Янгиликлар

Анча гаплар йиғилиб қолган экан...

 Бугун Тошкентда ҳуқуқий мавзуга ихтисослашган ОАВ вакиллари ва блогерлар, шунингдек, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг матбуот котиблари учун ўқув-машғулотлар бошланди. Судьялар олий кенгаши ва Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбир ҳисоб бўйича иккинчиси ҳисобланади. Ўтган йил ҳам ҳар икки орган ҳамкорлигида шундай ўқув-машғулотлари ўтказилган, якунда 45 нафар журналист ва блогерга сертификат ва ҳуқуқий қўлланма тақдим этилганди. Бу галги тадбирнинг ўтган йилгисидан фарқи шундаки, унга вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг матбуот котиблари ҳам  жалб этилди. Зеро, ўқув-машғулотлардан пировард мақсад журналист ва блогерларнинг касбий малакасини оширишга кўмаклашишдан ташқари  суд тизими фаолиятида очиқлик ва шаффофликни янада таъминлаш экан, бу жараёнда матбуот котибларининг ўрни катта. Яъниким, очиқлик ва шаффофлик эса биринчи навбатда матбуот хизматлари орқали таъминланади. Қисқача айтсак, матбуот хизматлари ташкилот ёки давлат органларининг юзи ҳисобланади. Бугун суд тизимида бўлаётган ўзгаришлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар  жамоатчилик, хусусан, оммавий ахборот воситалари ва блогерлар билан ишлашда матбуот котиблари зиммасига янги талаблар, янги вазифалар қўймоқда. Тадбирда таъкид этилдики, “Ахборот асри” деб аталмиш бугунги даврда ахборотнинг аҳамиятини  баҳолашнинг ҳожати йўқ. Шу маънода давлат ва жамият ҳаётининг деярли барча жабҳаларида ахборот олиш имкониятини таъминлашга қўйилаётган талаблар бугунги очиқлик сиёсатининг энг устувор йўналишларидан биридир.   Шунингдек, жамиятнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантиришда суд ҳокимиятининг оммавий ахборот воситалари билан фаол ҳамкорлигининг аҳамияти беқиёс. Бунинг учун журналистлар, блогерлар ва матбуот котибларининг ўзлари, аввало, суд тизими тўғрисида кенг тасаввурга эга бўлиши,  бу борадаги қонунчиликдан яхши хабардор бўлиши талаб этилади. Шундан келиб чиқиб, ўқув-машғулотларида  судлар фаолиятини ёритишнинг  ўзига хос қирралари, айниқса, инсон шаъни ва қадр қиммати, шахсий ҳаётга оид маълумотларни ошкор қилишга доир қонун ҳужжатларидаги белгиланган тартибларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Энг муҳими, судлар фаолиятида очиқлик ва шафофликни таъминлаш жараёнидаги ахборот алмашинувида, яъни оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда очиқлик, холислик ва ишончлилик асосий мезон бўлиши керак. ...Бугун судлар фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда чиқишлар кам эмас. Шу боис ҳам ўқув-машғулотлари баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтиши башорат қилинганди. Шундай бўлди ҳам.  Машғулотларнинг бошланишидаги озроқ расмиятчиликни айтмаганда, қуруқ маърузабозлик, сунъий лутфлар кузатилмади ҳисоб.  Журналист ва болгерларнинг суд тизими вакилларига айтадиган гаплари анча-мунча тўпланиб қолган экан. Уларга жавоб бериш асносида ижтимоий тармоқлардаги кўпгина чиқишларни умумлаштириб, уларнинг ҳуқуқий қуввати ҳам муҳокама этилдики, бу ҳар икки тараф учун ҳам фойдадан холи бўлмади. Эртадан кейин ўқув-машғулотлар давом эттирилади. Бевосита ва билвосита (онлайн) ўтаётган ўқув-машғулотларида 70 нафардан ортиқ журналист ва блогерлар ҳамда матбуот котиблари иштирок этмоқда.

17 Октябрь 2022 958

Кенгашдан сўнг: навбатдаги муддатга тайинланган судьялар маълум бўлди

Хабар қилинганидек, бугун Судьялар олий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.  Кенгаш аъзолари томонидан кун тартибидан ўрин олган бир неча масалалар қатори ваколат муддати якунига етган айрим судьяларни ушбу лавозимда бўлишининг навбатдаги ўн йиллик муддатига тайинлашга оид масала ҳам муҳокама қилинди. Якунда Кенгаш қарорига мувофиқ: Эргашев Рустамжон Туйчибаевич – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Наманган вилояти Учқўрғон туманлараро иқтисодий судининг судьяси лавозимига; Ходжаев Кодирхон Сайфуллахонович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Наманган вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси лавозимига; Махмудов Ойбек Аллаберганович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимига; Рузметов Мурод Улуғбекович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик, шундан беш йил муддатга Хоразм вилояти жиноят ишлари бўйича Хазорасп туман судининг раиси лавозимига; Рўзимов Элёр Ўктамович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик, шундан беш йил муддатга Хоразм вилояти фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг раиси лавозимига; Абдуллаев Бобур Махмудович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Хоразм вилояти фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг судьяси лавозимига; Юсупов Дилмурод Бахтиярович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Хоразм вилоят маъмурий судининг судьяси лавозимига; Аллабергенов Сардор Зарипович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Хоразм вилояти Урганч туманлараро маъмурий судининг судьяси лавозимига; Абдулакимов Анвар Болтаевич – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик, шундан беш йил муддатга Сурхондарё вилояти Термиз туманлараро маъмурий судининг раиси лавозимига; Аликулов Аъзамберди Холматович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Сурхондарё вилояти Термиз туманлараро маъмурий судининг судьяси лавозимига; Мирзаев Абдусалом Қурбанпулатович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимига тайинланди.  Шунингдек: Куконбоев Хислатжон Мухторович – судьялик ваколати муддати даврига Сирдарё вилояти жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг судьяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Наманган вилояти жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг судьяси лавозимидан озод қилинди.   Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати                                      

11 Октябрь 2022 2984

Мустақиллик масъулияти, дахлсизлик залвори – судьялар билан очиқ мулоқот ўтказилди

Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан кеча  яхши тадбир ўтказилди.  Мавзу номи бироз узунроқ: “Судьялар фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўймаслик – суд мустақиллиги ва жамиятда қонун устуворлигини таъминлашнинг асосий мезони”. Бироқ  мавзунинг  муҳим ва долзарблиги шунга яраша-да.   Олий суд раҳбарияти, тизим фахрийлари бевосита, барча вилоят судлари мутасаддилари  билвосита (онлайн) иштирок этган тадбир давра суҳбати шаклида ўтказилдики, бунинг боиси бор. Нега деганда, суд мустақиллиги, судья дахлсизлигига оид масалалар судьяларнинг ўзлари иштирокида ўтаётганда тадбир мавзу экан, бу борада узундан узоқ маърузалардан наф йўқ. Чунки, судьялар зиммасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларни яхши билади. Гап уларни теран англаган ҳолда айни жараёнда юзага келаётган муаммолар ва уларнинг самарали ечимида қолган. Шу боис ҳам қайд этилдики, Давлатимиз раҳбари томонидан  2026 йилгача бўлган Тараққиёт стратегиясини амалга оширишдаги бешта муҳим вазифалардан бири суд тизимининг мустақиллигини мустаҳкамлаш экани бежиз алоҳида таъкид этилгани йўқ. Чунки, қонун устуворлигисиз  на тараққиёт, на ривожланиш ва на барқарорлик бор. Қонун устуворлигини таъминлаш ваколатига суд органлари зиммасида экан, бу ўз-ўзидан судьяларнинг одил судлов амалга оширишдаги фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, уларнинг дахлсизлиги таъминлашни тақазо қилади. Зотан, судлар фаолиятига ғайриқонуний аралашувлар нафақат судьянинг, балки судга мурожаат қилган фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилинишига ҳам олиб келиши  аниқ  Мамлакатимизда изчил давом этаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида судьялар дахлсизлигини таъминлаш, уларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича фаолиятига ғайриқонуний равишда аралашувларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилиб, бунинг самарали ҳуқуқий механизм шакллантирилмоқда.  Хусусан, судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик ҳолатлари юзасидан  Судьялар олий кенгаш раисига прокуратура органларига тақдимнома киритиш ваколати берилди. Ўтган қисқа вақт ичида Кенгаш  раиси томонидан киритилган тақдимномалар асосида судьялар фаолиятига аралашувлар бўйича қатор ғайриқонуний ҳолатлар фош этилиб, айбдорларга нисбатан жиноий жазога тортишгача бўлган чоралар кўрилши таъминланди. Бундан ташқари бевосита суд ишларига аралашувлар эҳтимолини яққол юзага келтираётган маҳаллий бошқарув идораларининг қарорлари бекор қилинишига эришилди. Бундан ташқари судьяларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга тегишли малака ҳайъатлари розилиги билан йўл қўйилиши ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинди. Суд ҳокимияти мустақиллигини ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ва тизимда коррупцияга қарши курашиш ҳолати юзасидан Кенгаш раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига йил якуни бўйича ахборот тақдим этиб бориши қонун билан белгилаб қўйилгани ҳам амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижасидир. Давра суҳбатида суд раислари томонидан судьяларнинг мустақиллигини чекловчи хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.  Бу борада ваколати доирасида четга чиққан айрим суд раисларига нисбатан уларнинг ваколатлари муддатидан илгари тугатишгача бўлган чоралар қўлланилгани маълумот учун айтиб ўтилди. Шунингдек, алоҳида қайд этилдики, судьянинг дахлсизлик ҳуқуқи имтиёз эмас, жамият олдидаги улкан масъулият, шундай экан, судья ўз фаолиятига турли аралашувларга нисбатан муросасиз бўлиши, ўз дахлсизлигининг асосий ҳимоячисига айланмоғи шарт. Очиқ мулоқот жараёнида ҳар чоракда Кенгаш ҳузуридаги Судьялар клубининг онлайн платформаларида судьялар ўртасида дахлсизлик аҳволи тўғрисида аноним сўровнома ўтказиш, Жиноят кодекси 236-моддаси диспозициясини қайта кўриб чиқиб, судьянинг дахлсизлигини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш ҳамда суд пристави интитутини жорий этиш бўйича таклифлар ўртага ташланди.

5 Октябрь 2022 1056
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech