Янгиликлар

Халқаро конференциядан нималар кутилмоқда?

Бугун Тошкентда Судьялар олий кенгаши ва “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали ҳамкорлигида “Суд ҳокимияти мустақиллиги ва тизимда гендер тенглиги масалалари мавзусида” халқаро конференция бошланди. Конференция ишида хотин-қизлар масалаларига масъул давлат органлари, Сенат аъзолари, аёл судьялар, шунингдек, АҚШ, Словения,  Қирғистон ва Қозоғистон давлатлари суд тизими вакиллари иштирок этмоқда. Халқаро конференциядан мақсад – суд тизимида хотин-қизларнинг улушини оширишни таъминловчи ташкилий ва ҳуқуқий асосларни халқаро ва хорижий тажриба асосида такомиллаштиришдан иборат. Бугунги кунда Ўзбекистонда судьялар орасидаги хотин-қизларнинг улуши қарийиб 14 фоизга  (180 нафар) етди. Бу кўрсаткич Козоғистонда 51, Россияда 66, Словенияда 70, Португалияда 75 фоизни ташкил этади. 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясининг мақсадли кўрсаткичларига кўра, судьялар орасида хотин-қизлар улушини ошириш 2025 йилда 20 фоизга, 2030 йилда 30 фоизга етказиш назарда тутилган. Мамлакатимиз аҳолисининг 49,7 фоизини хотин қизлар ташкил этади. Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида тизимда гендер тенгликнинг таъминланиши жамиятдаги тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, оилавий зўравонликнинг келиб чиқиши ва оқибатларини аниқлашда, қисқаси, одил судлов самарадорлигини оширишда ижобий натижалар бериши ўз-ўзидан маълум. Конференция натижасида суд тизимида жинс бўйича камситиш кўринишларини аниқлаш ва уларни бартараф этишнинг самарали механизмларини яратиш, судьялар учун амалий машғулотлар ўтказиш орқали  гендер тенгликни таъминлашдаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни батараф қилиш бўйича таклифларни шакллантириш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, хорижий давлатлар ҳамда миллий тажрибани таққослаш асосида суд тизимига аёл судья ва суд ходимларини кенг жалб қилиш бўйича тегишли таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари  ишлаб чиқиш ҳам режалаштирилган. Конференциянинг бугунги иш куни доирасида  фаол ҳамкорлик учун халқаро ташкилот вакилларига Судьялар олий кенгашининг эсдалик совғалари, Бош қомусимиз қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан “Фахрий судья” кўкрак нишони билан тақдирланган бир неча нафар аёл судьяларга эса мукофотлар тантанали равишда топширилди. Халқаро конференция эртага ўз ишини якунлайди.

29 Ноябрь 2022 818

Судьялари ассоциациясининг VI съезди бўлиб ўтди

Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Судьялари ассоциациясининг VI съезди бўлиб ўтди.  Унда республика судларида фаолият кўрсатаётган судьялари орасидан сайланган 200 нафардан зиёд делегатдан ташқари Олий суд, Конституциявий суд раислари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда мамлакат раҳбарлик идоралари вакиллари иштирок этди. Тадбирда оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам ҳозир бўлди. Съезд ишини Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров бошқарди. Таъкидландики,1997 йилда ташкил этилган Ўзбекистон судьялари ассоциацияси судьяларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, суд ҳокимиятининг нуфузини оширишда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Ўтган давр давомида ассоциация суд  мустақил жамоат ташкилоти сифатида шаклланди. Одил судлов сифати ва самарадорлигини таъминлашда, малакали судьялар корпусини шакллантириш, суд ҳокимиятининг нуфузини оширишда ўз сафида мингдан ортиқ аъзони жамлаган Ўзбекистон Судьялари ассоциациясининг ҳам муносиб ўрни бор. Съездда Ўзбекистон Судьялари ассоциациясининг 2017-2022 йиллардаги фаолиятига оид ҳисоботи тингланди. Қизғин муҳокамалардан сўнг ассоциациянинг ўтган беш йиллик фаолити қониқарли, деб топилди. Съезд ишида ассоциацияси Уставига ўзгартиш ва  қўшимчалар киритиш масаласи ҳам кўриб чиқилиб, кўпчилик овоз билан  маъқулланди. Шунингдек, делегатлар муқобиллик асосида Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раисини сайлаш масаласини кўриб чиқдилар. Якунда ушбу лавозимда фаолият кўрсатиб келган  Убайдулла Мингбоев Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раислигига қайта сайланди. Шунингдек, 16 нафар  Марказий кенгаш, 3 нафар Тафтиш комиссияси аъзолари ҳам сайланди.  Тадбир якунида Судьялар олий кеншгаши қарори билан “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланганлар тўққиз нафар фахрийларга мукофотлар тантанали равишда топширилди.  Судьялар ассоциациясининг жойлардаги филиалларининг 5 нафар раисига ташаккурнома ва эсдалик совғалари берилди. Шу билан  съезд ўз ишини якунлади.

26 Ноябрь 2022 2007

Бугуннинг аёл судьялари: ҳуқуқ, бурч ва талаб

 Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан Тошкент шаҳар судида “Бугуннинг аёл судьялари: ҳуқуқ, бурч ва талаб” мавзуида маърифий  тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Судьялар олий кенгаши, Олий суд, Конституциявий суд вакилалари ҳамда пойтахт ва Тошкент вилояти судлари фаолият кўрсатаётган аёл судьялар иштирок этди. Тадбир қайд этилдики, бугун жамиятнинг бирор-бир жабҳасини фаол хотин-қизларсиз тасаввур қилиш қийин. Жумладан, одил судловни амалга оширишда ҳам аёл судьялар муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигига алоҳида эътибор қаратилиши натижасида суд тизимида фаолият юритаётган аёл судьялар сони  кўпайиб, 177 нафарга етди. Уларнинг 26 нафари тизимда раҳбарлик лавозимида фаолият кўрсатмоқда. Аёл судьяларнинг салмоқли қисми Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятларига тўғри келади. Хусусан, пойтахт судларида 42 нафар  аёл судьялар фаолият кўрсатаётган бўлса, Тошкент вилоятида судларида бу миқдор 19 нафарни ташкил этади. Судьялар орасида хотин-қизларнинг улуши ортиши ижтимоий муносабатларга аёллар нуқтаи назаридан қараш ва баҳо беришга янада кенгроқ имконият яратади. Зеро, аёл судья ўзи кўриб чиқаётган низоли ишдаги ижтимоий ҳолатларга она ёки опа-сингил сифатида ўз муносабатини билдиради. Бу эса жамиятда ижтимоий адолат таъминланишига хизмат қилишига шубҳасиздир. Бундан ташқари хотин-қизлар доим ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқларни талаб қилишга тортиниши, бунинг оқибатида қатор муаммолар ечимини топмай қолиб кетаётгани каби ҳолатларни бартараф этишда аёл судьяларнинг фаоллиги алоҳида аҳамият касб этади. Барча судья бир хил мақом ва мажбуриятга эга эканлиги эътиборга олинса, тизимдаги опа-сингилларимиз жамиятда қонунийлик ва ижтимоий адолатни таъминлашда эркаклар билан баробар меҳнат қилаётгани яна бир карра ойдинлашади. Ваҳоланки, уларнинг зиммасида одил судлов фаолиятини самарали амалга ширишдан ташқари саранжом уй бекаси, меҳрибон она сифатида фарзандлар тарбиясидек қатор  масъулиятлар  ҳам бор. Тадбирда суд тизимида гендер тенглигини таъминлаш, бу борада амалга оширилаётган ва ечимини кутаётган муаммолар таҳлил қилиш баробарида аёл судьяларнинг муҳофазаси ҳамда масъулиятини янада ошириш борасида ҳам алоҳида  сўз борди.   Шунингдек, аёл судьяларнинг психологик ҳолати, айниқса, судда стрессларни енгиш, иш ва шахсий ҳаётида ўртасидаги мувозанатни  таъминлаш, “Судьялар одоби кодекси” талабларига риоя этиш ҳамда тизимда коррупциянинг барвақт олдини олиш каби масалалар хусусида ҳам анча самимий, бироқ жиддий оҳангда гаплашиб олинди.

24 Ноябрь 2022 1071
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech