йўналишни аниқ белгилаш, юқори масъулият ва бошқа қатор омиллар ушбу касб эгасида зўриқиш, турли кўринишдаги стрессларга сабаб бўлиши эҳтимоли жуда катта. Илғор давлатлар суд органлари судья ва суд ходимларига юқори даражада психологик ёрдам тизими йўлга қўйилган билан ҳам ажралиб туради. Зотан, фаолият самарадорлигида инсоннинг наинки жисмонан, балки руҳий барқарорлиги ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ўтказилаётган психологик тернинглар стресслар олдини олиш, ҳиссиётларни назорат қилиш, жасорат, қатъиятлик, ташаббускорлик, ўз хатти-ҳаракати учун масъулиятни чуқур ҳис қилиш каби кўникмалар янада мустаҳкамланишга хизмат қилади. Бундай кўникмалар барқарорлиги эса одил судловни амалга оширишда катта аҳамият касб этади. Эслатиб ўтамиз, Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан ўтган ойларда барча судлар судьялари психологик тестдан ўтказилганди. Ўтказилаётган психологик тренинг бу борадаги ишларнинг узвий давоми ҳисобланади. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати
Бугун Судьялар олий кенгаши, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Судьялар кенгаши органлари фаолиятининг унверсал принциплари” мавзусида халқаро тадбир бўлиб ўтди. Маълумки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги (2021 йил 21 февраль) маърузасида Судьялар кенгаши органлари фаолиятининг универсал принципларини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурганди. Жаҳон ҳамжамиятида судьялар кенгаши органларининг сони кўпайиб бораётганлиги ҳамда халқаро миқёсда ушбу органлар фаолиятини тартибга солувчи аниқ халқаро-ҳуқуқий нормаларнинг мавжуд эмаслиги Президентимизнинг бу таклифи нақадар долзарблигини исботлайди. Негаки, суд органлари ва судьяларнинг мустақиллиги кўп жиҳатдан айнан Судьялар кенгашларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти билан узвий боғлиқдир. Зеро, Судьялар кенгашларининг мустақиллигини таъминламай туриб, бутун суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш имконсиздир. Шу боис ҳам халқаро тадбирда алоҳида таъкид этилдики, Судьялар кенгашларининг суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашдаги роли унинг фаолиятини мустақил тарзда олиб боришни кафолатлайдиган демократик принциплар асосида ташкил этилганига бевосита боғлиқ. Бунда Судьялар кенгашлари фаолиятини демократик тарзда ташкил этиш ва холис амалга ошириш, унинг аъзолари мустақиллигини таъминлаш бўйича зарур ҳуқуқий кафолатларни белгилаш муҳим вазифа ҳисобланади. Тадбирда давлатимиз раҳбари таклифидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг давлат ташкилотлари ва илмий-тадқиқот муассасалари мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилгани ва Судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принципларига оид халқаро ҳуқуқий-норматив ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилгани яна бир эътироф этилди. Шунингдек, умумжаҳон миқёсда қабул қилиниши режалаштирилаётган мазкур халқаро ҳужжат лойиҳасини барча давлатларнинг манфаатлари нуқтаи назаридан янада мустаҳкамлаш мақсадида минтақа ва дунё экспертлари таклифлари муҳокама қилинди ҳамда фикр алмашилди. Тадбирда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари Бюросининг директори, Маттео Мекаччи, ушбу Бюро маслаҳатчиси Надика Раджаратнам, Хорватия Конституциявий судининг собиқ судьяси Славица Банич, ЕХҲТ Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори Ханс-Ульрих Им, академик Акмал Саидов ва бошқа халқаро ҳамда маҳаллий экспертлар ўз фикр-мулоҳазалари билан иштирок этди.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар клубининг фуқаролик ишлари бўйича судьялари онлайн форуми бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Халилилло Тўрахўжаев бошқарган тадбирда мамлакатимиздаги барча фуқаролик суди судьялари масофадан туриб иштирок этди. Маълумки, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўллаш юзасидан сўровларга тушунтириш бериш ваколатига эга Ўзбекистон Судьялар клуби жамоатчилик асосида фаолият юритиб келмоқда. Клуб ташкил этилганига ҳали икки йил тўлгани йўқ. Ўтган қисқа вақт давомида унинг фаолияти шаклланиб, тизимда ўз ўрнини топиб улгурди. Судьялар клубининг асосий ишлаш платформаси унинг онлайн форуми бўлиб, бу барча судьяларга ўзаро мулоқот қилиш имконини беради. Қайд этилдики, бугун фуқаролик ишлари бўйича судларда 398 нафар судья фаолият юритиб келмоқда. Мазкур йўналиш судьялари томонидан йил давомида клубнинг электрон платформасида суд амалиётида учраётган муаммолар, уларнинг ҳамда казуслар бўйича 2308 та мавзу муҳокамаси бўйича 44836 та фикр-мулоҳаза билдирилган. Айни рақамлар ҳисобот учун айтилгани йўқ. Аксинча, рақамлар муҳокама этиладиган мавзу кўплигини кўрсатиши баробарида судьяларнинг фаоллиги ҳамда клубга зарурият қанчалар катта эканини яна бир бор намоён этади – гап шунда. Муҳокамаларда асосан меҳнат, оила, мулк ва уй-жой, шунингдек, алимент, етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундиришга оид низоларни кўриб чиқишда юзага келаётган муаммолар ҳамда уларнинг ҳуқуқий ечимлари, бу борада Олий суд Пленуми қарори шаклида раҳбарий тушунтиришларга бўлган эҳтиёж ва қонунчиликни такомиллаштиришга оид таклифлар ўртага ташлангани қайд этилди. Тадбирда энг муҳокама этилган мавзулар бўйича фикр алмашилди, анча-мунча саволларга шу жойнинг ўзида жавоб топилди. Бироқ бу - тадбир қуруқ маърузалар, ғиж-ғиж рақамлар баландпарвоз оҳангда тилга олиш билан ўтди, дегани эмас. Аксинча, тортишув, баҳс-мунозараларга етарлича бўлдики, буниям алоҳида эътироф этиш лозим. Зеро, ҳақиқат шундай баҳс-мунозараларда туғилади. Ўзбекистон Судьялар клубининг шундай форуми яқин келажакда жиноят, иқтисодий ва маъмурий судлар судьялари билан ҳам алоҳида-алоҳида ўтказилиши режалаштирилган.