Янгиликлар

Вазир Тошқулов иқтисодий судга келди

Тошкент туманлараро иқтисодий суди ташаббуси билан ташкил этилган бу галги маърифий тадбирга Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов  таклиф этилди. Айнан олий ва ўрта махсус таълими вазири таклиф этилгани бежиз эмас.  Маълумки, давлат раҳбари томонидан 2026 йилгача Тараққиёт стратегияси доирасида белгилаб берилган  5 та асосий вазифанинг биринчиси таълим бўлса, иккинчиси суд ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан вазир олий таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларга тўхталиб ўтди. Таъкидландики, Янги Ўзбекистон деганда, ҳар бир фуқаро учун ғамхўрлик қиладиган, очиқ ва адолатли жамият ҳам тушунилади.Ушбу юксак марраларга эришиш учун 2026 йилгача Тараққиёт стратегияси доирасида 5 та асосий вазифалар белгилаб олинди. Шунинг биринчиси таълим соҳасида фарзандларимиз замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллашлари учун энг қулай шароитлар яратиш бўйича  изчил ишлар давом эттирилади. Иккинчидан, суд тизими мустақил бўлмас экан, ҳар қандай жамиятда ривожланиш бўлмайди. Янги Ўзбекистонда ҳар қандай баҳсли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши керак. Давра суҳбатида суд тизимига бўлган ҳурматни фуқаролар ўртасида шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.  Ўз навбатида вазирга суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар Тошкент туманлараро иқтисодий суди мисолида сўзлаб берилди.                                                                                                                                                                                                                                                   Муҳиддин Султонов, Тошкент туманлараро иқтисодий суди раис ўринбосари

23 Ноябрь 2022 1314

Бу сафар “қоқилган”лар ҳам, “йиқилган”лар ҳам бўлмади

Хабар қилинганидек, бугун бўлиб ўтган Судьялар олий кенгашининг навбатдаги йиғилишида бир қанча масалалар қатори ваколат муддати якунига етган 11 нафар судьяни ушбу лавозимда бўлишининг навбатдаги муддатига тайинлашга оид масала ҳам кўриб чиқилди.  Эътиборлиси, барчасига ишонч билдириши натижасида  фаолиятини давом эттирадиган бўлди. Яъниким,  уларнинг тўққиз нафари бугуннинг ўзида  судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатга тайинланган бўлса, икки нафари бўйича худди шу мазмунда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига тақдимнома киритилди (эслатиб ўтамиз, қонунга кўра,  Қорақалпоғистон Республикаси судлари судьялари Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига биноан Жўқорғи Кенгес томонидан лавозимга тайинланади).   Судьялар олий кенгаши қарорига мувофиқ: Аллабердиев Санжар Абдушукурович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси лавозимига; Жабборов Акбаржон Амруллоевич – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Бухоро вилояти жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг судьяси лавозимига; Ташев Ашурали Актамевич – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик, шундан беш йил муддатга Қашқадарё вилояти жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман  судининг раиси лавозимига; Авезов Адиз Муродбекович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик, шундан беш йил муддатга Навоий вилояти жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман судининг раиси лавозимига; Акрамов Аброрхон Агзамович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Фарғона вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимига; Мавлонов Зуҳриддин Эркинович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Сурхондарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси лавозимига; Тўхтабоев Шухратжон Турғунбоевич – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик, шундан беш йил муддатга Наманган вилояти Янгиқўрғон туманлараро иқтисодий судининг раиси лавозимига; Юсупов Ихтиёржон Адхамович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Тошкент вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси лавозимига; Зайниддинова Латофат Сайфиддиновна – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Қашқадарё вилояти Қарши туманлараро маъмурий судининг судьяси лавозимига тайинланди.   Судьялар олий кенгаши  матбуот хизмати

21 Ноябрь 2022 2633

Тўғрилик ва адолат - судьяликнинг ўзгармас шиори

Ҳазрат Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” (“Қалблар севгилиси”) асарида  қозилар (судьялар) қандай бўлиши ҳақида шундай деганлар: “Қози қонун йўлидан бир қадам ҳам тоймаслиги – тўғри йўлдан чиқмаслиги лозим... Модомики, ҳукми элнинг моли ва жонига тааллуқли экан, қозининг шиори тўғрилик ва адолат бўлмоғи лозим”. Ушбу жумлалар битилганига беш асрдан ошгани эътиборга олинса,  судьяларга нисбатан аввал ҳам, ҳозир ва келажакда ҳам қўйиладиган талаб битта экани яна бир карра ойдинлашди: қозининг шиори тўғрилик ва адолат бўлмоғи лозим”. Судьянинг адолатни таъминлаши бир фуқаронинг ҳуқуқи тикланиши дегани эмас. Бунинг замирида эл тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш каби глобал масалалар ҳам ётади.  Чунки, эл тинчлиги, юрт тараққиёти  ижтимоий адолат барқарорлиги билан чамбарчас боғлиқ. Бу эса тўғридан-тўғри суд ҳокимиятининг вазифасидир. Чунки, суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилган (“Судлар тўғрисида”ги қонун, 4-модда). Судьялар эса қонунга мувофиқ одил судловни амалга оширишга ваколат берилган шахслар бўлиб, уларнинг барчаси (туман суд судьясида то Олий суд раисигача) бир хил мақомга эгалиги сабаби ҳам шунда. Ҳар соҳа, ҳар касбнинг ўзига яраша машаққати ва масъулияти бор, албатта.  Судьянинг зиммасидаги масъулият улкан залворга эга. Бежиз уларга нисбатан нафақат хизмат пайтида, ҳатто хизматдан ташқари пайтларида муайян чекловлар қўйилмаган. Негаки, судьянинг ҳатто хизматдан ташқари пайтдаги билиб-билмай қилган хатти-ҳаракати ҳам суднинг нуфузига салбий таъсир кўрсатади. Ҳар қандай жиноят, фуқаролик ёки маъмурий ҳамда иқтисодий низоларга айнан судда нуқта қўйилади, шунинг учун ҳам судьялар ўзининг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига салбий таъсир кўрсатадиган хатти-ҳаракатлардан тийилиши шарт.  Янги Ўзбекистон, янги давр судьядан нафақат қонунни ва уни қўллашни яхши билиш, балки юксак маънавиятга эга инсон бўлишни ҳам талаб этади. Зеро, маънавиятли инсонгина масъулиятни чуқур ҳис этади. Масъулият чуқур ҳис этилган жойда адолатга озор етмайди. Судья бирор ишни кўриб ҳукм ёки қарор чиқарар экан,  қабул қилаётган суд ҳужжати инсон тақдири билан боғлиқ эканлигини доимо ёдда тутиши лозим.  “Ишни бугун бўлмаса, эртага кўраман, хато қилсам, юқори суд тузатар, иш ҳажми кўп, хатоликка сабаб бор, вазифамни баҳоли кудурат бажаряпман-ку?” дея фикр юритадиган судья қаттиқ янглишади. Бу ўта масъулиятсизликдан, бошқалар тақдирига бефарқликдан далолат беради. Судья ҳар бир ишга юксак масъулият билан ёндошиши, керак бўлса, ўзини судланувчи, жабрланувчи ёки жавобгар ёинки  маъмурий ҳуқуқбузарликда айбланаётган шахс ўрнига қўйиб кўриши лозим. Шундагина йўл қўйилиши мумкин бўлган хатоликлар олди олинади. Қисқаси, давлат раҳбари  тўғри таъкид этганидек, танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик бугунги кунда давлат бошқаруви органларида фаолият кўрсатаётган барча инсонлар қатори судьялар фаолиятининг ҳам кундалик қоидаси бўлиб қолиши зарур. Суддаги адолат  судьянинг қонуний, асосли ва адолатли қарорига боғлиқ экани тўғри. Бироқ  суддаги том маънодаги адолат шу билангина  чекланмайди. Суд ишларини вақтида кўриш, одамларни ортиқча овора қилмаслик, суд қарорини ўз фурсатида ижрога  қаратиш каби масалалар замирида ҳам ижтимоий адолат ётади. Зеро, ишни белгиланган вақтда кўрмай бошқаларнинг вақти зое кетишига сабабчи бўлиш ўша инсонга нисбатан қилинган адолатсизлик ҳисобланади. Суд қарорини вақтида ижрога қаратишни турли сабаблар билан пайсалга солиш хусусида ҳам шундай фикр айтиш мумкин. Суд қарори чиқишининг ўзигина бузилган ҳуқуқ тикланганини англатмайди, бунинг учун у ижро қилиши лозим. Шунингдек, инсонларга адолат бугун керак. Кечиккан адолатнинг ҳам маънавий, ҳам моддий товони бор. Судьянинг олий мақомига яраша ижтимоий муҳофазаси, таъминотини таъминлаб қўйилган экан, машаққатларни мардона енгиши лозим. Судьяликнинг масъулияти ҳам, шарафи  ҳам шунда эмасми?  Ўн йилни қўяйлик, беш йил наридаги ҳолат қандай эди? Ҳозиргига таққосланганда ер билан осмонча десак, бироз муболаға бўлар, аммо кейинги йилларда судьяларнинг чинакам мустақиллиги таъминлаш ва ижтимоий муҳофазаси борасида тарихий ишлар амалга оширилгани айни ҳақиқат. Бугун давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани маълум. Суд ҳокимияти ҳам бундан истисно эмас. Аксинча, суд-ҳуқуқ соҳасида ўтказилаётган ислоҳотларда тизимда очиқлик ва шаффофликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани, мавжуд қонунларга зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганини таъкидлаган ҳолда давлат раҳбарининг 2020 йил 7 декабрь куни имзолаган ПФ-6127-сонли фармонини алоҳида тилга олиш шарт. Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини оширишга  доир қатор чора-тадбирлар белгиланган мазкур фармон судьяларнинг мавқеини янада мустаҳкамлаш баробарида масъулиятини оширишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Оддий мантиқ: очиқлик ва шаффофликсиз на тизимда коррупциянинг барвақт олдини олиб бўлади, на фуқароларнинг судга нисбатан ишончини ошириш мумкин.   Янги Ўзбекистон барпо этилаётган ҳозирги пайтда очиқлик, шаффофлик қатори сўз эркинлиги қанчалар муҳим бўлса, одил судловни амалга оширувчи судьяларнинг дахлсизлиги ундан кам аҳамият касб этмайди. Такрор бўлса-да, қайд этиш жоизки, ҳалоллик, холислик ва салоҳият — судья учун энг бирламчи талаблардир. Мазкур ҳислатлардан ташқари судьяда ўз ҳуқуқига нисбатан даъвогарлик ҳисси ҳам шаклланган бўлиши керак. Дахлсизлик — ҳуқуқ, демак, унинг самарали ҳимояси биринчи навбатда судьянинг ўзига боғлиқ. Унутмаслик керакки, судья ўз дахлсизлигини муҳофаза қилиш орқали бошқаларнинг ҳам ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади. ...Сўзимизни ҳазрат Навоийдан бошлагандик. Ниҳоясида ҳам ҳазратга мурожаат этамиз:”...қози ҳукм вақтида ошнога ҳам, бегонага ҳам бир савияда бўмоғи лозим. ...Унинг билимдонлигидан ва қалби поклигидан кишилар кўнглида унга ҳурмат ва шукуҳ; ишга диққат-эътибор ва фаросат билан муносабатда бўлишидан бедиёнат-виждонсизларнинг юрагида ғам-андуҳ... (пайдо бўлмоғи) зарур...”. Холмўмин Ёдгоров, Ўзбекистон Республикаси  Судьялар олий кенгаши раиси

18 Ноябрь 2022 1468
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech